топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Онгда – имон, дилда – эътиқод устувор бўлсин

Фикр, ғоя ва маърифат
Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусида ўтказилган анжуман ва унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқи мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-маданий ҳамда маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Зеро, аввало, ушбу учрашув Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида, яъни ана шундай кенг қамровда илк бор ўтказилди.
 Айни чоғда, давлатимиз раҳбарининг “Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик” деб номланган нутқи дунё манзараси жуда кескин, ҳатто хатарли тус олаётган бугунги кунда ўта долзарб ва нозик масалаларга бағишлангани билан ғоятда аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, мазмун-моҳиятан кенг қамровли, ҳаётий таҳлиллар асосида чуқур ёндашилган ҳамда давлат ва жамият олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар аниқ кўрсатиб берилган мазкур нутқни кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан ўрганмоқда.
Дин ва жамият 
Ушбу тарихий анжуманда эл-юртимиз ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган дин арбоблари, илм-фан, маданият намояндалари, жамоатчилик вакилларидан иборат кенг зиёлилар вакиллари қатнашгани ниҳоятда муҳимдир. Чунки, анжуманда чуқур муҳокама қилинган масала, мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда улкан аҳамият касб этмоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, Конституциямиз ва қонунларимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларимиз тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани кафолатлаб қўйилганини, уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилганини таъкидлаш лозим. Айни вақтда изчиллик билан амалга оширилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи устувор йўналишида ҳам миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича энг муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, “Ҳаракатлар стратегияси” барча соҳа ва тармоқларда ҳаётимизга чуқур кириб, амалий ҳаракатларимиз мезонига айланиб бормоқда. Айниқса, 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани бу борада катта аҳамият касб этади.
Бинобарин, Истиқлол йилларида юртимизда янги Уйғониш даври бошланди. Бу, айниқса, диний соҳада яққол намоён бўлди. Диний китоблар, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлар чоп этилди. Диний ёдгорликлар тикланди, қадамжо ва зиёратгоҳлар таъмирланди.Улуғ аждодларимизнинг юбилейлари мунтазам нишонлаб келинмоқда. Юртимизда эркин ибодат қилиш кафолатланган бўлиб, фуқароларга диний маросимларни эркин адо этиши учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Диний байрамлар ўтказилмоқда. Кейинги вақтда диний таълим олиш имкониятлари ва кўлами янада кенгайди.
Ҳар йили ҳаж ва умра сафарлари амалга оширилмоқда. Бу ўринда, албатта, Президентимиз нутқида келтирилган қуйидаги далил ва рақамлар жуда аҳамиятли: ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга бўлган эди, холос. Мустақиллик йилларида эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келади. Жумладан, жорий йилда 7200 нафар фуқаро муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўлади.
Буларни барчасининг замирида, шубҳасиз, Ўзбекистонда диннинг конституциявий институт мақомига эга экани муҳим омил бўлмоқда. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасига кўра, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Булар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳисобланади.
Шу билан бирга, Бош Қомусимизнинг  57-моддасида бу борадаги муайян мажбуриятлар ҳам назарда тутилган. Яъни, “Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади”.
Бу – бутун жаҳонда умумэътироф этилган нормалардир. Ушбу қоидалар диний ташкилотларга ҳам тааллуқли. Конституциямизнинг 61-моддасида қайд этилганидек, “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”. Содда қилиб айтганда, юртимизда дин давлатдан ажратилган. Шунинг учун Ўзбекистон – дунёвий давлатдир. Шу билан бирга, давлат ислом маданиятига таянади.
Дин – фуқаролик жамиятининг муҳим институти. Шу маънода, диний ташкилотларга доир нормалар Конституциянинг “Жамият ва шахс” номли учинчи бўлимида берилган. Асосий Қонунимизнинг 48-моддасига биноан, “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”. Ана шундай муҳим конституциявий ҳуқуққа риоя этилгани туфайли, агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда.
Конституциянинг 49-моддасига мувофиқ, “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар”. Шу ўринда ислом дини, улуғ аждодларимиз эл-юртимизнинг бой тарихий, маънавий ва маданий меросига улкан ҳисса қўшганини таъкидлаш зарур. Юртимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 138 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда.
Шу борада, давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Хусусан, IX-XI асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси ва “Байт ул-ҳикма”, яъни “Донишмандлик уйи” деган ном билан шуҳрат қозонган Бағдод академиясида, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида самарали меҳнат қилган олимлар, ўтмишда юртимизда ислом динининг мазмун-моҳиятини чуқур тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш бўйича бетакрор асарлар яратган уламолар бутун дунёга донг таратганлар.
Бугунги кунда мамлакатимизда ана шу улуғ аждодлар изидан бораётган уламоларимиз ва дин соҳаси ходимлари диний билимларни пухта эгаллаш билан бир қаторда, дунёвий ва ҳуқуқий билимларни ҳам билишлари даркор. Айниқса, Конституция ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликдан хабардор бўлишлари ва уларга риоя қилишлари  шарт.
Дин соҳаси ходимлари, шунингдек, виждон эркинлигига оид халқаро ҳуқуқ нормаларидан ҳам яхши хабардор бўлишлари талаб этилади. Шундай экан, диний ўқув юртларида ҳам Конституция ва ҳуқуқий билимлар ўқитилиши тақозо этилади. Хусусан, Имом Бухорий марказида ҳозирги пайтда  Конституция асослари ўқитилмоқда.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.