топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Зомин семинарлари

Ijodkor yoshlar
ЗОМИН СЕМИНАРЛАРИ

соғинч ва ҳаяжонлар

Инсон ҳаётида шундай номлар, манзиллар бўладики, уларнинг меҳру соғинчи бир умр дилда яшайди. Қалб ва онгни тарбиялашга, одам болаларини бир умр эзгулик ва олижанобликка интилиб яшашга ўргатади.

 Бир булбул умрича умр кўрган гулнафас шоиримиз: “Энг гуллаган ёшлик чоғимда, Сен очилдинг кўнгил боғимда. Шунда кўрди кўзим баҳорни, Шунда ­қалбим таниди ёрни” сингари бетакрор сатрларни битар экан, ўз қалби ва шеъриятининг навбаҳори билан шунча соғинчу изтироблар, илинжу интизорликларни ортда қолдириб, бир умрлик ҳажру айрилиқлардан сўнг, ниҳоят орадан роппа-роса етмиш беш йил ўтгандан кейин Тошкентда бино этилгувчи Адиблар хиёбони ёки Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги майдонда дийдорлашиш насиб этмоғини хаёлига келтирганмикан?…
Беихтиёр устоз юксак маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган гўзал назм намунаси, таржимада бўлса ҳам башорат янглиҳ янграган “Мени кутгил” шеърининг гўзал ва армонли сатрлари хотирга келади:

Мени кутгил ва мен қайтарман,

ўлимларни қолдириб доғда.

Иши ўнгдан кепти десинлар

Кутмаганлар мени у чоғда…

Шу ўринда, улуғ адибларимиз, азиз муаллимларимиздан изн сўраб, уларни пойтахтдаги нафис мажлислар хиёбонида қолдирамиз-да, бундан йигирма йил бурунги тарихга, аниқроғи 1997 йилнинг айни ёз чилласида олам-олам завқу ҳаяжонлар оғушида яшаётган Жиззах вилоятига, унинг сўлим тоғу тошлари бағрига назар ташлаймиз.

Тасаввур қилинг: мустақилликка эришганимизга эндигина олти йил бўлаётган қийин ва машаққатли паллалар. Низою адоватларга тўлуғ нотинч, сертаҳлика дунёда дўсту биродарларимиздан кўра бизга менсимай, олайиб қарайдиганлар кўпроқ. Темир йўлларимиз қурилмаган, “Афросиёб” тезюрар поездларимиз ҳали биз учун чўпчак… Собиқ мус­табид тузумнинг синиқ қовур­ғаларини эслатувчи эски кўприклару чалаярим бинолар деярли ҳар қадам, ҳар гўшада учрайди. “Янги уй қурмай туриб эскисини бузманг” деган, ўз вақтида айтилган чуқур, теран мазмунли ҳикмат ижтимоий аҳамият ва залвор касб этган. Ҳалол ва меҳнаткаш халқимиз тарихий синовлар қаршисида иродаси букилмай, узоқни кўра оладиган мард ва матонатли раҳнамоси ­Ислом Каримов бошчилигида келажакнинг буюк биносини бунёд этишга азму шижоат билан бел боғлаган. 1991 йилда туғилган ўғил-қизларимиз эндигина олти ёшга тўлган, уларнинг мактабга боришига ҳали бир йилча вақт бор… Қийинчилик ва муаммолар, ечимини кутаётган, ҳал қилиниши зарур бўлган улғвор ишлар ва режалар бениҳоят кўп. Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин дейилганидай, эл-улуснинг, айниқса ёшларнинг ҳаётга ишончини мустаҳкамлайдиган, эртанги кунга умид уй­ғотадиган ҳар қандай эзгу ташаббус, амалга ошириладиган ҳар қандай хайрли ният сув билан ҳаводай зарур бўлган қийин ва мураккаб ўтиш даврида адабиёт аҳлига, аниқроғи ёш ижодкорлар кўксига сўлим Зомин тоғларидан бир салқин насим, жонбахш-ҳаётбахш бир шамол эсиб қолди-ку!..

Мамлакат адабий ҳаётида, адабий жараён ва жамоатчилик орасида, айниқса ёш ижодкорлар учун нуфузи ва мақомига кўра том маънода чинакам адабиёт байрамларига айланган, не-не устозлару шогирдларнинг юракларини жимирлатиб орзиқтирган Зомин семинарлари ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Ўриклисойнинг бетимсол табиати манзаралари билан ака-ука, опа-сингил тутинган бу бетакрор адабиёт байрамларининг, ёшлик ва сурур анжуманларининг ҳақиқий ижодкори, чин ташаббускори ўша кезларда Жиззах вилояти раҳбари лавозимида ишлаган муҳтарам Шавкат Мирзиёев — ижтимоий фаолиятию иш тартиби ўта тиғиз бўлишига қарамасдан, катта эътибор ва хайрихоҳлик билан ўзи эгалик қилиб, ўзи бош-қош бўлган ҳолда анжуманни юксак мақомда ташкиллаштириб, ўтказиб бергани боис, семинарнинг акс-садолари билан қувончу ҳайратлари тез орада бутун мамлакатга ёйилиб кетди.

Ташаббус билан ғоя — адабиётсевар ва маърифатпарвар раҳбарга тааллуқли бўлгани, ғоя ва ният муаллифининг ўзи уни амалга оширишда бевосита раҳбарлик қилиб иштирок этаётганию ёш шоирлар билан баб-баравар ­завқу шавққа тўлиб қувониб-шодланиб ўтиргани — шу биргина ҳолатнинг ўзи семинарнинг нуфузини ҳам, мавқеини ҳам янада юксалтириб юборган, бу кутилмаган эътибор ва хайрихоҳликдан анча-мунча давра кўрган тажрибали ­устозлар ҳам ҳаяжонга тушган эди.

Ўша пайтларда шаҳар ва туман миқёсида ўтадиган кўпгина адабий йиғинларда аксарият маҳаллий раҳбарларнинг қатнашиши у ёқда турсин, ижод аҳлига рўйхуш бермасдан,     адабий-маънавий тадбирларга нописанд    қараганига кўп бора дуч келган, шунга кўниккан кексароқ адиблар учун бу янгилик ростакамига ҳайратланарли эди.

Бугун энди ўйлаб, муқояса қилиб кўрадиган бўлсак, адабиёт ва ижод аҳлига эътибор, ёш истеъдодларга кўрсатилаётган амалий ғамхўрлик, китоб ва китобхонлик масалалари, адиблар хиёбони ва унинг доирасида Ёзувчилар уюшмасининг янги биносини бунёд этиш, атоқли адибларимизнинг номи ва ҳурматини жойига қўйиш сингари эзгу ишлар борасида давлат раҳбари даражасида қабул қилинган қарор ва ҳужжатлар, мамлакатимизнинг қайси гўшасига борманг, биринчи навбатда дарҳол ярқ этиб кўзга ташланадиган, бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ишончли тимсоли, жонли белгисига айланган халқ қабулхоналарию одамлар билан очиқдан-очиқ гаплашиш, мулоқот олиб боришдек эзгу амалларнинг илк тамал тошлари ҳам ўша Зоминдаги муборак анжуманларда қўйилган десак асло муболаға бўлмайди.

Куни кечагина таниқли бир шоир укамни саволга тутсам, “Бизнинг орзу-умидларимиз Зоминда, Ўриклисой ўрикларида куртак ёзган…” дея жуда жўяли жавоб қилди.

Бир оддий куртак гул бўлгунига довур, ундан барг ёзиб, ғўра тугиб, токи мева бўлиб пишиб-етулгунга қадар кечадиган фурсатда қанча таҳдид билан хавф-хатар, совуқ изғиринлару дўл-ёмғирларга дучор бўлмоғини ҳам, албатта, ҳамиша ёдда тутмоқ шарт ва зарур. Тирикликнинг гул-чечакларини ҳар он, ҳар соат ўйлаб яшайдиган, ширин-шакар неъматларини кўз қорачиғи билан юрак-юрагида асраб-авайлаб ўстирадиган эл-юртдагина таъми аччиқ ва тахир пушаймон мевалари камроқ бўлади.

1997 йилда туғилган фарзандлар бу йил  йигирмага кирди. Ўшанда олти ёшда бўлган ўғил-қизларимиз бугунги кунда керакли билимларни олиб, ўзлари ҳам оиласи, бола-чақасига бош бўлиб, катта ҳаёт майдонида юрт сўраб туришибди. Йигирма йил давомида дунё неча бор эврилиб, алғов-далғов бўлса-да, одамзоднинг эзгу орзу-армонлари ҳамон эскиргани йўқ. Минг афсуски, дунё бўйича жаҳолат ва разолатнинг хуружи ҳам зўрайса зўрайганки, асло камаймаган. Илм ва маърифатга, инсонийлик ва олижанобликка талаб ҳам, эҳтиёж ҳам     катта. Одам болалари меҳрга ҳам, маърифатга ҳам ҳамон ташналигича қолмоқда.

Ўшанда, бундан йигирма йил олдин бутун бошли мингйилликнинг анжом топишига ҳам, инсоният тамаддуни ва тарихининг янги учинчи мингйиллиги бошланишига ҳам бор-йўғи уч йилгина муддат қолган ғала-ғовур бир пайтда, минг-минг асрларнинг тиғиз ўтиш паллаларига тўғри келган Зомин семинари ҳақида бугун йигирма йил аввалги газеталарда ўқиймиз. Устоз Абдулла Орипов:

— Мамлакат ёш шоир ва ёзувчиларининг Зоминда ўтган анжумани ғоятда самарали бўлди. Биз бу анжуманга шунчаки навбатдаги тадбир сифатида қарамаслигимиз керак. Негаки, ёш ижодкорларнинг семинар-кенгашини ўтказар эканмиз, кўнглимизнинг бир четида унчалик ҳам осон бўлмаган ҳозирги шароитда ёшларимиз адабий-бадиий ижоддан тирикчилик йўлига кетиб қолмадимикан деган хавотир йўқ эмас эди. Энг муҳими, ҳеч бир лофсиз, баландпарвоз гапларсиз, баралла айта оламизки, оққан дарёларимиз оқиб турибди экан… Айни чоғда ёшларимизга баъзи топшириқларимиз ҳам йўқ эмас. Инсон ўз қалбини қанчалик тадқиқ этса, ўша қалбда яшайдиган Халқ ҳамда Ватан туйғуларини ҳам шунчалик теран ва самимий тадқиқ этмоғи лозим… Умуман, семинар-кенгашда бир қанча ёш ижодкорларни кўришга, уларнинг ижод намуналари билан танишишга муяссар бўлдик. Шу ўринда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган вилоят ҳокимлиги, турли жамғармалар, муассасаларга раҳмат айтишни бурчимиз деб биламиз. Айниқса, Жиззах вилоят ҳокими Шавкат ­Мирзиёев, Зомин тумани ҳокимлиги раҳбарлари анжуманимизнинг бевосита ҳомийлари бўлдилар. Зомин тоғларидаги хушманзара оромгоҳда элликдан ортиқ ёш истеъдодларни қучоқ очиб кутиб олдилар, барча зарур шароитларни яратиб бердилар… Мен аминманки, бугундан эътиборан Зомин адабий мактаби деган атама ҳам ижод оламида кенг урф бўлади…

“Туркистон” газетаси 1997 йилги 5 июл сонида Зомин адабий сабоқлари ҳақида шундай ахборот беради:

— Куни кеча Жиззах вилоятининг Зомин туманида Республика ёш ижодкорлариниг семинар-кенгаши иш бошлади. Мазкур анжуман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилоят ҳокимияти билан ҳамкорликда ташкил этилган. Машғулотларга таниқли шоир ва ёзувчилар бошчилик қилмоқдалар. Жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллиги шароитида қутлуғ анъаналарга таянган ҳолда истеъдодли ёшлар билан ишлаш соҳасида ҳам янги-янги уфқлар очилмоқда. Жумладан, мазкур семинар-кенгаш жаннатмакон юртимизнинг афсонавий гўшаларидан бирида, гўзал табиат оғушида ўтказилаётган дастлабки ижодий анжумандир. У мустақилликка эришган юртимиз жамолини юксак бадиий шаклларда тараннум этиш йўлидаги янги бир қадам бўлиши муқаррар…

Айтиш жоизки, Зомин семинарига қадар ҳам бу йўсиндаги йиғинлар, адабий анжуманлар ўтказилиб келинган бўлса-да, уларниг даражасию нуфузи талабга жавоб бермас, кўп ҳолларда тарқоқ ва расмиятчилик нуқтаи назаридан ташкил этиладиган бундай анжуманлардан кейин бўладиган гурунгларнинг бор-йўқ индаллоси “юмалоқ ёстиқ қилиб қайтдик”дан нарига ўтмас эди. Албатта, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар    саройида бир пайтлар Миртемир ва Ғайратий домлалар раҳбарлик қилган семинар-дарслар, “Туркистон” газетаси қошидаги адабий тўгаракда устоз Асқад Мухтор иштирокида кечган   маҳорат сабоқлари, Дўрмон, Мироқидаги учрашувлару Республика ижодкор ўқитувчиларнинг вилоятларда ҳар икки йилда бўлиб турадиган танловлари, шунингдек Москва, Тбилиси,    Владивосток шаҳарларида ўтказилган ёш ижодкорларнинг Бутуниттифоқ семинар-фестивалларигача — эслаб гапирса арзийдиган йиғинлар ҳам бор эдики, уларнинг қадри ва аҳамиятини заррача камситмаган ҳолда баралла айтиш  мумкинки, Зомин анжуманларида бўлгани каби баланд мақомдаги эътибор, хайрихоҳлик ва ташкилотчилик, фахру ифтихор билан ғурурбахшлик уларнинг бирортасига ҳам насиб этмаган.

Шу муносабат билан ёшлар газетаси ўринли муқоясаларни келтиради:

— Яна бир ҳолатни алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардикки, мазкур семинар-кенгашда шўро тузуми давридаги ижодкорни яшамай қаритишга қаратилган хўжакўрсин сиёсат сабаб, элликни қоралаб қолса-да, ёш ижодкорлар сафида уялмай-нетмай судралиб юрувчи қалами ночор қаламкашлар мутлақо йўқ. Демоқчимизки, бутун диққат-эътибор айни балоғат ёшида турган, адабиёт боғига ёниб кириб, уни обод қилиш иштиёқида куйиб-пишиб юрган том маънодаги истеъдодларга қаратилгандир… Зеро, донишмандликда ҳам беназир халқимиз “Бўладиган бола ўн бешида бош бўлар…” деганидек, сўз санъати карвонига ўн бешида бош бўла оладиган истеъдодли ёшлар унинг келажагидир…

Биз Навоий бобомиз башорат этган нафис ва гўзал адабиёт мажлисларига ростакамига шу маъвода гувоҳ бўлдик. Ҳали мактаб партасида ўтирган чоғларимизда устоз Ҳамид Олимжоннинг “Бунда булбул китоб ўқийди” сатрлари мазмунини илғамасдан, фаҳмига етмай юрган эканмиз. Булбулларнинг ҳаёт ва ёшлик нашидасидан завққа тўлиб, “чаҳ-чаҳ” айлаб китоб ўқишларию шеър айтишларини биз жаннатмакон шу гўшада ўз кўзимиз билан кўрдик. Ёш юракларга Зоминсойнинг тошқин мавжлари билан тўлқинланиб киргувчи, Ўриклисойнинг тонгги саболари билан шайдо кўнгилларни жонбахш насимларга тўлдиргувчи бетимсол ва бетакрор бу тоғу тошлар, қир-адирларнинг ҳар гиёҳ, ҳар майсасидан Ватан иси анқийди. Она юртнинг, азиз ва табаррук тупроқнинг бўй-ифорлари қалбларни, туйғуларни юксакка кўтаради. Инсон кўкси бу ерда осмонга айланади. Ёш кўнгиллар Ватан дарсини, инсонийлик ва меҳру садоқат сабоқларини шундан ўрганадилар.

Зомин семинарлари ташкил этилган кундан бошлабоқ, унинг овозасию орзу-ҳаваслари бутун мамлакатнинг шаҳру қишлоқлари бўйлаб элу элдошларимиз қалбида, айниқса ёшлар орасида кенг акс садо берди. Одатда, бундай ҳолларда “аҳоли кенг қатламларида” деган ибора кўп ишлатилади. ўша йилларда “аҳоли кенг қатламлари” кимлар эди? Тасаввур қилинг: мустабид тузум чангалидан эндигина холос бўлиб, катта азму шижоат билан мутлақо озод ва обод Ватан, янги ҳаёт, янги турмуш қуриш йўлига ўтган,   дунёга ҳам, унда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳам ҳали ҳадик-хавотир билан қараётган мард ва матонатли бир эл, бир буюк халқ. Деҳ­қонлар, ўқитувчилар, ишчилар ва зиёлилар. Бинокорлар ва қурувчилар. Косиблар билан ҳунармандлар. Чўпон-чўлиқлару миришкор-боҚбонлар. Ва буларнинг барчасида бутун халқ ва миллатнинг ўй-ташвиши билан бирга, ўз қувончу изтироблари, ўзига яраша орзу ва армонлари ҳам бор эди. Ватанимизнинг барча гўшаларидан қалдирғочлардай тизилишиб, қаторлашиб Зомин  анжуманига келган умидли ўғил-қизларимиз ҳам бегона эмас, айнан шу ҳалол ва танти элнинг, камтарин ва хоксор шу халқнинг дилбандлари, жигарбандлари эди. Кўркам, навниҳол шу бўйгиналари хуш қадду қомат касб этгунга қадар ота-оналари қанча қонлар ютган, қанча-қанча уйқусиз кечаларни мижжа қоқмай бедор ўтказган. Анжумандан мақсад: йилт этган учқун, шуъла сочган истеъдод борки илғаб топиш, кўнглини кўтариш, тўғри маслаҳат бериб, тўғри йўлга йўналтириш.

Энди айтиш мумкинки, Зомин семинарлари ўз номи ва даражаси, мавқеи ва нуфузи нуқтаи назаридан собиқ иттифоқнинг бирон бир республикасида — на Болтиқбўйи ва на Россия, на арман диёри ва на туркман элида — бошқа  бирон бир мамлакатда ёш ижодкорларнинг бунга ўхшаш давлат миқёсида катта меҳр ва эътибор билан ташкил этилган кенг кўламли ижодий анжуманларнинг ному нишони ҳам йўқ эди.

Семинарнинг илк машғулотларига жалб этилган устозлар, катта-кичик таниқли шоирлару адиблар рўйхатига бир қур назар ташлаб ўтишнинг ўзиёқ, анжуманга нечоғли жиддий эътибор билан қаралганини билдиради:

Примқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов, Иброҳим Раҳим, Ҳусниддин Шарипов, Турсуной Содиқова, Маъруф Жалил, Ҳалима Худойбердиева, Александр Файнберг, Сафар Барноев, Турсунбой Адашбоев, Йўлдош Сулаймон, Аҳмаджон Мелибоев, Иброҳим Дониш, Туроб Мақсуд, Муҳаммад Салом, Энахон Сиддиқова, Исмоил Тўхтамишев, Икром Отамурод, Янгибой Қўчқоров, Азим Суюн, Маҳмуд Тоир, Турсун Али, Шарофат Ботирова, Шарифа Салимова, Муҳаммад Юсуф, Сафтер Нўғоев, Собир Ўнар, Салим Ашур, Иқбол Мирзо, Рустам Мусурмон, Бахтиёр Генжамурод, Абдували Қутбиддин…

Илк машғулотларда асарлари юқори баҳо олиб, устозларнинг таҳсинига сазовор бўлган ёш ижодкорлар: Уйғун Рўзиев, Хосият Рустамова, Шодмон Сулаймон, Нодир Жонузоқ, Гулжамол Асқарова, Бобур Бобомурод, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон, Ғайрат Мажид, Мухтасар Тожимаматова, Зилола Хўжаниёзова, Адиба Умирова, Ойдиннисо, Меҳринисо, Гўзалбегим, Муҳиддин Абдусамад, Шодмонқул Салом, Даврон Ражаб, Шоди Отамурод… Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин ва бугун, олди қирқ-қирқ бешга қараб бораётган бу шоир-ёзувчиларнинг “чаппор уриб гуллаган” чоғлари айнан Зомин семинарларида, ўриклисойнинг сурурбахш сув ва ҳаволари қўйнида содир бўлганини  уларнинг ўзи ҳам соғинч ва орзиқиш билан эсламоғи муқаррар.

“Зомин” номининг дуоларимиздаги “Омин” сўзи билан эгиз-қофиядош келишида ҳам   илоҳий бир ҳикмат илғаган устоз адибларимиздан бири шундай лутф қилган экан:

— Хушманзара Зомин диёри бир “Омин”  десинки, илоҳим, шу ёшлар орасидан бугунги Чўлпонлару Ҳамид Олимжонлар, улуғ Қодирийлар чиқсин!..

Бевосита Жиззах тўғрисида, қадим ва табаррук бу тупроқ ҳақида гапирилганда, унинг номи билан таърифу тавсифи кўҳна “Зафарнома”лару жаҳонга машҳур тарихий китобларда келганини айтиб ўтиш жоиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари “Бобурнома” китобининг “Тўққиз юз еттинчи (1501-1502) йил воқеалари” фаслида кўп ранжу машаққатлар тортиб Жиззах сарзаминига келганини алоҳида қониқиш ва хушнудлик билан эслайди:

“…Халилиядан Дизак келилди… Семиз этлар ва майда этмаклар арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон. Андоқ усраттин мундоқ арзонлиқ ва андоқ балияттин мундоқ амонлиққа келдук… Умрумизда мунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул-умр амонлиғ ва арзонлиғ қадрини мунча билмайдур эдук. Ишрат усраттин сўнг, фароғат машаққаттин кейин лаззатлироқ ва яхшироқ кўринур… Мундоқ душман балосидин ва очлик ибтилосидин халос бўлиб, амонлиғ роҳатиға ва арзонлиғ фароғатиға етуштук. Уч-тўрт кун Дизакта истироҳат қилдук…”

Умрининг энг қийин даври, хорлик-саргардонликда кечган айни ёшлик-навқиронлик паллаларида Темурийзода султон Бобур Мирзо Жиззахга келиб уч-тўрт кун ором ва осойиш топади. Ва бу тинчлик-фароғатга эришган тансиқ-ғанимат дамларининг ўзи учун нечоғли  қадрли ва азиз эканлигини чин қалбдан, меҳр ва миннатдорлик билан ўз эсдаликларида алоҳида қайд этиб қолдиради. Бобур Мирзонинг ўша кезларда эндигина ўн етти-ўн саккизга тўлаётган ўспирин ёши билан ул зотнинг    шоирлигини ҳам инобатга олиб, юқорида “Бобурнома”дан келтирганимиз парчадан тарихий саналарни олиб қўйсак агар, романтик хаёлларга берилувчи соддаваш ҳозирги замон ўқувчиси, мисол учун шоир Даврон Ражаб дейлик, ҳеч иккиланмасдан “Бобур ҳазратлари ҳам  Зомин ёшлар семинарига қатнашган эканлар-да… Кўришмаган эканмиз-да…” дея юрак-юрагидан армон қилиши турган гап…

Зомин семинарлари қалб ва руҳда яшайди, соғинтиради, орзиқтиради. Бу анжуманлар сира тугамайди. Устоз ва шогирдларнинг соғинчлари билан сабоқларида, адабиётсевар қалбларнинг орзу-умидлари билан ҳавасларида Ватан дарслари янглиғ эзгулик ва садоқатга чорлаб давом этаверади.

Эзгу ғоя, олижаноб ният ва мақсадлар ўзининг бардавомлиги билан, одамлар ва элу юрт ҳаётидаги чиройли амалий ифодаси орқали ҳам янада кўрк ва жозиба бахш этади. ўоянинг ҳаётий-ижтимоий нуфузи билан ахлоқий аҳамияти икки баробар ошиб, у энди тўғридан-тўғри жамият аҳлининг маънавий-маърифий тарбиясига хизмат қила бошлайди.

Тарихий “миллениум”лар — мингйилликлар чорраҳасини ортда қолдириб, 1997 йилдан йигирма йил келажакка, яъни бугун ўзимиз яшаётган, “асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал” бўлаётган шиддатли замонга қайтарканмиз, айни ёз чилласи баногоҳ бетларимизга урилган Зомин шамолларидан баҳри дилимиз ёришиб кетади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 апрел куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва уларни амалга ошириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни банд­ма-банд кўриб чиқаркансиз, адабиёт ва ижод аҳлига бўлган алоҳида хайрихоҳлик ва эътибордан кўксингиз Зомин тоғларидай ўсаётганини сезмай қоласиз.

Энди ҳар йили мунтазам тарзда ўтказиладиган Зомин семинар-кенгаши қатнашчилари — она диёримизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан келган истеъдодли ўғил-қизларимиз олам-олам завқу ҳаяжон билан Жиззах тупроҚига қадам қўяркан, энг аввало атоқли давлат арбоби ва устоз адиб Шароф Рашидов ёдгорлигини зиёрат қиладилар. Ундан устозлари номидаги хиёбонга ўтиб, Ҳамид Олимжон билан Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўядилар. Эҳтиромни бажо келтириб бўлгач, устозларининг тоза-озода баҳорий байтлари мисол сўлим хиёбондан ўтиб бориб, янги бино этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўладилар. Уларга бу сурурбахш адабий-маърифий сайрлари давомида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанига ихтисослашган янги мактаб-интернатнинг зукко ўқувчилари мезбон сифатида беминнат ҳамроҳ бўладилар.

Ҳали Ўриклисойга етиб боргунга қадар семинар дастурига киритилажак шу сайру зиёратлар билан улардан олинажак таассуротларнинг ўзиёқ яна бир муҳташам адабий анжуман бўлгулик мазмунга эга. Бунинг яна бир номи — Ватан дарси, Ватанни ўрганиш дарси деб аталади. Адабиёт сабоқлари, ибрат ва ҳавас мактаби, орзу ва умидлар дарсхонаси дейилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан  бўлган учрашувда сўзлаган кенг қамровли дастурий маърузасига Ҳамид Олимжоннинг машҳур “Шундай ўлка доим бор бўлсин!” шеърий сатри сарлавҳага чиқарилишида ҳам теран ҳикмат яширин.

“Она юртимиз ҳақида, Ўзбекистон ҳақида, — дея алоҳида таъкидланади маърузада, — Ҳамид Олимжондек “Чаппор уриб гуллаган боғин, ўпар эдим ватан тупроғин”, дея ёниб куйлаш камдан-кам шоирга     насиб этган…”

Зомин семинарлари ёш истеъдодларга мана шундай фахру ифтихор билан ўз она  Ватанини куйлаш саодати насиб этмоҚи учун ҳам, адабиётимизнинг катта орзу-умидларини ўзида мужассам этган ҳолда янгича мазмун ва мақом касб этаётир. Бу қутлуғ дарсхонанинг эшиклари ёпилмайди.Адабиёт сабоқлари, илму маърифат машғулотлари тугамайди. Шу азиз Ватаннинг биллур сувлари, зангор ҳаволари билан ўт-ўланлари ҳам ёш кўнгилларга меҳру садоқат илмидан таълим берадилар. Қалблар сурур ва шукуҳдан жўш уриб, ёшлик завқи, ғурур ва ифтихор ҳаяжонидан ёш юраклар ярқираган юксак чўққилардай сарафроз бўладилар.

Бундан салкам йигирма йил бурун марказий газеталар вилоят раҳбарининг Зомин   анжумани қатнашчиларига йўллаган қисқагина дил табригини берган экан:

“Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!”

Бугунги кунлар, эзгу ўй-ташвишларимизу инсоний орзу-ниятларимиз билан нақадар жондош-оҳангдош сўзлар!

Дарҳақиқат, Зомин анжуманлари тугамайди. Ватан дарслари, адабиёт ва инсонийлик сабоқлари давом этаверади.

Шундай ўлка доим бор бўлсин,

Шундай ўлка элга ёр бўлсин!..

 

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.