топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Мустақиллик фидоийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Islom Karimov
Жамият
 
2017 йил 30 январь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллуд топган  кунга бағишланган “Мустақиллигимиз фидойиси” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда социолог, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, шоирлар, ёзувчилар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кутубхонанинг ҳозирги биноси қурилишидаги ташаббускорлиги ва Ўзбекистонда ахборот-кутубхона соҳаси ривожидаги роли ҳақида сўзлади.
Тадбир аввалида Мустақил Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри, садоқати ва фидойилиги билан, юртимиз шаҳар ва қишлоқларининг жамоли, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишни юксак шараф ва олий саодат деб билган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳаёти, сиёсий фаолияти, хизматлари ва асарлари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли, унинг сиёсий фаолияти, у тақдим этган мамлакатимиз ва жамиятимизни янгилаш ва модернизация қилишнинг «ўзбек модели» деб дунёда тан олинган ривожланиш андозаси ҳақида ҳикоя қилди. “Мазкур модель мустақил, тадрижий тараққиёт йўлимизнинг нақадар тўғри ва самарали эканини ҳар томонлама исботлаб бермоқда. Ислом Каримовнинг сайи ҳарақатлари туфайли ишлаб чиқаришнинг кўпгина соҳалари асраб қолдинди, тикланди, машинасозлик саноати жорий этилди. У маънавият ва баркамол авлоднинг ҳар томонлама тарбиясига катта эътибор берар эди”. Шунингдек, Ш.Қурбон Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ёзилган шеърлардан ўқиб берди.

Социология фанлари доктори, профессор А.Умаров Ислом Каримов билан биргаликда бўлган кутубхоначилик соҳаси ривожи, унинг техник таъминоти ҳақида олиб борган суҳбатларни хотирлади. “Унинг учун устувор вазифаларидан бири халқнинг турмуш даражасини юксалтириш, фаровон ҳаётини таъминлашдан иборат. Ислом Каримов учун юртимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва фуқаролараро тотувликни, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш асосий вазифа бўлиб келган. У миллий қадриятлар ва маданий меросни сақлаш ва бойитишга катта эътибор қаратар эди”.
Филология фанлари номзоди З.Исомиддинов ўз нутқида: “Ислом Каримов учун бой тарихимиз, бебаҳо меросимизни асраб-авайлаш, атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, аждодларимизнинг муносиб авлоди сифатида анъаналарни давом эттириш, ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган”, деди. Ҳарбий академия ўқитувчиси майор А.Асадов Ислом Каримовнинг суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади. “Ислом Каримовнинг бу йўлда кўрсатган иродаси, матонати ва жасорати биз Ватан ҳимоячилари учун ибрат ва ўрнак бўлди”. Қўйлиқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи 1-босқич ўқувчиси Б.Қурбонов ўзининг Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ёзган шеърини ўқиб берди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллуд топган кун муносабати билан китоб-расмли кўргазма очилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бозор иқтисодиёти шароитида суверен жамият, озод ва мустақил ҳаётга  йўналтирилган демократик давлат қуриш, Ўзбекистон Республикасининг ўз ривожланиш ва тараққиёт йўли, ўтказилаётган ислоҳотлар масалаларига бағишланган асарлари тақдим этилган. Шунингдек, бу ерда ўзбек халқининг ҳаётини тубдан ўзгартирган ва ўзлигини англашига замин бўлган мустақилликка эришиш тарихидан, забардаст ўзбек халқининг меҳнати, унинг маънавий қадриятлари ва миллий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва фотосуратлар ўрин олган.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.