топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Юртимнинг эрксевар шоири

Ijodkor yoshlar

 
Муҳаммад Юсуф –Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг булбулзабон фарзанди эди. Эзгу қалб эгаси бўлган шоир қисқа умр кўрган эсада, ортидан серқирра жуда ҳам бой, бебаҳо ва нодир шеьрият мулкини қолдириб кетган.
Шоирнинг ўзбек халқини жонидан ортиқ севгани айни ҳақиқатдир. М.Юсуф ўзбек халқининг қора кунларини эслаб, дилдан ачинади. Халқни бирдамликга чорлайди. “Халқ бўл, элим” шеьрида лирик қаҳрамонннинг руҳиятида ҳам шу ҳолатни кузатамиз:
 
Дарё бўлиб жўшгин энди, завқи улуғ,
Байрамингда севинч кўзёшингга қуллуқ.
Юртим деган жасур Юртбошингга қуллуқ,
Унга қанот бўлай десанг — халқ бўл, элим.
 
М.Юсуф гарчи ўзидан сўнг катта шеьрият намуналарини қолдирган бўлса ҳам бу ҳақда шоир жуда камтарлик билан “Лолақизғалдоқ” шеьрида ўз ижодига шундай баҳо беради:
 
Мендан нима қолар икки мисра шеьр,
Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан нима деса дер,
Мен сени ўйлайман, ўзимдан кўпроқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
 
Шоир ижодининг катта қисмини ватанпарварлик туйғусига йўғирилган шеьрлари ташкил этади. М.Юсуф учун “Она Ватан” барча туйғулардан азиз ва мўтабар эди.Шоир шеьрларида инсоният тарихида энг кўҳна бўлган туйғу “Она Ватан” ҳақида чин юракдан чиққан ашьорлар битди. Қалбидан сода бергувчи орзу ва армонларини рўйи-рост сатрларига жо қилди. Унинг самимий ва соддадил шеьрлари ўзбек халқи юрагининг қат-қатигача етиб борди.М.Юсуф ашьорлари қўшиқ бўлиб, барча қалбларни ўзига бирдек ром этди:
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним.
Ёлғизим,
Топинган кошонам  дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним...
 
Шоир ниҳоят асрлар орзуси бўлган, истиқлол қўлга киритилгач, Ватанимизни қутлар экан, халқ номидан “Ўзим хоқон, Ўзим султон, Сен тахти Сулаймоним” дея ифтихор этади.
М.Юсуф истиқлол олий неьмат эканлигини куйлаш билан бир қаторда, бу улуғ неьматни ёғий кўзидан асраш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчи эканини уқтиради:
 
Қалқонинг бор, ким қасд қилса гар жонигга,
Алпомишлар руҳи ёр ҳар ўғлонингга.
Асрагаймиз гиёҳинг ҳам гулдек ўпиб,
Ёвлар яқин йўлолмагай қўрғонингга.
Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!..
 
Шу ватанда туғилиб “тузини еб, тузлиғига тупурган” мунофиқ бандаларга қарата шоир ич-ичидан эзилиб, бу хиёнатга нафратли боқишлар билан шундай дейди гўё:
 
Тузинг тотиб, унутганлар хор бўлади,
Кўзларига икки дунё тор бўлади.
Шодон даминг кўролмаган юртфурушлар,
Бир кун бир кафт тупроғингга зор бўлади.
Ёнингда тургаймиз сени, Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!..
 
Муҳаммад Юсуф шеьрияти инсонлар қалбида мангу яшашга ҳақлидир. Шоир турли мавзуларда маромига этказиб, қалам тебрата олган буюк қалб соҳиби эди. Унинг шеьрларида сохталик сезилмайди. М.Юсуф фақат юрагидан чиққан ашьорларни, оқ қоғозга тўка олган эрксевар инсон эди. Шоирнинг ҳали айтишга улгурмаган, ёза олмаган шеьрлари бисёр бўлганига ишонаман.Улуғ зот ўзининг эрта вафотини ўз шеьрларида башорат қилганди гўё:
 
Кўксим куйиб борар, кўкларга ёнмоқда,
Айтинг духтирларга ёрса-ёришсин.
Жисмим ўз улфатин жондан тонмоқда,
Бечора жон энди қаерга борсин?
Энди осмон йироқ, энди ер юмшоқ.
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
 
Ушбу сатрларни ўқиш мобайнида менинг ҳам кўксимдан мунгли бир нидо  отилиб чиқди. Шундай буюк қалб эгасига такрорланмас истеьдод берилибди-ю, аммо тақдир ёзиғи қисқа бўлибди. Баҳор ёмғири шоир мозори узра бошини шабадага эгиб турган лолақизғалдоқларнинг устига шивирлаб ёғаркан, ёмғир гўё М.Юсуфнинг ашьорларини айтиб алла айтаётгандек туйилади менга!
Бир сўз билан айтганда шоирнинг ўзигагина хос бўлган шеьрияти ўзбек адабиётига улкан ҳисса қўшди. М.Юсуф шеьрларидаги ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, ёш авлодни тарбия қилишда ҳамда ватан тупроғининг тафтини, ҳароратини  ҳар дамда ҳис қилиб яшашга ундайди.
 
Сапарова Зебинисо Давлат қизи (Зебо Зейнур)
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти
 
Кенгаши ходими

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.