топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида

Ijodkor yoshlar
Сурхондарёда Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида Республика “Китоб байрами” ўтказилди. 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда республикамиздаги нашриётлар томонидан кейинги йилларда чоп қилинган мумтоз ва энг сара бадиий адабиётлар, энциклопедик луғат ҳамда маълумотномалар, болалар асарларнинг кўргазмаси ташкил этилди.
 Тадбирда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, эртамиз эгаларини Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишлар ҳаётга татбиқ этилаётганини эътироф этдилар.
–Ахборот ресурс марказимизда Президентимиз асарлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, болалар адабиёти, дарсликлар каби ўнга яқин бўлимлар мавжуд, – дейди Сурхондарё вилоят ахборот ресурс маркази директори Ҳамид Тўрақулович. – Виртуал китоблар марказидаги компьютерлар интернетга уланган бўлиб, мамлакатимизнинг етакчи кутубхоналар билан алоқалар ўрнатилган. Бу ерда асарларнинг электрон вариантидан ҳам фойдаланиш мумкин. Болалар залидаги эртак ҳамда бадиий асарлар ранг-баранг ва қизиқарлилиги билан ажралиб туради.
Эътироф этилганидек, китоб — билим булоғи, тафаккур зиёсидир. Сурхон вохасида ташкил этилган ушбу маънавият ҳамда маърифат айёми вохадошларимизнинг, асл китобхонларнинг қалбига илм нурини улашиб, уларни камолот сари етаклаши, шубҳасиз.
–Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаёт синовларида бардош бера олади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси вилоят бўлими раиси Менгнор Олламурод. – Китобни мен чинорга ўхшатаман, чунки чинор узоқ умр кўрувчи дарахт бўлиб, унинг соясидан ёшу-кекса бирдек наф кўради. Мен китобни туморга ўхшатаман, чунки тумор инмонларни ёмон кўзлардан сақлайди. Китоб туфайли инсон қалби меҳр-мурувватдан қониб яшайди. Бир сўз билан айтганда, китоб бу аждодлар ва келажак авлодни узвий бойлаб турувчи кўприк вазифасини ўтайди.
Тадбирда минглаб вохадошларимиз янги китоблар бир қаторда ёш қаламкашларнинг ижод намуналари билан танишишга муяссар бўлишди. Ёш ижодкорлар ўзларининг ватанпарварлик руҳида битилган ашъорлари билан томошабин бўлмиш китобхонларни хушнуд қилишди.
Зебинисо Сапарова,
O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши
Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири
uzlidep.uz/uzc/news/kitobhonlik-madaniyatini-yuksaltirish-yulida-0
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.