топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конститутсия ва ёшларнинг хукукий тарбияси

БухМТИ
Илм-фан
Д.Ж РАЖАБОВА – БухМТИ ўқитувчиси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бутун мазмун-моҳияти билан мамлакатимизда адолатли, инсонпарвар демократик-ҳуқуқий жамиятни барпо этишда давлатимиз қонунчилигининг бош мезони бўлиб хизмат қилиб келаётгани асло муболаға эмас. Мустақил мамлакатимизнинг Бош Қомуси, ўзбек халқи ижтимоий-маънавий қадриятининг олий ҳуқуқий шакли сифатида ҳаёт синовидан ўтиб, том маънода инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган Олий ҳужжат вазифасини бажармоқда. Агар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига унинг мазмун-моҳиятига баҳо берилганда, уни қисқа ва лўнда қилиб бу ҳужжатга “Инсонни эъзозлаган Қомус” деб таъриф берилса, айни ҳақиқат бўлади. Чунки Конституциямизда инсон, унинг манфаатлари, тақдири, ҳаёти мужассам ёритиб берилган. Бинобарин, Конституцияда ёшлар масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги алоҳида таъкидланади. Конституциянинг муқаддимасидаёқ ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулликни назарда тутувчи норма белгилаб қўйилган. Мазкур конституциявий норма бугунги ва эртанги авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ифодаланганлигини англатади. Давлат ўз ёшларининг келажаги учун масъулликни зиммасига олган. Сабаби, давлатимиз ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда ёшларимизнинг эртанги кун учун муносиб ворислик масаласига эътибор қаратмоқда. Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти ҳамда давлатнинг ота-онасиз етим болаларни ёки уларнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаш вазифасининг белгиланганлиги миллий менталитетимизга талабларига мос келади. Халқимиз болажон, ўз фарзандларига эътиборли, бироқ, глобаллашув ёхуд дунё ҳамжамиятига иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан интеграциялашув жараёни фаол кечаётган ҳозирги даврда бундай конституциявий норманинг белгиланиши ўта долзарб саналади. Конституциямиз нақадар теран демократик заминга, қудратли сиёсий-ҳуқуқий ҳамда маънавий-ахлоқий таъсир кучига эгалигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Конституциянинг худди ана шу ғоявий, ҳуқуқий-мафкуравий, маърифий-тарбиявий салоҳиятини, мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламлари, айниқса ёшлар онгига сингдириш мақсадида мамлакатимиз Президенти 2001 йил 4 январда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида» Фармойиш қабул қилганлиги таҳсинга лойиқ. Фармойишни чиқаришдан кўзланган асосий мақсад – Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, мазмун-моҳиятини халқ, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятига сингдириш, шу тариқа жамиятда Конституцияга, қонунга нисбатан юксак ҳурмат муҳитини яратиш, ижтимоий муносабатларни конституциявий-ҳуқуқий тартибга солиш савиясини юқори даражага кўтариш; энг муҳими, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро ўзининг Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларини тўла идрок этиш орқали ўзлигини мукаммал англаб етишига эришишдир. Асосий Қонунимиз моҳиятини кенг омма онгига сингдиришга қаратилган Конституцияни ўрганиш дастурини яратиш Фармойишда белгиланган муҳим вазифалардан биридир. Шу мақсадда мутасадди вазирлар, раҳбар ходимлар, ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислардан иборат нуфузли Комиссия тузилди. Мазкур Комиссия юқорида зикр этилган дастурни ишлаб чиқди, шунингдек, барча даражадаги таълим турлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда Конституцияни ўрганишга оид махсус ўқув курслари, дарсликлар яратиш учун малакали муаллифлар жамоаларини тасдиқлади, тегишли ўқитиш дастурларига, методик кўрсатмалар ва бошқа дидактик воситаларга қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилиб, улар қисқа муддатларда яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, санъат ва маданият ҳам ёшлар ҳуқуқий тарбиясида алоҳида аҳамият касб этади. Конституциянинг моҳиятини, унинг ғоялари, тамойил ва қоидаларини ҳуқуқий тафаккуримизга сингдириш ҳамда маданиятимиз таркибий қисмига айлантириш, шубҳасиз, юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга пухта замин яратади. Зеро, бундай давлатчилик ва жамиятни қарор топтириш унинг сиёсий-ҳуқуқий мафкурасини ижтимоий онгимизга сингдиришдан бошланади. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт асоси, жамият фаровонлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.