топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

«O’tgan kunlar » manaviyati «erk» bag’rida

JizDPI
Илм-фан

Маълумки, ўзбек романчилигининг илк асари бўлмиш «Ўткан кунлар» ХХ аср мобайнида яратилган янги ўзбек адабиёти учун бадиий намуна ва адабий маҳорат мактаби ҳисобланади. Зеро илк ўзбек романида тасвирланган ва кўтарилган маънавий-ахлоқий муаммолар янги тарихий шароитда, янги авлод кишилари тақдирларида ўзига хос тарзда такрорланиши кўп бор кузатилган. Шундай бўлиши табиий ҳам, чунки чинакам бадиий асар умумахлоқ ва умумфалсафий масалаларни қайсидир даражада умумлаштириши, намунавий ҳолга келтириши тайин.



Биз ушбу мақолада Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ва Пиримқул Қодировнинг «Эрк» қиссасини солиштирар эканмиз, бу ерда ҳам адабий таъсир, ҳам типологик бирлик мавжудлигини қайд этамиз ва шуни доимо кўзда тутамиз. Пиримқул Қодиров барча ўзбек адиблари қатори Абдулла Қодирий насри, хусусан, «Ўткан кунлар» анъаналарини ўзига сингдиргани аниқ, шунинг учун бу ўринда адабий таъсир омилини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Зеро, адибнинг ўзи ҳам бу ҳақда шундай ёзади: «Абдулла Қодирий ва Чўлпонларнинг ҳаётларидаги жасорат ва асарларидаги миллийлик мен учун доимий бир ибрат бўлиб қолган… Уларнинг энг яхши анъаналарини давом эттириш, улар қилишга улгурмаган ижодий ишларни қилишга интилиш мен учун эзгу мақсадга айланди. Улар халқимизни жаҳолатга қарши маърифат билан қуролланишга даъват этишган, ўзбеклар ичидан чиққан энг жозибали инсонларни ўз асарларининг бош қаҳрамонлари сифатида тасвирлаган эдилар...«Қора кўзлар», «Эрк», «Мерос», «Олмос камар» — бу китобларда ҳам халқимиз орасидан етишиб чиққан ва ифтихор қилса арзийдиган жозибали ўзбеклар бош қаҳрамонлар сифатида тасвирланди».


 


Адабиётшунос олим Н.И.Конрад: «Қиёсий-типологик тадқиқотларнинг вазифаси бир-биридан мустақил равишда пайдо бўлган ҳодисаларнинг типологик муштараклигини кашф этиш бўлиши ҳам мумкин»,-дейди.


 


Шшшу маънода «Ўткан кунлар» ва «Эрк»даги зиддиятли учлик ҳаётда кенг тарқалган, мудом учраб турадиган ҳолиса сифатида ҳар икки ҳолатда бир қатор умумий ва ўзига хос жиҳатларга эга.


 


Маълумки, ишқ-муҳаббатда одатда икки киши иштирок этади: йигит ва қиз. Бироқ ошиқ ва маъшуқанинг севги можаросига учинчи одам (эркак ёки аёл) аралашадики, бу жаҳон адабиётидаги кўплаб мумтоз асарларда ўзининг юксак бадиий ифодасини топган. Хуллас, шу тариқа севги-муҳаббатда «учлик» пайдо бўлади ва у турли ҳаётий зиддиятларнинг манбаи бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли биз буни «зиддиятли учлик» деб атадик.


 


«Ўткан кунлар» ва «Эрк»да юз кўрсатган зиддиятли учлик масаласига келсак, у ҳар икки асар, роман ва қисса композициясида муҳим роль ўйнайди. Ота-она, айниқса, онанинг тазйиқи, Кумушнинг Тошкентга кела олмаслиги (ёлғиз фарзанд!) оқибатида Отабек ўзи истамаган ва севмаган ҳолда иккинчи бор уйланишга мажбур бўлади. Шу тариқа Зайнаб ўз эркидан ташқари ушбу учликка «аъзо» бўлиб қолади. Икки севишган қалб – Отабек ва Кумуш, тақдир тақозоси билан улар ёнида — Зайнаб. Бу жиҳатдан «Эрк»да манзара бошқачароқ. Касалманд ота қистови билан эрта уйланиб қўйган Саттор Ойшахон билан қонуний эру хотин, Розия эса тақдир тақозоси билан бу учликка кирган. Учликка кириш муддати жиҳатидан қарайдиган бўлсак, Розия романдаги Зайнаб билан бир қатордан ўрин олади. Лекин Розияни учликда қонунийлаштирадиган бир омил борки – бу муҳаббат. Саттор билан Розия бир-бирини севади, яъни бу ерда севги икки томонлама. Айни шу жиҳатдан Розия Кумуш қаторига ўтади, айтиш жоизки, шу қаторда муқим қолади.


 


«Ўткан кунлар»даги учликка қонуний никоҳ тарафидан қарайдиган бўлсак, Отабек Кумуш билан ҳам, Зайнаб билан ҳам бирдай боғланган. Лекин бу ерда Зайнабни ноқонунийлаштирадиган омил ва куч – бу яна муҳаббат. Зайнаб Отабекни севгани билан, Отабек уни севмайди – бир томонда муҳаббат йўқ. Агар биз расмий никоҳни асос қилиб оладиган бўлсак – Ойшахон қонуний, Розия ноқонуний, муҳаббатни асос қилиб олсак – Ойшахон ноқонуний, Розия қонунийга айланади.


 


Лекин бадиий адабиёт ҳамиша чин муҳаббат тарафида туриши сабабли «Эрк»даги қонуний хотин Ойшахон, «Ўткан кунлар»даги Зайнаб билан, ҳали қонуний ҳуқуқи бўлмаган Розия романдаги Кумуш билан ўхшаш типологик образга айланади.


 


 «Ўткан кунлар» кенг қамровли, мураккаб ғоявий-бадиий юкка эга асар эканлиги туфайли биз кўриб ўтаётганимиз зиддиятли учлик  ва ундаги зиддиятнинг бадиий-инсоний ечими романнинг бир неча маъно қатламларига куч ва туртки бериб туради. Эрк ва бурч «Ўткан кунлар»даги талай маъно қатламларидан бири, холос. «Эрк»да эса бу муаммо, ҳам унга жо бўлган маъно деярли ягона, қисса ушбу муаммонинг бадиий инкишофига йўналтирилган. Бу «Эрк»нинг қисса жанрига мансублигидан, ушбу жанрга мансуб асар бир-икки муаммо атрофида сўз юритиши талабидан келиб чиқади.


 


Ҳақиқатан ҳам, «Эрк» қиссаси, номиданоқ таъкидланганидек, оила ва жамиятдаги эрк муаммосининг бадиий талқинига бағишланган. Охир-оқибатда эса ушбу талқин қиссада маънавий-этик масала даражасигача юксалган.


 


«Ўткан кунлар»да Отабекнинг иккинчи марта, энди Тошкентда уйланиши роман сюжетининг фожиона тарзда олға силжишига имкон беради. Чиркин мақсадига туҳмат ва чақув орқали эриша олмаган Ҳомид икки ёш севгисига учинчи одам — кундош (роман бобининг бири «Кундош-кундошдир» деб аталишининг ўзиёқ қанча маъно англатади) кириб келишидан фойдаланиб, сохта талоқ хатлар ёзишни бошлаб юборади. Вақтинча мақсадига эришади ҳам, лекин ўз гуноҳи бўйнида, Отабек қўлида ҳалок бўлади. Аммо ўлиб кетган бўлса ҳам Ҳомид икки севишган қалб ҳаётида машъум роль ўйнашни давом эттиради. Айни Ҳомиднинг кирдикорлари туфайли ҳеч қачон келмаслиги мумкин бўлган Кумуш Тошкентга келади, онаси Офтоб ойимнинг оҳ-зорига қарамай, Тошкентда, Отабек ёнида қолади. Айни шундан кейингина асарда зиддиятли учлик вужудга келади, аниқроғи, ҳаракатга келади. Кўринадики, зиддиятли учлик вужудга келиши ва ўз вазифасини тўла бажариши учун макон бирлиги зарур экан. Учлик аъзолари бир хонадонда ёки «Эрк»дагидек ҳеч бўлмаса бир шаҳарда бўлишлари талаб қилинар экан. Шунда яна бир қизиқ қонуният келиб чиқади: макон қанча тор бўлса, драматизм шу қадар кескин бўлар экан. «Ўткан кунлар»да Отабек оиласидаги таранг вазият фожиали якун топади. Кумуш Зайнаб томонидан заҳарланади, Зайнаб ақлдан озади, Отабек Тошкентни буткул тарк этиб, охир-оқибат она-юртни босқинчилардан ҳимоя қилиб, қаҳрамонона ҳалок бўлади. Учликдаги зиддият асосий қаҳрамонлар ҳалокати билан ечилади.


 


«Эрк»да асардаги вазиятга биноан зиддиятли учлик бир хонадонда эмас, бир шаҳарда, холос. Хонадон тор, шаҳар кенг. Шундай бўлса-да, қиссада мавжуд бўлган зиддиятли учлик ҳам ўз ечими ва хотимасини кутади.


 


Қиссада муаммонинг (яъни ким ортиқча эканлиги масаласининг) ҳуқуқий ечими йўқ. Ҳатто унинг бадиий ечими ҳам йўқдек туюлади. Чунки асарда масала очиқ қолдирилган, шу боис асар хотимасидаги Ойшахон тилидан айтилган «Энди нима қиламиз? Қандоқ қилсак тўғри бўлади?» сингари саволлар сиртдан қараганда ечимсизликдай туюлади. Юқорида айтганимиздек, ҳуқуқий маънода чиндан ҳам ечимсизлик. Лекин бадиий жиҳатдан — шунинг ўзи ҳам ечим. Яъни — ҳақиқий эркин бўлсанг, ўзинг танла, лекин танловинг шундай бўлсинким, юксак нуқтада ҳеч кимнинг эрки топталмасин. Эрк шу қадарки, у ҳатто китобхонга ҳам берилади, у ҳам эркин. Марҳамат, ўзингизга маъқул ечимни танланг, дейди гўё муаллиф.


 


Қиссадаги охирги сўз Ойшахонга тегишли эканида ҳам муаллиф кўзда тутган чуқур маъно бор. Ойшахон барибир янги замона фарзанди. Бежиз муаллиф уни катта шаҳарга олиб келиб, ўзи севган гулчилик соҳасига ишга киритмайди. Унинг онгида муайян ўзгаришлар, силжишлар содир бўлгани аниқ. У авваллари ўзини аламдан дарёга ташлаган Ойшахондан ўзи ва Саттор тушиб қолган чигал вазият ҳақида ўйлайдиган, муҳокама қиладиган, изтиробга тушадиган инсонга айланган. Унинг изтиробли ўйлари шундай чизилади: «Саттор Ойшахон билан яшаётганидан бахтиёрми? Бояги қиз… кўзлари мўлтираб кетди… Ойшахоннинг ўзи-чи? Унга осонми бундай яшаш?».


 


Зайнаб бундай ўйларга қодир эмас эди. У учлик вазиятидан чиқиш — Отабекни бутунлай ўзиники қилиб олиш учун фожиали чора қўллайди. Эгачиси Хушрўйбибининг қутқуси билан Кумушни заҳарлайди. Шу ўринда академик Матёқуб Қўшжоновнинг бир фикрини келтириш ўринли: «Бу ерда икки образ (яъни Зайнаб ва Хушрўй — Ю.К.) бирлиги якка бадиий мақсадга бўйсундирилаётир, бир образ орқали бажарилиши қийин бўлган бадиий мақсад икки образ орқали амалга ошаётир».


 


Зайнаб билмайдики, бу кирдикори билан у ҳам Отабекдан, ҳам ақл-ҳушию ўзлигидан жудо бўлади. Зайнаб гўё ўз эркини шу тариқа намойиш этади, лекин буни жинояткорона тарзда намойиш этадики, жиноят муҳаққақ жазосиз қолмайди. Айни шу тарзда «Ўткан кунлар»даги ялпи фожиа ўз якунини топади. Зайнаб эса оддий қотилдан фожеий қаҳрамон даражасига кўтарилади.


 


Яхши биламизки, ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида яратилган роман билан ХХ асрнинг 60-йилларида ёзилган ва шу давр воқеалари қаламга олинган қисса тарихийлик жиҳатидан фарқланиши табиий.


 


Икки асардаги зиддиятли учликни солиштириш шуни кўрсатадики, ўтган тарихий вақт мобайнида ўзбек оиласининг маънавий-ахлоқий нормаларида, эрк ва бурч соҳасида муайян ўзгаришлар содир бўлган, миллий онг ва миллий турмуш тарзи яхшилик томон ўзгарган.


 


/>

 


Ю.Каримова,


доцент (ЖДПИ)


0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.