топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбек меҳмондўстлиги

Dunyo xalqlari urf-odatlari
Самимий содда меҳнаткаш ўзбек халқи ҳақида қанча гапирсак оз. Миллий урф одат анъаналар биз учун мерос саналади. Ўзбегимнинг нимаси кўп — тўй-ҳашами, меҳмондорчилиги кўп. Бағрикенг, меҳмондўст, бир яхшиликни юз карра қилиб қайтарадиган халқимиз уйига келган ҳар бир меҳмонни бошига кўтаради. Ўзбегимнинг ҳар бир кишиси, каттаю кичиги, эшикдан кириб келган меҳмонни, албатта, бир пиёла чойга таклиф этади, ҳол-аҳвол сўрайди, кимлигидан қатъий назар, унга иззат икром кўрсатади. Халқимиз меҳмонни, меҳмон чақиришни яхши кўрадиган меҳмонсевар, меҳмоннавоз халқдир.
Меҳмондўстлик улуғ ахлоқий фазилат, Иброҳим алайҳиссалом ва барча пайғамбарларнинг суннатларидир. Биринчилардан бўлиб меҳмондорчиликни бошлаган ҳам шу улуғ пайғамбардирлар. Бу ҳақида Қуръони каримда: ”(Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақида хабар қилайми? (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар:”Қўрқмагин, (бизлар фаришталар таом емаймиз), дедилар ва (Иброҳим)га бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар” дейилади. Икрима розияллоҳу анҳу айтадилар:”Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларни отаси, деб аташарди. У кишининг уйларида тўрт эшик бор эди, қайси эшикдан бирор киши келаркан, деб  қараб ўтирардилар”. Демак, меҳмон кутиш, меҳмонга иззат кўрсатиш исломнинг гўзал одобларидан ва солиҳ инсонлар хулқидан ҳисобланади, шунинг учун яхшилар йўлидан юрган ҳар бир мўмин мусулмон бу инсоний фазилат билан хулқланишга интилмоғи керак бўлади.
Қайси хонадондан меҳмон аримаса, ўша жойда файзу барака бўлиб, Аллоҳнинг раҳмати ёғилади.  Негаки, меҳмон Аллоҳ таолонинг баракати, бандаларига берган яна бир улуғ неъматидир. Шунинг учун халқимизда“Меҳмон келган уй – баракали”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан”, “Меҳмон – уйнинг зийнати”каби кўплаб мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган. Халқимиз меҳмондўстликни яхшилик рамзи деб билишади. Уйига тез тез меҳмон келиб турган оиланинг маҳалла куй ўртасида обрўси ортади. Уларнинг фарзандларида ҳам хушфеъллик, самимийлик каби яхши сифатлар шаклланади. Фақиҳ роҳматуллоҳи алайҳ Ғайрон ибн Ҳариснинг шундай деганларини ривоят қиладилар:”Бир киши ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб:”Анави муҳожирлар ва ансорлар, бизларда ҳеч бир амал йўқ, деб айтишяпти”, деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: ”Йўқ, агар намоз ўқисанг, закот берсанг, рўза тутсанг, Аллоҳнинг уйини ҳаж қилсанг, меҳмон кутсанг, жаннатга кирасан”, дедилар. Абу Шурайҳ Хузоий айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:”Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини икром қилсин, унинг жоиз бўлгани бир кун, зиёфати уч кундир. Ундан кейингилари садақадир”.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати” номли асарида меҳмон кутиш одоблари ҳақида шундай дейилади: Агар меҳмон кутишнинг одоби ва қоидалари нечта деб сўрасалар, ўн тўртта деб айтгил – иккитаси шарт, олтитаси асос, яна олтитаси одобдир.Агар икки шарт қайсидир деб сўрасалар, айтгил: биринчиси меҳмонга ҳалол ва покиза таомни тақдим этиш, иккинчиси меҳмонни бирор ғаразли мақсад ёки риё учун кутмаслик. Агар олтита асос қайсидир, деб сўрасалар, айтгил: биринчидан, меҳмонни таъзим билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш, иккинчидан, меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш. Учинчидан, меҳмон қанча келса ҳам ранжимаслик. Тўртинчидан, чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш. Бешинчидан, бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик. Олтинчидан, қўлдан келгунча меҳмонни сидқидилдан самимий хурсанд қилиш.
Агар олтита адаб қайсидир, деб сўрасалар, айтгил: аввал шуки, меҳмондан қайси таомни ёқтирасиз, деб сўраманг. Иккинчидан, меҳмон учун ўзингиз хуш кўрган энг яхши овқатни пиширинг. Учинчидан, овқат ейишга ҳадеб зўрламанг. Тўртинчидан, агар ташқари чиқса, бирга чиқинг ва камида етти қадам бирга юринг. Бешинчидан, атайлаб ўзни кўрсатиш учун узрхоҳлик қилманг. Олтинчидан, миннат қилманг, балки аксинча, меҳмон дастурхонингиздан нон еганидан хурсанд бўлинг ва шукр қилиб, миннатдорчилик билдиринг.Меҳмон кутиш фазилат ҳамда ўзига хос масъулият талаб қиладиган вазифа. Меҳмон кутишнинг бир қанча одоблари бор бўлиб, улардан баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:
 
Аввало, уйга келган меҳмонни очиқ чеҳра билан кутиб олиш ҳамда уни уйга таклиф қилиш лозим бўлади.  Меҳмоннинг олдига дастурхон ёзилади. Биринчи бўлиб дастурхонга мева-чева тортилгани яхшироқ. Дастурхонга қўйилган неъматлар одамнинг қўли етадиган жойда бўлиши, фақат ейиладиган неъматлар қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Меҳмонни таомга таклиф қилиш, аммо бу ишда ҳаддан ошмаслик керак. Меҳмоннинг ҳузурида сукутни чўзиб юбормаслик ҳамда гўзал суҳбатлар қилиш лозим бўлади. Мезбон меҳмон ўтирган хонага кириб чиқаётганда хурсандлигини изҳор қилади. Меҳмонни узоқ вақт ёлғиз қолдирмайди, шунингдек, меҳмоннинг ёнида уйдаги  ёш болаларга ёмон муносабатда бўлмайди. Меҳмон изн сўраганда, изн берилади ва очиқ чеҳра билан кузатиб қўйилади.

Бунда ҳар биримизни меҳмон кутишда эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳатларга урғу қаратилади. Меҳмон кутиладиган уйу жой, ошу нон ҳаммасининг покиза бўлиши, меҳмон кўнглига йўл топа билиш, инсонларни севиш, узоқ ёки яқин бўлсин, меҳмонга чақириб туриш ҳақида қимматли фикрлар берилади. Агар биз аждодларимизнинг бу ўгитларига амал қилсак, ўзаро муносабатларимизда дўстлик, муҳаббат қарор топади, турмушимиз обод, жамиятимиз янада фаровон бўлади.
 
Меҳмондўстлик бағрикенглик, жўмардлик, саховат, юксак инсонпарварлилик, ширинсуханлик каби гўзал ахлоқий фазилатларни ўзида мужассамлаштиради. Ахлоқ ва нафосат манбаи ҳисобланган меҳмондўстликда инсонпарварлик, одамийлик, дўстлик ва ўртоқлик, поклик ва озодалик каби одоб қоидалари булоқ бўлиб қайнайди. Асрлар мобайнида халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик, келган  меҳмонни самимий кутиб олиш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби гўзал фазилатлар халқимиз тарихида минг йиллардан бери ўрин олиб келаётган анъаналаримиздандир. Шунинг учун ҳам, жаҳондаги жуда кўп юрт вакиллари меҳмоннавозлик халқимизнинг ўзига хослигини таъкидлайдилар ва ўзбек миллатига доимо ҳурмат ва эҳтиром, ҳавас ва ҳайрат билан қарайдилар.

1 изоҳ

avatar
Ўзбегимнинг меҳмондўстлигини бутун жаҳон билади. Соғ бўл, саломат бўл — халқим!
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.