топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“Ўзбекистон – умумий уйимиз”

Andijon davlat universiteti
 
 
                   Ўзбекистон – серқуёш, бағрикенг ва кўп миллатли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек истиқомат қиладилар. Эътиқод ва дин эркинлиги кафолатланган мамлакатимизда ҳар бир миллат вакили ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиши, ўз диний ва миллий урф-одатларига амал қилган ҳолда яшаши мумкин. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказларида турли миллат вакиллари бўлган юртдошларимизнинг диний ва миллий анъанларини амалга оширишлари учун барча шароитлар мавжуд. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик фестивалларида Ўзбекистондаги рус, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман, турк, корейс, уйғур каби турли миллат вакиллари ўзларининг миллий анъаналарини намойиш этувчи саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлари билан ўз истеъдодларини намойиш этиб келмоқда. “Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивали мамлакатимиздаги турли миллат вакилларининг аҳил-иноқликда истиқомат қилаётганлигининг яққол кўзгуси сифатида намоён бўлмоқда.

             Шу каби тадбирлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Андижон давлат университетида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Андижон вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида ташкил этилган ушбу маънавий-маърифий тадбир талаба-ёшлар онгига диний бағрикенглик ва миллатлараро тутувлик ғояларини сингдиришда муҳим омил бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.

                Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур учрашувда дин тушунчаси, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғоялари талаба-ёшларга кенг кўламда, атрофлича тушунтирилди. Учрашувга Андижон шаҳридаги “Эски гумбаз” жомеъ масжиди имом-хатиби Баҳодиржон Рўзибоев, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ўқув курслар директори Аббосбек Исроилов, АндДУ ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Дилмуроджон Собировлар таклиф этилди. Учрашувни университетнинг маънавий-аҳлоқий тарбия бўлими бошлиғи Абдукарим Акбаров олиб борди. Дастлаб сўз университетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Аъзамжон Шермуҳамедович Ҳамрақуловга берилди.
А.Ш.Ҳамрақулов ўз сўзида бугунги кунда университетимизда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, ишчи ходимлар, таълим олаётган талаба-ёшлар ўртасида турли миллат вакиллари ўзаро тинчлик, хотиржамликда, ҳамкорликда ишлаб, билим олаётганликлари, талабалар турар жойларида бир ота-онанинг фарзандларидек яшаб келаётганликлари тўғрисида тўхталар экан, бу миллатлараро тотувликнинг яққол мисоли эканлигини алоҳида такидлаб ўтди.
 
Учрашувда сўз олган АндДУ ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Д.Собиров “миллат”, “диний бағрикенглик”, “миллатлараро тотувлик” каби тушунчалар, мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллат ва элатлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Мамлакатимизда дин эркинлиги қонун билан ҳимояланиши, ислом динидан бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам ўзларининг диний урф-одатларига бемалол амал қилаётганлиги, ислом дини вакиллари ўзга дин вакилларига ҳурмат билан қарашлари хусусида  Андижон шаҳридаги “Эски гумбаз” жомеъ масжиди имом-хатиби Б.Рўзибоев  сўз юритди.

 
Шундан сўнг, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ўқув курслар директори А.Исроилов вилоятимиздаги маданият марказларининг фаолияти, вилоятимизда яшаётган ва давлатимизнинг нуфузли мукофотларига сазовор бўлган турли миллат вакиллари, туманларимизда ўтаётган дўстлик байрамлари хусусида сўз юритди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида талабалар милларлараро дўстлик мавзусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, ватан, ёшлик, дўстлик, аҳиллик, тинч-тотувликни тараннум этувчи шеърлардан ўқиб бердилар. 

 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.