топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Исломда экология масалалари

Фикр, ғоя ва маърифат
Маданият ва маърифат
 
Аллоҳ таоло бу дунёни чексиз ҳикматларга тўла ҳолда яратган. Атрофимизни ўраб турган барча нарсалар, гўзал табиат чин мўминлар учун катта ибрат ва Аллоҳнинг қудратига мисолдир. Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади ва энг қизиғи шундаки бу янгиланишлар асло бир-бирини такрорламайди. Кеча ва кундуз доим алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Биз уларни бошимиздан ўтказиб, умримизнинг ҳисобини шу кеча ва кундузлар билан ўлчаймиз. Шу алмашиш жараёнида фасллар ҳам янгиланади. Қиш фаслида гўё оппоқ кафанга ўрангандек қор остида ётган ўлик ерни баҳор фаслида Аллоҳ таоло қайта тирилтиради. Агар Аллоҳ кеча ва кундузни айлантирмаса, осмондан сувларни тушириб ерни тирилтирмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан қарамоғи ва табиатга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлмоғи лозим. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Абаса» сураси 24-32-оятларида шундай марҳамат қилади:
«Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир»
Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган жойларга, маҳалла-куйларга турли дарахт кўчатларни экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади. Мана шу ўринда қуйидаги ривоятни айтиб ўтишлик ўринли бўлади.
Бир подшох ўз вазири билан сайрга чиқиб бир қишлоқдан ўтиб борар экан, боғида ишлаётган қари чолни кўрди. Чол қариб қолганига қарамай меҳнат қилиб дарахт кўчатларини экаётган экан. Чолнинг бундай меҳнат қилиши подшохга жуда ёқди. Подшоҳ вазирига шу чол билан бироз суҳбатлашайлик, дея чолнинг олдига келди.
Подшоҳ: «Хорманг ота, нима қилаяпсиз? Ерга нима экаяпсиз?», деди.
Чол: «Саломат бўлинг шоҳим. Мевали дарахт экаяпман», деди.
Подшоҳ: «Отахон, буларнинг меваларини ейиш сизга насиб этармикан, ахир сиз қариган бўлсангиз, бу дарахтлар кўп йиллардан сўнг ҳосил беради-ку?», деди.
Чол: «Буларни ейиш менга насиб этмаса керак», деб жавоб берди.
Подшоҳ: «У ҳолда нега ўзингизни бунчалар қийнаб меҳнат қилиб дарахт экаяпсиз? Ўзингиз мевасини татиб кўрмаслигингизни била туриб дарахт экаяпсиз-а?», деб сўради.
Чол: «Подшоҳим, биздан олдинги ота-боболаримиз экдилар, биз едик. Энди биз ҳам экамиз ва биздан кейингилар ейишсин», деди.
Бу жавоб подшоҳга маъқул бўлди ва чолга бир ҳамён олтин берди. Чол олтинларни олиб: «Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизнинг дарахтимиз бугуннинг ўзида ҳосил берди», деди.
Бу жавоб подшоҳга ёқди ва чолга яна бир ҳамён олтин берди. 
Чол: «Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳамма дарахтлар бир йилда бир маротаба ҳосил берса, менинг эккан дарахтим икки маротаба ҳосил беради», деди.
Подшоҳ унга яна бир ҳамён олтин бермоқчи бўлди. Шунда вазири дархол тўхтатиб: «Эй подшоҳим бу ердан тезроқ кетмасак хазинангиздаги олтинлар тугаб қолади», деди. Подшоҳ ўз йўлида давом этди. 
Чол жуда хурсанд бўлиб, қўлини дуога очди: «Ё Роббим, сен буюксан мен вақтимни бекор ўтказмай сенинг розилигинг учун дарахт экаман», деди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: «Қиёмат куни бўлса ҳам қўлида бир ниҳол бор одам уни эксин».
Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, атрофга ҳам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир.
«Тоҳо» сурасининг 53-оятида Аллоҳ ерни шундай таърифлайди:
«У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик» 
Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Ерни бешик қилиб ундан ризқлантириб, ювиб-тараб турган, осмондан сув тушириб дарахт ва гиёҳларни ундириб қўйган зот Аллоҳ таолодир. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўлган бу ерни асраб авайлаш ва обод қилиш, ўзимиз учун фойдадир. Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини, саломатлигини сақлаган бўламиз. Атрофимизни ўраб турган табиат биз  учун шундай мослаштирилганки, табиатдаги барча-барча нарсалар фақатгина инсонлар манфааати учун хизмат қилади. Аммо мана шу гўзал табиат шунчалар нозикки, унга келтирилган биргина оддий зарар ҳам келажакда жуда катта тўғирлаб бўлмас хатоларга олиб келиши  мумкин. Мана шундай хатоларнинг энг кичиги бу атроф муҳитни ифлослатириш, сувларга чиқинди ташлаш, ўсиб турган экинларни ва дарахтларни беҳудага синдириш каби ёмон ишлар ҳисобланади. Булар оддий эътиборга лойиқ бўлмаган ишлардек туюлиши мумкин, аммо, айнан мана шу беэътиборлик натижасида биз яшаётган экология қанча зарар кўришини яхшилаб ўйлаб кўрмоғимиз лозим. Бундай ишлар  эса инсонлар томонидан Аллоҳ берган неъматга, омонат қилиб берилган табиатга ҳиёнатдир. Наҳотки онгли қилиб яратилган инсоният экологияни ифлослантириш натижасида ўзи ва келажак авлодининг саломатлигига путур етказаётганини англамаса!? Ахир бизлар она табиатни бус-бутунлигича асраб келажак авлодга етказиб беришга масъул эмасмизми!?
Табиатни мухофаза қилиш тарбияси ислом нуқтаи назарида жамиятнинг катта ёшдаги  аъзолари вазифасидир. Катта ёшдаги кишилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва озодаликни асраб авайлашда ёшларга ўрнак бўлишлари ва бу ҳусусида тарбия беришлари керак бўлади. Бизнинг боболаримиз ва бувиларимиз сувга тупурма, ариқларга чиқиндиларни супурма, кўчаларга ахлат ташлама, кўкариб турган бирор нарсани нобуд қилма дея уқтирган сўзларини доимо эсимиздан чиқармаслигимиз ва ёшларга ҳам шуларни ўргатмоқлигимиз лозим. Бундан ташқари халқимиз орасида «Бирни кессанг ўнни эк» деган пурмаъно ибора ҳам мавжуд. Дарҳақиқат биз бугун кесган биргина кўчатнинг табиатдаги зарари йиллар ўтиб унинг ўрнига эккан дарахтимиз орқали қопланади. Ва шунда она табиатнинг тоза ҳавосига, кўкаламзорлигига путур етказмаган ҳисобланамиз. 
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ бизларга неъмат қилиб берган она табиатни асраб авайлаш, уни муҳофаза қилиш ва ифлосланишига йўл қўймаслик ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.
Аллоҳ доимо барчаларимизни табиат каби улуғ бир омонатга садоқатли, атроф-муҳитни муҳофазасида бардавом бандаларидан қилсин.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.