топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бир шеър хусусида

JizDPI
Илм-фан
«Маънавият-инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишига чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларнинг мезони” экан, инсон маънавий ва руҳий дунёсида вужудга келган ўзгариш, янгиланиш жараёнларини бадиий тадқиқ, этиш адабиёт долзарб масалаларидандир. Шеъриятда инсон руҳий дунёсини мушоҳада қилиш ва қабул қилиш ҳар хил бўлганидек, талқин ва муносабатлар ҳам турлича бўлиши табиий ҳолдир. Барчамизга маълумки, ўзбек шеъриятида, деярли барча даврларида истеъдодли шоирлар инсон қалби ва руҳий оламидаги ҳолатларни бутун кенглиги, мураккаблиги ва зиддиятлари билан тасвирлашга ҳаракат қилишган.
 Чунки, ташқи оламнинг инсон қалби ва руҳиятига таъсири унинг ички оламида ўзга­риш ҳолатларини юзага келтириши, бунда руҳга таъсир қилган ҳар бир воқеа ёки ҳодиса инсон ҳис ва туйғуларида фавқулодда жўшқин ёки баъзан тушкун ҳолатларни вужудга келтириши мумкин. Бадиий адабиётнинг тараққиёти сўз усталарининг инсон қалбига қанчалик чуқур кира олгани, инсоннинг маълум тарихий шароит, ижтимоий муҳитга муносабатини тўғри кўрсата олгани билан боғлиқдир. “Адабиёт инсон туйғуларига, дардига, ҳаёт йўлига кириб бориши кeрак. Одам нима учун шундай турмуш кeчиряпти. Инсон ҳаётининг мазмуни нима, у инсон сифатида қандай xусусиятларга эга, унинг ўзига xос томонлари қандай-асарда шулар тўлиқлигича акс эттирилиши шарт”. Шу сабабли, китобхон шеъриятда ҳаёт ва инсон муносабатларига доир ҳукм ва хулосалар билан асосан лирик қаҳрамоннинг ташқи таъсир самараси ўлароқ юзага келган руҳий ҳолати, субъектив фикр-қарашлари орқали танишади.
 “Адабиёт – кўнгил мураббийси…” экан, инсон руҳиятининг таҳлили, уни чуқур тушуниш ва тасвирлаш маҳорати – адабиётнинг туб моҳиятини белгиловчи хусусиятлардан бири бўлиши табиий. Демак, шоир учун руҳ ва руҳий мазмун жуда муҳим, яна шуни эътироф этиш керакки, руҳият тасвирларида ўзбек шеърияти эришган муваффақиятлар таҳсинга лойиқ.
 Шу маънода шахс-шоир ўз даврининг мавзуларини куйлаши мумкин ва зарур. Чўлпон ижодини кузатар эканмиз, унинг 20-йилларда яратган, ижтимоий адолат учун курашган шеърлари ҳаёт ҳақиқатидан бино бўлганлигини инкор этиш қийин. Шунда, Чўлпон шеърлари учун миллатчи эмас, балки миллий шоир сифатида улуғланиши лозимлиги, лекин шўро замонида унинг акси  қилингани ҳар  бир ўзбек китобхонни изтиробга солади.
 Шоир лирик қаҳрамони қалбининг нолалари „Юпанмоқ истаги“ шеърида яхши ифода этилган. Шеърда лирик қаҳрамон ниҳоятда тушкун руҳда, уни давр воқеа-ҳодисалари ана шу куйга солган. У атрофга боқиб, кўнглини юпантирувчи нарсалар, руҳини суявчи кишиларни ахтаради, бу аҳволдан қутулишнинг чораларини излайди. Адашиш, алданишнинг инсон учун нақадар оғир қисматлигини ҳис қилади. Қалб эса фақатгина „аччиқ сўзлар“дан тасалли кутади:
 
Турмушда, хаёлда… ҳар бир нарсада
Ёлғиз алданишни кўрган бир банда
Борлиққа қарғишлар ёғдирган танда
Балки юпатгуси у аччиқ сўзлар
 
Дарҳақиқат, ҳаёт сўқмоқларида алданган, адашган киши бориб-бориб ақли етгач, ўзини қарғай бошлайди. Қалби, виждони олдида нимаики гуноҳ қилган бўлса, бунинг учун ўзини асло кечира олмайди. Чўлпон лирик қаҳрамони руҳий дунёси ана шу адашганлик фожиасидан азобга тўлган. У келажак—озод келажакка йўл кўрсатувчи, нажоткор йўлчи юлдузни ахтаради. Уни тополмагач, саробга айланаётган орзу ва ҳаёллар дунёсидан узоқлашгиси, ҳақиқатга қўл чўзгиси келади. Қалбида ҳали умид чироғи ўчмаган:
 
Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар, бу тунда ёруғ шам ёнмас
Чақмаса гугуртни асл ўғиллар…
 
»Асл ўғиллар"ни ҳақиқат учун курашга чорлаш билан Чўлпон лирик қаҳрамони умид чироғларига нур излагандай туюлади. Шу боисдан Чўлпон лирик қаҳрамони"асл ўғиллар"ни озодлик чироғини ёқиб— "гугурт чақиб", халқ ҳаётига, унинг руҳиятига нур олиб киришга даъват этади.
Хулоса қилиб айтганда, Чўлпоннинг «Юпанмоқ истаги» шеъри олам, ҳаёт, инсон қад­ри, эрки учун кураш ҳақидаги қарашларнинг, фикр ва хулосаларнинг тажассумидир. Эзилган, лекин курашда сўлмаган ва ўлмаган, аксинча, ноҳақлик ортган сайин унга қарши кучлана бошлаган руҳнинг нидосидир. Балки у миллатидан қатъи назар, эзувчи кимсаларга ошкора сочилган халқ ғазабининг рамзи эди.
Демак, Чўлпоннинг келажакдан умидлари бутун халқ умиди, интилиши билан уйғунлик касб этгандагина рўёбга чиқишига ишонади. Уларнинг қалбига, руҳиятига қувват излаб талпинган лирик қаҳрамонлари учун халқ тоғдек таянчга айланади.
Муқаддас Суюнова,
талаба (ЖДПИ)
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.