топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Kонституция-қомусимиз ва фахримиз

БухМТИ
Илм-фан
Ҳ. Қ РАШИДОВ, Л. Б. ШОКИРОВ — Бух МТИ ассистентлари
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳар томонлама Ўзбекистоннинг географик ҳудидини, иқлимини, буюк ўтмишини, миллий анъаналарини ва урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда тузилган бўлиб, у бизни инсонпарварлик ва адолатли, демократик давлатнинг қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тизими табиатини, миллий қадриятларимизга содиқлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юридик жиҳатдан ҳимоя қилади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, саломатлиги, тинч-осойишта турмуш кечириши, фаровонлиги инсон омили бош масала сифатида долзарблик касб этди. Бу эса Конституциямизнинг деярли ҳамма моддаларида ўз аксини топди. Масалан, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар...” (18-модда), “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” (19-модда), “Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади...” (21-модда), “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суииқасд қилиш энг оғир жиноятдир” (24-модда), “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” (27-модда) “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга...” (29-модда), “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир киши хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда). Бу пурмаъно қонунлар фикримизнинг исботидир.
Конституциянинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деган конституциявий қоида миллий истиқлол мафкураси учун ҳуқуқий асослардандир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ифода этадиган, мустаҳкамлайдиган ўта муҳим мафкуравий ақидалардан бири – бу инсоннинг улуғланиши ва демократия шароитида яшашга муносиблигидир. Ўзбекистон халқи миллий тараққиёт йўлининг бош ғояси – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш ҳисобланади. Бу стратегик мафкуравий йўриқнинг турли жабҳа ва қирралари қонунларда, ҳуқуқий ҳужжатларда ўз тасдиғини топиб, муаян мафкуравий –ҳуқуқий қадриятлар тизимини ташкил этади.
Инсон ва унинг ҳуқуқи, эркинлиги бугунги кунда муҳим масала бўлиб турибди. Инсон ҳуқуқлари муаммоси-ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, у жамиятнинг энг олий қадрияти, ҳиммати, сифатида энг муҳим конституциявий институтдир.
Инсон ҳуқуқлари – демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси сифатида ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи муҳим мезон ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқда ва миллий ҳуқуқ тизимида муҳим ўрин тутади.
Демократик ҳуқуқий давлат инсонни, унинг эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқларини барча ижтимоий воқеликлар марказига қўяди, унга муносиб ҳаёт шароитлари яратиб беради. Фуқаролик жамиятида инсоннинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари юксак даражада эъзозланади.
Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини астойдил ҳимоя қилмасдан ва амалда таъминламасдан туриб жамиятни демократлаштириш мумкин эмаслигини жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибди. “… Инсон ҳуқуқини қонунда ва амалда таъминлай олмаган, бунинг учун етарли кафолатлар яратиб беролмаган жамият демократик жамият эмас”.
Инсон иқтисодий муносабатларнинг, сиёсий ҳамда маънавий ҳаётнинг бевосита иштирокчисига айлантирилмас, ижтимоий жараёнларга узвий жалб этилмас экан, давлатнинг равнақи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бунинг учун инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизими яратилган бўлиши керак. Инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақидаги қонунлар мажмуи қаторига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунлар ҳам киради.
Инсон ҳуқуқлари масаласига доир нуфузли халқаро ҳужжатларга 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, 1966 йилда қабул қилинган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро факт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси ва бошқалар мисол бўлади.
Конституциявий қоидага кўра, миллий истиқлол мафкураси тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби умуминсоний ғояларни ҳам ўзида акс эттиради.
Конституцияда белгилаб берилган қонун-қоидаларни синчиклаб ўқиб-ўрганиш, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, биринчи навбатда, ёшлар учун ўта муҳим ва зарурдир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.