топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Огоҳ бўлайлик

Фикр, ғоя ва маърифат
Маданият ва маърифат
 
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, мустақил Ўзбекистонимиз кундан-кунга чирой  очиб бормоқда. Юртимизнинг турли жабҳаларда ривожланиш жараёни жуда тез суратда кечаётганлиги кишини қувонтиради. Бугунги кунда халқимизнинг неча асрлик орзулари рўёбга чиқди. Ўзбекистон Республикасининг илк Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни “Ўзбек халқи учун жон фидо қилган инсон” — десак муболаға бўлмайди менинг наздимда. У киши халқнинг азалий орзуларини рўёбга чиқариб эркимиз, мустақиллигимизни қўлга киритишимизда оламшумул жонбозлик кўрсатдилар.
 
Аммо, тобора яшнаб бораётган боғ зараркунандаларнинг ҳам эътиборида  бўлгани каби, жаннатмакон юртимизнинг ҳам душманлари йўқ дея олмаймиз. Динни ниқоб қилиб олган ғаразгўй кимсалар ўзларининг манфур мақсадларини  амалга оширишда ҳеч нарсадан тап-тортмаётганлиги аянчли ҳолат. Айнан ислом динидек муқаддас ва мукаммал динда инсон қадр-қиммати масаласи энг олий масала саналади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Мусулмон — мусулмонлар унинг  қўлидан ва тилидан омонда бўлган кишидир. Мухожир – Аллоҳ қайтарган  нарсалардан узоқ бўлган кишидир”.
Демак, юқоридаги гапимизнинг тасдиғи ушбу ҳадиси-шарифдан кўриниб турибди. Мусулмон ҳеч қачон тинч осуда яшаётган халқни ўлдириб тинчлигини бузмайди. Жирканч жиноятчилар манфур мақсадлари йўлида ёш болалар, қариялар ва аёлларни ҳам ўлдириб юборишдан тап тортишмаяпти. Бундан кўриниб турибдики, улар қилаётган даъволар ёлғон даъволардир.
Охирати барбод бу инсонлар нафс-у ҳаволарига берилиб, ҳалокатга юз тутадилар. Аллоҳ таоло илоҳий дастур ҳисобланган Қуръони каримни тушурди. Бу  илоҳий қўлланмани ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишигина нажот топади. Тўймайдиган нафс доимо ўз истагига етишни ҳохлайди. Агарда дунёнинг ярми унга  берилган бўлса ҳам, ҳаммасига етишишга ҳаракат қилади. Бунчалар оч бўлган кўзларни фақатгина тупроқ тўйдира олади. Бу манфур мақсадли кимсаларнинг асосий “ўлжалари” ёшлардир. Улар соф кўнгилли, илмсиз ва ғўр кишиларни заҳарлаб ўз таъсирлларини ўтказиш илинжида бўлиши ҳеч биримизга сир эмас. Инсонларнинг тажрибасизлигидан фойдаланиб бегуноҳ кимсаларга аъзиятлар  етказишдан алсо чарчамайдиган кишиларнинг охирати не бўлар экан?!
Бундан ташқари бу ёвуз мақсадли кимсалар учун ижтимоий тармоқлар асосий қуролга айланиб улгурди. Интернетга бўлган эҳтиёж эса кун сайин ошиб бормоқда. Бу қурол бугун ёшларнинг чўнтагига ҳам кириб улгурган. Учинчи қўл кучлари минглаб километр узоқликда туриб айрим оқ-қорани танишга улгурмаган ёшларни қўғирчоқ каби ўйнатмоқда. Шу сабабдан ҳам ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарб масалага айланди. Ўзбекистон Республикасининг илк Президенти И.А.Каримов айтганларидек:
“…Албатта интернет орқали дунёнинг исталган  нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Биз одамларимизнинг интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб -қувватлаймиз. Такрор бўлсада айтмоқчиман — ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб маҳдудликка юз тутиш йўли асло бизга маъқул эмас.
Шу билан бир қаторда бугун ён-атрофимизда, узоқ яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди…”
Бугун шахсни манқуртга айлантиришучун Чингиз Айтматов ёзганидек, туя терисини одамнинг тақир бошига кийдириш шарт эмас. Энди содир бўладиган урушлар жанг майдонида эмас, балки мафкура полигонида юз бермоқда. Шу жиҳатдан қараганда, ёшларнинг кўп вақтини интернетда беҳуда сарфлаши катта фожиадир. Афсуски, буни ёшларимизнинг ҳаммаси ҳам англаб етмайди.
Ҳозирги даврда юртимизнинг, халқимизнинг, оиламиз ва яқин қариндошларимизнинг тинч осудаликларини сақлаб қолиш зарурлигини унутиб бўлмайди. Биз ёшларга ятариб берилган оқлаш ҳар биримизнинг бўйнимиздаги ҳам қарз ҳам фарз десак муболаға бўлмайди. Атрофингизга бир назар ташланг: беғубор болаларнинг қийқириқлари, кекса отахон, онахонларимизнинг улуғ дуоларига ҳеч нарса тенг келолмайди. Шундай экан жаннатмакон юртимизнинг тинчлиги ўз қўлимизда. Ҳозирда огоҳ бўлиб яшаш барчамизнинг зиммамиздадир! Огоҳ бўлайлик азизлар.
 
 “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
2-босқич талабаси Ҳилола Исмоилова

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.