топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Юртимизда ҳар йили 500 дан зиёд ҳунармандлик буюмлари импорт қилинади

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
Давлат божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, юртимизда ҳар йили маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқариши мумкин бўлган 500 дан ортиқ буюм импорт қилинади.
“Ҳунарманд” уюшмасининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, ана шундай ҳолатнинг олдини олиш, халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини намойиш этиш, ҳунармандларнинг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш учун жорий йилнинг 22-23 сентябрида Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида “Ўзбекистон ёдгорликлари” кўргазма-савдоси ўтказилади.

Уюшма мутахассисларининг маълум қилишларича, сайёҳлар, меҳмонлар ҳар бир зиёрат қилган жойларидан эсдалик, ёдгорлик совғаларини харид қилади. Бироқ, ана шу жойларда сотилаётган ёдгорликларнинг аксар қисми хориждан келтирилган бўлиб, диёримиз тўғрисида ҳеч қандай таассурот ёки маълумот бермайди. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, юртимиз гўзаллиги, бетакрорлигини ўзида акс эттирган мўъжазгина совға – туризмни ривожлантириш омили бўлиш билан бирга маҳаллий тадбиркорларимизни янада юксалиш манбаи ҳамдир. Демак, эсдалик совғаларни юртимиз уста-ҳунармандлари ишлаб чиқариши ва оммалаштириши “Устоз-шогирд” мактабларини ривожлантириш ва янги иш жойларини яратиш имконини беради. 
“Ўзбекистон ёдгорликлари” кўргазма-савдоси ҳунармандликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариладиган ёдгорлик турларини кенгайтириш, оммабоплигини аниқлаш, сифат ва дизайни устида изланиш, чет эллик меҳмонларнинг маҳсулотларимизга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганишда қўл келиши шубҳасиз. 
 
Кўргазма-савдода ҳунармандлик маҳсулотлари савдоси ўтказилади. Шунингдек, уста ҳунармандлар маҳорат дарслари ўтади. Меҳмонлар ўз қўллари билан лойдан кўза ясаб кўришлари, ипакдан мато тўқишлари, дўппи тикишлари, бешик ясашда иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, миллий спорт мусобақалари (кураш), дорбоз, қўғирчоқ театрлари намойиш қилинади. Юртимизнинг энг машҳур ошпазлари ўз маҳоратини намойиш этади. Ҳар бир вилоят ва ҳудудларнинг ўзига хос чиқишлари, таниқли ва ёш истеъдодли санъаткорлар иштироки, халқ эртаклари қаҳрамонларининг кўринишларини ташкил этиш режалаштирилган.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.