топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Одам савдосидан қанчалик огоҳсиз?

Фикр, ғоя ва маърифат
Одам савдоси жинояти оқибатларини англаш учун ўзингизни ўзганинг қўлида тутқин ҳолда, оғир меҳнат гирдобида тасаввур қилинг. Инсон учун бундан оғир таҳқирлаш бўлмаса керак.
Инсоннинг эркинлигини, ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган бу жиноят шунинг учун ҳам дунё жамоатчилиги томонидан кескин қораланади. Одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳаракат такомиллашиб бормоқда. БМТ томонидан 2013 йилда 30 июль –Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни сифатида белгилангани бунда муҳим омил бўлди.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев ва бошқалар мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Одам савдоси жиноятининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда шу йўналишдаги Биринчи Президентимиз қарори асосида одам савдосига қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги мустаҳкамланган.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг катта маслаҳатчиси Юрген Бекер Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни изчил йўлга қўйганини қайд этди. Халқаро талабларга мос келувчи миллий қонунчилик мавжудлиги бу борадаги фаолиятни юқори даражада ташкил этишга замин яратган.

– Ҳар йили дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ одам одам савдоси жиноятидан жабр кўради, – дейди Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ), БМТ миграция бўйича агентлигининг Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчи офисининг Ўзбекистон билан алоқалар бўйича масъул ходими Санжарбек Тошбоев. – Одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳамкорликка 160 дан ортиқ давлат қўшилган. Кейинги ўн йилда МХТ тузилмаларига ёрдам сўраб мурожаат қилган юз мингга яқин одам қулликдан озод этилиб, ўз уйларга қайтарилди.

– Одам савдосининг олдини олишда тарғибот муҳим ўрин тутади, –дейди Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова. – Жорий йилнинг дастлабки олти ойида бу йўналишда 53 мингдан зиёд тарғибот тадбири ташкил этилди. Бунинг натижасида юртдошларимизда одам савдоси, унинг оқибатлари ҳақида тушунча мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада содир этилаётган жиноятлар камайиб бораётгани шунинг натижасидир.

Анжуманда Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси масъул котиби Жамолиддин Юсупов мазкур комиссия томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Комиссия фаолияти такомиллаштирилиб, яқинда соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. 15 вазирлик ва ташкилот аъзо бўлган комиссия одам савдосига қарши курашишни мувофиқлаштириб бормоқда. Профилактик чора-тадбирлар кучайтирилди. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси намуна бўлишга арзиши халқаро анжуманларда ўз исботини топаётир.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги масъул ходимининг билдиришича, Ўзбекистон Жанубий Корея, Россия Федерацияси каби давлатлар билан қонуний асосда меҳнат муносабатларини ўрнатган. Ишчилар шу давлатларга меҳнат шартномалари асосида жўнатилмоқда. Келгусида бундай ҳамкорлик Япония, Польша давлатлари билан ҳам йўлга қўйилади.

– Одам савдоси жиноятидан жабрланган фуқароларга ёрдам беришда жамоат ташкилотлари ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, – дейди Тошкент шаҳар «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот маркази директори Нодира Каримова. – Марказимиз одам савдосидан жабрланган кишилар, айниқса, хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, касб-ҳунар эгаллаб, ўз иш жойига эга бўлишида амалий кўмак бериб келмоқда.

Тадбирда Бош прокуратура ва "Ўзбекфильм" киностудияси ҳамкорлигида суратга олинган «Иснод» бадиий фильмига ишланган трейлер намойиш этилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.