топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Марказий Осиё мутафаккирлари асарларида комил инсон образи ҳамда инсонпарварлик ғояларининг миллий тарбия тизимидаги зарурати

Ijodkor yoshlar

 
Тарих миллатнинг ҳақиқий тарбиячисига айланиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ва ишлари ва жасоратлари тарихий хотирамизни жонлантириб, янги фуқаролик онгини шакллантирмоқда. Ахлоқий тарбия ва ибрат манбаига айланмоқда.
 
Ислом Каримов
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти
 
Жаннатмакон юртимизнинг истиқлолга эришуви халқимизнинг миллий маданиятини қайта тиклашга имкон берди. Собиқ шўролар ҳукумати даврида аждодларимиз хотирасини ерга уриш, тарихимизни фақат бир томонлама ёритишдек ғоялар ҳукмрон эди. Мустақиллигимиз шарофати ўлароқ, ватанимизнинг шонли тарихи борича ёритилиб, ҳур фикрлаш имконияти берилди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ ҳурматли юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан дунё илм-фани тараққиётида ўчмас из қолдирган аждодларимиз мақбаралари қайтадан бунёд этилди. Юртимиз яна жадал ривожланиб, аввалги шон-шухратини қайтариб олди. Шундай тинч ва омон кунимизда миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган аждодларимиз томонидан биз авлодларга қолдирилган буюк илмий меросини ўрганиш ҳар биримиз учун фарздир.
IX асрнинг охирига келиб Марказий Осиё мустақиллигини қўлга киритди ва араб халифалиги таъсиридан озод бўлган бир неча давлатлар шаклланди. IX – XII асрларда Марказий Осиё маданий юксалишнинг Уйғониш даври, аниқроғи илк Уйғониш даври босқичига кўтарилди. Бу даврга келиб, кўплаб алломаларимиз ўз асарларида ҳар тамонлама етук инсон, яъни “комил инсон” образини яратдилар. Миллий тарбия тизимида инсоннинг адолат, юксалиш, маънавиятга интилишга йўл очиш, имконият яратиш, ақлда, ахлоқда, маънавиятда етук бўлиш, инсонпарварлик, ватанга, одамларга хизмат қилиш, инсонлар орасида дўстлик, ўзаро бирдамликга чорлаш, кўмаклашувга чақириш, комил инсонни яратиш асосий мезон деб белгиланди.
Шарқ Уйғониш даврига келиб, юртимиздан кўплаб буюк алломалар, хусусан Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райхон Беруний, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний,  Қаффол аш-Шоший, Абу Бакр ал-Харазмий ҳамда адабиёт соҳасида Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий ва тил, дин-тасаввуф соҳасида Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Исо ат-Термизий, Нажмуддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа мутаффакирлар етишиб чиқди.
Миллий таълим-тарбия ҳақида бир қатор алломаларимиз ўз асарларида алоҳида тўхталиб ўтган. Биз мақоламизда айрим олимларимизнинг тарбия  ҳақидаги қарашларидан баъзи маълумотларни келтирамиз. Дунё илм-фанида “Муаллимус соний”, яъни “Иккинчи муаллим” дея улуғланган, буюк мутаффакир бобомиз Абу Наср Форобий ўзларининг “Фозил одамлар шаҳри”     
(“Шаҳарлар устида сиёсат юргизиш”) асарларида айтадики, “Ҳукумат раҳбарида қуйидаги 12 та туғма сифатлар жам бўлмоғи жоиз: хушбичимлик, фаҳм-фаросатлилик, ўткир хотира, идроклилик, сўзга чечанлик, илмга чанқоқлик, ҳар бир ишда меъёрни сақлай билиш, ҳалолликка муҳаббат ва ёлғонга нафрат, олижаноблик, бойликка нафрат, адолатпарварлик, қатъийлик”.
Яна бир асарларида аллома айтадики, “Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса амалий иш ва тажриба билан ўрганишдир, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакаларидан иборат бўлган иш ҳаракатга, касб-ҳунарга берилган бўлишидир”.
Буюк ҳаким, олим ва файласуф Абу Али ибн Синонинг фалсафий қарашларида эстетик таълим-тарбия ҳақида муҳим фикрлар мавжуд. Буюк ҳаким “барча билимларга эга инсонлар мукаммалликка мойилдир”, деб таълим беради ҳамда “чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир”-дея уқтиради. Олимнинг фикрича ёш авлодни баркамол шахс қилиб тарбиялаш фақатгина оиланинг вазифаси эмас, балки давлатнинг ҳам муҳим вазифаси деб санайди. Давлатнинг тараққий этишида, жамиятни бошқараётган кишиларнинг билимига ва иқтидорига боғлиқ деб ҳисоблайди. Ибн Синонинг эстетик таълим-тарбияга оид фикрлари ўз даври учун, балки ҳозирги давр учун ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмаган.
Бу даврнинг энг нодир қўлёзма асарларидан бири Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга бошловчи асар”) номли асаридир. “Қутадғу билиг”да оддий халқ, меҳнаткаш инсон улуғланади. Адиб асарида деҳқонларни ҳаммадан ҳам юқори қўяди. Асарда ахлоқ, одоб ва илм-маърифатга доир кўп қимматли панд-насиҳатлар берилган. Ёзувчи ўз асарида инсонпарварлик сифатлари ростгўйлик, ҳалоллик, одоб, садоқат ва севги каби масалалар юзасидан китобхонга ҳикматли маслаҳатлар беради. Асарда Юсуф Хос Ҳожиб буюк алломаларни улуғлаб, давлат бошлиқларини донишмандларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишга чорлайди ва илм-фанни тарғиб этади. Мисол учун:
 
Юмутса, эрат бўлса кучлуг алиг,
Юритса тўр-у туз, етурса билиг.
 
(Лашкар тўпласа, қўли баланд бўлса,
Тўғри сиёсат олиб борса, билимга амал қилса).
 
Яна бир ўринда адолат ҳақида шундай дейди:
 
Бу сақлиқ била сен яғи бўйни янч,
Будунқа тўру қил, тирил кенгру инч.
 
(Сен ҳушёрлик билан ёв бўйнини янч,
Халққа адолат қил, фароғатда яша).
 
XII асрда туркий тилда ижод этган шоир ва мутаффакирлардан яна бири Аҳмад Югнакийдир. Алломадан сақланиб қолган ягона мерос “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар туҳфаси”) номли асаридир. Бу асар туркий тилда битилгани билан ҳам қадрли ёдгорликдир. Асарда инсонпарварлик ғоялари тарғиб қилиниб, инсонларни эзгуликка, ҳалолликка, меҳнатсеварликка, ватанга садоқатга, илм-фан ўрганишга чақиради. Мисол учун:
 
Билик бирла бил (и) нур саодат йўли,
Билик бил саодат йўлини була.
(Билим билан саодат йшли очилади,
Шунга кўра, илмли бўл, бахт йўлини изла).
 
Яна бирида:
 
Йиқиқлиққа йириб кесуллукка ула,
Бу эндинлик эрга озод ўз қўл-а.
(Одобли бўлишга ёндашиб(ўзингни)камтар тут,
Тартибли кишиларга озод жон қул бўлсин).
 
Бошқа ўринда:
 
Бахиллиқ ўталап ўнгалмас йиг ул,
Беримдин бахил элги кед берклик ул.
(Бахиллик дори билан даволаб бўлмас касалликдир,
Бахил қўли саҳоват, ҳадя учун ёпиқдир).
 
Миллоднинг IX –XII асрлари Марказий Осиёда илм-фан юксак тараққий этган ва буюк алломалар даври эди. Ўша даврнинг кенг билимли пешқадам олимларидан бири Абу Абдуллоҳ ал- Хоразмий бўлган. Алломанинг асарлари ҳамда шеърларида инсонпарварлик ғоялари юксак баҳоланган. Турк тилида ижод қилган энг биринчи сўфий шоир, яссавия тариқатининг асосчиси –Хўжа Аҳмад Яссавийдир. Бизга қадар алломанинг “Девони ҳикмат”номли шеърий тўплами етиб келган. Мазкур асарда инсоф, адолат, ҳалоллик ва тўғрилик тарғиб қилиниши билан таълим-тарбия тизимида мукаммал ўрганилиши зарур. У тасаввуф ғояларини биринчилардан бўлиб туркийлар орасига ёйиб, ўз ғояларини содда услубда баён этган. Шу сабабли ўтмишда унинг ҳикматлари халқ орасида кенг оммалашиб, инсонларнинг маънавий-маърифий камолоти йўлида хизмат қилган. Мутаффакирнинг қуйидаги битикларида ҳам инсонларни меҳр-оқибатга чорлаши, бу дунёда моддий бойликларга ортиқча хирс қўймаслик ҳақида шундай дейди:
 
Қайда кўрсанг кўнгли синуқ маҳрам бўлғил,
Андоқ мазлум йўлда қолса, хамдам бўлғил
х-х-х
 
Бешак билгил бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмагин молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-она, қариндош қаён кетти, фикр қил,
Тўрт оёғлиғ чўбин от бир кун санга етаро.
 
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, буюк аждодларимиз қолдирган мерос биз ёшларнинг чуқур билим олишимизда бизга кўмакдош бўлади ҳамда хаётимизда тўғри йўл кўрсатади. Аждодларимизнинг миллий тарбия ҳақида билдирган фикрлари ёш авлод онгини шакллантириш жараёнида ҳамда ахлоқий, меҳнатсевар, адолатпарвар, ватанпарвар, инсонпарвар қилиб тарбиялашда муҳим саналади.
 
Сапарова Зебинисо Давлат қизи (Зебо Зейнур)
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти
Кенгаши ходими
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.