топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Умуминсоний ва миллий қадриятлар – ёшлар тарбиясида муҳим омилдир

Фарғона политехника институти
Илм-фан

Мустақилликка эришганимиздан сўнг ижтимоий хаётнинг барча жабҳалари каби ахборот оқимига ҳам  кенг йўл очилди. Бундай ҳолат ёшларимизда ҳар қандай ахборотни атрофлича ўрганиш ва саралаш кўникмаларини шакллантиришни тақозо қилади. Зеро, глобаллашув жараёнларида информацион таҳдид асосан ёшлар онгини эгаллашга қаратилаётганлиги бу каби вазифани ҳаётий заруриятга айлантирмокда. Айниқса, интернет сайтлари орқали яхши ғоялар билан биргаликда ёт, бузғунчи ғояларнинг кириб келиши (диний экстремизм, миллатчилик, ирқчилик, мисолида) мумкинлиги масалани янада мураккаблаштиради.


Интернетнинг улкан имкониятлари, унда ахборот оқимининг тезкорлиги, аудиториянинг чекланмаганлиги, ўз мақсадларини амалга оширишни одат қилиб олган — ёвуз кучларнинг манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда. Эндиликда интернет тизимида юзлаб террористик ғояларга эга бўлган сайтларнинг манзиллари аниқланган. Терроризм — интернетда ўта изчил воқелик: сайтлар тўсатдан пайдо бўлади ва тез-тез форматини ўзгартириб туради. Кутилмаганда эса, ўз мундарижасини сақлаган ҳолда, аммо манзилини ўзгартириш йўли билан кўздан ғойиб бўлади.


 


Террористик сайтлар асосан учта аудиторияга: аввалдан мавжуд ва потенциал тарафдорларга, сиёсий ожиз ёшларга ва муайян мамлакат жамоатчилигига йўналтирилган бўлади.


 


Ёшларимизни кибертерроризм ва интернетдаги террористик ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида аввало таълим ва тарбия жараёнида миллий қадриятлар ва анъаналарга, буюк сиймолар қолдирган илмий ва маънавий меросга чуқур таяниб иш олиб бориш мақсадга мувофиқдир.


 


Ҳар қандай ғоя инсон қалбини эгаллаганда, унинг маънавий–руҳий дунёсининг бир қисмига айланган тақдирдагина, унинг фаолиятининг асосини ташкил этувчи ҳаракат дастурига айланади. Шундай экан, инсон қалбини забт этиши орқали унинг онгини эгаллаш бугунги мафкуравий курашнинг бош мақсадидир.


«Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди … Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий – миллий қадриятларга, соғлом  негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли  маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол» [1].


 


Шундай экан, умуминсоний ва миллий қадриятларга, яъни Ватанга муҳаббат, иймон, эътиқод, масъулият, ватанпарварлик, инсонпарварлик, илмга иштиёқ, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, миллатлараро тотувлик, ижтимоий ҳамкорлик, диний бағрикенглик, комил инсон каби соғлом  ғояларга асосланган мафқуравий иммунитетни мамалакатимиз фуқаролари, айниқса, ёшларда шакллантириб, уни янада ривожлантириб бориш, ҳозирги даврнинг ўта долзарб масаласидир.


 


Бунинг учун аждодларимиз меросига мурожаат қилиб боришимиз зарур, мана шунда биз учун ибрат бўладиган кўплаб умуминсоний ва миллий-руҳий ўгитларни, қадриятларни топиб борамиз.Биргина “Широқ” афсонасининг ўзиёқ ёшларни ўзбек давлатчилиги тарихига қизиқтириш билан бирга Ватанга муҳаббат, ўз Ватани, халқи олдидаги масъулият туйғуси  бизнинг халқимизга ҳам хос бўлган олижаноб туйғу эканлигини  руҳиятига сингдириб бера олади.Лекин глоболлашув жараёнида афсоналар билан ёшларни интернетдан фойдаланишдан тўхтата олмаймиз, аммо ундан тўғри фойдаланишни, нопок кимсаларнинг қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олишимиз мумкиндир. Аз-Замахшарийнинг буюк хикмати бор: “Ҳар қандай учқур отга ҳам қамчи зарурдир”. Бу  фалсафий фикрни мушохада қилсак, хаётга тадбиқ қилсак ютуқ бизники бўлади. Фарзандимиз қанчалик ақилли ва уддабурон бўлмасин уни доимо назоратдан четда қолдирмасдан, вақтини беҳуда сарфлашига йўл қўймасдан, керак бўлса қаттиққўллик сиёсатини қўллаган холда хунар ўргатишимиз, яхши таълим беришимиз лозим. Бунда  оила, махалла биринчи даражада турганлиги учун ҳам халқимизда “Бир болага етти махалла ота-онадир”, деган нақл мавжуддир. Хар болани ўз фарзандимиз деб билиб унинг ёмон хислатларини, одатларини ўзгартиришимиз зарурдир. Оилада ота-она аввалло компютер саводхонлигини билиши зарур,  фарзанди фойдаланаётган уй компютерини гоҳида тафтиш қилиб туриши учун.бу жараёнда фарзанди интернет тармоғидан қандай мақсадда фойдаланмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда, каби саволларига жавоб топади. Хеч бўлмаса фарзандининг қўл телефонини текшириб туриши керак.Бу ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб ёшларни сергакликка тортади. Ачинарлиси шундаки, бугунги кун ота-оналарининг баъзилари  фарзандининг телефони тугул хатто дафтарини текшириб қўйгани вақт тополмайди.Кези келганда яна бир кичик маънавий таҳдид: бугунги   замон ўқув қуроллари — дафтар, сумка ва бошқалардаги  безаклар шу даражада сифатли ишланганки, ота-оналар ҳам беихтиёр уларни сотиб оладилар. Ўқувчи, талаба дарс жараёнида  дафтарига    бир кунда беш-ўн марта назар ташлайди. Билиб-билмай унинг шуурига, онгига дафтардаги лавҳалар ўрнашиб қолади. вақти келиб, онг остида ғайриодатий ҳолатда ўқув қуролларидаги илгари сурилган ғоялар кино тасмасидай намоён бўлади ва қулай фурсатда салбий руҳий эмоциялар сўз ёки хатти-ҳаракатлар тарзида портлайди. Ёшларнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга ҳаракат қилади.[2] «Эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амал» дейилади «Авесто» китобида. бугун ёшларнинг қўлидаги мобил телефони, китоби, дафтари, ҳатто оддий ўйинчоғи ҳам эртага жамиятимизнинг мафкуравий, маънавий оламига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун бугундан ҳаракат қилиш керак.


 


Ўқув қуроллари безагида миллий қадриятлар акс этиши, Ватанга муҳаббат, ота-онага эҳтиром, илм-ҳунар ўрганишга ихлос сатрлари битилган муқовалар, қалам-ручкаларида «сен ўзбек фарзандисан», «юрт корига яраш — мақсадим», «зеҳнинг ўткир, уқувинг баланд бўлсин» каби чақириқлар ёзилган, сумка-портфелларида ҳам миллийлик акс этиши лозим.


Махаллаларда миллий байрамларимиздан бўлмиш “Наврўз”ни нишонлаш, “Сумалак” сайлларини ўтказиш, “Улоқ”, “Қураш” каби тарихан миллий қадриятларимизни намоён этиб келган анъаналарни мунтазам ўтказиб бориш ҳам жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёшлар қалби ва  онгида бунёдкор, эзгуликларга бойғояларни шакллантиради.


 


Хулоса шуки, таълим-тарбия жараёнида, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган мана шундай умуминсоний ва миллий қадриятларни фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз қалби ва онгига сингдириб бориш, бугунги кунда мафқуравий иммунитетни шакллантириб, уни янада ривожлантириб боришнинг муҳим омилидир.


 




[1]Каримов И.А. Юксак маънавият-енгилмас куч. Тошкент «Манавият», 2008.112-113 бетлар



[2] Юлдашева Д. «Дафтар юзидаги маънавият» Фарғона 2013й



0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.