топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Буюк аждодимиз хотирасини фахр ила ёдга олайлик!

Islom Karimov
Жамият
Узоқ ўтмишдан то ҳозиргача ўзбек халқи ўзининг гўзал урф-одатлари, анъаналари ва миллий қадриятлари билан дунё ахлини лол қолдириб келмоқда. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатларнинг биридир. Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, узоқ муддатли ўз тарихига эга бўлган Ўзбекистон диёридан жаҳон цивилизациясига ўзларининг буюк ишлари билан хиссаларини қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Жалоллиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб буюк инсонлар етишиб чиққан. Яна бир буюк аждодимизни ёдга олиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўзбекистон Республикасини мустақилликка эришишида ва гуллаб яшнашида буюк хизматлар кўрсатган бу инсон — давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов. Дарҳақиқат, Ислом Каримов ўз ҳаёти давомида Ўзбекистон Республикаси учун фидокорона меҳнат қилиб, ватанимиз мустақиллигининг тамал тошини қўйган ва ўз тараққиёт йўлимизни белгилаб бериб, ушбу йўлда қандай тўғри ҳаракат қилишимизни халқимизга кўрсатган буюк шахсдир. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини қўлга киритишида,халқимизнинг ўтмиш маданиятинивамиллийқадриятлариниҳамда тарихини тиклашда,миллий давлатчилигини қуришда, демократик давлат сифатида ривожланишида, бозор иқтисодиётини тадбиқ қилиш ва иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишида ва энг асосийси жаҳон мамлакатлари орасида ўз мавқеига эга бўлишида қанчалик кўп хизмат қилгани, унинг қилган бунёдкорлик ишлари ва қолдирган илмий мероси орқали бизга яққол аён бўлади.         
            Кўплаб қийинчиликларни бошидан кечирган халқимизнинг узоқ  йиллик истиқлолга  етишиш орзуси Ислом Каримовнинг шарофати билан рўёбга чиқди. Ислом Каримовнинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида халқимиз манфаати йўлида кўплаб эзгу ишларни амалга оширди. Дастлабки эзгу иш, 1989 йил 21 октябр куни амалга оширилган эди. Ушбу кунда «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ўшанда, халқимизнинг ўзлигини англаши йўлидаги  дастлабки қадам босилганди. Бинобарин, Ислом Каримов ўзининг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида»асарида она тили ҳақида шундай таъкид­лаган эди: «ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади». Мамлакатимизда рўй берган тарихий воқеа, 1990 йил 24 март куни Олий Кенгашнинг I сессиясида Собиқ Иттифоқ Республикалари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентлик лавозими таъсис этилди ва ушбу лавозимга Ислом Каримов сайланди. Ушбу янгилик  халқимиз ҳаётида чинакам рўй берган эзгу ишларнинг дебочаси эди.  Юртимизда содир бўлган кейинги тарихий мувофаққият, 1990 йил 20 июн куни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик декларацияси эълон қилингани  бўлди. Кўп ўтмай, Ислом Каримов 1991 йил 31 август куни муҳим тарихий воқеа халқимизнинг кўп йиллик орзуси  бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилди. Ислом Каримов ўзининг «Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура»номли асарида мустақилликдан кўзланаётган олий мақсад ҳақида шундай таъкид­лаган эди: «Халқи юз йиллар мобайнида озодликни орзу қилган Ўзбекистон чинакам мустақилликни қўлга киритиб, гуллаб-яшнаши ва фаровонликка эришиши, тараққий этган демократик давлатлар қатори халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринни эгаллаши — биз кўзлаётган олий мақсаддир». Ниҳоят, халқимиз кутган дамлар етиб келган эди, ўзбек халқининг узоқ йиллик сабри ўз мевасин берганди. Сўнгра, ҳудди ўша куни «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллик асослари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасини келажакдаги ривожи учун муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонуннинг 16-моддасида шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиёт йўлини, ўз номини аниқлайди, ўз давлат рамзларини: герби, байроғи, мадҳиясини таъсис этади, ўз давлат тилини белгилайди». Ушбу меъёрий-ҳуқуқий хужжатни қабул қилгандан сўнг, Ислом Каримов бошчилигида 1991 йил 18 ноябр куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва  ўзбек халқининг барча эзгу фазилатларини ҳамда тарихий анъаналарини ўзида акс эттирган Ўзбекистон байроғи кўкда ҳилпирай бошлади. Кейинги мамлакатимиз тарихида юз берган тарихий воқеа, 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилан сайловда Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидир. Ушбу тарихий воқеадан кейин Ислом Каримов халқимизга «Ўзбекистон келажаги буюк давлат» дея таъкидлаб, буни амалда исботлаш учун қаттиқ бел боғлаб ишга киришди. Ўзбекистон ўз мустақиллигини мустаҳкамлаш учун ўз давлат рамзларига эга бўлиши лозим эди. Ислом Каримов ўзининг «Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура»номли асарида давлат рамзлариҳақида шундай таъкид­лаган эди: «Давлат рамзлари – байроқ, тамға, мадҳия Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Мана шу рамзларни эъзозлаш ўзининг қадр қимматини, ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир». Буюк тарихий воқеалардан яна бири, 1992 йил 2 июлда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва Ўзбекистон давлатининг миллий-сиёсий, иқтисодий хусусиятлари ва давлат тузуми, географик белгилари ўз аксини топган ўз гербига эга бўлди. Кейинчалик давлатимизнинг асосий қонуни бўлган Конституцияни қабул қилиш масаласи ўз ечимини кутиб турганди.  Ислом Каримовнингўзининг «Конституция тўғрисида» номли ўқув қўлланма китобида конституция ҳақида шундай таъкидлаганэди: «Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жихатдан Конституциямиз қандай бўлишига боғлиқ».  Ушбу масъулиятли вазифа Ислом Каримов раҳбарлиги остида мувофаққиятли амалга оширилди. Кўплаб давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқилгандан кейин, 1992 йил 8 декабр куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Эндиликда, биз янги мустақил давлатимизнинг хусусияти, ички ва ташқи сиёсатининг асосий қоидалари, умуминсоний қадриятларга, инсон ҳуқуқларига, давлат мустақиллиги ҳамдадемократия ва ижтимоий адолат принципларига содиқлиги акс этган ўз Конституциямизга эга бўлдик. Кўп ўтмай, 1992 йил 10 декабр куни Ўзбекистон Республикасининг Мадхияси қабул қилинди. Дарвоқеа, Ўзбекистон Республикаси ўз давлат рамзлари эга бўлиш орқали дунё мамлакатлари орасида ўз ўрнига эга бўлди. Мамлакатимз учун яна бир тарихий воқеа, 1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлганидир. Жаҳон мамлакатлари орасида ўз ўрнига эга бўлган мамлакатимиз олдида монетар ислоҳот ўтказиш вазифаси ҳам турган эди. Ушбу вазифа ҳам мувофаққиятли амалга оширилди, Ислом Каримов ташаббуси билан 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикаси миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги Фармонга кўра сўм тарихда биринчи бор 1994 йил 1 июлидан пул муомаласига киритилди. Ислом Каримов миллий давлат қурилмасини асосий хокимиятларга ажратиш орқали амалга ошириш ташаббускори десак ҳеч адашмаган бўламиз. Бу борада Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли асарида шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси миллий давлат қурилмасида ҳокимият учга ажратилади — қонунчилик, ижрочилик ва суд ҳокимиятига. Бу принципларга амал қилмасдан туриб, ҳеч қачон ҳуқуқий давлатга эришиб бўлмайди». Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат ҳокимиятлари: қонунчилик – Олий Мажлис, ижрочилик – Вазирлар Маҳкамаси, Суд ҳокимияти эканлиги, уларнинг ваколат ва вазифалари ҳақида аниқ ва равшан қилиб ёритилган эди. Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура»номли асарини ўқиш орқали мустақиллигимизнинг даслабки даврида, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини амалда намоён қиладиган ва рўёбга чиқарадиган ташкилий тузилмаларни шакллантириш жараёни амалга оширилганини, яъни Мудофаа ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси тузилганини, Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш, Қимматбаҳо металлар, Фан ва техника қўмиталари ташкил этилганини билиш мумкин. Бундан ташқари, ушбуасарда дунёдаги 125 мамлакат Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллигини тан олгани ва 40 дан зиёд хорижий мамлакатлар билан дипломатия муносабатлари ўрнатилгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Мустақиллигимиз шарофати билан, Ўзбекистон Европа тиклаш ва тараққиёт банкига, Халқаро валюта фондига, Жаҳон банкига, Халқаро тиклаш ва тараққиёт банкига ва бошқа кўплаб халқаро молия институтларига аъзо бўлди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин барча соҳаларда ўзгаришлар амалга оширилганидек, демократик ислоҳотлар  ҳам босқичма-босқич амалга оширилди. Ислом Каримовнинг асарларини ўқиш орқали Ўзбекистонда демократик жамият қуриш жараёни қандай амалга оширилганини билиш мумкин. Мисол учун, Ислом Каримов ўзининг «Ҳозирги даврда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг долзарб вазифалари» асарида демократия ҳақида шундай таъкидлаганэди: «Демократия жамиятнинг қадриятига, ҳар бир инсоннинг бойлигига айланмоғи керак. Бу эса бир зумда бўладиган иш эмас. Халқнинг маданиятидан жой ололмаган демократия турмуш тарзининг таркибий қисми ҳам бўла олмайди. Бу тайёргарлик кўришва демократия тамойилларини ўзлаштиришдан иборат анча узоқ муддатли жараёндир». Ўзбекистонда Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб инсон ва шахс эркинлиги, фаоллигини юксалтириш концепцияси демократик жамият қуришнинг асосий омили сифатида қаралди.Бундан ташқари, Ўзбекистонда демократик жамият қуришда маҳаллий хокимият ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўрни муҳим ахамият касб этган эди. Бу борада, 2010 йил 12 ноябр куни Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсияси» мавзусида қилган маърузасида устувор вазифаларни белгилаб берган эди, булар: — давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, — суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш,  — ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, — Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилини ривожлантириш, — фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш, — демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш. Ислом Каримов Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб барча соҳада  қилиниши лозим бўлган ислоҳотларни параллел тарзда амалга оширган эди, Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтишда ўз тараққиёт йўлини яратиш учун қилинган сай-ҳаракатлар шу жумласидандир.
            Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишида Ислом Каримовнинг роли катта. Чунки, Ислом Каримов эндигинабозор иқтисодиётига ўтаётган бошқа мамлакатлар йўлидан бормасдан, ўз ватанимизни ривожлантириш йўлини ишлаб чиқди. Ўша даврда, мамлакатимизбилан бир пайтда бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар турли хил «500 кун», «шок терапияси» ва бошқа шу каби революцион моделлардан фойдаланаётган эдилар. Умуман олганда, бозор иқтисодиёти ўта кенг қамровли тушунчалиги, унга ўтиш жараёнида турли хил муаммоли вазиятлар бўлиши мумкинлигини ва бу жараённи иқтисодий йўқотишларсиз тадбиқ қилиш учун узоқ вақт кетишини Ислом Каримов билган эдидесак муболаға бўлмайди. Доно халқимизнинг «Етти ўлчаб бир кес» деб айтган мақолига Ислом Каримов амал қилган ҳолда, Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтишининг ўзига хос йўлини белгилаб берди. Бу йўлнинг негизини Ислом Каримовнинг «Янгисини қурмасдан, эскисини бузманг» ва «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган эзгу ғоялар ташкил этар эди. Шундай эзгу ғоялар асосида Ислом Каримов Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиш эволюцион йўлини, яъни стратегиясини —  «ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётини қуриш» дея халқимизга таъкидлади ва «Ўзбек моделига» асос солди. Ушбу модел ўзига 5 та асосий тамойилларни мужассамлаштирган. Яъни, булар: иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлат бош ислоҳотчилиги, қонун устиворлиги, кучли ижтимоий сиёсат ва бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш каби асосий тамойиллардир. Ушбу тамойиллар асосида мамлакатимиздабозор иқтисодиётига ўтиш жараёнинингбозор механизмларини жорий қилиш амалга оширилган эди. Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида»номли асаридаЎзбекитонда иқтисодий ислоҳотлар икки босқичда амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилган. Жумладан, Ислом Каримовнинг ушбу асарида «Биринчи босқич бутунлай янги иқтисодий тизимнинг ҳуқуқий негизларини яратишга, давлатчиликни шакллантириш ва мустаҳкамлашга, эскича фикрлаш тарзларини онгимиздан чиқариб ташлаш қаратилган эди» ҳамда «Иккинчи босқич бозор тизимларининг шаклланиши тугалланадиган давр бўлиб, солиқ, молия ва пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштиришни, бутун ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштиришни кўзда тутади» дея таъкидланган эди. Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни дастлабки босқичида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қулай шарт-шароитлар яратиб берилган эди. Шу билан бир қаторда, Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб хорижий инвестицияларни мамлакатимизга жалб қилинди. Шу жумладан, 1992 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ««ЎзДЭУавто»қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган эди. Кейинчалик, 1994 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан «Ўзавтосаноат» Ўзбек автомобилсозлик корхоналари ассоциацияси ташкил этилди. 1996 йил 19 июлкуни мамлакатимиз тарихида муҳим бир воқеа, Жанубий Корея давлати билан ҳамкорлик асосидаташкил этилган «ЎзДЭУавто»қўшма корхонасиўз фаолиятини бошлади ва Ўзбекистонда биринчи автомобил ишлаб чиқарилди. Кейинчалик, автомобилсизлик соҳасида хорижий инвестициялар салмоғи ошди, жумладан Самарқанд шаҳрида Япония давлати билан ҳамкорликда ўрта тоифали «Isuzu»автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқарила бошланди ва шу билан бирга, Германия давлати билан ҳамкорликда «MAN»катта юк автотранспорт воситалари ишлаб чиқарила бошланди. Бундан ташқари, 2008 йилнинг 28 октябрида «O'zavtosanoat»ва “General Motors” корпорацияси ҳамкорликда мотор агрегатларини (двигател) ишлаб чиқаришга ихтисослашган ««GM Powertrain Uzbekistan»MChJ QK»ни яратиш бўйича Келишувни имзоланди. Автомобилсозликдаги ислоҳотларни давоми сифатида, Ислом Каримов ташуббуси билан 2012 йил 22 ноябр кунидаги «2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салохиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1856-сонли Қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 февралдаги «Хоразм вилоятида «Damas»  енгил автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 51-сон  Қарорига мувофиқ Хоразм вилояти Питнак шаҳрида ««GM O’zbekiston»AJ Xorazm viloyati filiali»да «Damas» русумидаги енгил автомобиларни ишлаб чиқариш ташкил қилинди. Ушбу қилинган ишлар ўз навбатида, мамалакатимиз иқтисодиётининг ривожига катта таъсир қилди десак ҳеч хато бўлмайди.  Бундан ташкари, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида кўп маблағли инвестициялардан яна бири ҳақида шундай таъкидланган эди: «Жанубий Кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини алоҳида таъкидламоқчиман. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган ушбу мажмуа дунёдаги энг замонавий, юқори технологиялар асосида ишлайдиган, йирик корхоналардан бири бўлди. Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳолбуки, бу маҳсулот илгари мамлакатимизга четдан, катта валюта ҳисобига олиб келинар эди. Айни вақтда мазкур корхона полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажмини 3,1 баробар кўпайтириш, мингдан зиёд юқори малакали мутахассисларни иш билан таъминлаш учун имконият яратиши билан улкан аҳамиятга эгадир»дея таъкидлаган эди. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда яна бир ўзгаришлар сифатида, Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарини ташкил қилингани бўлди. Бу борада Ислом Каримов ташуббуси билан, 2008 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-4059-сонли Фармони, шу билан бирга 2012 йил 13 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Ангрен»эркин иқтисодий зонасини барпо этиш тўғрисида»ги ПФ-4436-сонли Фармони ва 2013 йил 18 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Жиззах»махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги ПФ-4516-сонли Фармонини қабул қилингани яққол мисол бўлади.Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарини иташкил қилингани, иқтисодиётни рағбатлантиришда ҳамда фаол инвестицион муҳитни шакллантиришда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда «Ўзбек модели»ни жорий этишорқали Ўзбекистон гуллаб яшнади десак хато қилмаган бўламиз. Буни яққол натижаси сифатида, 2008 йилда жаҳонда молиявий-иқтисодий инқирози бўлаётган бир пайтда Ўзбекистон барқорор ўсиш суратларига эриша  олган эди.Бунинг натижасида, Ўзбекистонда «Ўзбек модели»орқали барқарор ўсиш суратлари таъминланаётганини кўрган хорижий давлатлар ва дунё олимлари ушбу модел самарали эканлигини тан олишди.Шуни таъкидлаш лозимки, раҳбар бундай билимли ва кучли идрок соҳиби бўлиш учунаввалоинсонданюксак маънавият соҳиби бўлиш талаб этиладидесак ҳато бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Ислом Каримов ёш авлодни тарбиялашда маънавиятни ўрни катта эканлиги таъкидлаб, ёшларни етук инсон қилиб вояга етказишда авваламбор ҳар бир улғаётган ўзбеистон фарзанди ўз юрти ва аждодлари тарихини билиши лозимлигини айтган ва келажак авлодга ўз илмий асарларини мерос қилиб қолдирган.
Ислом КаримовЎзбекитоннингмустақиллигига эришишида, бозор иқтисодиётига мувофаққиятли ўтишида кўп хизмат қилгани билан бир қаторда халқимизнинг урф-одатларини, анъаналаринива миллий қадриятларини, маданиятини ҳамда тарихини тиклашда ва уларни келажак авлодга етказишда роли катта десак хеч муболаға бўлмайди. Бунга ёрқин мисол сифатида, Ислом Каримов ташаббуси билан буюк аждодларимиз номлари абадийлаштирилгани, муқаддас қадамжоларимиз ободонлаштирилгани, халқимизнинг узоқ йиллик миллий байрамларини нишонлаш йўлга қўйилгани ва миллий қадриятларитикланиши мамлакатимиз тарихида амалга оширилган энг эзгу ишлардандир. Бу борада, Ислом Каримовўзининг «Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура»номли асарида шундай таъкид­лаган эди: «Ўзбекистон мустақиллик сари йўл олар экан, дастлабки кунларданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларни ўз олдимизга олий мақсад қилиб қўйдик». Бундан ташқари, Ислом Каримовўзининг «Ўзбекистонмустақилликка эришиш остонасида»номли асаридатарихий меросимизни тиклаш борасидашундай таъкид­ланган эди: «Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз-авлиёларимиз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, қарор ва фармонлар шулар жумласидандир». Бу ўзгаришларнинг амалий мисоли сифатида, мамлакатимиздаги муқаддас қадамжолари ободонлаштирилиб, юбелий саналари нишонланди, жумладан 1997 йилда Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, 2002 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги ва Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги, 2007 йилда Самарқанда шаҳрининг 2750 йиллиги ва Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги, 2009 йилда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Бундан ташқари, диёримизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз таваллудининг юбилей саналари нишонланди, жумладан 1990 йил 14 сентябрда улуғ аллома ва хадис илмининг номояндаси Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги, 1994 йил 15 отябрда машхур аллома Муҳаммад Тарағай Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, 1996 йилда Темурийлар давлати асосчиси Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, 1998 йил 23 отябрда хадис илмининг султони Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, 1998 йил 24 отябрда буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги,  1999 йил 5 ноябрда Жалоллиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги, 2000 йил 16 ноябрда ислом фикҳининг асосчиларидан бири, шайхулислом Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги,  2000 йил 17 ноябрда Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг 1130 йиллиги, 2003 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 685 йиллиги ва Абдулхолиқ Ғиждувоний  таваллудининг 900 йиллиги, 2004 йилда Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги тантанали тарзда кенг миқёсда нишонланди ва уларнинг номлари улуғланди, муқаддас қадомжолари қайта таъмирланди ҳамда уларнинг ҳайкаллари, мақбаралари бунёд этилди. Шу ўринда, Ислом Каримовнинг олтин меросини ўрганиш орқали, бу инсон нафақат етук раҳбар, шу билан бирга ёшларни тарбиялашда жуда  яхши йўлбошловчи эканини тушуниб етиш мумкин. Чунончи, Ислом Каримовнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ»ҳамда «Юксак маънавият-енгилмас куч»деган эзгуфикрларни кўп бор халқимизга таъкидлаган эди. Ушбу ҳикматли гаплар орқали шуни англаш мумкинки, инсон бирон-бир соҳада ютуққа эришмоқчи бўлса, авваламбор шу соҳанинг тарихини ва илмини ўганиш лозим. Ислом Каримов ўзининг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ»асарида ўзликни англаш ҳақида шундай таъкидлаганэди: «Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади». Бундан ташқари ушбу асарда тарихий хотиранинг инсон ҳаётидаги ўрни бўйича шундай дейилган: «Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни хушёрликка ўргатади, иродасини мустахкамлайди». Ушбу гапларни чуқур тахлил қилиш орқали ўзлигимизни англаш, аждодларимиз қандай буюк инсонлар бўлганликларини билиш учун аввало ўз тарихимизни ўрганишимиз кераклигини билиш мумкин. Ислом Каримов ташаббуси билан юртимизда аждодларимиз хотираси тикланди. Ёрқин мисол тариқасида, 1941-1945 йилларда юз берган II жаҳон урушида кўплаб ватандошларимиз ҳалок бўлишгани ўзбек халқи учун мусибатли воқеадир. Ислом Каримов ўтганларнинг хотирасини тиклаш мақсадида 9 май кунини «Хотира ва қадрлаш куни»деб эълон қилди ва у кишининг ташаббуси билан 1999 йил Тошкент шахрининг мустақиллик майдонига Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди. Ўша йилдан буён ўтганларни хотираси ёдга олинади ва урушдан тирик қайтган уруш қатнашчиларимизэсахукуматимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олиниб, қадрланиб  келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу қилинган ишлар юртимиз ёшларининг маънавиятини ўстиришда ҳам ижобий самара беради. Чунки, ўтганларни, уларнинг ватанимиз ҳимояси учун қилган ишларини билиш орқали улар ҳам келажакда юксак маънавиятли ҳамда буюк инсон бўлиб етишишга ҳаракат қилишади. Маънавиятнинг инсон камолотига эришишида ўрни катта, бу борада Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият-енгилмас куч»номли асари қимматли манбалардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ислом Каримов ушбу асарида маънавият ҳакида шундай таъкидлаган: «маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак, менимча, тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз». Бундан ташқари, ушбу асарда Ислом Каримов ёшларни тўғри тарбиялаш  мамлакатни бахтли келажакини таъминлашда гаровилигини таъкидлаган ва бу борада шундай деган: «Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак». Ислом Каримовнинг ушбу асари орқали илму маърифат, таълим тарбия комил инсонни тарбиялашда катта аҳамиятга эга эканлигини ва миллат равнақининг энг асосий шарти эканлигини  билиш мумкин. Бундан ташқари, Ислом Каримов давлатни ривожлантиришда илм-фан аҳамияти жуда катта эканлигини халқимизга кўп бора таъкидлаб ўтган. Жумаладан, Ислом Каримовўзининг «Истиқлол ва маънавият»номли асарида «Илму фан мамлакат тараққиётига хизмат қилсин»деятаъкид­ланган эди. Дарҳақиқат, тарихий манбаларга таянадиган бўлсак, бизнинг диёримизда дунё цивилизацияда ўзларининг буюк илмий ишлари билан ўз ўринларига эга бўлган буюк аждодларимиз яшаб ўтган. Уларнинг қилган ишлари ҳамда кашфиётлари ҳозирги кунга қадар инсонларга хизмат қилиб келмоқда ва улар қилган ишларнинг негизини илм фан тараққиёти ташкил этади. Ислом Каримовнинг бизга мерос қилиб қолдирган илмий манбаларини ўрганиш орқали, бу инсон бутун ҳаёти давомида ватан равнақи, юрт тинчлики ва ободлиги йўлида доимо курашган ва йўлида дуч келган машаққатларни сабр-қаноат ва метин ирода билан енгиб ўтган дейиш ғоятда тўғри фикр бўлади. Шуни алохида таъкидлашлозимки, бизнинг ватанимизда инсон қадри улуғ, хотира муқаддас. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил 31 август куни Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳида ўрнатилган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ушбу маросимни Шавкат Миромоновичнинг шахсан ўзлари очиб бердилар ва Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолияти ва ҳаёти ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирибўтдилар ҳамдаЎзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобил заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, пойтахтимиз ва ҳудудларимиздаги марказий кўчалар, Оқсарой қароргоҳида ўз фаолиятини бошлаган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, махсус хайрия жамоат фонди Ислом Абдуғаниевичнинг муборак номлари билан аталганини айтиб ўтдилар.
            Мухтасар қилиб айтганда,юқорида таъкидлабўтилганлардан шуни қалбдан тушунишмумкинки, Ислом Каримов мустақил Ўзбекистоннингмустахкам, табир жоиз бўлса,жуда кўп қаватли уйни кўтариш имкониятига эга бўлган пойдеворига эга бўлишида, миллий давлатчилигини қуришда, демократикислоҳотларини амалга оширишда, иқтисодиётини ривожлантиришда «ўзбек модели»ини тадбиқ қилишда, халқимизнинг ўтмиш маданиятини, миллий қадриятларини, тарихини ҳамда маънавиятини тиклашда жудакўп хизмат қилганбуюк аждодимиздир. Ислом  Каримовнинг бизга қолдирган моддий ва маънавий меросиниҳамда бой тажрибасиниасраб-авайлаш, уларни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш барча Ўзбекфарзандлариучун фарз десак нотўғри бўлмайди. Ислом Каримовнинг илмий меросини ўрганиш орқали, бизнинг аждодларимиз қилган буюк ишларини биз ҳам давом қилдирсак ва илму фанни тараққий эттирсак мамлакатимиз ривожига, керак бўлса ривожланган мамлакатлар даражасига етишиши учун ўз хиссамизни қўшишимиз мумкинлигини, қалбимиздан чуқур англашимиз муҳимдир. Шу билан бирга, буюк бобомизга муносиб фарзанд бўлишимизучун, у кишининг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт»деган улуғ истакларини рўёбга чиқаришимиз,ватанимиз тарихини чуқур ўрганимиш, аждодларимиз қилган буюк ишларини фаол давом қилдириб, пировардда ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишга фаол ҳаракат қилмоғимиз  лозим.
Хоразм вилоят Ҳазорасп туман Бешта қишлоғидан Умрбек Жуманиязов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.