топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ТАШҚАРИДАГИ ҚОНУН ВА ИЧКАРИДАГИ ҚОИДА Ёхуд менталитет, муаммо, мулоҳаза

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
Тўй… ҳамма элда ҳам, ҳамма юртда ҳам тўй-да. Яхши кунни эсда қоларли, унутилмас тарзда ўтказиш учун эса турфа одатлар, расм-русум, тартиб-қоидалар жорий этилган. Ҳаттоки, айримларини “ихтиро” ҳам қилиб туришади. 
Яқинда қариндошимизнинг тўйига чет элдан меҳмонлар ҳам қатнашди. Келиннинг Европада бирга ўқиган курсдошлари, қўшнилари тўй баҳона 2 ҳафта шу ерда бўлди ва ўзбек урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконини “қўлдан бой беришмади”. Маросимлар якунлангач, чет эллик меҳмонларнинг таассуротлари билан қизиқиб “Хўш, ўзбек тўйлари сизга ёқдими?” деб сўраш табиий. Улар “албатта, ғоят гўзал, шоҳона” таърифлари билан бирга, сизларда қиз томонга жуда қийин экан” дейишни ҳам унутишмади. Европалик меҳмонларнинг “ўзбек урф-одатларига кўра қиз бола ўз кийим-кечакларини ёшлигидан йиғар экан, бунинг устига куёв уйини безатиш, янги қариндошларига совға-салом олиш, тўйдан кейин ҳам каттароқ совғалар билан кўргани бориш каби тадбирларни келин томонга юклаб қўйишган. Куёв томон ҳали тўй бўлмасдан олдин келин томонга буйруқ беришни бошлар, келинга янги хонадоннинг барча хизматларини сўзсиз қилиш вазифаси юкланар экан. Бу бизни жуда таажублантирди” деган фикрлари тўйлар борасидаги ислоҳотлар ҳали-бери “мева” бермаётганидан дарак эмасми?
Мен-ку, “урф-одатларимиз сиз кўрганчилик эмас, бизда тўй ўтказиш йигитнинг гарданига тушади” дейишга дедим-у, улар кўрганига ишондими ёки гапимгами, буниси қоронғу қолди.
Аслида шариатда никоҳ тўйи билан боғлиқ ҳамма харажатлар куёв томон зиммасида бўлиши таъкидланган. Азалдан ота-боболаримиз ўзлари қалин пули бериб қизни битта тугунча билан уйларига олиб кетишган. Келиннинг пулига тўй қилишни ўзбек йигитлари ор санашган. Бироқ қачондан бошлаб, келин томонга қайси мебел-у, қандай парда олиш кераклигини ўргатиш, “чарлари”га машина совға қилиш, фарзандли бўлгандан кейин чилласи чиққунча чақалоққа қиз томон қараши, чақалоқ беланчаги-ю тагликларигача қиз томон олиб бериши каби “урф-одатлар” пайдо бўла бошлади? Дарвоқе, бу хусусда гап борганда кўпчилик “ўзбекчиликда”, “ўзимизни урф-одатлар, менталитентимиз шунақа” деб қўя қолади. Аммо ҳали “туғилганига” йил тўлмаган айрим “урф-одатлар”ни менталитетга қандай алоқаси борлиги ўйланарли. Куёв томоннинг устунлигини ҳам айнан менталитетга боғлайдиган, “Эркак” (яъни, куёв)нинг мавқеани устун билишни қонун даражасига кўтариш каби ақидалар ётмаганмикан юқоридаги каби урф-одатлар-у, “тартиб-қоидалар” замирида? Ўрни келган экан менталитет тушунчасига ойдинлик киритиб ўтсак. 
Ўзбекистон миллий энциклопедиясияси(Тошкент-2000)да менталитет сўзига  қуйидагича таъриф берилган: “Менталитет (лот. mentalis — ақлий) — айрим киши ёки ижтимоий гуруҳга хос ақлий қобилият даражаси, маънавий салоҳият. Жамият, миллат ёки шахснинг менталитети уларнинг ўзига хос тарихий анъаналари, урф-одатлари, диний эътиқодини ҳам қамраб олади”. Бир сўз билан айтганда менталитет — халқнинг характери, дунёқарашидир. Бу – халқ ўзи яратган ахлоқий қоидаларига ўзи амал қилиши демакдир.
Наргиза Дўсимбетова – Маънавият тарғиботчиси: 
— Ҳамма масалаларда ҳам менталитет айбдор бўлавермайди. Тушунчанинг моҳиятини тўла англаб етмаганлик натижасида уни ҳар ким ўзича талқин этади. Менталитет жамиятни меъёрда ушлаб туришга хизмат қилади, бузишга эмас. Тўйлардаги янгича расм-русумлар, дабдабавозликларга эса миллий менталитетни ҳеч қандай  алоқаси юқ. Бу аёлларнинг орзу-ҳаваси, улар ўйлаб топаётган «замонавий анъана»лардир. Тўй тантаналарида асосан хотин-қизларнинг иштироки кўп бўлгани учун улар ўз манфаатига мослаб ортиқча сарф-ҳаражатга эрк беришяпти. Катталар билан бамаслаҳат тўй қилиш  миллий менталитетга хос. Ачинарлиси, сўнгги йилларда бу одатга амал қилишмай қўйгани ортидан ҳашаматли тўйлар кўпайиб кетди. 
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек миллий менталитетига хос жиҳатлардан бири жамият ҳаёти, инсонлар турмуш тарзини кўпроқ анъана урф-одатлар орқали бошқарилишидир. Мутахассислар таъкидлаганидек “эскилик билан янгилик ўртасидаги тўқнашув” “МУАММО”ни пайдо қилганидек, айни пайтда УДУМ ва ҚОНУН ўртасидаги айрим қарама-қаршиликлар зиддиятлар занжирини юзага келтирмоқда. Масалан, Бош Қомусимизда “аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги” кафолатланган бўлсада, менталитет ёки айрим диний қарашлар аёллар фақат уй-рўзғор ишларига масъул деган қарашни ёқлайди. Аслида, Буюк Соҳибқирон даврида ҳам, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) даврида ҳам аёлларга доим тенглик ва ҳурмат назари билан қараб келинган. 
Танзила Норбоева – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси: 
— Аҳолимизнининг 80 фоизи оилада эркак киши пул топиши керак, аёл фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиши, лозим деб ҳисоблайди. Жамиятда сақланиб қолган шу каби патриархал қарашлар хотин-қизларнинг муносиб иш ўринларига жойлашишига халақит бермоқда.
Бежизга юқорида зиддиятлар занжирини “эскича қараш” бошлаб беради, дейилмади. Ўзбек халқида қиз бола бошидан овқат пишириш, тикиш-бичиш, меҳмон кутиш, рўзғор тутишга ўргатилади. Унга “эринг нима деса шуни қиласан” деган тушунча сингдирилади. Аммо унинг таълим тарбияси иккинчи даражали масала бўлиб қолади. Натижада, оилада юзага келадиган можороларга ўқимаган, дунёқараши ҳаминқадар бўлган ёш келин тўғри ечим тополмайди. Оила ажримга юз тутаётганда эса келин қаерга бош уришни билмайди. Бундай вазиятда ким медиатор(муросага келтирувчи) бўла олади? Ота-онасиникига борай деса “чиққан қиз чиғириқдан нари” деб ортга қайтариб юборишса,  кимдандир маслаҳат олай деса “яхши келин уйдаги гапни кўчага чиқармайди” деган таъналар билдиришса, дардини тегишли ташкилотларга айтай деса “маҳалла-куй олдида нима деган одам бўламан” деган уй-ҳаёллар қийнаса… Охирида унда икки йўл қолади. Бири, яна эри ёнига қайтиб зўравонликларга чидаб яшаш, иккинчиси, ўз жонига қасд қилиш. Бундай ҳолатларда аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида “1146” ишонч телефонлари жорий қилинди. Бироқ, оилавий масалаларга четдан “насиҳатгўй”лар келиб барибир ечим топиб бера олмаслигига ақли етган хотин-қизлар ҳамон ўз муаммолари гирдобида қолмоқда. 
Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин эди-ку?
 
Шаҳло Қудратова–ўқитувчи:
— Мен бундай муаммолар юзага келмаслиги учун турмуш қуриш ёшини ўзгартириш керак деган таклифни бераман. Ҳозирда Ўзбекистонда қонун бўйича оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш этиб белгиланган. Аслида бу ёшда йигит-қиз ўқиш, тил ўрганиш, дунё кезиш, тажриба тўплаш билан машғул бўлиши керак. Бизда эса ота-оналар “бошга тушганда кўникиб кетади” деган эскича қараш билан ёш эрга беришади, ўғилларига дабдабали тўй қилиб беради. Қачонгача, ота-онанинг пулига яшаш мумкин? Айниқса бугунги кунда бировнинг қўлига қараб яшаш жуда қийин. Замон талабидан келиб чиқиб қизлар таълим олиб, ҳунар ўрганиб 21-23 ёшида, йигитлар яхши иш топиб, уй-жойини тўғирлаб 26-28 ёшида тушмуш қурсалар, ўз пешона тери билан рўзғор тебратса оила қадрига етиб яшайди. Бундан ташқари, “қариқиз” деган тушунчани мутлақо унутиш керак. Ким қачон тушмушга чиқишни жамоа фикрига таяниб эмас, бунга тайёрлигидан келиб чиқиб ўзи ҳал қилиши керак. 
 
“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг 15730 нотинч оилалар ўртасида ўтгазган таҳлилларига қараганда, оилаларнинг 39,3 фоизи моддий етишмовчилик, 14,5 фоизи спиртли ичимлик ёки гиёҳвандликка ружу қўйганлиги, 25,9 фоизи доимий оилавий жанжаллар, 5,7 фоизи муҳим турар жойга эга эмаслиги, 14,5 фоизи бошқа сабаблар туфайли нотинч эканлиги аниқланди. Кўринадики, энг юқори фоизга кўра, оилаларни айни пайтда моддий қийинчилик қийнамоқда. Негаки, менталитетдан келиб чиқиб, аксарият оилаларда ҳамон аёллар ишлашига қарши тургувчилар бор. Ёлғиз оила бошининг топган пули эса хотин ва икки-уч боланинг харажатларига етмайди! Ўзбек менталитетига хос хотин кишини ишлатишни орсизлик санайдиган тушунча бугунги кунда ўзини оқламаслигини кўпчилик англаганида тенгсизлик сабаб ажралётган оилалар сони камайган бўлар эди. 
 
Холида Сайфиева– психолог:
— Биласизми, бизда келин танлашда шундай тушунча сақланиб қолганки, қиз иложи борича ёш бўлиши керак. Қанча ёш бўлса бўйсундириш шунча осон бўлади, деб фикрлайдиган йигитларни кўрсам ҳафсалам пир бўлади. Бу — оила. Бу — катта қўрғон. Йигитга қул бўладиган хизматкор эмас, унингдек тенг фикрлайдиган, дунёқараши кенг, оғир кунда суянадиган елкадош, маслаҳатгўй керак. Ўқиган, ҳаётни кўрган, одамлар билан кўп мулоқот қилган, фарзандларингизни замон руҳида тарбия қила оладиган рафиқангиз бўлгани яхши эмасми?  Иш билан банд бўлган аёл оила бюджетини бир учини кўтариш билан бирга, эри топганини қадрига етишни ўрганади. Шу ўринда ҳамма эркаклар ўз-ўзига савол бериб кўришсин: тасаввур қилинг, бахтсиз ҳодиса рўй берди ва сиз бу дунёда йўқсиз. Энди рафиқангиз қандай яшайди? Болаларингизни таъминлашга кучи етадими? Уйда ўтиришга ўргатиб қўйганингиз қандай иш топади? Жамиятга қандай мослашади? Шу кунгача кўпгина эркаклар бу саволларга жавоб бера олишмади. Шундай экан, аёлингизга хизматкор эмас, ўринбосарингиз сифатида қаранг. 
Нега мавзуни очиб беришда аёллар тимсолидан фойдаланилди? Чунки, сўнгги йилларда дунёда уй зўравонлиги ҳолатлари сони ошиб бормоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳозирда ҳар учунчи аёл зўравонлик қурбони бўлмоқда. 2017 йилда ўз яқинлари ёки қариндошлари зўравонлиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган аёллар сони умумий қурбонларнинг 58 фоизини ташкил этади. “Оппоқ узук” ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний, руҳий зўравонликни бошдан ўтказган аёлларнинг 20 фоизигина дардини баён қилади, тегишли ташкилотларга мурожаат қилади, холос. Қолганлари бу ҳақда гапиришни истамайди. Чунки, оиладаги низо пайдо бўлишига айнан аёллар айбдор қилиб кўрсатилади. Бундай ҳолатлар, афсуски Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Бизда ҳатто жабрдийдалар ҳақида аниқ статистика йўқ. Айнан ўзбекона урф-одатлар, менталитет туфайли аёллар бу ҳақда ҳеч кимга “ёрила” олмаган. Ўзбек аёллари бундай ҳолларни “одатийдек” қабул қилган. Чунки, “аёл ва эркак тенг ҳуқуқли”  деган қоида ташқарида бўлгани билан, ичкарида “оилада эркак киши ҳукмрон”, “эр бўлгандан кейин уради-да” деган қоида устувор.  
Жамиятни тартибга солиб турувчи одоб-ахлоқ мезонлари бўлмиш менталитет, урф-одат, анъана ва қадриятлардан кечиб бўлмайди, албатта. Бу ўзликдан кечиш демакдир. Аммо бугунги кунда ўзбек урф-одат ва маросимларининг ўзига хос томонлари жонланаётган, асраб-авайланаётган бир тарихий жараёнда менталитетимиздаги жамоавийликка хос меъёрий боғлиқлик фазилатини сақлаган ҳолда, унинг бир қадар индивидуаллашуви, унда жавобгарлик ҳиссини ривожлантириш, ўзи учун ўзи ҳисоб бера олиш, мустақил иш тутиш, шахсий масъуллик сингари хусусиятларни янада такомиллаштириш зарур. Глобаллашув жараёнининг ўзи халқнинг феъл-атвори, менталитетини янгилашга жиддий эътибор қаратишга ундамоқда. Йўқса, асоси урф-одатларга бориб тақаладиган тўйлардаги ортиқча харажатлар, йигитларнинг оғирини келин томонга ташлаб қўйиши, эрта турмуш оқибатлари, оиладаги нотинчлик, аёллар ишсизлиги, зўравонлик қурбонларининг ошиши каби долзарб муаммолар ҳақида қанча гапирилмасин, кутилган натижага эришиш қийин кечади. 
Албатта, бу бир кунлик иш эмас. Аммо амалга оширмаса бўлмайдиган иш. Чунки, қонунларимизда тенглик ҳақида бонг уриб, ўз ичимизда бунга амал қилмасак, бари бефойда!
 
Сабоҳат УЗОҚОВА
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.