топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Саклар маликаси (тарихий – фантастик қисса)

Ijodkor yoshlar
 

СЎЗБОШИ
 Халқимиз тарихи мўъжизаларга бой. Ўтмиш бизни қандай яшаш кераклигига ўргатади, Ўрта Осиёда яшаб ўтган саклар ва массагетлар тарихидан ватанпарварлик намунаси сифатида қизиқарли ҳикоят ва ривоятлар сақланиб қолган.Уларни ўрганиш, бадиий талқин қилиш маънавий ва маърифий тарбияга хизмат қилади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда Зебо Зейнур иштимоий вазифани уддалагани сезилади. Унинг “Саклар маликаси”  тарихий-фантастик қиссасида узоқ ўтмишдаги ашулалар тарихи, ўй-ҳаёллари, кечинмалари, тақдирлари саргузашт тарзда тасвирга олинган. Ватан тақдирини ўйлаган бу қаҳрамонлар маънавий соғлом кишилардир. Асар қизиқарли сюжетга эга. Муаллиф ўқувчи диққатини бир маромда сақлаб туришга эришган. Асар кампозицияси пухта ўйланган. Айтилиши равшан.
Инсонпарварлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик ғояларини илгари сурган бу асар бугунги авлод маънавиятини белгилашга хизмат қилади. Шунинг учун уни нашр этиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этиш фойдалидир.
 
 
Болта Ёриев,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлар номзоди, доцент.
 
27.02.2015
КАТТА УМИДЛАР ОСТОНАСИДА
(Сўзбоши ўрнида)
 
Миркарим Осим, Явдат Илёсов… Зебо Зейнур. Учинчи номни узоқ ўйлаб, яхши ниятлар билан, келажакда бари бир атоқли исмга айланади деган умидда ёздим.
Тарихни жонлантириш, тарихни халқона тилда ўқувчига етказиб бериш, энг асосийси муҳлисларнинг қалбига кириш, меҳрини забт этиш ҳар қандай ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Зебо ёшлигидан тарихий мавзуларда қалам тебратиб келади. Ибтидонинг унга берган неъмати ҳам шу бўлса керак.
Фантастика деганда кўпроқ келажак тасаввур этилади. Фантастика жанрини тарихга қўллаш адабиётда янги йўналиш эмас, албатта. Бу соҳада кўпроқ Европа, Америка тадқиқотчилари асарлар битган ва маълум муваффақиятларга эришган. Ўзбеклар тарихи ва адабиёти ҳам фантастикани соғиниб қолганлиги Зебонинг асарларида яққол кўриниб қолди. Тўғрисида, оддий халққа “зерикарли” илмий тадқиқотдан кўра ўқимишли тарихий китоблар ёқади.
Ҳар қандай тарихий ва фантастик асарларнинг асосида эса тарихий ҳақиқатлар ётишини Зебо Зейнур яхши англаб етган. Албатта, тарихийлик бош мезон бўлиши керак. Зебо тарихни яхши билади. Айниқса, қадимги дунё тарихи унга илҳом бағишлайди шекилли, шу мавзуга қайта-қайта ёндашаверади.Унинг илк асарлари-ю, мақолаларида шу нарса аниқ кўринади.
Ўзи сингари йил ўтган сари у ёзган асарлар ҳам “каттариб” бормоқда. “Майкнинг саргузаштлари” ни бир ўтиришда ўқиб чиққан эдим. “Сеҳрли тилсим”ни қўлга олганда фантастик қисса ва ҳикоялар ўқувчини ўйга соладиган, тафаккур сари ундайдиган ҳолатлар кўпайганлигини сездим.
Қўлингиздаги асар ўқувчибоп бўлган. Воқеалар кетма-кетлиги, образларнинг ўзаро боғланиши, тарихнинг жонланиши кўз олдингизга келади. Ўрта Осиё кўчманчиларини – Саклар ва Массагетларни севиб қоласиз.
Сиз, азиз ўқувчига янги тарихий фантастик асар муборак бўлсин деган ҳолда, унинг муаллифига ижодий баркамоллик тилайлик.
 
 
Шопўлат Шайдуллаев,
Тарих фанлари доктори
 
Истиқлол тенгдоши эканлигимдан фахрланаман. Ушбу тарихий-фантастик қиссамни юртимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлайман.
 
Муаллиф
 
МУҚҚАДИМА
 
МУҚАДДАС САҒАНА
 
Тарих халқ маънавиятининг асосидир. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас.
 
И.А. Каримов
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти
 
Барчамизга маьлумки, мустақиллигимиз шарофати ўлароқ халқимиз ва Ватанимиз тарихини қадим-қадим замонларга бориб тақаладиган илдизларини чуқур ва холисона ўраганиш имкониятлари  кенг эшик очди.Туркий халқлар тарихи жуда қадимий даврлардан бошланади. Исломгача бўлган даврларда, туркий халқлар таркибида  бизнинг аждодларимиз ҳам яшаганлар.Туркий халқлар оғзаки ижодининг гўзал намуналари бўлмиш ривоятларда, афсоналарда, достонларда ва бошқа жанрлардаги асарларда бизнинг ота-боболаримиз ҳаёт тарзи ҳам тараннум этилган.Тарихимизни ўрганишда ўзимизнинг илмий-адабий ёдгорлигимиз бўлган манбалардан фойдаланиш билан чегарараланиб қолмасдан, бошқа халқларнинг, хусусан, юнон, хитой, араб, форс, герман, русс, славян халқлари тилларида битилган тарихий-адабий меросдан ҳам фойдалансак мақсадга мувофиқ бўлади.
Тарихимиз билан танишиш, энг аввало, қадим қадим ўтмишда яшаган ватанпарвар, эрксевар аждодларимизнинг ҳаёт тарзи, қаҳрамонликлари билан танишиб, уларнинг хотирасини ёдга олиш, бугунги авлоднинг шарафли ва муқаддас вазифаси ҳисобланади. Аждодларнинг ватан саодати учун амалга оширган буюк ишлари қалбимизда ифтихор ва фахр туйғуларини ривожлантиради. Зеро, ҳурматли юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек: “Модомики, ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган халқни, енгиб бўлмас экан, биз хаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришмиз зарур. Тарих билан қуроллантириш, яна бир бор қуроллантириш зарур”.
Тарихни ўрганиш, топилган манбаларни тартибга солиш, маълум бир хулосага келиш ва бадиий  асарлар яратиш учун биз, ёш ижодкорлардан нихоятда кўп меҳнат ва ўзликсиз изланишларни талаб этади. Тарих отаси деб ном олган Геродот ўзининг “Тарих”асарида бизнинг олис мозийда яшаган аждодларимиз ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ота-боболаримиз христос эрасидан олдинги даврларда турли қабилалар ва элатлар шаклида уюшиб умргузаронлик қилганлар.Улар орасидан 30 дан ортиқ қабила бир сак* номи билан аталганлар. Саклар милоддан аввалги V11 аср  ўрталарида жуда кенг ҳудудни, яъни шарқий Туркистон, Аракс** ва  Яксарт*** дарёларининг шимолий соҳилларида, қолаверса жанубий Сибир ерларигача бўлган тоғларда, ястаниб ётган чўлларда ва даштларда кўчманчи ҳолда яшаганлар. Саклар ўзининг жанговарлиги, эрксеварлиги, эпчиллиги билан бошқа халқлар орасида шуҳрат топганлар. Саклар ҳақида яна қуйдагиларни айтиш мумкин. Аввало, саклар ҳақида гап кетганда, дарҳол афсонавий Широқ кўз олдимизга келади. Бу довюрак қаҳрамон бир ўзи бутун бошли Доро лашкарларини чўлу-биёбонда адаштириб, она-юрт ва қабиладошларини ёвуз душмандан омон сақлайди.
Христос эрасидан олдинги даврдаги турк қавмларини “искит” номи билан юритилган. Искит-искиф деганидир. Европа олимлари эса “скиф” деб атаганлар. Умуман олганда, бу йўналишда иш олиб бораётган олимлар скифлар ва Скифия давлати ҳақида турли фикрлар билдиришади.
Маълумотларга қараганда эса, туркларнинг тарихда биринчи давлати сак (искиф) турк давлати деб ном олган. Сак-искиф турк давлати милоддан аввалги V11 асрлардан христос эрасининг 1-мингйилликларигача яшади. Бу мамлакат Афғонистондан Кичик Осиёга қадар чўзилган ҳудудни ўз ичига олганди. Турк халқининг ҳаёлий кашфиёти бизга кўп мерос қолдирди. Хусусан, сак-искит турклари Алп Эр Тўнга даврида ва ундан кейинги “Бузқур маданияти” га оид осори-атиқаларини қолдирдики, мазмуни ва миқдор жиҳатдан булар катта аҳамиятга моликдир.
Шуни ҳам айтиш керакки, бутун дунё тавирий санъатида “ҳайвон услуби”, “скиф ҳайвонот услуби”, деган оқим мавжуд. Санъатнинг бу турини илк маротаба искит турклари яратганлар. Кейинги даврларда бу маданият бутун Европа бўйлаб  тарқалган. Айниқса, турклар яратган афсоналар алоҳида диққатга сазовор. Афсоналар турк халқи ҳаёлотининг нақадар кенглиги ва фикрнинг теранлигини кўрсатади. Маълумотларга қараганда, чинликларнинг турк қўшиқларини ўз ичига қамраб олган қўшиқлари ҳам бор.
Қадимги Ўрта Осиё аҳолиси яратган оғзаки адабиёт ёдгорликлари орасида қаҳрамонлик эпоси катта ва муҳим ўрин тутади. Қаҳрамонлик эпосининг кўп асарлари аниқ тарихий воқеалар, Ўрта Осиё аҳолисининг чет эл босқинчиларига қарши ватанпарварлик кураши заминида туғилган.
Юнон адиблари бу сак қабилалари ҳақида қизиқарли ва қимматли маълумотларни айтар экан, улар шаънини пастга урмайдилар, аксинча, уларнинг қаҳрамонликларини, мардлигини олқишлайдилар. Ўзбек халқининг аждодлари ҳам азалдан бойликларга ортиқча ҳирс қўймаганлар. Қўлларига фақат ватанини ҳимоя қилиш учунгина қурол олишга мажбур бўлганлар. Мен сизларга ҳикоя килиб бермоқчи бўлган воқеалар қаҳрамони Қатун**** Зарина ана шундай сак ҳукмдори эди. Унинг сағанаси Яксарт дарёсининг шимолий соҳилида бўй кўрсатиб турарди. Мақбара тепасида олтиндан бежирим қилиб ишланган, аёл сиймосидаги ҳайкал қаддини тик ростлаганча олис-олисларга улуғвор боқарди. У ўнг қўлини  пешонасига қўйган, чап қўли эса ерга санчилган қилич дастасини маҳкам ушлаб турган ҳолатда тасвирланганди. Гўё ҳайкалнинг кўзларида юртига ёв қўшини яқинлашиб келмаяптимикан, деган хавотирли ўй-фикрлар муҳрланиб қолгандек. Қатун Заринанинг эгнида ҳайвон мўйнаси, оёқларида қўнчли этик, бошида эса ҳукмдорлик белгиси бўлмиш баланд тож қуёш нурида ярақлаб кўзни қамаштирарди. Ҳукмдорнинг бу мақбарасини сакларнинг 30 дан ортик қабиласи ҳам муқаддас ҳисоблаб, маросимларда бу сағана бошига келиб қурбонликлар ўтказишардилар. Бу сағананинг муқаддаслиги нимада? Сак қабилалари нима учун бу сағанани муқаддас қадамжо санайдилар? Балки, бу мақбара эгаси буюк халқ қаҳрамони бўлгандир. Бу ҳақиқатни билмоқ учун олис ўтмиш оғушига йул олишимиз, аждодларимиз ҳаётига назар солишимиз даркор.
Бу сағанада ётган инсон бир вақтлар сак қабилаларини куч ва донишмандлик билан бирлаштириб, буюк ва енгилмас давлатга асос солган Зарина исмли сулувликда ва жасурликда довруғи достон бўлган қаҳрамон хоқон эди. Мана,  орадан шунча давр ўтсада, унинг номи келажак авлодлар учун шарафли ном ва қизлар учун гўзал исм бўлиб келмокда. Халқ уни ҳимоя қилган инсонларни, жасур ватанпарвар қаҳрамонларни ҳеч қачон унутмайди. Малика Зарина умри давомида доимо тинчлик тарафдори бўлди. У ортиқча бойлик, сохта обрў ва манманликка учмади, ўзга  давлатларга кўз олайтирмади. Юртини обод айлаб, катта шаҳарлар бунёд этди. Кўчманчи бошқа қабилалар ҳужумидан мамлакатини ҳимоя қилди. Халқ дардини тинглаб, уларга доимо ёрдам қўлини чўзди. Хиёнаткор инсонларни қаттиқ жазолади. Адолат байроғини баланд кўтариб, зулматнинг қора булутларини ёриб чиққан қуёш янглиғ мамлакатни бошқарди. Бу сағана шу боис ҳам сак қабилалари ва биз келажак авлод учун ҳам муқаддас қадамжодир.
Асрлар ўтиб, сағана олдидаги ҳайкал талон-тарож қилиниб, мақбара бузиб ташланди. Ёвлар шонли ўтмишни йўқ қилишга беҳуда уриндилар. Улар бир нарсани ётдан чиқарган эдилар. Халқ қаҳрамонларининг номи, ҳаёти, кечмиши ўша халқнинг дилида мангу яшайди. Худди ўша ҳайкал ёнида мангу баҳодирлик қўшиғини куйлаб оқиб ётган азим дарё мисоли, бу туйғу авлодлардан-авлодларга безавол ўтиб келади. Уларни ҳеч вақт қалбдан ўчириб бўлмайди.
Сағана буткул вайрон бўлгач, у қайта тикланмади. Малика Заринанинг мақбараси жойлашган ҳудуд ноъмалумлигича қолди. Бироқ, унинг шонли ўтмиши, зафарли юришлари, мардонавор эзгу қалби халқ билан яшашда давом этди. Халқ оғзаки ижодида малика Зарина ҳақида тўқилган ривоятлар, достонлар ва афсоналарга қайта ишлов берилиб, сайқал  топди.
Сочлари белини қучган, сарв қоматида виқор акс этган, маюс ва ташвишли нигоҳлар олис маконларга тикилган, бу олтин ҳайкал масрур боқиши билан ўтмиш қаридан доимо мени имлаб ёнига чорлагандек туюлаверади. Мана, яна қандайдир тантанали маросим мақбара ёнида бошланди. Шовқин сурон билан келган халқ қўққисдан сағана ёнига етгач, марҳумага ҳурмат юзасидан сукут сақладилар. Сўнгра қурбонликга аталган ҳайвонларни сўйдилар. Одамлар пичирлашиб, тангриларини шарафлаб дуолар ўқидилар. Кўзларимни секин очсам, уйимда шифтга боққанча ётардим. Қулоқларим остида эса ҳамон маросим ўтказаётган ота-боболаримизнинг мен англамаётган қадимий тилда пичирлаб ўқиётган дуоларнинг саси эшитилиб турарди. Гарчи бу тилни тушунмасамда, дилга яқин худди ёқимли куй каби руҳимга сингиб бормоқда эди. Кўзларимни оҳиста юмиб, уларнинг сўзларига қулоқ осдим. Улар маросим тугагач, аста ўринларидан қўзғалишди. Шунда қуён териси ёпиниб олган, бир болакай эски увадаси чиқган ҳўкиз терисига ўраниб олган, дарвишсифат кишининг ёнига югуриб борди-да, унга алланималар деди. Дарвиш оҳиста болакайнинг қўлидан тутиб, етакланганча сағана қаршисига бориб жим қотди. Сўнгра қўлига икки торли дўмбирасини олди-да, ерга тиз чўкиб ўтирди. Овозини куйга монанд нолиш қилганча “Малика Зарина” ҳақидаги достонлардан бирини баралла айта бошлади.
Бошқа одамлар ҳам аста-секинлик билан келишиб, дарвишнинг атрофига йиғилишдилар. Бахши дарвишнинг кўзларидан оқаётган ёш юзини ҳамда оқ оралаган соқолини юварди. У ўзи айтаётган қудратли достон руҳиятига сингишиб, сел бўлиб куйлар эди. Сак қабилаларидан бири бўлган бу қабиладошлар ҳам дарвишга қўшилиб йиғламасалар-да, ичдан эзилиб йиғлаётганлари юз-кўзларидан билиниб турарди. Мен гарчи бу дарвишнинг забонига тушунмасамда, унинг қўшиғи дилимни ўртаб юборарди. Дил яқин бўлгани боисми, бора-бора дарвишнинг достонига тушуна бошладим. Келинг, азиз китобхон биргаликда қаҳрамонлик достонини тинглайлик.
Зебинисо Сапарова
(Зебо Зейнур)
 
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.