топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳайдаробод қўлёзмаси

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари
Шеърият ва адабиёт

 


Ҳиндистоннинг жануб қисмида жойлашган Ҳайдаробод шаҳри бугунги кунда мамлакатнинг энг йирик саноат марказларидан бири саналади. Ҳайдаробод шаҳрига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ шаҳар марказидаги Чор минор номли ажойиб меъморий обида билан танишади. Бу гўзал  иморатни тамоша қилар экансиз беихтиёр Бухоро ёдингизга келади. Айнан шундай чор минор Бухородаги Лаби ҳовуз яқинидаги маҳаллада ҳам жойлашган. Аслида Ҳайдарободдаги Чор минор илгарироқ қурилган. 1591 йили Голконда султони Муҳаммад Қули Хон пойтахтни Ҳайдаробод шаҳрига кўчиради ва янги-янги бинолар, мачит ва мадрасалар қуришга киришади. Кўп ўтмай бобурийларнинг тинимсиз ҳарбий юришлари оқибатида Декандаги султонлик ва рожаликлар бобурийлар давлати тасарруфига ўтади.


Бобурийлар давлатининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур истеъдодли шоир ва муаррих сифатида ҳам ном қолдирган. Унинг қаламига мансуб “Бобурнома” бир неча юз йиллардан буён дунё олимлари томонидан ўрганилиб келинмоқда. Афсуски, бу нодир асарнинг асл қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. “Бобурнома”нинг ўрта асрларда моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган бир қанча қўлёзмалари бугунги кунда ер юзининг йирик илмий марказлари, кутубхона ва музейларда сақланмоқда.


Инглиз шарқшуноси ва ҳарбий офицер Ҳенри Бевериж 1900 йили Саларжанг музейида “Бобурнома” нинг яхш сақланган нусхасини топиб уни ўз рафиқаси Аннет Беверижга топширади. Бевериж хоним 1905 йили асарнинг факсимиле (айнан ўзини цинкография усулида) сини Лондонда нашр қилдирган. Ўшандан буён мазкур нусха фан оламида “Ҳайдаробод қўлёзмаси” номи билан зикр этилади. Ҳайдаробод қўлёзмасини кўчирган хаттотнинг исми шарифи, кўчирилган сана ва жойи ҳам маълум эмас. Манбашунос олимларимизнинг фикрига кўра, Ҳайдаробод нусхаси Аурангзеб Оламгирнинг буйруғига биноан (ҳукмронлик йиллари 1658-1707), яъни ўн еттинчи асрнинг иккинчи ярмида кўчирилган. 382 ваарақли бу қўлёзма “Шайх Гуран билан Нурбекни Гвалиярга юборилдиким, Гвалиярни буларга топшуруб...” деган иборадан сўнг узилиб қолган. Қўлёзма варақларининг сатҳи 15х26,5 см ва матн ҳажми 10х19 см жойни эгаллаган.


“Бобурнома” нинг Ҳайдаробод қўлёзмаси яхши сақланган ва бобуршуносликда энг ишончли таянч манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Бевериж хоним ўша қўлёзма асосида улкан илмий ишларни амалга оширган. 1921 йили асарни инглиз тилига таржима қилиб нашр қилишдан ташқари илмий изоҳлар ва қатор тадқиқотларни нуфузли илмий нашрларда эълон қилдирган. Ғарб шарқшуносларидан ташқари япон олими Эйжи Мано, йирик ўзбек олимларидан академик Сабоҳат Азимжонова, Порсо Шамсиев, Саидбек Ҳасанов, Абдумажид Мадраимов бу қўлёзмадан кенг фойдаланишган. Ғайбулло Ғаломов, Неъматилло Отажонов ва Дилдора Ҳошимова “Жаҳонгашта Бобурнома” ва “Бобурнома”- Шарқ элчиси номли ҳаммуаллифдаги илмий тадқиқотларида Ҳайдаробод қўлёзмасини зикр қилиб ўтишган. Буюк аллома Заҳириддин  Муҳаммад Бобур таваллудининг 530 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Бобур Қомуси тайёрланди. Бобур Қомуси таҳририяти аъзолари (Абдулла Аъзамов, Ботирали Йўлдошев, Ваҳоб Раҳмонов, Отабек Жўрабоев, Шафоат Сотқинова, Шокирхўжа Рустамхўжаев ва Қодиржон Эргашев) ҳам Ҳайдаробод қўлёзмасидан унумли фойдаланишган.


Муаллиф: Ботирали Йўлдошев                  

4 изоҳ

avatar
Яхши маълумотлар берилган.
avatar
Раҳмат. Биз олимларни ҳам эслабсиз.
avatar
Материални қизиқиб ўқидим, рахмат.
Мен ҳам бу шахарда илмий сафрда бўлганман,2000 йил. (International center of powder metallurgy of India, Haydarabad). Бу институтга 1500 Втли қуёш сандонини ўрнатганмиз. Ўшанда Чор Минорни кўрган эдик, хаттоки бизга унинг макетини совға қилишган.
avatar
Раҳмат мақолага эътибор берганингиз учун. Умуман олганда Ҳиндистон билан маданий алоқаларимиз неча асрлардан буён давом этиб келмоқда. Ўзбекистонликлар томонидан қуёш сандони ўрнатилиши бу биз учун фахр. Негаки илгари фақат Бхилаидаги металлургия заводи ҳақида маълумот бериларди.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.