топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“Готлар” субмаданиятининг ёшлар онгига салбий таъсири

Фикр, ғоя ва маърифат
“Готлар” субмаданиятининг ёшлар онгига салбий таъсири
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 диний конфессия вакиллари ўзаро бағрикенглик асосида тинч-тотув истиқомат қилмоқдалар.
Маълумки, бугунги кунда дунёда кўплаб ижтимоий ташкилотлар, ҳаракатлар, оқимлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ҳам инсоният манфаатига хизмат қилмайди. Минг афсуски, баъзи оқимлар ўз дунёқарашига эга бўлмаган ёшлар орасида ноанъанавий фикрлаш, яшаш тарзини тарғиб қилмоқда.
“Оммавий маданият” байроғи остида биз учун мутлақо ёт бўлган хулқ нормаларини, маънавий ва ахлоқий тубанликни тарғиб қилиш ҳам  мафкуравий таҳдиднинг ўзига хос кўриниши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримовнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида қайд қилинганидек, “… оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.
Мана шундай гуруҳлардан бири “Готлар”дир.
“Готлар” (инглиз тилидан “goths” – готлар, варварлар, маданиятсиз одамлар, жоҳил ва нодонлар деб таржима қилинади) ахлоқсизлик, ғайриинсонийлик каби иллатларни тарғиб қилувчи субмаданият[1] бўлиб, XX асрнинг 70-йиллари охирида Буюк Британияда пайдо бўлган. Хусусан,     1982 йилда “Беткав” мусиқий гуруҳи очилиши гот ҳаёт тарзини тарғиб қилишда катта ўрин тутган. Айнан уларнинг фаолияти натижасида готик-рок мусиқий жанри юзага келиб, инглиз ёшлари орасида машҳур бўла бошлаган[2].
“Готлар” ҳаракатининг асосий ғояси ўлимни романтиклаштириш, изтироб, азоб-уқубат, ифлосликдан роҳатланишдан иборатдир. Мазкур субмаданият вакиллари ўзига хос ҳаёт тарзини олиб боради. Жумладан, улар қора рангга асосланган имидж, готик мусиқага қизиқиш бугунги кун билан яшаш, бугунги кун ҳаётнинг сўнгги лаҳзаси бўлиши мумкинлиги боис ундан максимал лаззат олишга уриниш билан ажралиб туради. Айни дамда, готлар позитив ҳис-туйғулардан завқланиш ўрнига, руҳий азобланиш, умидсизлик ва руҳий аламдан лаззатланадилар[3].
Готларни кўча-куйда таниб олиш мушкул эмас. Юқорида қайд этилганидек, мазкур субмаданият вакиллари қора рангга асосланган “дресс-код”га амал қиладилар. Жумладан, готик кийиниш услубининг асосий элементлари – либосларда қора ранг кўп бўлиши, металлдан ишланган турли безакларни ишлатишдир. Ҳозирги кунда айрим готлар  XVIII-XIX асрларга хос бўлган модани хуш кўришади. Аёллар тўрлар, узун қўлқоплар ва узун кўйлаклар ёки қора уст кўйлаклар билан уйғунликда узун қора юбкалар; эркаклар фрак ва цилиндрлар. Иккала жинс вакилларига хос бўлган яна бир либос бу узун қора плашдир.
Готлар томонидан ўзига хос рамзлар ҳам ишлатилади. Жумладан, хочсимон кўринишга эга бўлган анх[4], инсон бош суяги рамзи, хочлар, тўғри ва ағдарилган (ўгирилган) пентаграммалар, кўршапалаклар тимсоли энг кўп ишлатилади. Шунингдек, узуклар, кулонлар, осиб қўйиладиган белгилар, шайтон белгили тўғноғичлар ёки ўлим ифодаланган рамзларни тақиб юриш ҳам уларга хос.
Мазкур ҳаракат вакиллари орасида тананинг турли жойларини тешиб тақинчоқлар тақиш амалиёти – пирсинг кўп учрайди. Жумладан, улар тиллари, лаблари, қош, даҳан, киндик қисмларига мана шу йўсинда “оро” беришга ҳаракат қиладилар.
Ўзига хос соч турмаги ҳам готлар субмаданиятининг ажралмас қисмидир. Илк даврда улар ўрта узунликдаги ҳурпайган соч турмагини маъқул кўрганлар. Бугунги кунда эса кўпчилик готлар узун соч ёки “ирокезлар” қилиб юришади. Готлар сочларини тим қора рангга бўяшади, кўпинча сочга тўқ кўк ёки сариқ ранг билан чизиқлар берадилар.
Аёллар пардозида ҳам ўзига хос услубга амал қилинади. Тирноқлар қора рангда лакланган, лаблар қора ёки қизил рангда бўялган, кўз эса қора қалам билан бўялган бўлиши лозим ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мутахассислар готларнинг қуйидаги гуруҳларини ажратадилар:
“Индивидуал готлар” – жамиятдан ажралишга интилувчилар. Уларда ўзига хос ҳаётий фалсафа, мусиқа, адабиёт, дунёқараш мавжуд. Моҳиятан бундай шахслар романтизмга ўта берилган бўлади. 
“Перки готлар” (баъзан Перки Гофф). Уларга готика энг аввало кийиниш услубида акс этади. Депрессия ва ёввойилик уларнинг услубида эмас.
“Мопей готлар” – улар готик субмаданиятни аввалги кўринишда намойиш этади. Улар ёвойилик, руҳий азобланиш ва якка ёлғизликка қизиқадилар. Готика уларга бутун ҳаёт.
“Вампир готлар” – ўзини вампирлар деб тасаввур қилиш, бир-бирининг бўйнини тишлашга муккасидан кетган готлар.
“Кибер готлар” виртуал гуруҳлар, интернетда кўп мулоқот қилувчилар, қора рангдан ташқари, кийимда пушти ва бинафша рангларга урғу қилинади. Бу энг ноёб ва энг янги готларнинг туридир.
Готларнинг ҳаётга бўлган дунёқараши, яъни руҳий азоб, умидсизлик ва руҳий аламдан лаззатланиш, шунингдек уларнинг асосий ғояси бўлмиш ўлимни романтиклаштириш, изтироб, азоб-уқубат, ифлосликдан роҳатланиш натижасида инсон ўз қадр-қимматини йўқотиб, кераксиз буюмга айланиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, готика ҳаётга қизиқиши сўнган ёшларнинг, турли хил яширин хавф-хатарли ишларга аралашиб унда криминал ва экстремистик нормалар шаклланишига олиб келади.
Ҳозирги кунда айрим ёшларда готик кийинишга қизиқиш учраяпти. Улар ўзларини кийиниш услублари билан ажралиб туришни хоҳламоқдалар. Зеро, ташқи кўриниш ҳам инсоннинг ички дунёсига бевосита таъсир ўтказиб, инсон дунёқарашини, фикрлашини ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.
Шунингдек, ҳозирги кунда дунё бўйлаб тарқалаётган “оммавий маданият” маънавиятсизлигининг бир кўриниши готлар гуруҳи ҳисобланади. Готларнинг дунёқарашлари, хатти-ҳаракатларини ўрганиш натижасида уларнинг умуминсоний қадриятларга зидлигини кўриш мумкин.
Бу каби хатарли гуруҳ ва ҳаракатларни ўрганишдан мақсад, ҳозирги ёшларни уларнинг салбий таъсиридан огоҳ этиб, ҳимоя қилишдир. Зеро, И.Каримов таъкидлаганидек, юксак маънавият – енгилмас кучдир. Маънавиятни йўқотиш, ушбу кучнинг йўқолишига, натижада жамиятнинг парчаланишига, кучсизланишига ва оқибатда ўзгаларга қарам бўлишига олиб келиши мумкин. Ота-боболаримиздан мерос қолган милий, диний, умуминсоний қадриятларни сақлаш учун уларни турли хил бузғунчи оқим, секта ва гуруҳларнинг ҳужумларидан, хуружларидан ҳимоя қилиш керак бўлади. Бу эса, юрт келажагини ҳимоя қилиш бўлиб, ҳар бир соғлом боланинг маънавий соғлом бўлиб ўсишида муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан қуроллантириб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хусусида улар хавф туғдирмасидан аввал маълумотга эга бўлиб боришларига шароит яратиш лозим. Бунинг учун ҳар биримиз фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат шиори асосида курашмоғимиз муҳимдир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.