топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Шуҳрат ижодида уруш мавзуи

JizDPI
Илм-фан
Иккинчи жаҳон уруши мавзуи Шуҳратнинг ижодида ўзгача аҳамият касб этади. Унинг Жангчи блокнотидан” туркум шеърларида тасвирланган жангчи образи ватан учун жон фидо қиладиган, Ватанни ғоятда севган, унинг тупроғини кўзига тўтиё айлаган инсон образидир.
 
 Бу туркумга кирган Сенинг альбомингга Окопда Гул Кўчат Украин қизига Қувонч Не гуноҳи бор! Қиличини ол Жангчи қабри Пояк қизига Мен тирик Дўстимнинг хотираси Нишона Йўлдан мактуб Илтимос Пруссиядан мактуб Тўрт лавҳа Ғалаба дақиқаси Ғалаба Энди билсам каби 20 та шеърида, инсоний фазилатлар, ёрга муҳаббат, ҳижрон, висол онлари, шунинг билан бирга фашистлар қилган хунрезликлар бадиий тарзда тасвирлаб берилган. Жангчи блокнотидан туркумидан ўрин олган баъзи шеърларида, хусусан, Сенинг альбомингга шеърида жангга кетаётган қаҳрамоннинг ўз ёрига жўшқин муҳаббати ҳамда уни ҳижрон онларига бардош беришга даъват этишлари лирик баён этилса, бошқа шеърларида фашистларни қилган ваҳшийликларини ўз кўзи билан кўрган жангчининг алам ва изтиробда кечирган лаҳзалари жонли ва ишонарли тарзда баён этилади. Жангчи окопда ётар экан, дастлаб унинг хаёлидан урушгача бўлган даврдаги жонли лавҳалари, лаззатли ҳаётнинг оромбахшликларигавдаланади. Сўнгра унинг хаёли фашистлар томонидан отиб ташланган гўдакнинг аянчли ҳолда ётган мурдаси томон етаклайди. Босқинчилар томонидан ҳайдаб кетилаётган минг-минглаб келинчаклар, юракни эзадиган ҳолатга туширилган боғ ва бўстонлар, шаҳар ва қишлоқлар лирик қаҳрамон кўзи ўнгида намоён бўлади. Шоирнинг Гул Кўчат шеърларида жангчи ва унинг севимли ёрининг висол иштиёқидаги ҳолатлари лирик йўсинда тасвирланса, Украин қизига каби шеърлари ўзининг композицион тузилиши жиҳатидан, ифодаланган мазмуни нуқтаи-назаридан бошқа шеърлардан ажралиб туради. Албатта, бунга ҳаётий фактлар, жонли лавҳалар, реал кишилар тақдири асос бўлган. Жангчи блокнотидан" туркумида тасвирланган лирик қаҳрамоннинг иши фақат сафар таассуротларини баён этишдангина иборат бўлиб қолмасдан, аксинча, турли воқеа-ҳодисаларга муносабатни билдириш ҳамдир. Албатта, бунда туркум шеърлар яратишнинг ўзига хос жанр хусусиятлари, ички қонуниятлари, яъни мазмун ва маъно жиҳатидан алоҳида-алоҳида бўлган шеърларнинг барчасини умум композицион бутунликка бўйсундириш, ижодкорни қизиқтирган, илҳомлантирган воқеа-таассуротларни лирик йўсинда бадиий тасвирлаш-шоирнинг диққат марказида бўлган. Шоир қаҳрамонлари урушда актив иштирок этса-да, урушга нафрат билан қарайди. Дарҳақиқат, Шуҳрат лирик қаҳрамонига хос бўлган бу хусусият унинг уруш мавзуида ёзилган Шинелли йиллар романи қаҳрамонларига ҳам хосдир. Роман уруш картинасини дастлабки этапларидан бошлаб, то охиргача бадиий тасвирлашга уринганлиги билан характерлидир. Асардаги оддий солдатдан генералгача бўлган образлар ҳаққоний ва ҳаётийлиги билан қимматлидир. Адиб эътирофидек: ўзбек солдат-офицерларининг уруши майдонларидаги жонбозлигини кўрсатиш ниятида воқеани уруш арафасидан бошладим. Асосий материал бўлиб ўз биографиям хизмат қилди. Тўғриси, кўрган-билганларим далда бўлди. Бунга дўстларим ҳаёти, ижодий тўқималарим қўшилиб кетди. Табиий, бир кишининг биографияси билан бадиий асар ёзиб бўлмайди, бўлганда ҳам у бадиий асарга айланмайди. Адиб шунинг учун ижодкорки, у ўзи танлаган биографиясига ўз фикр-ўйи, орзу-умиди, идеяларини, дард-армонларини, ўкинч ва афсусларини бадиий воситалар орқали қўшади, мослаштиради, тўқийди, бойитади. Бунинг ҳаммаси ёзувчининг уқувига, маҳоратига, самимиятига ва эътиқодига боғлиқ. Дарҳақиқат, муаллифнинг биографияси Шинелли йиллар” романидаги бош қаҳрамон Элмурод образида қисман кўринади. Урушнинг бевосита қатнашчиси бўлган Элмуроднинг биографияси талқини жараёнида шафқатсиз, бераҳм, лаънати урушнинг оқибатларини бирма-бир шоҳиди бўлиб борамиз. Мазкур роман фақатгина бош қаҳрамон Элмурод ҳақида бўлмай, катта бир тарихий даврни, авлодлар бир умр унутмайдиган-Иккинчи жаҳон уруши манзараларини реал чизишга қаратилган. Назаримизда, Шинелли йиллар жанг кўрган ёзувчининг қаламига мансуб бўлгани учун унда тахминийлик, мавҳумийлик йўқ, жанг манзаралари ҳарбий ҳаёт тасвири аниқ, ҳаётий ва ҳаққонийдир. Асарнинг композицион марказ ролини ўтовчи Элмуроднинг ҳаёт йўли, ахлоқий қиёфаси, маънавий дунёси, ички кечинмалари, ундаги типик хусусиятлар-душманга қарши курашда, дўстларига бўлган муносабатларида, оғир дамларда, даҳшатли дақиқаларда, ўзини тутиб идора қилишларида бирма-бир очилиб боради. Асар воқеаси Ўзбекистондан бошланиб, Волга бўйларида, Кавказ ва Украинада, шунингдек, чет мамлакатларда давом этади. Роман қаҳрамони Элмурод қизғин жанг пайтларида ҳам ўзини йўқотмайди. Ҳар бир вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишга мантиқан ишонамиз. Аслида ҳам, адабиёт ва ёзувчининг муқаддас ва олий бурчи ҳам содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга китобхонни ишонтира олиш, қаҳрамоннинг ҳатти-ҳаракатининг ҳақлигини исботлай олишдир. Шунинг учун ҳам Элмурод Иккинчи жаҳон урушида матонат ва қаҳрамонлик кўрсатган жангчининг типик вакили сифатида китобхон кўз ўнгида гавдаланади. Элмурод худбин Мурзиннинг, нигилист Бондарнинг, соддадил Турдиевнинг қайта туғилишида, ҳаётнинг катта йўлига чиқиб олишида кўмаклашади, уларга маънавий таъсир кўрсатади. Урушнинг шафқатсиз қонунияти унинг бошига ҳам анча кулфатларни солган. Жанг пайтида унинг иши нуқул ўнгидан келавермайди, курашдан зиён-заҳматсиз чиқмайди. У ҳам бошқалар сингари жанг майдонида баъзан адашади, хатога йўл қўяди, жангга қизиқиб кетиб, майдонда жанг қилаётганда оғир ярадор бўлади, оёғи синади, қорнидан қаттиқ жароҳатланади, ўлим билан юзма-юз келади, севган қизи Зебодан ажралади, хуллас, кўпгина кўргилик ва кулфатларга дучор бўлади. Ёзувчи ҳар бир қаҳрамон фаолияти ва саргузаштини қизиқарли қилиб кўрсатишга интилади, бир қаҳрамон билан боғлиқ воқеани қалтис, сирли тарзда баён қилар экан, сюжет қуришда тасодифлардан кенг фойдаланади. Бу, албатта, ёзувчининг жанг жараёнини яхши билганлиги, ўз кўзи билан кўрганлиги, чуқур ўрганганлиги, тасаввур ва идрок қилганлигидан далолатдир. Ёзувчи воқеликни бўямайди, у қандай бўлса шундайлигича реал акс эттиради. Хулоса қилиб айтганда, Шуҳратнинг Жангчи блокнотидан туркум шеърлари ва Шинелли йиллар романида Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тасвирлар урушнинг илк кунларидан, то охиргача бўлган даврда юз берган воқелик ва ана шу воқеликда иштирок этган шахсларнинг ички кечинмалари, хоҳиш-истаклари реал тарзда тасвирланганлиги билан ўзига хосдир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.