топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Баркамол авлод марказлари

Обод турмуш - жамият пойдевори
Жамият


Ўқувчининг бўш вақти
Бугунги ўсмирларнинг бўш вақтларини қандай ўтказишлари ота-оналарга ҳам, устозларга ҳам, қолаверса, барчамиз учун катта аҳамиятга эга. Агарда ўқувчи бўш вақтини бир мақсадга йўналтирмаса, ҳар турфа шов-шувга бой, аммо фойдали билим бермайдиган газеталар, интернетнинг ахборот хуружлари, ҳатто зарарли саҳифалари, компьютер ўйинлари каби инсоннинг бебаҳо умрини совурадиган, ақлни лолу ҳайрон этиб, нафақат кунларни, балки йилларни лаҳзадай ўтказиб юборадиган воситалар тўлиб-тошиб ётибди. Ўсмирни чалғитадиган шундай муҳитда ҳар ким ўз олдига бирон мақсад қўйиши ва уни амалга ошириш сари интилиши, шунга яраша билим-кўникмаларни эгаллаши лозимдир. Демак, ўсмир ўзининг бўш вақтини одоб, билим, саломатлик – баркамоллик сирларини ўзлаштиришга бағишлаши керак. Акс ҳолда, унинг ҳаёти ўз-ўзидан зарарли ахборотларга, одатларга тўлиб бораверади.           
Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган давримизда ёшлар учун оддий мактаб даражасида билим олиш билан чекланиб бўлмаслиги барчага аён. Шунинг учун ҳам тўққиз йиллик умумий таълимдан сўнг уч йиллик касб-ҳунар таълими йўлга қўйилганки, ҳунар эгаллаган ёшлар истасалар олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари ёки танлаган ҳунарлари бўйича меҳнат фаолиятини бошлаши мумкин. Таъкидлаш жоиз, ўқувчи касб-ҳунар коллежига киргунга қадар ҳам ўзи қизиққан ҳунар сирларини ўрганиб олиши ёки касб танлаши учун таълим тизимида етарли шароит бор. Демак, ўқувчилик давридаёқ ўзини қизиқтирган касб ёки ҳунар сирларини эгалласа бўлади.  
Биринчидан, умумтаълим мактабларидаги қизиқишга оид ёки фан тўгараклари ўқувчиларга танлаган йўналиши бўйича атрофлича ва чуқур билим бериши мумкин (Ҳозирги вақтда ҳатто, мактабгача таълим муассасаларида ҳам инглиз тили тўгараклари очилган). Кўпчилик ўқувчиларга бу имкониятнинг қулайлиги шундаки, ўқувчига фанни ҳам ва бу фанни ўрганиш юзасидан қўшимча билим берувчи тўгарак машғулотини ҳам бир ўқитувчи ўтказади. Бу борада ўқувчи ва устоз бир-бирининг имкониятларини яхши биладилар ва мунтазам равишда мулоқотда бўладилар.
Иккинчидан, мактабдан ташқари ёки қўшимча таълим муассасалари – болалар спорт мажмуаси, болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил қилинган тўгаракларда ўқувчининг қизиқишларига оид тўгараклар мавжуд. Бу масканларда тарбияланаётган ёшлар нафақат республикамизда, балки халқаро спорт мусобақаларида, мусиқа ва санъат танловларида юксак натижаларга эришмоқдалар. Мамлакатимиз спорти ва санъатини тараққий эттирувчи истеъдодларни етказиб берувчи бошланғич таълим маскани бўлиб шаклланган бу муассасалар моддий-техник жиҳатдан ҳам, ўқув-услубий жиҳатдан ҳам ва, асосийси, тажрибали устозлар билан етарли даражада таъминланган. Айни вақтда республикамизда уч юздан ортиқ болалар мусиқа ва санъат мактаблари, икки юздан ортиқ болалар спорт мажмуалари фаолият юритмоқда.    
Бугун биз мазкур мақолада фикр-мулоҳаза билдираётган “Баркамол авлод” марказлари эса, кенг қамровлиги, ўзига хос анъаналарга бойлиги билан ажралиб туради. Марказдаги таълимнинг мазмун-моҳияти умумтаълим мактабларидаги фанларга ҳам, “Камалак” болалар ташкилотининг фаолият йўналишларига ҳам мослиги ўқувчининг кундалик фаолиятига, орзу-интилишларига муштарак бўлиб, унинг назарий-амалий интилишларини мужассамлаштиради.
Такомиллашган марказлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул этилганидан сўнг марказлар фаолияти қайта ташкил этилиб, уларни замон талаблари даражасида жиҳозлаш, моддий-техник манбаини ривожлантириш борасида янги давр бошланди.
  Республика бўйича халқ таълими тизимидаги жами 211 та кўп тармоқли “Баркамол авлод” болалар марказлари, яъни ҳар бир туман (шаҳар)да ҳамда ҳудудий марказларда биттадан, шунингдек, техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишида фаолият кўрсатувчи учта республика “Баркамол авлод” болалар марказлари қайта ташкил этилди. Бу асосда 2011-2014 йилларда “Баркамол авлод” болалар марказларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланиб, 2011 йилда 30 та, 2012 йилда 51 та, 2013 йилда 64 та марказ мукаммал таъмирланиб, жиҳозланди. Шунингдек, жорий йилда 66 та марказда шундай бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Марказларда яратилаётган замонавий шарт-шароитлар натижасида тўгараклар ва уларга жалб қилинаётган болалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2011 йилда жами марказлардаги тўгараклар сони 2423 та бўлса, орадан уч йил ўтиб 4485 тага етди, жорий йилги кўрсаткич эса икки баробардан ошди. Шунингдек, ўтган уч йил давомида ушбу тўгараклардаги ўқувчилар сони ҳам (68401 нафардан 107953 нафарга) қарийб юз фоизга ортди. Уларга республика бўйича беш ярим минг нафарга яқин педагоглар касб-ҳунар сирларини ўргатмоқдалар. 
Республика халқ таълими вазирлиги қошидаги уч йўналишда фаолият юритаётган марказлар – Бадиий ижодиёт, Техник ижодкорлик ва Ўлкашунослик ва экология марказлари намунали тўгараклар ташкил этиш билан биргаликда улар юртимиздаги барча “Баркамол авлод” марказларига услубий таъминотни ҳам амалга оширади. Илғор иш тажрибаларини аниқлайди, қўллаб-қувватлайди ва оммалаштиради. Республика марказлари бевосита илмий-тадқиқот институтлари, ўз соҳаларига оид йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари, давлат ва нодавлат муассасалари билан ҳамкорлик қилар экан, мавжуд тўгараклар фаолиятини янгиликлар билан бойитиб боради. Айниқса, марказларнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан биргаликда ташкил этаётган тадбирлари эътиборга молик. Бу албатта, фаолиятларнинг муштараклиги натижасидир. “Камалак” болалар ташкилоти ўзининг етти йўналишида ҳам сафларини тўлдириш учун кенг қамровли марказлардаги тўгаракларда таълим олаётган ўқувчиларни жалб этишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, болалар ташкилотининг “Экосан” йўналиши олдига қўйган вазифалар Ўлкашунослик ва экология марказлари аъзоларининг қизиқишларига хосдир. Демак, экология соҳасига интилувчи болалар бир пайтнинг ўзида ҳам ҳаракатда, ҳам марказда ҳамфикр тенгдошлари орасида бўлиб, ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятларига эга бўладилар. Бундан ташқари, сайёҳлик тўгараклари учун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Янги нигоҳ” сингари қатор танловлар ўтказилиб, соҳага интилган ўқувчи ёшлар қўллаб-қувватланмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам ўлкашунослик тўгараги аъзолари учун туганмас манбадир.
Ранг-баранг тўгараклар
Баркамол авлод марказларининг ўзига хослиги ва ўқувчилар учун қулайлиги – унинг кенг қамровлиги ва турли йўналишлардаги тўгаракларга бойлигидир. Уларда болалар бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик, ўлкашунослик ва экология соҳалари бўйича бошланғич касб-ҳунар сирларини ўрганишлари мумкин. Бу уч йўналиш ўз доирасида яна ўнлаб тўгаракларни ҳосил қилади. Жумладан, Ўлкашунослик ва экология йўналишида сайёҳлик, ўлкашунослик, экология, гулчилик, боғдорчилик каби, Техник ижодкорлик соҳасида самолётсозлик, автомобилсозлик, чилангарлик, металга гул солиш сингари, Бадиий ижодиёт йўналишида шеърият, рақс, рассомлик, каштачилик, ганжкорлик ва бошқа ўнлаб тўгараклар очилган.
«Баркамол авлод» болалар марказларининг асосий вазифалари болаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига мувофиқ равишда ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг мактаб таълимидан бўш вақтларини фойдали фаолиятга йўналтиришдир. Жумладан, техник билимларга қизиқувчи ўқувчиларга меҳнатсеварликни, касб тайёргарлигининг дастлабки уқув ва кўникмаларини сингдириш, фан-техника тараққиётининг истиқболли йўналишларига мувофиқ равишда техник воситалар ва компьютер технологиялари воситасида техник ижодкорликни ривожлантириш имкониятини яратади. Экология ва ўлкашунослик соҳасига интилувчи болалар эса, жонажон ўлкамиз тарихи, археологик ва маданий меросини чуқур ўрганишлари, табиий бойликларимиз билан танишишлари ҳамда экология-атроф муҳит муҳофазаси борасида дастлабки билимларни эгаллашлари мумкин.
Тўгарак раҳбарлари орасида моҳир усталар, элга таниқли санъаткорлар борки, уларнинг меҳнатлари самараси сифатида марказлар фаолияти мазмунан такомиллашиб бормоқда.Илғор педагогик усуллардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шаклларини кенг жорий этиш учун имкониятлар яратилган. Тўгараклар замонавий даражада фаолият юритишлари учун асбоб-ускуналар билан таъминланган. Ҳукумат қарори билан марказларнинг моддий-техник жиҳозлаш меъёрлари тасдиқланиб, улар компьютер синфлари, тикув машиналари, турли дастгоҳлар, ўқув жиҳозлари, ҳар бир тўгаракнинг мазмунидан келиб чиқиб, эҳтиёжга яраша  таъминланган. Марказларда тадбирлар ва кўргазма заллари бўлиб, улар замонавий овоз кучайтиргич ва ёритгич воситалари билан жиҳозланган. Ёш истеъдодлар учун ижод намуналарини, эришган ютуқларини ота-оналарга, тенгдошларига саҳнада ёки кўргазмада намойиш этиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу тадбирлар синов, имтиҳон вазифасини ўташ баробарида истеъдодларнинг эътироф этилиши ҳамдир. Чунки улар жаҳоннинг катта саҳналарига йўлни шу ўзларининг марказларидаги жонажон жажжи саҳналаридан бошлайдилар.
Таъкидлаш жоизки, “Баркамол авлод” марказларида халқимизнинг маданият, санъат, ҳунармандчилик борасидаги асрий анъаналари сақланиб, шу соҳани танлаган ва чин қалбдан унга интилган ёшларнинг қалбига кўчади ва замонавий тажрибалар, янгиликлар билан бойитиб борилади. Миллий маданиятимиз ёш истеъдодлар орқали халқаро миқёсларда хорижлик тенгдошларига таништирилади. Биргина мисол, ўтган йили Москва шаҳрида “Яшил сайёра-2013” халқаро болалар экологик форуми доирасида бўлиб ўтган “Яшил сайёра болалар кўзи билан” мавзусидаги расмлар, “Хилма-хил асрий анъаналар” мавзусидаги табиий хом-ашёдан тайёрланган қўл ишлари, “Замонавийлик ва анъана” мавзусидаги экологик тоза хом-ашёдан тайёрланган либос дизайни коллекцияси” деб номланган учта танловда ҳам Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказининг “Тасвирий санъат”, “Либослар дизайни” тўгаракларининг ўндан ортиқ ўқувчилари совринли ўринларни эгаллаши асносида миллий либосларимиз ва анъаналаримизни жаҳон саҳналарида тенгдошларига намойиш этиб, кўпчиликка манзур эта олдилар.
Натижалар
Миллий адабиётимиз тарихида Ғайратий домланинг Ўқувчилар саройида очилган адабиёт тўгараги ҳақида кўп бор ёзилган. Чунки, ўтган асрнинг 50-йилларида Ўқувчилар уйида ташкил қилинган бу тўгаракдан кейинчалик халқимиз севган шоирлар – Эркин Вохидов, Сайёр, Хайриддин Салоҳ каби ўнлаб истеъдодлар етишиб чиққан. Уларнинг барчаси бугунги ўзбек адабиётининг атоқли вакилларидир.
Республика “Баркамол авлод” марказидаги доирачилар тўгараги ҳам дунёга машҳур. Ҳозирги вақтда нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам таниқли бўлган болалар бадиий ҳаваскорлик дасталари –Тошкент шаҳар Шайҳонтохур туманидаги марказнинг “Асал”, Чилонзор  туманидаги марказнинг “Аладдин”, Яккасарой туманидаги марказнинг “Фольклор-вокал” каби ўндан ортиқ болалар бадиий гуруҳлари ўзиларининг анъаналари, шарафли йўлига эга.
“Баркамол авлод” марказлари тарбияланувчилари кейинги икки йил давомида Германия, Чехия, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Украина, Россия, Белоруссия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон каби ўндан ортиқ хорижий давлатларда бўлиб ўтган болалар фестиваллари, турли мавзудаги кўрик-танловларда юқори натижаларга эришиб, дунёдаги тенгдошларидан сира кам эмасликларини исботлаб келдилар.
Жумладан, ўтган 2013 йил Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Баркамол авлод” болалар марказининг “Фольклор-вокал” тўгараги учун катта муваффақиятлар келтирди. Мазкур тўгарак аъзолари бир йил давомида Москвада ўтказилган “Икки мушук” замонавий ашула ва рақс халқаро болалар фестивалида, Словениянинг Витецк шаҳрида “Славян бозори-2013” халқаро болалар мусиқа кўрик-танловида, Украинанинг Ливадия шаҳрида “Юлдузли Қрим” халқаро фествалида, Латвия пойтахтида “Рига симфония” халқаро болалар қўшиқлари кўрик-танловида катта муваффақиятларга эришдилар. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.
Агар истеъдодли болаларнинг халқаро танловлардаги ютуқларини мазмунан таҳлил этсангиз, улар барча йўналишларда ҳам мумтоз санъатимиз, маданиятимиз, халқ ижодиёти, миллий ҳунармандчилик намуналарини намойиши билан хорижликларнинг эътиборини қозонганликлари ойдинлашади. Албатта, бу халқимизнинг асрлар синовидан ўтиб келган дурдона асарларини дунёда тарғиб этиш, маданиятимизни бошқа халқларга беғубор қалблар орқали таништиришдир. Бу эса, катта масъулият ва шарафли вазифадир.
Бугунги ўқувчилар ҳақида алоҳида таъкидлаш жоизки, улар жуда зийрак, тиришқоқ, қизиқувчан, изланувчан ва бахтиёрдирлар. Уларга катта имкониятлар берилган. Фақат бундан самарали ва ўз вақтида, ўқувчилик йилларини ўтказиб юбормасдан фойдалана олишлари лозимлигини англай олишлари керак. Интернет тизими ҳар бир оилага кириб борган ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган давримизда ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, нафақат билим, балки тўғри тарбия бериш, болаликдан касбга йўналтириш барчанинг бурчидир. Болалар бўш вақтининг ҳар бир дақиқасини қандай ўтказаётганлигидан барча огоҳ бўлиши лозим.
Бу борада “Баркамол авлод” марказларининг аҳамиятини ота-оналар, айниқса, оталар ўз вақтида англаб етишлари, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил қилишда улардан самарали фойдаланишлари мақсадга мувофиқ. Халқимизда айтадилар-ку: “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”.
Ҳунарли эса, кам бўлмайди!
Ҳумоюн Акбаров
«Туркистон» газетаси 2014 йил, 25 октябр, №85

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.