топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Шайх Худодод Вали

JizDPI
Илм-фан

 


Мустақиллик шарофати билан қадриятларимиз ва маънавий бойликларимизга катта эътибор бериш билан биргаликда уларни тиклаш ишлари ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда. Айниқса, собиқ мафкура тазйиқи остида ўрганилмаган ориф-уломолар ҳаёти ва меросига катта этибор қаратилмоқда.


Орифлик – сўфийлик мақоматларидан бири бўлиб, у фақат Ҳақ моҳиятига етиб, Унинг жамолига мушарраф бўлган зотларга насиб этади. Ўтмишда бундай шарафли мақом даражага етган зотлар талай бўлиб, шуларнинг ичида бизнинг ҳам ватандошларимиз борлигини фахр билан эътироф этамиз.



snbsp;


Нажмиддин Кубро, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Амир Кулол каби буюк сиймоларимиз қаторида Ҳазрати Азизон Шайх Худодод Валини ҳам киритиш мумкун.


Ҳазрати Шайх Худодод Вали ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиш 1991 йил 9 майда Ғаллаорол туманидаги 11-ўрта мактаб ўқитувчиси Зайниддин Мамаризаев шахсий кутубхонасида сақланаётган 248 саҳифали “Маноқиби Шайх Худодод Вали” қўлёзмаси билан танишишдан бошланди.


Яссавия тариқатининг XV аср охири ва XVI аср бошидаги раҳнамоларидан бири ғазиралик машҳур шайх Ҳазрат Худодод Вали саналади.


snbsp;


Муҳаммад Шариф Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорийнинг “Ҳужжат ул-зокирин” тазкирасида қайд қилинишича, ҳазрати азизон Ортиқ шайх асли Хоразмда шуҳрат ва эътиборга сазовор хонадондан бўлиб, укалари азизон Зикриё шайх, оила аъзолари, қавм-қариндош ва содиқ муридлари, даст-аввал Бухорога, ундан сўнг эса Карманага келиб, Карманадан икки фарсах (икки тош) масофада бўлган тоғ яқинидаги қишлоққа турғун бўлиб қолганлар. Ана шу манзилда ҳижрий 866, милодий 1461 йил бир ўғил кўрадилар ва унга Худойберди деб ном қўядилар. Аммо ота-онанинг хурсандчилиги ҳам, Худойбердининг ота-она меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлиши ҳам узоққа чўзилмади.


snbsp;


“Ҳужжат ул-зокирин» тазкирасида шундай ёзилган: “Айтурларки, Ҳазрати Азизон (Худодод) Вали тўрт ёки беш ёшларида етим қолган эканлар”.Ота-онадан 4-5 ёшида етим қолган Худойберди оғир турмуш машаққатларини чекса-да, тинмай мактабга қатнаб илм олади. Мавлоно Халил Қорақумий хонадонида бошпана топади. Мактаб ўқитувчиси Худойберди қобилиятини тан олиб, “бу ўғлон бир гуруҳнинг муршиди бўлғай ва олам аҳли унга майл қилгусидурлар”, – деган. Мактабни тугатгач, Самарқанд шаҳрида Жавзония (жафония) ва Улуғбек мадрасаларида (1477-1482) ўқийди. Сўнгра Ғиждувонга бориб, таълим олгач, Бухородаги Мулло Муҳаммад мадрасасида яшайди ва таълимни давом эттиради.


snbsp;


Ўзига маънавий пир қидириб, Худойберди 1484 милодий 889 ҳижрий йили Жаҳлия тариқатининг машҳур арбоби Шайх Жамолиддин азизоннинг ҳузурига, Бухоронинг Қалати қишлоғига боради ва унга қўл бериб, ҳузурига киради.


Учрашув чоғида Шайх Жамолиддин: Номингиз нима? – деб сўраганларида, “Номим Худойберди”, — деб жавоб берганлар. Шунда Шайх Жамолиддин: “Меро Худой дод (менга сизни Худо етказди), энди сизнинг номингиз Худодод бўлғусидур”, — деган эканлар. Шу кундан эътиборан ул зот Худодод номи билан машҳур бўлиб, “Вали” деган улуғ унвонга сазовор бўлганлар.


snbsp;


Шайх Жамолиддин Ҳазрат Худододдаги худо берган истеъдод ва фазилатларни маъқуллаган. Ҳазрат Худодод ҳам Шайх Жамолиддинга пир сифатида қўл берган. Шайх Жамолиддин ўз навбатида ҳазрати Худододга баркамоллиги, яъни тариқат сулукида фаолият кўрсатиши мумкинлиги ҳақида фотиҳа ўқиб, оқ йўл тилаган. Шундан сўнг Ҳазрати Шайх Худодод тўғилиб ўсган макони – Карманага қайтиб, ўзининг тариқат соҳасидаги фаолиятини давом эттиради.


Халқ ўртасида эътибори ошган Ҳазрат Худодод Самарқанднинг ўша даврлардаги анча обод мавзеларидан Ғазирага келган ва оддий хонақо қуриб яшай бошлаган. Худододнинг пок эътиқоди, олийҳиммати, камтарлиги, ғамхўрлиги атрофдагиларда яхши таассурот қолдириб, уларнинг суҳбат ва панд-насиҳатларидан баҳраманд бўлишга интилувчиларнинг сони тобора орта борган. Мовароуннаҳр ҳокими бўлган Муҳаммад Шайбонийхон ҳам Худододга эътиқод қўйиб, ўз ҳузурига келишга даъват этган. Аммо Ҳазрат Худодод бу даъватни эътиборсиз қолдирган.


snbsp;


Бу ҳақда Ҳазрат Худододнинг ўзи қуйидагича ҳикоя қилган: «Устоз ва пирим шайх Жамолиддин Хуросонга – Ҳиротга кетганларидан сўнг Муҳаммад Шайбонийхон мен билан ошнолик қилиш мақсадида бир неча марта уриниб кўрди. Аммо мен унга яқинлашмасдим, кўриниш ҳам бермасдим. Зеро, пайғамбар алайҳиссалом, шундай дебтурлар: фақирларни зиёрат қилғувчи амир энг яхши инсондир, молу дунё мақсадида амирларни зиёрат қилғувчи фақир эса энг ёмон одамдир.


Муҳаммад Шайбонийхоннинг ўзи бир юриши вақтида Ҳазрат Худодод яшайдиган хонақога яқин жойга келиб қўнган ва ҳазратни яна ҳузурига чақирган.


snbsp;


Бу тўғрида Ҳазрат Худодод шундай ҳикоя қилган: мен Муҳаммад Шайбонийхон таклифини ноилож қабул қилиб, унинг ҳузурига йўл олдим. Унинг ҳашаматли хаймаси – қароргоҳи, сипоҳийлари дабдабаси кўзимга сомон чўпидай бўлиб ҳам кўринмади.


Худодод Вали Ғазирада яшаб, жаҳрияйи султония тариқатини тарғиб қилиб, туркий ва форсий шеърлар битиб, ўзининг олийҳиммат ва камтарона турмуш тарзи билан шуҳрат қозонади. Бу орада Бухорога бориб, у ерда Хожа Аҳрор Валининг яқин сафдоши ва хос муриди, муршиди ҳақида «Силсилат ул-орифин” китобини ёзган Мавлоно Муҳаммад Қози билан учрашади, суҳбатидан баҳраманд бўлади. Кейинчалик Маҳдуми Аъзам Хожаги Косонийни Ғазирада меҳмон қилади.


snbsp;


“Тарихи Касира” муаллифи Роқим Самарқандийнинг (XVI аср) маълумотига кўра, Заҳириддин Бобур 1511-1512 йилларда оз муддат Самарқанд ҳокими бўлган даврда азизон шайх Худододнинг шуҳрат ва эътиборини эътироф этган ҳолда у ҳазратнинг олдига – Ғазирага олиймақом вакилини юборган.


Пирдан иршод хати олгач, шайх Худодод Вали ўз юрти – Карманага қайтиб, тариқат сулукидаги сўфийлик фаолиятини бошлаган ва шу ерда 1484-1488 йиллар фаолият кўрсатган. 1488-1492 йиллар қунобликлар хизматида бўлган. 1492-1496 йиллар давомида Самарқанд шаҳридаги Абу Лайс маҳалласидаги масжидда дарс берган.


snbsp;


Ҳазрат Азизон Шайх Худодод Вали 1496 йилдан умрининг охири 1532 йил 12 августгача Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида яшаган.


Ҳазрати Азизон Худодод етмиш уч ёшида фоний дунёдан боқийга рихлат қилдилар. Ҳазрат Худодод 939 ҳижрий йили муҳаррам ойи 12 куни, яъни 1532 милодий йили август ойининг 12 куни ҳижрий ҳисобда 73 ёшда, милодий ҳисобда 71 ёшда вафот этган.


Худодод Ғазирада дафн этилган ва кейинчалик бу табаррук жой ихлосмандларнинг зиёратгоҳига айланиб қолди.


snbsp;


Ҳазрати Азизон Шайх Худодод Валининг Солиҳ номли ўғли, Солиҳа биби, биби Ҳадия, биби Маҳзуна номли қизлари бўлган. Биби Ҳадиядан бошқа фарзандлари ёшлигида оламдан ўтган.


Ҳазрати Азизон Шайх Худодод Вали камбағалпарвар инсон бўлиш билан бирга, халқ тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини аямас, ҳокиму султонлар юборган ниёзларини қабул қилмай халққа тарқатар эди.


У зотнинг нуфузи ҳукмдорлар назарида ҳам баланд эди. Улар Ҳазрати Шайхни ўзларига пир билишар, маслаҳатларига қулоқ солишарди. Жумладан, Шайбонийхон, Бобур Мирзо, Абу Сайидхон, Убайдуллохон каби ҳукмдорлар унга катта ихлос қўйганлар.Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” асарида улуғ мутафаккирлар ҳақида маълумот бериб, хусусан Шайх Худодод Вали ҳақида ҳам тўхталган, Худододнинг Жамолиддин Шайх билан ғойибона сўзлашганлиги, у кишининг ҳузурига келганлиги ва савол-жавоб қилганликлари баён қилинган. Нисорий Худодод ҳақида фикр қилиб, у ҳақда сўз айтишга тили ожиз эканлиги, у зоти шариф фақат эл-улус ғамида яшаганлигини, олийжаноблиги, ҳиммати ҳақида қуйидаги фикрни таъкидлаган:


snbsp;


Шайх Худодод кўп мушоҳадалар бериб, мушоҳада давлатига эришганлар. Ҳеч ким алар камолотига қарши бирон сўз айта олмайди. Жаҳлия силсиласининг бошида турганлардан ҳисобланади. Улар олий ҳимматлилиги шу даражада эдики, баён этишга тил ожиз, ҳар йили ўзининг бор-йўғини тарожга берадилар. Бир куни ҳиммати баландлик ва сахийликда машҳур Қози Олнинг уйига келиб тушибдилар. Қози Шофиркон ўлчов тоши билан минг ман буғдойни уларга назру-ниёз қилибди. Дебдиларки “Марҳаматли қози жаноблари, изҳори ҳиммат қилмоқдалар. Аммо ўзлари бул матоҳ сари эгилиб, қиё ҳам боқмабдилар ва истиғно водийсига қадам қўйиб, буғдойнинг барчасини битта камбағал кампирга бахшида қилибдилар. Байт:


snbsp;


Икки олам нақдига энмас Бақоийнинг боши,


Боракалло ҳиммати олию истиғносига.


Бундан шундай хулоса чиқадики, подшолик ёки амир-амалдорлар Худододга қанча назр-ниёз этса, у буларни оч-ялонғоч фуқаро ва фақир кишиларга улашган.


“Самария” асарининг муаллифи Абу Тоҳирхўжа Шайх Худодод мозорининг Шероз туманида жойлашганлиги ва у муҳтарам зотнинг пирлари ҳақида ҳам мухтасар маълумот бериб, шундай фикрларни келтирган: Ҳазрати Азизон Шайх Худодод моздил, Шероз туманида, Ғазира деган ўриндадир. У шайх Ходимнинг муриди бўлган, (у эса) шайх Жамолиддиннинг муриди эди. Шайх Ходимнинг қабри Самарқанд шаҳрининг тошидадурким. У даҳбедлик Маҳдуми Аъзамнинг замондошларидан эди. У киши вилоят мартабасида ғоятда юқори эдилар,… мозорига зиёрат қилинганда қабри сочган нурдан билинади.


snbsp;


Зиёратгоҳнинг атрофида масжидлар қурилди ва бундай қурилиш ишлари XIХ асрда ҳам давом этди. 1806-1807 йилларда азизон шайх Худодод авлодидан бўлган Муҳаммад Абдулхайхожа томонидан масжид бино қилинган ва у киши шу масжиднинг имом хатиблигига тайин этилган.


Бугунги кундаги хонақоҳ мажмуига кирувчи масжид ва бошқа бинолар ҳазрати азизон шайх Худододи Валининг машҳур авлодларидан бўлган вилоят олимул-уламоларининг етакчиларидан саналган ҳазрати азизон Абдулхайхожа судур томонидан қурилгандир. Бу ҳақда “Самария”да шундай дейилган: Жаноб саййидлар паноҳи, ҳушёрлик ила тўғри йўл кўрсатувчи Абдулхайхожа судур шайх Худодод Валининг азиз авлодларидандир.


snbsp;


Ҳижрий 1232 (1816 милодий) йили Абдулхайхожа судур Ҳазрати азизон шайх Худододнинг мозорлари устига олий хонақоҳ бино қилдирди. Ҳозирги вақтда у ерда жума ва ийд номозлари ўқиладир. Улуғ боболарнинг мозорларига мутавалилик қилиш ва Ғазира шаҳарчасининг ҳукумати Абдулхайхожага тегишлидир. Ҳазрати азизон шайх Худодод Вали мозорининг зиёрати қалбларга нур бағишлайди. Бу сатрлар роқими (Абу Тоҳирхожа) у кишининг мозори зиёратига бориб барокот топди. Ҳижрий 1270 йили хайри сафар ойининг сўнгги кунлари яна у кишининг мозори зиёратига мушарраф бўлдик...”.


Шайх Худодод Вали риёзиёти ва покдомон ҳаёти бугунги ва келгуси авлодларимиз учун ибрат йўлидир. Шу боис унинг муқаддас хоки ётган жой зиёратгоҳга айлантирилиб, у ерда ободончилик ишлари олиб борилмоқда ва хукуматимиз мухофасазасидадир. Хазрат шайх Худодод Вали томонидан бизгача етиб келган асарлари эса мутахассислар томонидан тадқиқ килинмоқда, ўрганилмоқда ва халқимизга тухфа қилинмоқда.


snbsp;


Рахимова Зулхумор

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.