топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

2015 йилнинг Ўзбекистонга оид энг муҳим ҳодисалари

"2015- yil Keksalarni e'zozlash yili"
Жамият
Поёнига етаётган 2015 йил Ўзбекистон учун кўплаб муҳим ҳодисаларга бой бўлди. Гарчи ўтаётган йил дунё миқёсида терроризм, қуролли можаролар, муҳожирлар инқирози, табиий офатлар ва бошқа глобал чақириқларга тўлиқлиги билан инсоният тарихидан жой олаётган бўлса ҳам, Жаннатмакон юртимизда осойишталик, тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурди, ҳар қайси соҳада тикланиш, юксалиш ва тараққиёт кузатилди, халқимизнинг турмуш даражаси ортди. Эришилган ютуқ ва муваффаятларимизни бирма-бир санасак, вақт ҳам, имконият ҳам етмаслиги аниқ. Келинг, шу сабабдан 2015 йилда Ўзбекистонда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтсак.
***
2015 йилнинг 29 март куни Ўзбекистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Унда қарийб 19 миллион фуқаро иштирок этиб, 90,39 фоиз, яъни 17 миллион сайловчи якдиллик билан Ислом Каримов номзодини ёқлаб чиқди.
***
Май ойида эълон қилинган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллади.
***
11 июнь куни БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Тошкентга ташриф буюрди. У ўз ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди. Ташриф мобайнида мартабали меҳмон Бухоро шаҳрида бўлиб, шаҳарнинг қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари билан танишди.
***
Август ойида эълон қилинган рейтингга кўра, Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан узоқ умр кўрувчилар (100 ёш ва ундан ошганлар) сони бўйича давлатлар ўнлигида учинчи, узоқ умр кўрувчиларнинг умумий миқдори бўйича эса олтинчи ўринни эгаллади.
***
Economist Intelligence Unit тадқиқот компанияси томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Тошкент шаҳри дунёнинг яшаш учун энг мақбул 140та шаҳридан бири деб эълон қилинди. Ўзбекистон пойтахти 54,6 балл йиққан ҳолда ушбу рейтингда 116-ўринга лойиқ деб топилди. Хусусан, Тошкент барқарорлик бўйича 50 балл, соғлиқни сақлаш тизими – 58,3 балл, экология ва маданият – 53 балл, таълим тизими – 75 балл ва инфратузилма бўйича 48,2 балл тўплади.
***
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали ташкил этилди. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 66 давлат санъаткорлари ташриф буюрди. 30 август куни “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини эълон қилинди. Фестивалнинг бош соврини — Гран-при Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳига топширилди.
***
1 октябрдан «Насаф» поездининг Тошкент-Қарши йўналиши Китобгача узайтирилди. Поезд Тошкентдан ҳафтанинг душанба кунидан ташқари ҳар куни соат 15-02да жўнаб, Китобдан ҳафтанинг жума, шанба, якшанба, душанба, чоршанба кунлари соат 04-37да ортга қайтадиган бўлди.
***
Россия пойтахти Москва шаҳрида Ravon номли янги автомобиль брендининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу марка остида GM Uzbekistan заводининг Daewoo Matiz, Gentra, Chevrolet Spark, Cobalt ва Avеонинг кейинги авлодлари моделларини сотиш режалаштирилмоқда.
***
Октябрь ойида Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистон 2014-2015 йилларда бизнесни юритиш учун қулай шароитларни яратиш бўйича ислоҳотчи мамлакатлар ўнлигига киритилди. Ўзбекистон 189 мамлакат ўртасида 87-ўринга кўтарилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошқариш бўйича етакчи давлатлар ўнлигига кирди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз тадбиркорлик муҳитида 10 индикаторнинг 3таси бўйича ижобий ўзгаришлар қайд этилди.
***
25 октябрда Ўзбекистон ҳамда Япония бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Шиндзо Абэ иштирокида 3,5 ярим йил давомида олиб борилган реконструкция ишларидан сўнг (2012 йил майда бошланган) Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрининг биноси очилиш маросими бўлиб ўтди.
***
Ноябрь ойида Тошкентда Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтди. Форумда дунёнинг 33 мамлакатидан фирма ва компаниялар, инвестиция фондлари ва банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ва молия институтлари вакиллари, экспертлар қатнашиб, якунда 12,4 млрд долларлик шартномалар имзоланди.
***
“Иқтисодиёт ва Тинчлик институти” томонидан ишлаб чиқилган “Дунё терроризм индекси” халқаро баёнотига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг тинч 38 мамлакати қаторидан жой олиб, террорчилик фаолияти ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатмайдиган давлатлардан бири деб эълон қилинди.
***
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг23 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимди Ислом Каримов келаётган 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилди.
***
2015 йилнинг 14 декабридан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган GM Uzbekistan автомобилларининг нархи ўртача 30 фоизга қимматлашди.
***
Ўзбекистон фуқароларининг биометрик паспортга ўтиш муддати 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Ўзбекистонда биометрик маълумотларга эга паспортларга ўтиш жараёни 2011 йил 1 январидан бошланган бўлиб, у 2015 йил охирида якунланиши кутилаётган эди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.