топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Рейтинг
+73.21
avatar

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари

Батафсил

«Элдин яхши сўзунгни айтиб…»

Шеърият ва адабиёт
 

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг давлатчилик сиёсатида, юртни, салтанатни бошқариш ишларида ҳамиша маслаҳат орқали, олим, фозил, оддий кишилар билан барча ишларни кенгашиб юритиш тартиби изчил амал қилинган. У умрининг охирроғида, аниқроғи, 1528 йили фарзанди Ҳумоюн мирзога ёзган мактубида, шаҳзода Комрон мирзога ёзган васиятномасида салтанатни юритишда салтанат вакиллари халқнинг ҳам истакларини сабр-тоқат билан эшитиши, улар фикрини ўзининг ақл-заковати билан таҳлил этиб иш қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган. Айниқса, “…туркий улуснинг оталари ота-оналаримизга хизмат қилиб, жон тортиб иссиғ-совуқда, сафар ва ҳазарда …хизмати шоиста қилиб келтирибтурлар, ул элдин имтиҳон қилиб, эшигинга йўл беруб, вакили мутлақ этиб кичик ёшлиқ эрса алардин кегаш сўруб, маслиҳат

“БОБУРНОМА”НИНГ ЁЗИЛИШ САНАСИ

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари

 


        “Бобурнома”нинг “Юлдузча” нашриётида янгидан чоп этилиши[2] бугунги маданий ҳаётимиздаги қувончли воқеалардан бири бўлди. Шу муносабат билан фикримизга баъзи бир мулоҳазалар ҳам келди. Зеро, бу антиқа асар юзасидан айтиладиган фикрлар ҳали жуда кўп, амалга ошириладиган атрофлича, чуқур илмий тадқиқотлар эндигина бошланаяпти. Нашр сўзбошисида унинг тайёрловчиси марҳум Порсо Шамсиев “Бобурнома”ни келажакда илмий изоҳлар билан таъминлаб, чоп этишни таъкидлаганлар. Бироқ, ҳозирча бундай нашр юзага чиқмади. Шунинг учун ҳам кўп масалалар қатори ҳанузгача “Бобурнома”нинг тартиб берилган вақти ҳам турлича талқин этилиб келинаяпти. (Тўғри, Сабоҳат Азимжонова “Гулистон” ойномасининг 1990 йил 8-сонида асарнинг 1526 – 1529 йиллар орасида тартиб берилганини айтган эди.)


        “Бобурнома”нинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхалари ўзбекча ва форсча вариантлари (яъни излаб топишга муваффақ бўлингани)да 16 йиллик воқеаларнинг мавжуд эмаслиги ҳам турлича қарашларга сабаб бўлди. Аммо “Бобурнома”ни мутолаа қилиш жараёнида масалага илмий ёндашиб, мантиқ юзасидан хулоса чиқарилса, мазкур муаммолар ҳам ўз-ўзидан ойдинлашиб қолади. Бобур Мирзо асарни шундай услубда ёзган (ёки шундай ёзишга тўғри келгандир)ки, унинг илк саҳифаларидан кейинги давр воқеаларига, охирги бобларидан эса олдин зикр этилган воқеаларга тааллуқли маълумотларни билиб олиш мумкин бўлади. Шу сабабли “Бобурнома” тартиб берилиш санаси ва асар тўла ёки тўла эмаслигини ойдинлаштиришда ҳам Бобурнинг ўзига мурожаат қилинса, панд емаймиз.


        “Бобурнома”дан маълумки, 1528 йил ноябридан то 1529 йилнинг 1-февралигача ўзбек элчилари Ограда Бобур ҳузурида турадилар. Улар орасида Хўжа Калон Хўжа Яҳё набираси ҳам бор эди. Бобур жуда ҳурмат қилган бу Хўжа ҳам ўша куни шайбонийлар элчилари билан Мовароуннаҳрга қайтади. Шундан бир ой кейин, аниқроғи, 1529 йил 4-мартида эса Бобур ёзади: “Шаҳракбекким, Моҳим қошидин Гангга аввал келган юрт (Дугдуний)га келиб эди, рухсат берилди. Хўжа Калон Хўжа Яҳё набираси мендин битийтурғон “Вақое”ни тилайдур эди, истиктоб қилдуриб эрдим, Шаҳракдан юборилди.”


     Бобуршунос С. Азимжонова Бобурнинг Ҳиндистон девони ҳақида гапирар экан унинг 1528 йил 28-декабрда тартиб берилган санасини бобур ёзуви бўйича кўрсатиб ўтади. Бобур шу сана рақам қилинган жойда ўз қўли билан қуйидагиларни ҳам ёзган экан: “Ҳиндистон жониб азимат қилғоли айтилган ашъор бу эрдиким, таҳрир қилдим, кечғон вақое улдур, тақрир қилибтурман, нечукким бу авроқда мастур, ул ижрода мазкур.” Яна “Бобурнома”га мурожаат қилсак “Ҳинтқа келгали айтқон ашъор”нинг Бобур томонидан 1529 йил 1 – 5-февралида Кобул, Бадахшондаги Ҳумоюн, Хўжа Калонбек ва Комрон учун юборганлигини билиб оламиз.


      “Бобурнома”нинг 1499 йилдан то 1528 йил сентябригача воқеалари ҳикоясида 1528 йил 7-октябрь кунигача воқеалар тилга олиниш ҳолатини кузатамиз. Шунингдек, Бобур дастлабки даврлар воқеалари ичидаёқ Ҳиндистонга келгачгина лафзига ўрнашиши мумкин бўлган “паргана” сўзини қўллайди. Ҳали Афғонистонда юрган кезлари кўрган ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳақида сўз юритмоқчи бўлган (1519 йил воқеалари)да эса, улар ҳақида Ҳиндистон ўсимликлари ва қушлари тавсифи (1526 йил воқеалари)да батафсил тўхталажагини уқтиради.


       “Бобурнома”даги яна иккита лавҳани эслаш лозим кўринадики, булар асар тўлиқ шаклида бунёдга келгани масаласига аниқлик киритишда далил вазифасини ўтайди.


       Бобур 1519 йил августида ўғли Комроннинг тоғаси Султон Али Мирзонинг Қашғардан Кобулга келганини айтиб, унинг кетган йилини эса олдинги йил воқеаларида ёзган эдим, дейди. Аммо айни ўша йил воқеалари китобда мавжуд эмас. Бобур ўша йили “Чоргоҳ”га куй басталайди ва ўзининг мусиқадаги фаолияти тўғрисида ўрни билан бафуржа гапиришга ваъда беради. Ишончимимз комил, Бобур бу ваъдасига вафо қилган – мусиқа соҳасини бирор йил воқеаларида ёритган. Бироқ, афсуски, бу масалалар ҳозир китобда йўқ бўлган кейинги 1520 – 1526 йиллар воқеалари ичида инъикос этган. Яна бир қанча далиллар борки, уларни ҳам назарда тутиб, сўзимизни хулосалайдиган бўлсак, “Вақое” – “Бобурнома”, асосан, 1528 йил октябрь – декабрь ойларида тартиб берилган. Асар илгари қайд этилган кундаликлар, улар йўқ жойида эса Бобурнинг кучли хотираси суяниб ҳамда пухта режалаштирилган асосда бир нафасда ёзилган. “Бобурнома”да барча йиллар тўлиқ мавжуд бўлган, Асар тугалланиб-тугалланмай Ўрта Осиё, аниқроғи, Самарқанд шаҳрига етиб келган.


 ( “Туркистон”, 1991 йил 26 февраль.)   


/>

[1] Мақола рўзномада “Бобурнома” тартиб берилган сана” номи остида чоп этилган. 



[2] Заҳириддин Муҳамад Бобур. Бобурнома. Нашрга тайёрловчи: Порсо Шамсиев. “Юлдузча” нашриёти, 1989.  


Муаллиф йирик таржимон ва бобуршунос Исмоил Бекжонов. 



ҲАР СЎЗИ РОСТ ЁЗИЛГАН

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари
Шеърият ва адабиёт

 


Яқинда улуғ мутафаккир, шоир, муаррих ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) таваллудининг 531 йиллиги алломанинг она ватани – Ўзбекистонда кенг нишонланди. Жаҳон маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган Бобурнинг ҳаёти ва ижоди беш асрдан буён Ғарб ва Шарқ олимлари томонидан улкан қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Афсуски, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида шўро фирқачиларининг тазйиқига учраш натижасида Бобуршунослик бир оз орқага чекинди.


Хайрият кўп ўтмай Ватанимиз озодликка эришди ва янги имкониятлар пайдо бўлди. Юртбошимизнинг “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни ўтмиш тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади ”, деб айтган сўзлари олимларимизга куч ва ғайрат бағишлади.


Ҳайдаробод қўлёзмаси

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари
Шеърият ва адабиёт

 


Ҳиндистоннинг жануб қисмида жойлашган Ҳайдаробод шаҳри бугунги кунда мамлакатнинг энг йирик саноат марказларидан бири саналади. Ҳайдаробод шаҳрига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ шаҳар марказидаги Чор минор номли ажойиб меъморий обида билан танишади. Бу гўзал  иморатни тамоша қилар экансиз беихтиёр Бухоро ёдингизга келади. Айнан шундай чор минор Бухородаги Лаби ҳовуз яқинидаги маҳаллада ҳам жойлашган. Аслида Ҳайдарободдаги Чор минор илгарироқ қурилган. 1591 йили Голконда султони Муҳаммад Қули Хон пойтахтни Ҳайдаробод шаҳрига кўчиради ва янги-янги бинолар, мачит ва мадрасалар қуришга киришади. Кўп ўтмай бобурийларнинг тинимсиз ҳарбий юришлари оқибатида Декандаги султонлик ва рожаликлар бобурийлар давлати тасарруфига ўтади.


Бобурийлар давлатининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур истеъдодли шоир ва муаррих сифатида ҳам ном қолдирган. Унинг қаламига мансуб “Бобурнома” бир неча юз йиллардан буён дунё олимлари томонидан ўрганилиб келинмоқда. Афсуски, бу нодир асарнинг асл қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. “Бобурнома”нинг ўрта асрларда моҳир хаттотлар томонидан кўчирилган бир қанча қўлёзмалари бугунги кунда ер юзининг йирик илмий марказлари, кутубхона ва музейларда сақланмоқда.


Инглиз шарқшуноси ва ҳарбий офицер Ҳенри Бевериж 1900 йили Саларжанг музейида “Бобурнома” нинг яхш сақланган нусхасини топиб уни ўз рафиқаси Аннет Беверижга топширади. Бевериж хоним 1905 йили асарнинг факсимиле (айнан ўзини цинкография усулида) сини Лондонда нашр қилдирган. Ўшандан буён мазкур нусха фан оламида “Ҳайдаробод қўлёзмаси” номи билан зикр этилади. Ҳайдаробод қўлёзмасини кўчирган хаттотнинг исми шарифи, кўчирилган сана ва жойи ҳам маълум эмас. Манбашунос олимларимизнинг фикрига кўра, Ҳайдаробод нусхаси Аурангзеб Оламгирнинг буйруғига биноан (ҳукмронлик йиллари 1658-1707), яъни ўн еттинчи асрнинг иккинчи ярмида кўчирилган. 382 ваарақли бу қўлёзма “Шайх Гуран билан Нурбекни Гвалиярга юборилдиким, Гвалиярни буларга топшуруб...” деган иборадан сўнг узилиб қолган. Қўлёзма варақларининг сатҳи 15х26,5 см ва матн ҳажми 10х19 см жойни эгаллаган.


“Бобурнома” нинг Ҳайдаробод қўлёзмаси яхши сақланган ва бобуршуносликда энг ишончли таянч манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Бевериж хоним ўша қўлёзма асосида улкан илмий ишларни амалга оширган. 1921 йили асарни инглиз тилига таржима қилиб нашр қилишдан ташқари илмий изоҳлар ва қатор тадқиқотларни нуфузли илмий нашрларда эълон қилдирган. Ғарб шарқшуносларидан ташқари япон олими Эйжи Мано, йирик ўзбек олимларидан академик Сабоҳат Азимжонова, Порсо Шамсиев, Саидбек Ҳасанов, Абдумажид Мадраимов бу қўлёзмадан кенг фойдаланишган. Ғайбулло Ғаломов, Неъматилло Отажонов ва Дилдора Ҳошимова “Жаҳонгашта Бобурнома” ва “Бобурнома”- Шарқ элчиси номли ҳаммуаллифдаги илмий тадқиқотларида Ҳайдаробод қўлёзмасини зикр қилиб ўтишган. Буюк аллома Заҳириддин  Муҳаммад Бобур таваллудининг 530 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Бобур Қомуси тайёрланди. Бобур Қомуси таҳририяти аъзолари (Абдулла Аъзамов, Ботирали Йўлдошев, Ваҳоб Раҳмонов, Отабек Жўрабоев, Шафоат Сотқинова, Шокирхўжа Рустамхўжаев ва Қодиржон Эргашев) ҳам Ҳайдаробод қўлёзмасидан унумли фойдаланишган.


Муаллиф: Ботирали Йўлдошев