топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Медиа ва медиасаводхонлик тушунчалари ҳақида

Фикр, ғоя ва маърифат
Маданият ва маърифат
МЕДИАПЕДАГОГИКА ИЖТИМОИЙ МОДЕРНИЗАЦИЯНИНГ АСОСИ СИФАТИДА
2017-02-01 222 marta o'qildi

Инсон биологик ва ижтимоий мавжудот. XX — XXI асрларда ахборотнинг мисли кўрилмаган даражада ортиши, инсон айнан ана шу ахборот уммонида чўкиш хавфи пайдо бўлганда айнан ёрдамга медиатаълимнинг келиши бежиз эмас. Аслида медиатаълим, медиасаводхонлик тушунчалари анча илгари пайдо бўлиб, аввало ахборотни тушиниш, саралаш, қайта ишлаш ва онгли равишда, зарурини қабул қилишни англатади. Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий тараққиёти асрлар давомида ўзгаради, такомиллашади ёхуд салбий ахборотлар таъсирида жамият аъзоларининг фикри ўзгариши оқибатида регрессияга учрайди. Олимлар “модернизация” тушунчаси остида анъанавий жамиятнинг постиндустриал босқичга ўтишини тушунишади ва унга цивилизациянинг ажралмас бўлаги сифатида қарашади1. 100 йил илгари кино пайдо бўлиши билан аудиовизул ахборотнинг вужудга келиши айнана медиатаълимнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Статистик маълумотларга кўра бугунга келиб дунёда аудиовизул ахборотнинг тарқалиш тезлиги кино пайдо бўлгандан бошлаб 700 маротаба кўпайган. Бугунги кунда ахборотни қабул қилаётган авлод бевосита телевизор, компьютер, интернет, смартфон ва айпадлар билан вояга етмоқда. Шу билан биргаликда рақамли технологиялар орқали тарқатилаётган ахборотларни борича қабул қилаётгани ачинарли ҳол. Бугунги кун медиатаълими биринчи галда аудиовизуал тилни яхши билиши ва унинг салбий ва ижобий томонларини фарқлай олиши зарур. Буни албатта медиатаълимнинг ажралмас қисми бўлган медиапедагогика амалга оширади. Зеро медапедагогика оммавий коммуникация қонуниятларини тизимли равишда ўрганувчи, ёшларни замонавий ахборий шароитда ҳаётга тайёрловчи, инсонни турли хил ахборотларни фарқлай оладиган ва уларнинг онгга таъсир даражасини ўрганадиган йўналишдир. Бугунги кунда таълимда оммавий ахборот воситалари ва ахборотдан фойдаланишнинг бир неча усуллари мавжуд. Шулардан интеграллашган, факультатив ва махсус ёндошувларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчи ҳолатда мавжуд ўқув фанлари орқали медиатаълим асослари ёшлар онгига сингдирилса, иккинчи ҳолатда турли хил факультатив курслар, клублар ташкил этиш, тадбирлар ўтказиш орқали мазкур жараён амалга оширилади. Махсус ёндашувда медиамаданият билан боғлиқ янги фан, махсус курс ўқув жараёнига жорий этилади. Медиапедагогика аввало медиаканаллар орқали тарқатилаётган ахборотни қабул қилиш ва қайта ишлашга, танқидий фикрлашга ўргатиш, ёшларда салбий ахборотга нисбатан иммунитетни шакллантиришдан иборат. Анъанавий предметларга интеграция қилинган медиа таълим самарадорлигини оширади, ёшларнинг қизиқишини оширишга хизмат қилади. Албатта бунда педагог зиммасига янада масъулиятлироқ вазифа юкланади. Чунки таълим жараёнига замонавий техника киритилиб, аввало ундан фойдаланишни педагогнинг ўзи яхши билиши лозим. Бундан ташқари медиапедагогика медиа тизимидаги тарбия жараёни билан ҳам шуғулланади. Айни пайтда фарзандларимиз гўдаклигиданоқ бевосита замонавий рақамли техника билан алоқага киришади. Турли хил компьютер ўйинлари, жангари фильмлар, мультфильмлар, интернет сайтлари уларни ўз домига тортади, онгига бевосита таъсир кўрсатади. Уларни тўғри йўлга бошлаш, ана шу аждар комидан қутқариш билан медиапедагогика шуғулланади. Мазкур йўналиш таълимни эмперик тадқиқ этишда намоён бўлиб, педагогика, педагогик психология, медиадидактика, информатика, лингвистика билан бевосита боғлиқ. Хоффманнинг фикрига кўра, “медиапедагогика бу мақсадли равишда ахборот ташувчилар орқали педагогик мақсад ва вазифаларни амалга оширишдир”2. Бунда медиатарбия медиадан фойдаланиш хавфсизлигини назарда тутса, медидидактика тарқатилаётган ахборотни чуқур мушоҳада қилиш ва унга танқидий ёндашиш орқали шахс ривожини билдиради. Медиапедагогика таълим жараёни билан биргаликда олиб борилиши зарур. Бугунги куннинг асосий муаммоси шундаки замонавий коммуникацион воситалар жуда ҳам тез ривожланмоқда, аммо ўқув дастурига киритилган, медиани ўрганишга қаратилган фанларнинг ривожи эса бир мунча орқада. Бундан ташқари техник воситалар шу даражада хилма хилки ўқув-тарбиявий жараёнда улардан самарали фойдаланиш учун педагоглардан ката куч талаб этилади. Демак, бугунги куннинг комил инсони тарбиясида медапедагогиканинг вазифаларини чуқур ўрганиш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш барча педагогларнинг бурчидир.

Наргис ҚОСИМОВА,

филология фанлари номзоди

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1.​ Данильчук Е.В. Теоретико-методологические основы формирования информационной культуры будущего педагога. Ростов: Изд-во Ростов. гос. пед. ун-та, 2002. 190 c.

2.​ Змановская Н.В. Программа формирования медиаобразованности учителя. -Иркутск: ИПКПРО, 2003. 65 с.

3.​ Луман Н. Медиа коммуникации. М.: Логос, 2005. 280 с.

4.​ de.wikipedia.org/wiki
1 Данильчук Е.В. Теоретико-методологические основы формирования информационной культуры будущего педагога. Ростов: Изд-во Ростов. гос. пед. ун-та, 2002. 110 c.
2 de.wikipedia.org/wiki
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.