топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Яхшидан боғ қолади

Islom Karimov
Жамият
 
Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, бизга бу жаннатмакон Ватанни, буюк алломалар юртини ато этиб, мўмин-мусулмон халқнинг наслида дунёга келтирди. Ўзининг пок иймони, меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати билан бутун дунёда тилларда достон бўлган ўзбек халқига мансублигимиз ҳар биримиз учун ҳақли равишда чинакам фахрдир. Халқимизнинг қайси бир фазилатига, қайси бир хайрли хислатига қараманг, иймон билан, исломий ақийда билан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурли одоб-ахлоқлари билан йўғрилган бўлади.
Тинчликпарварлик, ватанпарварлик, етимпарварлик, адолатпарварлик, болажонлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, бағрикенглик – ўзбегимнинг бу ва бу каби юзлаб ажойиб хислатларининг замирида ё бирорта ояти каримага, ё бирорта ҳадиси шарифга бевосита боғлиқлик топасиз. Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларнинг яхшиликларини эслаш ҳам ана шундай миллий қадриятларимиздандир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган одамни фақатгина яхшилик билан эслашни буюрганлар.
Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор намоён бўлмоқда. Истиқлолимиз раҳнамоси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот қилгандан буён у кишининг қабрини зиёрат қилиб, у кишининг ҳаққига тиловат қилиб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хорижий давлатлардан зиёратчилар келиб, азиз юртбошимиз хотирасига ўз ҳурмат-эҳтиромларини билдирмоқда. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ушбу масканни зиёрат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган буюк сиёсатчи бўлганини таъкидламоқда. Умуман, бугун Самарқандга келаётган ҳар бир инсон зиёратни ушбу маскандан бошламоқда. Марҳум юртбошимизнинг халқ учун, эл-юрт фаровонлиги учун қилган ҳар бир хайрли иши эътироф этилиб, миннатдорлик билан ёдга олинмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори барча Ватандошларимизни қувонтирди.
Юртимиздаги кўплаб муассасалар, ташкилотлар, масжид, дорилфунунлар, иншоотлар ва кўчаларга у кишининг номлари қўйилиши ҳам ана шу ҳақли эътирофнинг бир намунасидир. Аммо юрт фарзанди учун энг улуғ хотира – халқнинг қалбидан ўрин олиш, Ватанининг тарихида яхши ном қолдиришдир.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олижаноб инсоний фазилатлари билан Мустақил Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди, ёрқин буюк шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди. 
«Яхшидан боғ қолади», дейди доно халқимиз. Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб қурилиш объектлари билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди.
  Шу йиллар давомида Мустақил Ўзбекистон Республикаси тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
 Истиқлолимиз раҳнамоси – миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Азиз авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилди. Хусусан, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳазрати Имом мажмуалари сингари табаррук масканларда олиб борилган катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида бундай обидалар диёримизнинг гўзал, файзли масканларига айланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг номи ўзбек халқининг хотирасида аввало истиқлол меъмори сифатида сақланиб қолади. Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди бу номни умрини юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлаган муҳтарам инсон сифатида эслайди, барча эзгу ишлари учун миннатдор бўлиб, Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилади.
Азизлар! Хонақоҳлар тўлиб намоз ўқияпмиз, масжидларга сиғмай таровеҳлар, ҳайитлар ўқияпмиз, муҳташам таҳоратхоналарда иссиқ-совуқ сувлар, оппоқ сочиқлар муҳайё, минг-минглаб ҳаж ва умра сафарларига боряпмиз, истаганимизча Қуръони карим тинглаяпмиз, қироат қиляпмиз, исломий илмларнинг исталган йўналишида, ўз она тилимизда ёзилган китобларни ўқияпмиз, ҳар куни эрталаб уйдан чиқиб масжидга, масжиддан чиқиб тўйхонага боряпмиз – Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Буларнинг барчаси Парвардигоримиз ато этган истиқлолнинг шарофати эмасми? Шундай экан, таърифига сўз топилмайдиган бу улуғ неъмат учун шукрона қилайлик, бу неъматга муносиб бўлайлик ҳамда ана шу истиқлолга эришишимизда юртга бош бўлган, ана шу оғир дамда энг катта масъулиятни зиммасига олган марҳум юртбошимизнинг ҳақларига дуо қилайлик.
Яратган парвардигор мустақиллигимизнинг асосчиси, халқимизнинг ғамхўр отаси бўлган муҳтарам Ислом Каримовнинг охиратларини обод, жойларини жаннатда қилсин.
 
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.