топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Оламнинг алп ёзувчиси Айтматовга таъзим!

Andijon davlat universiteti
Маданият ва маърифат
Андижон давлат университети катта мажлислар залида буюк адиб, умумбашарий тарих ва замонанинг энг машҳур ва атоқли ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Оламнинг алп ёзувчиси Айтматовга таъзим!” деб номланган халқаро илмий-адабий кеча бўлиб ўтди. 
Дастлаб, қардош Қирғизистон давлатидан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар университет асосий биносида илиқ кутиб олинди. Улар Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирган фото ва китоблар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини томоша қилдилар. Тайёрланган кўргазма меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 
Шундан сўнг, ушбу кечани очиб бериш учун сўз университет ректори А.С.Юлдашевга берилди. Устоз буюк талант эгаларининг ҳаёт йўллари, уларнинг башарият тарихида тутган залворли ўрни ҳақида айтиб ўтди. Устоз ўз навбатида даврадаги иштирокчиларни ана шундай инсон, буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик тантанаси билан қизғин табриклади ва “Оламнинг алп ёзувчиси Айтматовга таъзим!” номли халқаро илмий-адабий кечани очиқ деб эълон қилди ҳамда анжуман ишига юксак муваффақиятлар тилади.

Қутлуғ сана муносабати билан сўз навбати тарих фанлари доктори, профессор, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Р.Т.Шамсутдиновга берилди. Устоз ўз чиқишида “Чингиз Айтматовнинг оиласи ҳақида эсдаликлар” мавзусида йиғилганларга тарихий аҳамиятга молик хотира ва эсдаликлар ҳақида сўзлаб берди. 
Табрик учун сўз Ўш давлат университети Давлат тили бўйича проректори Арстанов Сабырали Абдыманнаповичга берилди. Меҳмонўз сўзида Ўзбекистонда, хусусан, Андижон давлат университетида Чингиз Айтматов таваллуди ва дўстлик, қардошлик муносабатлари бўйича ҳар икки мамлакат раҳбарларининг олиб бораётган сиёсат ва ислоҳотлари, амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор экани ҳақида айтиб ўтди.  

Шундан сўнг, маърузачиларга навбат берилди. Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессори С.Мирзаева “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусидаги сермазмун маърузаси билан анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Кейинги маъруза Ўш давлат университети қирғиз адабиёти кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди, доцент А.Мурзакметовга берилди. “Эртак йўли билан” деб номланган маърузада, меҳмон Чингиз Айтматов ижодида эртакона сюжетларнинг ўрни ҳақида сўзлаб берди. 
Шундан сўнг, сўз филология факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Баҳодир Раҳмоновга берилди. Устоз умуминсоният тарихида ўзига хос из қолдирган қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг ҳаёт йўли, асарлари ҳақида талабаларга сўзлаб берди. Маърузачи ҳақиқатда ҳам Чингиз оғанинг шахсиятига, ҳаёт йўлига қизиқиши, унинг ўзига хос талант эгаси бўлгани, талант эса халқнинг мулкига айланиши ҳақида гапириб ўтди. Домла Чингиз Айтматовнинг умр йўлидаги ўзига хос нуқталар, қизиқарли жиҳатлар ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди.
Кейинги сўз навбати Ўш давлат университети педагогика кафедраси доценти, п.ф.н., К.Акматовга берилди. Маърузачи ўз сўзида “Ола-Тоғдан оламга садо янгратган Айтматов” мавзуси бўйича нутқ сўзлади. Шунингдек, у ўз сўзида Ч.Айтматов билан ўзбек адабиёти йирик намоёндаларининг ўзаро дўстлиги, ҳамкорлиги, Чингиз Айтматов ҳам ўзбек халқига алоҳида муҳаббат қўйгани, ҳозирги кундаги фаолият юритаётганАйтматов музейи, кутубхоналари, буюк муҳаббати, унга ўрнатилган 3 метрли ҳайкали, айтматовшунослик институтлари, клублар, академиялар ҳақида ҳамда қирғиз миллий санъатининг бошқа соҳалари ривожига ҳам Айтматовнинг ижобий таъсири ҳақида гапирди.

 
Шундан сўнг, кечанинг расмий қисми якунланиб, бадиий қисми бошланди.
Дастлаб ўзбек ва қирғиз миллий либосларини кийган талабалар саҳнанинг тўрига алоҳида эъзоз ва эътибор билан қўйилган адиб расми остига гулчамбар қўйиш маросимини ўтказдилар. Сокин қирғиз миллий куйи остида ўзига хос рамзий маънодаги ушбу маросим кечанинг барча иштирокчилари қалбига илиқлик, ёзувчи шахсига бўлган самимий туйғуларни юқтирди.
Филология факультети қирғиз тили ва адабиёти йўналиши талабалари ижросида Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”, “Жамила”, “Эрта келган турналар” каби асарлари бўйича ишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ушбу саҳна кўринишлари ҳам кечага ташриф буюрган қўшни мамлакат делегацияси аъзолари ва бутун йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
         Шунингдек, кечада қирғиз, ўзбек, рус тили йўналиши талабалари ижросида ёзувчи асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари, куй, қўшиқ, рақслар ижро этилди.
         Тадбир сўнггида унинг тайёрланишида жонбозлик кўрсатган филология факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари К.Шаҳобов, рус тили ва адабиёти кафедраси доценти М.Темирова, қирғиз тили ва адабиёти йўналиши катта ўқитувчилари Э.Шамаев, Н.Алисултонова, М.Сулаймонова, О.Усмонова ҳамда кечада фаол иштирок этган ўзбек, рус, қирғиз тили йўналиши талабалари университет ректорининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Кечага ўзига хос файз киритган қўшни Қирғизистон мамалакатидан ташриф буюрган меҳмонлар “Умумбашарий тарих ва замонамизнинг машҳур, улуғ ҳамда атоқли ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасининг энг олий мукофотлари “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Оламнинг алп ёзувчиси – Айтматовга таъзим!” номли халқаро илмий-адабий кечада фаол иштирок этгани учун университет ректорининг сертификати билан тақдирландилар.
Хулоса қилиб айтганда, тадбир талабалар ва иштирокчилар маънавиятини юксалтиришга, дунёқарашини кенгайтиришга, мустақил фикрлашга, Ватанга, эл-юртга бўлган муҳаббатининг ортишига, тинчликнинг қадрига етишга тарбиялаш, табиатни асрашга ўргатиш, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини миллатлараро дўстлик ва қардошлик муносабатлари, ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга, адабиётни, санъатни севишга, ота-онага, эл-юртга содиқлик ҳиссини уйғотишга, азалий қадриятларни эъзозлашга чақириши, Одамнинг улуғлигига, Табиатнинг мангулигига, Муқаддас гуманизм, Поклик ғоясига, ёшларда Ватанпарварлик фазилатларини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.



Филология факультети томонидан ташкил этилган ва ўтказилган машҳур ва атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Оламнинг алп ёзувчиси Айтматовга таъзим!” деб номланган халқаро илмий-адабий кеча барча иштирокчиларда илиқ таассурот ва ёрқин хотираларни қолдирди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.