топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бобур Уильям Эрскин нигоҳида

Бобуршунослик
Шеърият ва адабиёт
Бобур Уильям Эрскин нигоҳида
 
ТошТЙМИ “Тиллар” кафедраси ассистенти Р.Р.Абдуллаева
 
Мовароуннаҳр тарихида чуқур из қолдирган, Афғонистон ва Ҳиндистон тарихида эса асрларга татигулик улкан бурилиш ясаган давлат арбоби, буюк саркарда, серқирра олим ва тенгсиз нозиктаъб шоир – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида хорижий тилларда бир неча ўнлаб хилма-хил катта-кичик асарлар яратилган. XVIII асрнинг III чорагида инглизлар Ҳиндистонни босиб олгандан кейин улар жуда кўплаб қимматбаҳо осори атиқалар билан бир қаторда ноёб китоблар ва қўлёзмаларни ҳам ўз юртларига олиб кетганлар. Уларнинг кўплари ҳозирда Британия музейида ва Ҳиндистоннинг миллий музейларида сақланмоқда. Ана шу манбалар асосида инглиз ва ҳинд тарихчи, адабиётчи ва иқтисодчи-файласуфлари Бобур ва бобурийлар ҳақида ҳам самарали изланишлар олиб бордилар ва жуда кўплаб илмий-тарихий асарлар яратдилар. Инглиз тарихчиси ва таржимони Уильям Эрскиннинг “Бобур ҳукмронлиги давридаги Ҳиндистон тарихи” асари ана шундай ноёб тадқиқот намуналаридан ҳисобланади.
Эрскин (1773-1852) XIX асрнинг етук шарқшунос олимларидан бўлиб, у шотландиялик катта ер эгасининг ўғли бўлган. У Эдинбург университетида таҳсил кўрган. 1803 йилда таниқли файласуф ва иқтисодчи олим Сэр Жеймс Макинтошнинг таклифига биноан унга шахсий котиб сифатида Бомбайга келди ва 1823 йилгача Ҳиндистонда яшади.
Уильям Эрскин “Бобурнома” нинг 1809 йилда инглиз таржимони Жон Лейден (1775-1811) бошлаган таржимасини 1816 йилда тугатган. Муаллиф форс тилини мукаммал билган ва темурийлар сулоласи тарихини синчиклаб ўрганган. Ўзининг улар ҳақидаги илмий хулосаларини асослашда “Табокати Акбарий”, “Тарихи Рашидий”, “Хулосат-ул Акбар”, “Хулосат-ул таворих”, “Шажарат-ул-Атрок” каби кўплаб илмий-тарихий қўлёзмалардан кенг фойдлангани алоҳида таъкидланади.
Эрскин Бобур  ва бобурийлар сулоласининг Ҳиндистон тарихи, унинг давлат тузуми ҳамда Ҳиндистон ярим оролидаги маданий ҳаётнинг шаклланишида тутган ўрни ҳақида оқилона ва одилона хулосаларни баён қилган беғараз мутахассислардан биридир.
Асарда  Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонгача бўлган юришда Бобурга учраган ва унга ҳамроҳ бўлган турли халқларга, уларнинг урф-одатларига, удумлари, маросимлари ва анъаналарига ҳам кенг ўрин берилган. Шунинг учун ҳам бу тадқиқот худди бадиий асардек мароқ билан ўқилади ва китобхонга янги маълумотлар беради.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизга қолдирган бой адабий ва илмий меросини ўрганиш бизнинг бурчимиздир, шунинг учун биз нафақат унинг асарларини, балки у ҳақидаги маълумотларни ҳам билишимиз лозим.
 
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.