топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Радионинг қудратли овози

Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази
   Бу кўҳна дунё кўплаб ихтироларнинг гувоҳи бўлган. Масалан, рентгеннинг кашф қилиниши қанча беморларни дарддан фориғ этган бўлса, фотографиянинг юзага келиши одамларни ҳайратга солган. Франсиялик ака-ука Люмерлар биринчи марта кино орқали экранда поезднинг ҳаракатини акс эттирганларида, қўрқиб кетган томошабинлар кичик зални ташлаб қочганлар. Биз ҳар куни эшитиб, қулоғимиз ўрганиб қолган радио ҳам ўз даврининг буюк кашфиёти бўлган. Радио ўзининг 131 йиллик тарихи давомида кўплаб воқеаларни келтириб чиқарган. Ўзбекистон радиоси 89 йилдан буён фаолият юритиб келаётган бўлса, унинг ҳар бир даври ўчмас саҳифаларга бойдир. Қуйидаги туркум мақолаларимизда радиомиз ҳаётидан олинган баъзи лавҳаларни ёритишга ҳаракат қилдик.
   “Радио” — лотинча “радиус” — “нур тарқатаман”, деган маънони англатади. У 1895 йилда рус олими АС.Попов томонидан ихтиро қилинган. Кашфиётчи ушбу мослама орқали илк бор электромагнит тўлқин тебранишларининг симсиз масофа узатилишини намойиш этди. Бу воқеа оламшумул аҳамиятга эга бўлиб, бир қатор техника фанларининг, жумладан, радиотехника ва радиотелевидениенинг ривожланишига асос бўлди. Кейинчалик А.С.Попов ясаган биринчи радиоприёмникнинг овозаси бутун жаҳонга ёйилди.
   1919-1920 йилларда Ўзбекистонда ҳали радиоэшиттиришлар бошланмасдан олдин, 2500 вёрст масофага қуввати етадиган радиотелеграф алоқаси ишлаб турар эди. Тошкентда радиостанция қуриш ишлари 1926 йилда бошланган бўлиб, республикамизда биринчи маротаба 1927 йилнинг февралида РА-27 рақамли радиоузатгич 526 метрли (СВ) ўрта тўлқинда соат 18.00 да 2 соатлик радиоэшиттиришлар билан (ўша пайтдаги Каблукова кўчаси, 13-уйда) иш бошлади. Бу радиоузатгич унчалик катта қувватга эга эмас эди. Давр ўтиши билан аввалгиларига қараганда қувватлироқ радиоузатгичлар юзага келиши муносабати билан 1930 йил 30 сентябрдан бирмунча такомиллашган, юқори қувватли РВ-11 рақамли радиоузатгич иш бошлади.
   Ўзбекистонда мунтазам радиоэшиттиришлар 1927 йилнинг 11 февралидан бошланган. Радиостанция ўша манзилнинг бир қаватли оддий биносида жойлашган бўлиб, узун йўлак ва бешта хонадан иборат бўлган. Ўзбекистон радиосининг биринчи диктори Назирхон Камолов эди. Н.Камолов ўшанда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг мелиорация факультети талабаси бўлган. Эшиттиришлар дастлаб 19 дан 21 гача — 2 соат давомида бериб борилган, кейинчалик эса унинг ҳажми ошиб бораверган. Ўшанда дастурлар тўғридан-тўғри эфирга узатилган. Илк даврда Юнус Ражабий, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир найчи, Берта Давидова каби санъаткорлар мунтазам қатнашиб туришган.
   Радиоэшиттиришларнинг дастлабки даврида у билан боғлиқ қизиқ воқеалар рўй берган. Хонандаларга эндигина кириб келган радиони одамлар бир мўъжиза, деб қабул қилганлар. 30-йилларда Тошкент радиоэшиттириш марказига бир хат келади. Унда бундай дейилган эди:
   “Радиочи ўртоқлар!
   Бизнинг Кўл қишлоқда овозли граммафонга ўхшаган бир карнай бор. Бу карнай ҳар куни кечқурун сўйлайдир. Куни кеча бизнинг қишлоқда бўлган бир қурилишнинг авжи тўғрисида ҳам бирталай гапирди. Иннайкейин, яна бир қанча сўзлаб, “Бизга хабар ёзинглар, адресимиз: “Тошкент радиомарказ”, — дейди. Қизиқ, яна: “Бир Тошкентдан сўзлаймиз”, деб қўядир.
   Нега шундай? Сизларда сўзловчилар кимлар? Биз қандай эшитамиз? Карнай сўзламай, сизлар сўзлайсизларми? Ёки радиомарказ ичида шундай ҳар нарсаларни била турган “шайтон” борми?
   Агар чиндан ҳам Тошкентдан сўзласангиз, шу хатни олганингизни ҳам айтингиз. Хайр” (1).
   Тошкент радиосининг “Пахта учун кураш” радиогазетаси бу хатга қуйидагича жавоб қайтаради:
   “Кўл қишлоқлик ўртоқлар! Эшитингиз!
   Кўл қишлоқ меҳнаткашларини чақирамиз! Тинглангиз!
   Ўртоқлар! Сизларнинг ёзган хатингиз келиб тегди. Қишлоғингизда бўлган граммафонга ўхшаган нарса радио карнайдир. У карнай билан бирга радио аппарати ҳам бўлса керак. У карнай ҳаво тўлқинлари орқали бизнинг Тошкент гапирган сўзимизни сизларга эшиттиради. Бунда ҳеч қандай “шайтон” деган нарса йўқдир.
   Бизнинг сўзимизни осмонга чиқарадиган қизиқ аппаратларимиз ва сўзлайтурган махсус жойларимиз бор, истасангиз, ишдан бўш вақтингизда бизнинг манзилимизни сўраб келингиз, биз сизни янада тўлароқ таништирамиз” (2).
   Ўша вақтда Ўзбекистон радиосида ишлаган ходимларнинг ҳикоя қилишларига қараганда, бу жавоб хати радио орқали эшиттирилгандан сўнг, республикамизнинг турли жойларидан кўпгина қишлоқ одамлари келиб, Тошкент радиосини ўз кўзлари билан кўрганлар, унинг турли-туман аппаратлари билан қизиқиб танишганлар (3).
  
   Адабиётлар:
1. Рихсиев Б. Тўлқиндан товуш. –Т.: Ўзбекистон, 1967. 16-бет.
2. Рихсиев Б. Тўлқиндан товуш. –Т.: Ўзбекистон, 1967. 17-бет.
3. Ҳамдамов Ю. Радионинг қудратли овози //Садо. 2013 йил, 4 апрель.
                                                                                                                                                           Юсуфжон ҲАМДАМОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.