топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз!

Гулистон давлат университети
Илм-фан
Жорий йилнинг 8 апрел куни Гулистон давлат университети  профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида  “Амир Темур  – фахримиз, ғуруримиз!” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.  Тадбирда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Э.Носиров, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ғ.Жўраев, “Тарих” кафедраси доценти, вилоят Амир Темур жамғармаси раиси Ў.Эрбўтаева, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” кафедраси мудири Р.Маҳмудов, “Тарих” кафедраси катта ўқитувчиси Ш.Бектурдиевлар иштирок этдилар.

Анжуманни маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Э.Насиров кириш сўзи билан очди. Жумладан, собиқ иттифоқ даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндашилиб, унга бир ёқлама баҳо бериб келингани, Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан сўнг, бундай қарашларга барҳам берилгани, Президентимиз Ислом Каримовнинг сайи-ҳаракати билан Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни қайта тикланганлигини, бугун эса, ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллиги мамлакатимиз ва хорижий давлатларда кенг нишонланаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, сўз навбати Амир Темур бобомиз фаолияти ва ижоди бўйича кўп йил изланиш олиб борган олим, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ғулом Жўрага берилди. Ғулом Жўраев “Амир Темур  – етти иқлим ҳукмдори!” мавзусида қуйидагиларни маъруза қилди: “Амир Темур 35 йил давомида мамлакатни бошқарди. Кўпдан-кўп ҳарбий юришларни амалга оширди. Кўп мамлакатлар забт этилди. Оқибатда Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди. Бундан ташқари, Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ўзига бўйсундирди. Бу мамлакатлардан Амир Темур катта ўлжалар билан бир қаторда кўзга кўринган олимлар, ҳунармандлар ва моҳир усталарни Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорога кўчириб олиб келди. Бу шаҳар ва қишлоқлар обод қилинди. У нафақат Мовароуннаҳр ва Туркистонни обод қилди, балки бўйсундирилган мамлакатларнинг шаҳарларини ҳам қайта қурдирди. Бағдод, Дарбанд ва Байлакон шаҳарларини қайта тиклади. Карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар ҳамда боғ-у, бўстонлар барпо этди. Энг муҳими Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги тарқоқлик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, Шарқ билан Ғарбни боғловчи қадимий карвон йўлларини тиклади. Бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётга халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди”.

Навбатдаги сўз, “Тарих” кафедраси доценти, вилоят Амир Темур жамғармаси раиси Ў.Эрбўтаевага берилди. Ў.Эрбўтаева сўзга чиқиб, Ўзбекистонда бобокалонимиз Амир Темур фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилганлигини, унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилганлигини, кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, хўжаликлар, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқалар унинг номи билан аталишини, Ислом Каримов ташаббуси ва раҳномалигида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилганлигини, 1995 йилда Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинганлигини, Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонида 1996 йилда Темурийлар даври музейи барпо этилганлигини ва “Амир Темур” ордени таъсис этилганлигини, 1996 йилда Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланганлигини, Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий филм, спектакллар ва кўплаб шеърий ҳамда насрий асарлар яратилганлигини маълум қилди.

Шундан сўнг, сўз навбати “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” кафедраси мудири Р.Махмудовга берилди. Нотиқ ўз сўзида манбаларда соҳибқирон Амир Темур — ёрқин хислатларга эга эканлиги, хотираси ўткир, шижоатли ва қатьиятли, бир сўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланганлигини қайд этди. Шунингдек, Амир Темурнинг Осиё, умуман жаҳон тарихидаги хизматлари ва тутган ўрни ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, ерли халқнинг бу соҳадаги орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган саркарда эканлигини; Амир Темур кўп йиллар давомида мустамлака бўлиб, чет эллик ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти, халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона давлатни барпо этганлигини; Амир Темур ҳам ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилганлигини ва Европа мамлакатларининг ривожланишини тезлашишига ўз ҳиссасини қўшганлигини; Росcияни Олтин Ўрда зулмидан, Европани Туркия тажаввузидан сақлаб қолганлигини; Амир Темур ўз сиёсати орқали маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилганлигини; ўз сиёсати билан маданий юксалишга ва  туркий тилнинг ривожига кенг йўл очиб, нафақат Марказий Осиёнинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдирганлиги ва ривожланишига катта таъсир кўрсатганлигини таъкидлаб ўтди.

Навбатдаги сўз, “Тарих” кафедраси катта ўқитувчиси Ш.Бектурдиевга берилди. Ш.Бектурдиев қуйидагиларни маъруза қилди: “Амир Темур ҳаётлик давридаёқ унинг ҳарбий санъати ва давлат бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у “Темур тузуклари” номи остида шухрат топди. Бу асар шахсан Темурнинг оғзидан ёзиб олинган деб ҳисобланади. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг йўналиши ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳларнинг маоши, мамлакатни идора этиш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурчи ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу-тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар хусусида баён этилади. Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. Амалий жиҳатдан фойда келтира оладиган ҳар қанқа билимни қадрлаган. У давлат ишлари учун ҳамма нарсанинг фойдали томонларини олишга ҳаракат қилган”.

Шундан сўнг, сўз навбати “64-14” гуруҳ талабаси М.Турдимухаматов ва “55-15” гуруҳи талабаси Х.Ўрмоновларга берилди. Талабалар Амир Темурнинг ҳарбий фаолияти ва Амир Темурнинг устозлари ҳақида маъруза қилишди.
          Тадбир сўнгида талабалар томонидан Амир Темурнинг фаолиятига оид берилган кўплаб саволларга соҳа мутахассислари жавоб беришди ҳамда талабаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
 
             
 
Маънавият ва маърифат   бўлими 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.