топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз байрами билан боғлиқ халқ ўйинлари

Dunyo xalqlari urf-odatlari
    Ўзбек халқининг ўйин фольклори тизимида наврўз байрами билан алоқадор болалар ўйинчоқлари ясаш ҳамда “ашшадарози”, “бўри келди”, “туя уриштириш”, “хўроз уриштириш”, “бедана уриштириш”, “тухум уриштириш”, “варрак учириш”, “ҳалинчак учиш” анъанавий ўйинларни ўйнаш муҳим ўрин тутган. Чунки Ўрта Осиё туркий халқлари мифологиясида наврўз байрами афсонавий Жамшиднинг ёвуз аждар кўринишидаги Биварасп-Заҳҳокни мағлуб қилиб, эзгулик тантанасини таъминлаган кун сифатида тасаввур қилинган. Бу мифик тасаввур наврўз кунлари лойдан бўйнига илонлар чирмашиб олган аждаҳо шаклидаги ҳуштак-ўйинчоқлар ясаб, болаларга ҳадя этиш удумида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Фарғона вилоятининг Риштон туманида кулоллари ҳар йили наврўз байрамига атаб турли-туман афсонавий жонзотлар кўринишидаги ҳуштак- ўйинчоқларни ясашган. Сополдан ясалган бундай ўйинчоқлар орасида аждаҳо ва қуш кўринишидагилари, айниқса, кўп бўлган. Болалар наврўз байрами кунлари ана шундай ҳуштакларни чалиб ўйнаганлар ва йилбоши тантаналари тамом бўлгач, бундай сопол ҳуштакчалар чалинмаган. Наврўз кунлари аждаҳо кўринишидаги ҳуштаклар чалинса, йилнинг серёғин ва серҳосил келади, деб тасаввур қилинган.
    Хоразм воҳасида Наврўз байрами арафасида сумалак пишираётган аёллар “Ашшадарози” номли анъанавий ўйинни ўйнайдилар. Бунинг учун икки ярим-уч метрлар чамаси узунликдаги таёқнинг учига қўл боғлаб, унга аёл кўйлаги кийгизилади ва катта қўғирчоқ ясалади. Узун кўйлакли бу қўғирчоқ “Ашшадарози” деб аталади. Аёллардан бири қўғирчоққа кийгизилган узун кўйлакнинг ичига кириб олади-да, Ашшадарозини кўтариб, сумалак пиширилаётган аёллар даврасида қўшиқ айтиб ўйнайди.
    Наврўз удумлари тизимига мансуб бу ўйиннинг номини билдирувчи Ашшадарози атамасининг этимологик асоси ҳам “Авесто”нинг “Орд яшт” алқовида шарафланган эзгу илоҳанинг номи, яъни Аша лексемасига алоқадордир. Бинобарин, Аша культи билан боғлиқ мифологик тасаввурлар ўзбек фольклорининг бошқа жанрлари, жумладан, болалар ўйинларида ҳам ўз аксини топган. ХХ асрнинг 20-йилларида Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасидаги маҳаллалардан ёзиб олинган болалар ўйинларидан бири “Аша болам” деб аталган. Бу ўйинни ўйнаш учун болалар тупроқдан одам шаклини ясаганлар ва унинг теварагида айланиб қўшиқ айтишган.
    Ўзбеклар орасида урф бўлган анъанавий “Ҳалинчак учиш” ёки “Арғимчоқ учиш” ўйини серҳосиллик ғояси билан боғлиқ мифологик тасаввурлари асосида келиб чиққан.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.