топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ҲАР СЎЗИ РОСТ ЁЗИЛГАН

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари
Шеърият ва адабиёт

 


Яқинда улуғ мутафаккир, шоир, муаррих ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) таваллудининг 531 йиллиги алломанинг она ватани – Ўзбекистонда кенг нишонланди. Жаҳон маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган Бобурнинг ҳаёти ва ижоди беш асрдан буён Ғарб ва Шарқ олимлари томонидан улкан қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Афсуски, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида шўро фирқачиларининг тазйиқига учраш натижасида Бобуршунослик бир оз орқага чекинди.


Хайрият кўп ўтмай Ватанимиз озодликка эришди ва янги имкониятлар пайдо бўлди. Юртбошимизнинг “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни ўтмиш тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади ”, деб айтган сўзлари олимларимизга куч ва ғайрат бағишлади.


Мустақиллик билан тенгдош Халқаро Бобур жамоат фонди бу соҳада жуда катта ишларни амалга оширди. Андижон шаҳрида бу даҳо шахсга ҳайкал ўрнатилди ва Бобур номли истироҳат боғи барпо этилди. Худди шу боғда “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи ва кутубхона яратилди. Фонд раҳбари Зокиржон Машрабов ташаббуси билан халқаро Бобур илмий экспедицияси дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан Бобур ва бобурийларга оид турли тиллардаги китоблар, тарихий осори-атиқалар юртимизга олиб келинмоқда. Мазкур жамғарманинг Бобур ва бобурийлар ҳақидаги ўнлаб китобларнинг чоп этилиши ва халқаро анжуманлар ўтказилишида бош-қош бўлиши ҳам таҳсинга сазовордир.


Бобурнинг шоҳ асари “Бобурнома” чорак аср илгари икки юз минг нусхада чоп этилган эди. 2002 йилда эса Халқаро Бобур жамғармаси ҳомийлигида “Бобурнома” нинг илмий нашри чоп этилди. Қуйида ана шу нашр юзасидан баъзи фикр-мулоҳазаларимизни баён қиламиз.


Буюк мемуар асарда бир ярим мингдан ошиқ шахс тилга олинган. Уларнинг кўплари бир хил исм ва насабга эга. Масалан учта Бикромажит исмли шахслар ҳақида маълумот берилган. Уларнинг биринчиси Ҳиндистондаги Дҳар ва Ужжайн ҳукмдори бўлиб, милоддан аввалги биринчи юз йилликда расадхона қурдирган. Орадан 1200 йил ўтиб Деҳли султонлиги бунёд этилганини ҳисобга олсак, “Бобурнома” Ҳиндистонликлар учун ҳам қимматли тарихий маълумот бераётганинининг гувоҳи бўламиз. Иккинчи Бикромажит Гвалияр ҳукмдори бўлиб, Лўдийлар замонида Деҳли султонлиги тасарруфига ўтган. Учинчи Бикромажит эса Рана Санграм Сингҳнинг иккинчи ўғли бўлиб, Канва жангидан сўнг Бобурга элчи жўнатиб унга тобеълигини изор қилган. Шундай аниқ маълумотлар берилишига қарамай китоб охиридаги сўзликда уларнинг ҳаммаси бир шахс сифатида талқин қилинган.


Шунингдек китобда кўп марта тилга олинган Хисрав исмини Хусрав деб ёзилгани мақсадга мувофиқ бўлар эди.


48- бетда Султон Маҳмуд Мирзонинг Чаман деган жойда Султон Ҳусайн Мирзодан мағлуб бўлгани ёзилса, худди шу географик жой номи 131-бетда Шаҳрибону Бегимнинг талоқ қилиниши воқеасида Чекмон деб талқин қилинган. Бу жойда Чаман нотўғри берилган.  


62-бетдаги “Султон Абусаид мирзонинг фавтидин сўнг Султон Маҳмуд мирзо Самарқанд тахтиға ўлтурди” иборасига эътибор берайлик. Бобурнинг бобоси Султон Абусаъид Мирзо 1469 йилда вафот этган. Ундан сўнг Султон Аҳмад Мирзо йигирма беш йил ҳукмронлик қилиб, Самарқанд аҳли роҳат-фароғатда яшаганини Бобур ўзи ҳам бошқа саҳифаларда зикр қилган. Маълумки, Султон Маҳмуд Мирзо акаси вафотидан сўнг, 1494 йили Самарқанд тахтига ўтирган. Юқоридаги гапда “Султон Аҳмад фавтидин сўнг”, деб тўғриланиши лозим.


124-бетда Бобурнинг онаси қирқи яқин қолганида холаси Меҳр Нигорхоним ва Муҳаммад Ҳасан дуғлат Кобулга етиб келгани ёзилган. Бу ерда Бобурнинг поччаси Муҳаммад Ҳусайн дуғлат назарда тутилган бўлиб, унинг ўғли Муҳаммад Ҳайдар Мирзо кейинчалик етук муаррих бўлиб етишган ва “Тарихи Рашидий” номли ажойиб китоб ёзиб қолдирган. Бу китоб аввалига рус тилига, сўнгра ўзбек тилига ўгирилган ва таржимонлардан бири Ваҳоб Раҳмонов “Бобурнома” нинг охирги нашри масъул муҳаррири сифатида бу хатони ўтказиб юбориши ажабланарли ҳолдир. Афсуски, бу кичик хато 1989 йил нашри ва русча таржимада ҳам бор. Инглиз ва ҳинд тилларидаги таржималарда ва танқидий матнда тўғри шаклда берилган.    


160-бетда Пуройин дарасидаги кичик бир тўқнашув воқеасида ҳам чалкашлик бор. “Пуройин дарасигача борилди.… Қосимбекнинг куёви Пуройинни етиб, болту била чопиб олур маҳалда, яна йигитлар ёниб зўрлаб қочуруб, Пуройинни айириб олдилар ” иборасида аввалига географик жой номидаги Пуройин кейин шахс сифатида кўз одингизда намоён бўлади. Бу ерда Пуройин чиндан ҳам дара, аммо Қосимбекнинг куёвининг исми Пуройин эмас, Бўрон бўлган.


Бобурнинг шоҳ асари ҳижрий тўққиз юз ўн тўртинчи йил воқеаларидан сўнг салкам ўн бир йиллик узилиш бор. 161-бетда ҳижрий йил 925 йил арабча Вақоиъи санайи хамса ва ишрина ва тисъа миа (925 йил воқеалари) деб сарлавҳа остида келтирилган бўлсада, тагсатрда тўққиз юз ўн бешинчи (1509-1510) йил воқеалари деб қўпол хатога йўл қўйилган. Албатта бу хатони араб тилидан хабардор ўқувчи тўғри ўқиши мумкин. 1989 йилдаги нашрда эса форсча Вақоеи бисту панжум, яъни йигирма бешинчи [йил] воқеалари деб келтирилган. Аслида тўққиз юз йигирма бешинчи йил воқеалари деб тўғри кўрсатилганда маъқул бўлар эди.


Ўша йили раби ул- охир ойининг ўн иккисида, сешанба куни Бобур Кобулда Ҳиротдан ташриф буюрган қариндошлари билан кўришганини баён қилади. Сўнгра ойнинг еттисида, якшанба куни Бобо Шайхни банддан бўшатганини ёзган. Албатта Бобур баъзи воқеаларни олдин ё кейин қоғозга туширган. Бу ерда ойнинг ўн еттиси эканини исботлаш учун ҳижрий ва милодий тақвимлар жадвалига қараб раби ул охир ойининг еттинчи куни пайшанбага, ўн еттинчи кун эса якшанбага тўғри келиши орқали бу гапда “ўн” сўзи тушиб қолганини аниқлаш қийин эмас.       


163-бетда “Бажавр ва Гандовал аросидағи тоғни овладук” иборасидаги Гандовал эмас, Чандавал.


171-бетдаги Шайхим Миришкор зикр этилган сатрларни ўқиганда миришкор деҳқон ҳақида эмас, мири шикор (мир шикор) тарзида ўқиш орқали ов ишлари билан шуғулланувчи амалдорни тушунасиз.


177-бетда “Пайшанба куни ойнинг ўн учида Юсуф Алининг дафъи ва рафъиға азм-жазм қилиб,...” отланилгани ҳақдаги хабар бор. Асл матнда Юсуфзайи (Юсуф авлодлари) берилган.  


181-бетда “Шуаройи мутақаддам ишқ ва ошиқлик учун маснавийларким айтибдурлар, ...” деб бошланган гапдаги иккинчи сўзнинг арабча матнида “мим” ҳарфидан сўнг “алиф”  келган, демак мутақаддам эмас, мотақаддам деб ёзиш ва ўқиш тўғри бўлади.


185-бетда Бобур жолада шеърхонлик ўтказилиб, қуйидаги форсий бир байтнинг асосий мазмун бўлганини таъкидлаган:   


                   Маҳбубии ҳар ишвагареро чи кунад кас,


Жое ки ту боши дигареро чи кунад кас? (252б)


 


Аммо нашрда эса байтдаги сатрлар ўрни алмашиб кетган.


190-бетда Ҳамидхоний Хосса Хайлий деган исмга дуч келасиз. Аслида у  Ҳамидхон хосса хайл деб ёзилиши керак.


192-бетдаги “Қандин йигитини ризо қила олурким,..” деб бошланувчи иборада ҳам бир оз чалкашлик бор. “Йигитини” ва “қандин” сўзлари ўрни алмашиб кетган.


Панипат жангида (193-бет) жавонғор учида турган бекларни санаганида Абулмуҳаммад найзабоздан кейин турган Шайх Али тушиб қолган. Худди шу сатрда “ясадукким” сўзидаги “ким” юкламаси тушиб қолган.


Ўша жанг иштирокчиси Муҳаммадий Кўкалдош 1989 ва 2002 нашрларда Муҳаммад Али тарзида берилган. Унинг ёнида турган Юнус Али эса Юсуф Али деб хато ёзилган (193 -бет).


Жангдан сўнг Бобур Деҳли шиқдорлиғини Вали Қизилга иноят қилган. Ана шу гапдага “шиқдор” сўзи “эшикдор” шаклига айланиб қолган (194-бет).


Деҳлида Бобур номига хутба ўқилганидан сўнг, Бобур “Тўғлоқободни сайр қилиб келиб ўрдуға туштим” деб ёзсада, бу гапдаги “келиб” сўзи тушиб қолган (194-бет).


Бобур рақиби Иброҳим Лўдийнинг онасига марҳамат кўрсатиб, етти лаклик даромад келтирадиган паргана ажратиб берган. Аммо бу ерда эса Иброҳим Лўдийнинг отасига деб кўрсатилган (194-бет). Ваҳоланки Иброҳим Лўдийнинг отаси 1517 йили вафот этганидан сўнг ўғли Деҳли тахтига ўтирганини Бобур ўзи ҳам зикр қилган.


Мазкур нашрдаги: “Бажаврни зўр била икки-уч керрида олиб,”  деб бошланувчи гапдаги “керри” сўзи нимани англатилиши ҳам ўқувчининг ўзига ҳавола қилинган чоғи (194-бет). Бу ерда керри эмас, гари (гҳари) сўзи вақт ўлчов бирлиги эканини фақат ҳиндшунослар билиши мумкин холос.


Кейинги гапдаги “Ҳиндустондек васъе мамлакатни” деган гапдаги сўннги сўз “мамоликини” деб ёзилиши керак (196-бет).


Навбатдаги саҳифада (196-бет) “Ул фурсатта юруб, умароси мухолафат мақомида эдилар”, деган гап учрайди. Мазкур гапда “юруб” сўзига 917 рақам билан тагсатрда “юрт” бўлса керак деган изоҳ ҳам берилган. Аслида бу ерда Пураб сўзи ёзилиши керак. Пураб сўзи ҳам ҳинд тилидан олинган бўлиб, Шарқ деган мазмунни беради.


Бу хато кейинги саҳифада ҳам такрорланган. “Бу жамоатни пурий дерлар” деб нашр қилинган. Аслида “пурабий”, яъни шарқийлар маъносида келиши керак. Ўрта асрларда пойтахти Жаунпур саналган Шарқийлар давлати назарда тутилмоқда.


Асл матнда “Ғолибо ташвишлар тортти” иборасидаги “ғолибо” сўзи “ғалаба” деб ёзилган (219- бет).


Қўлёзманинг 325 б варағидаги  “Шайх Гуранни ва Абдулмулук қўрчини қалин фавж била… ” деган гап ҳозирги нашрда иккита хато кетган. Шайх Ҳуран эмас, Шайх Гуран ва Абдулмалик эмас, Абдулмулук бўлиши керак (229-бет).


Тўққиз юз ўттиз тўртинчи йил воқеалари бошланишида “Андин отланиб Ўтрўйи тушилди” деган гап бор. Қўлёзмада Ўтрули ёзилган бўлиб, ҳозирги  Атраули шаҳри назарда тутилганини тўғри тушуниш лозим.


Маълумки, Бобур ободончилик соҳасига катта эътибор қаратган. Айниқса, боғдорчилик ва меъморий обидалар яратиш соҳасида улкан ишларни амалга оширган. Беш аср илгари Бобур томонидан яратилган боғ ва баъзи иморатлар ҳозир ҳам сақланиб қолинган. Бобур Секри кўли ўртасида саккиз қиррали тош супа тайёрлатгани ҳақида “Бобурнома” саҳифаларида зикр қилиб ўтган: “Кўлнинг ичида буюрғон мусамман суфа тайёр бўлуб эди. Кема била бориб, шомиёна тиктуруб, ...” деган гапда мазкур кўл “Кўйил” шаклида, янада аниқроқ қилиб айтсак шаҳар деб нотўғри талқин қилинган. Бу хатонинг юзага келиши ҳойнаҳой бир ҳафта илгари Бобурнинг Коил (ҳозирги Алигаҳ) шаҳрини сайр қилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо текстни диққат билан ўқиш ва Секри ҳамда Алгарҳ шаҳарлари орасида сув йўли йўқлигини ҳисобга олсак бу хато эканини англаймиз. Таъкидлаш керакки, 1989 йилдаги нашрда бу хато йўқ.


Тўққиз юз ўттиз бешинчи йил воқеалари бошида “улуғ бир кўл яқосида тушуб ўй қувладук” ибораси бор (232-бет). Бу ерда “уйқуладук”, яъни ухламоқ феъли берилганида “ўй” сўзини от сўз туркуми сифатида талқин қилган  ўқувчи қийналиб қолмасди.


Албатта қўлёзмани ўқиш осон эмас. Айниқса, баъзи нуқталар қўйилмаслиги бу ишни анча оғирлаштиради. Матнда “дол” ва “ре” ҳарфларининг ёзилишда ўхшашлиги ҳам баъзи чалкашликларни юзага келтирган. Масалан, “Бобурнома” нинг сўннги нашридаги 239 бетда Урва шаҳри Удва шаклида берилган.


242-бетдаги “рамали мусаддаси махбун, арзуз ва зарбгоҳи махбуни маҳзуф” ибораси Абдулла Аъзам каби йирик арузшунос олимни ҳам анча ўйлантириб қўйди. Бир оздан сўнг орфографик ва мазмуний хатоларни тузатиб ўқишга муяссар бўлдик: “рамали мусаддаси махбун, аруз ва зарб, гоҳ абтар, гоҳ махбуни маҳзуф”.


Бобур бу асарда бир неча марта масал ё мақоллар ҳам келтириб ўтган. Масалан 186-бетда ўқиймиз:  “масал борким, гаҳ ёздаҳ гаҳ нўҳ” (тагсатрда “гоҳ ўн бир яхши, гоҳ тўққиз” деб таржима берилган). Матнда эса “Йори даҳ беҳ ки нўҳ”, таржимаси:  ўнта дўст тўққизта (дўст) дан яхши.


Ҳурматли ўқувчи, “бу ёзганлардин асло шикоят эмас” (Бобур ибораси), балки бу буюк асарнинг келажакда нашр этилишида бу каби нуқсон ва хатоларни тузатиш ҳақидаги таклиф ўрнида қабул қилинг. Зеро, Бобур ҳазратлари ўзининг бу ҳаётномасидаги  “ҳар бир сўзи рост ёзилишини” мақсад қилиб қўйганини таъкидлаб ўтган. Бу аср кунчиқар мамлакат Японияда (япон тилида таржима ва асл матн), кун ботар ўлка Англияда (А. Беверижнинг инглизча таржимаси), Осиё ва Европанинг кўплаб давлатларида, АҚШ (В. Текстоннинг инглизча таржимаси) ва Африкада (Магда хонимнинг арабча таржимаси) қайта-қайта чоп этилиши унинг нақадар аҳамиятли эканидан дарак беради. Бу қомусий китоб Бобурнинг она ватанида тўрт марта ўзбек тилида, икки марта рус тилида ва бир марта табдил сифатида чоп этилган бўлишига қарамай унга бўлган эҳтиёж ва талаб бу йил янада ошгани сезилди.  Умид қиламизки, “Бобурнома” нинг мукаммал танқидий матни яқин орада ўзбек шарқшунос олимлари томонидан  амалга оширилгай.


  Ботирали ЙЎЛДОШЕВ,


шарқшунос  

7 изоҳ

avatar
Мақола учун ташаккур! Таҳлил ажойиб. Аммо бир савол: Бикромажитми ёки Биромажит? Яна бир таҳрир қилинса яхши бўлар эди. Холис фикр сифатида қабул қилишингизни сўрайман.
avatar
Мақолага билдирилган эътибор учун миннатдорман. Асли ҳинд тилида Викрамадитья (Қуёш ўғли деган маънони беради.), аммо бизнинг тилимизга Бикромажит сифатида кириб келган. Маълумки, араб алифбосидаги эски ўзбек ёзувида «р» ҳарфидан сўнг «а» алиф келганида талаффузда «о» товуши пайдо бўлиши сабаб Бикромажит, яъни «а» «о» га айланиб кетади.
avatar
Мен мақолангизда икки хил ёзилганини назарда тутган эдим. Шундай бўлса-да, жавобингиз учун ташаккур!
avatar
Раҳмат. «к» ҳарфи тушиб қолган экан. Тузатиб қўйдим.
avatar
Ажойиб мақола. Ростгўйлик Бобурга хос хислат бўлган.
avatar
Бобурнинг ростгўйлик ҳақидаги сифати яхши ёритилган деб ҳисоблайман. муаллифга ташаккур.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.