топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституциямизнинг азиз жиҳатлари...

Обод турмуш - жамият пойдевори
Жамият
Мактабда ҳуқуқ фани ўқитувчимиз биринчи дарсданоқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ёдлата бошлаган. Ўша пайтда буни тўла тушунмай ё эркалик қилиб «устоз, ҳуқуқ фанини ўтақолайлик», деганмиз. 

Ўқитувчимиз «Конституцияни билсангиз ҳуқуқ фанини ҳам билган бўласиз. Мамлакатимиздаги барча қонунлар, қарорлар Бош Қомусимизга асосланади. Конституция ҳар бир соҳада, бутун умр керак бўлади», деганди. 

Ўша ғўр болалар бугун улғайган. Ўқишларни битириб, бирор касбнинг бошини тутган. Озми-кўпми ютуқларга эришган. Чунки улар ўз ҳуқуқларини, айни пайтда бурчларини ҳам яхши билади. 

Аслида инсонни инсон қиладиган шу икки тушунча. Давлатимиз бизга кўпдан-кўп ҳуқуқлар берган, шароит яратган, ўз ҳимоясига олган. Биз бурчларимизни бажариш билан ушбу ғамхўрликка жавоб қайтарамиз, мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшамиз. 

Ҳақиқатан ҳам, Конституциямиз принциплари ҳар бир соҳада, ҳар қадамда намоён. 

Дунёнинг сиёсий харитасини кўриб қолсак, беихтиёр Ўзбекистонни излаймиз. Жаҳонда ўз ўрнимиз, мустақил мамлакатимиз борлигидан фахрланамиз. «Ўзбекистон – суверен демократик республика», «Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир», «Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир» деган қоидалар ёдимизга тушади. 

Халқимиз – кўпмиллатли. Маҳалла-кўйда, ўқишда, ишда турли миллат вакиллари билан дўст бўлиб қолганмиз. Биз уларнинг байрамларида қатнашамиз, улар бизга қўшилиб наҳорда ошга боради. Меҳр-оқибатни, урф-одатниям жойига қўяди. 

Бунинг замирида «Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади», «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деган инсонпарвар тамойиллар ётади. 

Ҳар биримизнинг ҳаётдан мақсадимиз, яхши ниятларимиз бор. Конституциямизда белгиланган иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар уларга эришишимиз учун шароит яратган. Ҳар ким билим олиш, эркин касб танлаш, меҳнат қилиш, мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга. 

Кунда-кунора ёшларимизнинг халқаро олимпиадаларда улкан ютуқларни қўлга киритганини кўрамиз, эшитамиз. Мамлакатимиз селекционерлари кашф этган технология жаҳон миқёсида шов-шув бўлганини ўқиб фахрланамиз. Беихтиёр Конституциямиздаги «Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади», деган қоида ёдимизга тушади. 

Барча ўзи қизиққан, билим ва лаёқати етган иш билан машғул. Деҳқон мўл ҳосил етиштирганидан, тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқаргани ёки хизмат кўрсатганидан манфаатдор. Шу боис бозорларимиз тўкин ва фаровон, эҳтиёжимиз учун зарур ҳамма нарса бор. Чунки «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди». 

Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Устозимиз тўғри айтган экан: мамлакатимиздаги барча тизимлар Конституциямизга асосланади. Қайси соҳага қарамайлик унинг моддалари ёдимизга тушади. 

Конституциямизнинг яна бир муқаддас жиҳати бор – у бизга Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни эслатиб туради. Буюк Йўлбошчимиз демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди. 

Йиллар, асрлар ўтаверади. Конституциямиз мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлиги ва фаровонлигининг асоси бўлиб абадий қолади. Ўзбекистон фарзандлари юз йиллардан кейин ҳам Бош Қомусимизни ўқиганда уни ўз қўллари билан ёзган, минг бор ўйлаб бир кесган боболари Ислом Каримовни ёдга олади. 
манба

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.