топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Китоб-тафаккур хазинаси

JizDPI
Илм-фан
Куч-билим ва тафаккурда
(И. Каримов)
 
Мустақил фикрлайдиган,замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, аждодлари бошлаган ишларни давом эттиришга қодир бўлган ҳар томонлама соғлом авлодни енгиб бўлмайди. Доим ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш, теран фикрлаш, юксак натижаларни қўлга киритиш учун китоб билан ошно бўлиш зарур.
Инсоннинг ўз олдига қўйган мақсадига эришувида тафаккур бойлиги бўлмиш-китоб муҳим ахамиятга эга. Инсон қанчалик маънавиятли, дунёқараши кенг бўлса, унинг фаолияти ҳам тафаккур дунёси каби умрбоқий бўлади. Чунки айнан эзгу ҳатти-ҳаракатларида унинг маънавий қиёфаси намоён бўлади. Китобни ўқиганда инсон ҳиссиётларининг жумбушга келиши, воқеалардан таъсирланиш, ғурур ва ифтихор ҳиссининг пайдо бўлиши унинг кампьютерда интернетдан олинадиган маълумотлардан бир неча бор афзаллигини англатади.
Бугун олий таълим муассасаларда ёшлар таълим-тарбияси, маънавий баркамоллигига эътиборнинг кучайтирилиши халқимизнинг ёшлар келажагига юксак ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Олийгоҳимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилаётган “Менинг 10 та севимли китобим” маданий- маърифий танлови ёшларни дунёда  бўлаётган воқеалардан огоҳ бўлишга, юрт келажаги учун масъул эканликларини ҳис этишга чорлайди.
 Ушбу кўрик танлов талабаларнинг янги қиёфасини намоён этади, чунки асарни ўқиган китобхонлар дунёқараши хилма-хил, хулосалар турфа. Менинг тасаввуримда Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида бош қаҳрамон Фарҳод қиёфасида эл-юрти учун жонини хам аямайдиган, барча эзгу инсоний фазилатларга эга комил инсон гавдаланган.
Абдулла Қодирийнинг“Ўткан кунлар” романида эса адибнинг тили билан айтганда, тарихимизнинг энг қора, кирли кунлари бўлган кейинги хон замонлари акс этган. Шунингдек, ўзбек халқининг миллий қиёфасини акс эттирувчи оилавий муносабатлар, фақат ўзбек халқига хос фарзанднинг ота-онага чексиз ҳурмати маҳорат билан тасвирланган.
Ойбекнинг“Навоий романи”да Навоий образи орқали буюк мутафаккирнинг ўз даврида олийжаноблик ва адолат раҳнамоси бўлгани, бажарган эзгу ишлари унинг номини тарихга мангу муҳрлагани асарнинг бош ғоясини ташкил этади.
Фёдр Достоевскийнинг“Жиноят ва жазо” асарида университет талабаси Расколниковнинг моддий манфаат учун жиноятга қўл уриши ва унинг салбий оқибатлари орқали ҳаётга барча нарсалар пул билан ўлчанмаслиги, инсон ҳаётда ҳалол ва меҳнатсевар бўлиши лозимлиги асарнинг асосий ғоясини ташкил этади.  
Чингиз Айтматовнинг“Асрга татигулик кун” романида Эдигей Бурон образи орқали инсон ҳаётга нима учун келиши, яшашдан асл мақсад нима экани маҳорат билан кўрсатиб берилган.
Пауло Коэлонинг“Алкимёгар” асарида инсон тақдири инсоннинг қандай яшаши,  унинг орзу-умидлари, олдига қўйган мақсадларини амалга ошириши -  унинг нияти ва ҳаракатига боғлиқ экани чупон йигит Сантягонинг бошдан кечирган воқеалари орқали ёртиб берилган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг«Қутадғу билиг” асарида инсоннинг қадр-қиммати инсонийликда экани, муомала ва этикет муаммолари ўзига хос ёритилгани,  асар панднома руҳида яратилгани билан китобхон учун мутолага мос манба десам, янгилишмайман.
Бугунги тезкор даврда инсон барча соҳада илғор бўлиши талаб этилади. Шунинг учун турли соҳага оид китобларни ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. Бадиий адабиётлар халқимизга хос олийжаноб фазилатларни шакллантирса, илмий адабиётлар юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимизда таянч бўлиб ҳизмат қилади. Бадиий адабиёт кишини эстетик завқлантирса, илмий адабиёт инсонни мантиқий фикрлашга ундайди.  
Менинг севимли китобларидан бири Президентимиз Ислом Каримовнинг  “Юксак маънавият-енгилмас куч” асаридир. Асарда узоқ ўтмиш воқеалари, бугунги кунда юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ёшлар келажаги йўлида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз боради. Асарни қайта – қайта ўқир эканман, Ўзбекистон диёрида туғилганимдан, дунё тан олган, ойга номи берилган — Аҳмад Фарғоний ва  Мирзо Улуғбек каби буюк аждодлар вориси эканлигимдан фахр ҳиссини туяман. Асарда маънавиятнинг  шаклланиш омиллари, ёшлар ҳаётида оила ва маҳалла роли, мактабнинг ўрни, таълим-тарбия масалалари, хусусан, фалсафа, тарих, маданиятшунослик, педагогика, адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъат фанларига оид қимматли маълумотларнинг келтирилгани асарнинг қийматини оширган. Шунингдек, асарда ҳам ўзига хос ёритилган.
Китоб билим манбайи, имконият ва муваффақият калитидир. Эзгу мақсадлар сари чорловчи машъала. Фақат китобдан тўғри мақсадда фойдалана олсакгина!
Китоб мутолааси нутқ равонлигини таъминлайди, теран фикрлашга, воқеалар ҳақида тўғри хулоса чиқаришга ўргатади. Китоб билан дўст тутинган қалблар буюк яратувчанлик қобилиятига эгалиги билан ажралиб туради.  Шунинг учун ҳам доимо ўқиб-ўрганишдан толманг. Китоб сизнинг маънавий қиёфангизни очиб беришга хизмат қилувчи муҳим восита эканини унутманг.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.