топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғи

БухМТИ
Илм-фан
Фармон АМИНОВ – БухМТИ доцент
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакатни демократик йўлдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолатидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида қабул қилинган Асосий Қонунимиз суверен давлатимизнинг қонуний негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди.
Истиқлолнинг беназир неъмати, халқимиз даҳоси ва тафаккурининг ҳосиласи, давлати миз мустақиллигининг ҳуқуқий рамзи, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли кафолати бўлган Конституциямиз қабул қилинганига йигирма икки йил тўлди. Буюк келажак, нурли истиқбол сари шахдам одимлаб боришимизнинг ушбу шонли йиллари даврида Асосий қонунимиз Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни вақтда, Конституция давлат ва жамият ҳаётининг ҳуқуқий замини, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувликнинг асосидир. Давлатимиз раҳбари И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Конституция биз учун. ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларимиз мажмуасигина эмас. Балки, у ҳаётимизни фаровон этиш, уни чинакам қонуний асосда қуриш, ўз ҳақ- ҳуқуқларимизни таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатишнинг ҳаёт- бахш манбаидир».
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, Конституциямиз – Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олдик.
Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.
Шу билан бирга, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.
Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 10 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақт ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Асосий Қонунимизга нисбатан бундай юксак ва холис баҳолар берилиши бежиз эмас. Буни, жумладан қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, бизнинг Конституция ҳақиқатан ҳам демократик Конституциядир. Тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир.
Иккинчидан, бизнинг Конституция энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган. Бунда қайсидир давлатнинг тайёр Конституциясини кўр-кўрона кўчириб олиш йўлидан бормай, балки энг илғор хорижий конституциявий тажрибаларни ўргандик ва эътиборга олдик. Натижада эндиликда Бош Қомусимиз дунё миқёсида ҳам ҳар қандай тараққий топган давлат Конституцияси билан бемалол куч синашмоқда.
Учинчидан, Конституциянинг ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, у кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини ўз ичига олган.
Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёни Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари тўғри ва асосланган эканини яққол тасдиқлайди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.