топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Китоб — маърифат ва маънавият ёғдуси

Ijodkor yoshlar

 
Фарзандларимиз биздан кўра кучли,
билимли ва албатта, бахтли бўлишлари шарт.
 
И.А.Каримов
Ўзбекистон   Республикаси Биринчи Президенти.
 
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида китоб ва китобхонликка бўлган эътибор юксак даражага кўтарилди. Биз буни кутубхона тизимида бўлган ислоҳий ўзгаришларда кўрмоқдамиз. Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида навқирон авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, қадриятларга чуқур ҳурмат туйғусини сингдиришга катта аҳамият бериб келинмоқда. Бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қад ростлаган муҳташам ўқув масканлари, замонавий технологиялар ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз тақдирида қанчалик муҳим ўрин тутса, китобга дўст бўлиш, мутолаага ошно тутиниш ҳам шу қадар долзарбдир. Шу боис ҳар қандай даврда китобнинг мавқеи йўқолмайди, аксинча, ортиб бораверади.
Биз китоб ўқишда ҳамда ижод қилишда ҳам буюк алломалар бўлган аждодларимиздан доимо ўрнак олсак арзийди. Чунки, асрлар оша тафаккур синовидан ўтиб келаётган мумтоз асарларимизнинг баҳоси йўқ. Хусусан, Алишер Навоий бобомизнинг асарлари неча минг йиллардан кейин ҳам ўқилаверилади, куйланаверилади, кишилар баҳра олаверади. Халқ оғзаки ижоди, жаҳон адабиёти дурдоналари ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. “Муаллифи фақат айтилиши лозим гапларни, лозим даражада айта олган китобларгина яхши китоблардир”, дейди донишманд Арасту.
Китобни аждодларимиз нондек азиз қадрлаб, унга чуқур ҳурматда бўлишганлар. Китоб –тарих ва келажакни узвий боғлаб турувчи кўприкдир. Кимки, китобни севса, уни ҳурмат қилса, илм нурини оламга  ёйса, ундай инсоннинг эл орасида мартабаси улуғ, тарих сарлавҳаларида номи боқий қолажакдир. Китобнинг қадр –қиммати ҳақида улуғ алломаларнинг қуйида билдирган ҳикматона фикрлари билан танишамиз:
 
Абу Бакр ал –Хоразмий ўлим тўшагида эди.Ундан:
Кўнглинг нимани хоҳлайди, иштаханг нимани тусамоқда?–деб сўрадилар.
У:
Китоб юзига бир қарасам! –деди.
(“Фавокиҳ ал –жуласо ”асаридан)
Китобни бировдан қарз сўраганни
Оқиллар сафига қўшмай қўя қол,
У гоҳ қўйиндадир, гоҳи бағрида
Китоб эгасининг маҳбуби мисол.
Биров, китобингни бериб тур, деса,
Аблаҳлар сўзидек келади малол.
Алишер Навоий
Китоб (битик) барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл –идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.
 
Амир Темур
Сен каби мингларни кўрди бу жаҳон,
Улардан қомади ном ила нишон.
Ҳикматдан назм –ла бир китоб битгин,
Ўзингдан ёдгорлик қолдириб кетгин.
 
Шаҳобиддин Абдукарим ўғли
Бугун ўқувчиларимиз, ёшларимиз бадиий адабиётга қизиқаётган бўлсалар, уни севаётган бўлсалар, ундан фақат қувониш керак. Бироқ Интернет –“ўргимчак тўри”га кўп ружу қўймаслик тарафдориман.
 
Т.Саидов
Муаллифи фақат айтилиши лозим гапларни лозим даражада айта олган китобларгина яхши китобдир.
Аристотел
Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар.
 
Дени Дидро
Бобокалонларимиз китоб топишга қийналар эдилар:ҳозирги давримизда эса биз китоб танлашга қийналамиз.Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ лозим.
 
Жон Леббокф
Илмий адабиёт кишиларни жаҳолатдан, нафис адабиёт эса даҳалликдан ва разилликдан халос этади.
 
Чернишевский
Китоб кўрмаган калла-
Гиёҳ унмаган дала.
(Халқ мақолидан)
 
Китоб аждодлар тарихи, маданияти, тафаккур дурдонадарини авлодларга етказучи ноёб манбадир. Шу туфайли ҳам “Китоблар инсон тафаккури жавоҳирларини йиғиб, авлодларга мерос қолдиради”, дейди ёзувчи Ойбек. Тарихда ўтган улуғ алломалар, жумладан, Юсуф ҳос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Захриддин Муҳаммад Бобур, Фурқат, Авлоний ва бошқаларнинг асарларида китобнинг аҳамиятига юксак баҳо берилган ўтли сатрларини кўплаб учратамиз.
Биз ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, мустақил юртимиз учун муносиб фарзанд бўлайлик. Бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқишида, билим олишимизда, тафаккуримиз тараққий этишида китоб биз учун “Дастур ул –амал ” вазифасини ўтайди. Китоб машьала сингари орзуларим сари етакловчи саркордир. Буюк алломалар юрти бўлган “Ўзбекистон ” аталмиш жаннатмакон озод ва обод ватанимизнинг эртанги куни, порлоқ келажаги бўлган биз ёшлар, юртимизнинг равнақи учун гуллаб яшнаши учун муносиб ворис бўлмоғимиз, биз ёшларнинг она ватан олдидаги муқаддас бурчимиз ва вазифамиз эканини ёдда сақлайлик.
Бизнинг энг катта ишончимиз, мадад –таянчимиз –бу ўсиб келаётган ёш авлодлармиз.Такроран айтаманки, мен ўзимнинг тақдиримни ҳам, мамлакатимиз ва келажагини ҳам ана шу ёшлар қиёфасида, уларнинг пок қалби, эркин тафаккури, мустаҳкам иродаси ва дуёқарашида кўраман” –дея таькидлайдилар ҳурматли юртбошимиз сўзлаган бир нутқларида.
Хулоса қилиб, шуни айта оламанки, китоб бир сўз билан айтганда “Билимларнинг онаси”дир. Китоб ўқиш, илм нуридан баҳраманд бўлиш, доимо барчамизга ҳамроҳ бўлсин. Келинг ёшлар китобга меҳр қўяйлик, қўлимиздан туширмайлик. Бу жаҳон қанча-қанча одамларни кўрди, яна қанча одамлар келиб-кетаверади. Улардан фақатгина ҳикмат айтган, назм битган, китоб ёзганларнинг руҳи ва тафаккури авлодларга ҳамнафасдир.
 
 
 
Сапарова Зебинисо Давлат қизи
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти
Кенгаши ходими
 
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.