топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“ҚАЙНОНА” ВА “КЕЛИН” ТЕРМИНЛАРИНИНГ ЭТИМОЛОГИЯСИ ХУСУСИДА

Гулистон давлат университети
Илм-фан


Ҳар бир халқнинг асрий тажрибаларини ўзида мужассам қилган она тилидаги лисоний бойликларни асраб қолиш, уни илмий таҳлил қилиш, кейинги авлодларга  етказиш ҳозирги фан олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Ҳозирги, яъни илмий – техник тараққиёт даврида, ахборот  технологиялари  ҳаётнинг барча cоҳаларига  жадал суръатлар билан кириб бораётган ХХI асрда  адабий тилнинг халқ тилига, диалектларга таъсири катта бўлади.

Бу, ўз навбатида, халқ тилида мавжуд бўлган баъзи воситаларнинг унутилиб кетишига, уларнинг аста – секин йўқола боришига сабабчи бўлади. Шундай лексик  қатламлардан бири, шубҳасиз, ўзбек тилидаги қариндошлик терминларидир (номларидир).

Ўзбек тилшунослигида тармоқ атамалари бирмунча ўрганилган соҳалардан  бири ҳисобланади. Бу соҳада кўпинча номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Қариндошлик номлари ҳам айрим ишларнинг объекти бўлган. Шундай бўлса-да, ҳозирги ўзбек адабий тилидаги фактларга назар солинса, она тилимиздаги қариндошликни ифодаловчи терминларнинг бир қолипга тушмаганлигига, яъни бир термин бир неча қариндошлик тушунчасини ифодалаши ёки муайян терминларнинг жинс, ёш нуқтаи назаридан фарқланмай қўлланилаётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бошқа туркий тилларга назар солсак, уларда бу масалада анчагина тартибга тушган дифференциацияни кўрамиз.

Тилнинг луғат таркибида шундай қатламлар борки, улар қардош тиллар, шеваларнинг ички тараққиёт қонунлари асосида бирдай ривожланади. Бу хил қатламни ташкил этувчи сўзлар авлоддан-авлодга мерос тарзида ўтади (1). Мана шундай лексик қатламлардан бири қариндош-уруғ номларидир. Агар биз энг қадимги ёзма манбаларга мурожаат қилсак, ҳозирги туркий тилларда ҳамда уларнинг шеваларида учрайдиган қариндошлик номларидан энг асосийлари шу манбаларда мавжуд эканлигини кўрамиз. Масалан, ата, апа, (катта қариндош)  ака, еча (ота ёки онанинг онаси), ечу, эр, ини, келин, қатун, қиз, ўғил каби номлар жуда узоқ даврлар оша бизга етиб келган (2).

Уруғ ва қабилалар ўртасида юз берган бирлашиш, ажрашиш жараёнлари элат, халқ ва миллатларнинг ташкил топиши,  улар тилининг ҳам дифференциация ва  интеграция  ҳодисаларини бошдан кечиришга сабаб бўлган. Натижада бир уруғ, қабила ёки элат тилидаги қариндошликни ифода қилувчи бир ёки бир неча ном ўрнини иккинчи уруғ, қабила, элат (янги бирлашмада етакчи бўлиб турган) тилига оид шу тушунчани билдирадиган ном эгаллайди ва қўлланиш доираси кенгаяди, бошқасиники тораяди, бора-бора истеъмолдан чиқиб кетади. Бу хилдаги қариндошлик номлари туркий тиллар тарихига оид манбаларда кўплаб учрайди. VIII  асрга доир Ўрхун ёдномаларида őг (мать), йегин (племянник), йотаз (жена) лексемалари ишлатилган. “Девону луғотит турк” да фарзанд тушунчаси ганч/канч, кенжа бола-аштал, кундош-куни, қуда-тунур, ака-ичи, опа (эгачи) лексемалари орқали ифода қилинган(3). Лекин юқорида тилга олинган номлардан баъзилари  бошқаси билан алмашган, айримларининг маъноси ўзгарган. Буларнинг барчаси тарихий тараққиёт билан боғланган.

Ўзбек адабий тили ва унинг шева ҳамда  диалектлари қариндошликни ифодаловчи терминларга бойлиги ва ранг- баранглиги билан бошқа туркий тиллардан ажралиб туради. Шуниси ҳам борки, уларнинг бир қисми умумдиалектал ва баъзилари маълум бир шева, диалектга хос бўлиб, адабий тилга ўзлашиб кета олмаган.

Ўзбек тилининг шева ва диалектларида қариндошлик терминларининг
нақадар бой эканлигини  тилшунос А. Ишаев томонидан эълон қилинган бир ишда ҳам кўриш мумкин(4). Мана шу ишга ва ҳозирги ўзбек адабий тилидаги фактларга назар солинса, она тилимизда қариндошликни ифодаловчи терминларни тартибга солиш борасида  ўз ечимини кутаётган  масалалар талайгина эканлиги маълум бўлади.

         Энди ўзбек ва қардош туркий тиллардаги аёлларга хос бўлган қариндошлик терминларининг этимологияси хусусида айрим фикрларимизни баён қиламиз.
 Қайнона  термини  синхрон нуқтаси назардан туб деб қаралса-да, диахрон нуқтаи назардан у “қайин” ва “она” қисмларидан иборат эканлиги маълум бўлади. Қадимги уйғур тилида “қай” термини “терс” деган маънони ифодалаган. Олтой тилида  “қай” орқага қарамоқ (обратиться назад), чуваш тилида “қай” термини “орқага қайтиш” (идти обратно), қирғиз, ўзбек, қозоқ, татар ва бошқа баъзи туркий тилларда “қайт”,  “қайтмоқ” (вернуться) маъносида ишлатилади. Демак, “қайин” терминининг  ўзаги “қай”дир. Келин ва куёвга янги “она”нинг қайтиши (эга бўлиш маъносида) қайнона, аканинг қайтиши қайниака, опанинг мавжудлиги қайниопа, янги сингилнинг пайдо бўлиши қайнисингил, укага эга бўлиш қайниука терминларининг вужудга келишига сабабчи бўлган. “Қайин” терминига –и эгалик қўшимчаси қўшилганда, бу лексема қайни шаклида ёзилади ва ўқилади. Айтиш мумкинки, лексема таркибидаги –ин сўз ясовчи қўшимча: қай+ин.

Бошқа туркий тилларнинг луғат қатламини кўздан кечирар эканмиз, кабардин-балқар тилида бу термин къайин ана (тёща, свекровь), туркман тилида гаайын эне (свекровь и   тёща), бурят-мўғул тилида хадам ежы (тёща), қалмиқ тилида хадм эк шаклида эканлиги маълум бўлди.

1981 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни  кўздан кечирар эканмиз, мазкур лексемага шундай таъриф берилганлигининг гувоҳи бўламиз: “Қайин она (эрнинг онаси унинг хотинига нисбатан ва хотиннинг онаси унинг эрига нисбатан). Фотиҳа ўқилиб, куёв қайнонага узр айтди. (А. Қодирий. Ўтган кунлар).

Бугунги кунда  туб  лексема деб қаралаётган   бир қатор қариндошлик терминлари борки, уларнинг  илдизлари ўрганилганда,  бу луғавий бирликлар  ҳам ясама эканлиги  маълум бўлади.

         Жумладан, келин лексемаси кел феълига –ин  ясовчи қўшимчаси қўшилишидан ҳосил бўлган. Ўрхун-Енисей ёдгорликлари тилини тадқиқ қилган В.В. Радлов  ва П. Мелиоранскийлар келин  лексемаси   кел  феълига  -ин сўз ясовчи қўшимчасини қўшиш орқали ясалганлигини таъкидлайдилар. Шу билан бирга, Ўрхун-Енисей ёдномалари тилида, қирғиз, ўзбек, уйғур тилларида келин, туркман тилида гелин-“сноха приходящая или тот, кто приходит в дом мужа” деб изоҳлайдилар(5).

Мазкур термин кабардин-балқар тилида келин, нўғой тилида ҳам келин, қалмиқ тилида келсн шаклида ифода қилинар экан.

Туркман  тили тарихи бўйича тадқиқодлар  олиб  борган  тилшунос   олим З. Муҳамедова “Исследования по истории туркменского языка XI-XIV веков” номли китобида “келин” лексемаси ҳақида шундай ёзади: Келин –“невестка”, “ўғилнинг хотини”, “келин”, човдур диалектида жарангсиз ундош билан талаффуз қилинади: келин. Салыр шевасида кел апа < келин апа-тётушка. Ҳозирги туркман адабий тилида гелинеже-жена старшего брата(6). Қариндошлик терминлари бўйича тадқиқотлар  олиб борган тилшунос Л. Покровскаянинг мазкур термин бўйича фикрлари қуйидагича: гелин < гел+ин “приходит”(7).

Л.Покровскаянинг тадқиқотидан ҳам кўриниб турибдики, келин лексемаси кел феълига  -ин ясовчи қўшимчасини қўшиш орқали ҳосил бўлган. Ҳозирги ўзбек адабий тилида ҳам қатор лексемаларнинг –ин ясовчи аффикси ёрдамида ясалганини сезиш қийин эмас: эк+ин, ёғ+ин каби.

Юқорида айтилган фикрларга кўра, қариндош-уруғ ва яқинликка оид номлар тилнинг ички тараққиёт қонунлари асосида ривожланадиган, тилларнинг яқинлигини ва қариндошлигини белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўла оладиган,  авлоддан-авлодга мерос тарзида ўтадиган барқарор лексик қатлам ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки,  тилдаги қариндошликни ифодаловчи  терминларнинг келиб чиқишини, этимонини аниқлаш тилшунослик фани олдида турган вазифалардандир.

Адабиётлар:
1. Дж. Клоусон. Лексикостатистическая оценка алтайской теории. ВЯ,   
5, 1969.
2.Айдаров Г… Язык орхонских  памятников VIII века.Алма-ата. 1971.
3.Маҳмуд Кошғарий.Девону луғотит турк.Индекс-луғат.Тошкент, 1967.
4… Ишаев А. Ўзбек шеваларидаги қариндошлик терминлари. –Ўзбек
халқ шевалари луғати. Тошкент,1971.
5. Радлов В.В. Die Attrükischenlnschrften.., СПб., 1897, с 59.
6. Мухамедова З.Исследования по истории туркменского языка.
Ашхабад, 1972.
7. Покровская Л.Терминыродства в тюркских языках. М., 1961.
 
 
Ҳамид Ёдгоров, ГулДУ доценти
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.