топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Қўшнилар

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
ҚАТРАЛАР

Сaминжон анчадан бери битказолмаётган меҳмонхонасига яна қўл урди. Меҳнат таътилига чиқиб, олган пулига керакли қурилиш буюмларини харид қилди. Етмаганига ишхонасининг ўзидан ойлик маошидан ушлаб қолиш шарти билан қарз кўтарди.

Меҳмонхонанинг баҳонасида дарвозахона шифти ҳам битадиган бўлди. Бунинг учун уста ёллади-да, ёнига ўзи ўғли билан кирди. Деворларнинг сувоғи, оқлаш, бўяш ишлари ўзларидан ортмади.

Қўшничилик экан-да! Ўзида йўқ айрим асбобларни қўни-қўшнидан олди. Ҳали ишлар тугагани йўқ эди. Роса қизиғида энг яқин қўшниси уч-тўрт кун илгари берган лойидиш – баёгини бўшатиб беришни сўради.

-Ўзимизам ремонт қиладиган бўпқолдик, узр. Шунга…

Хўп, деди, олиб чиқиб берди.

Яна бир қўшниси бўлса, уни неча бор уялтириб, камчилик бор-йўқлигини сўрайверади. Сaминжон уни кўрса, хижолатдан қизаради. Сабаби, ҳавоза қиламан, деб, унинг беш-ўнта тахтасини олган. Ҳали бўшамагани учун қайтармаганидан хижолат бўлади-да.

— Сaминжон, — дейди ўша қўшни, — сиз бемалол ишлатаверинг. Яна нима камингиз бўлса, айтинг. Ўзимиз ёрдам беролмаганимизга яраша бир гап-да…

Бир куни шогирдлари ҳашарга келишди. Бетон қоришга белкурак етмай қолди. Сaминжон ўғлини бир девор қўшниникига чиқарди.

-Дада, Қамар акани белкураги йўғакан, — деб қайтди ўғли бир оздан сўнг.

«Бор эди-ку… Тунов куни дарвозаси ёнидаги тупроқларни текислаганди. Бергиси келмабди-да…»

Бу орада ўғли уч эшик наридаги янги кўчиб келган қўшнининг отини тилга олиб, ўшаникига кириб чиқмоқчи бўлди. Сaминжон унда бундай белкурак йўқлигини айтишга ҳам улгурмади. Ўғли югуриб кетиб бўлибди.

Айтганидай, қуруқ қайтди. Қўшимча белкураксиз ҳам ишни амаллаш учун шогирдлар янада астойдил бўлишди.

Орадан кўп ўтмади. Дарвоза илкис тақиллаб, кимдир чақирди. Шошиб чиқса, янги қўшни турибди. Қўлида иккита белкурак.

— Сaминжон ака, боя ўғлингиз чиқувди, — деди у. – Ўша нарса бизда йўғакан, келинингиз топиб беролмагач, жаа хижолат бўлдим-да. Дарров машинада бозорга чиқиб, олиб келдим. Мана, ака, ишлатинглар…

— Овора бўпсиз-да. Бори билан эплаётгандик…

Янги қўшни қўярда-қўймай, белкуракларни қўлига тутқазиб кетди. «Дунёнинг ишлариям, одамлариям қизиқ-да, — дея ўйлади у шундан кейин. – Эллик йилдан бери девор-дармиён яшаб келаётган бир қўшнинг борини қизғонса, кечаги келгани ўзида йўқ нарсани бозордан опкелиб берса… Оллоҳ рози бўлсин…»

Бу ҳолдан шогирдлар ҳам таъсирланишди. Бири, диний илмдан хабари бори, шундай деди:

    Ҳақиқий қўшничилик ҳақини ўша янги қўшнингиз адо этибди. Имон, эътиқоди мустаҳкам экан. Негаки, қўшнининг сўраган нарсасини бериш асл мусулмон кишининг иши. Ўша асбоб кимнингдир оғирини енгил қилгани учун катта ажру савоб олади. Бор бўлса-да, бермаганлар ўша савобдан бенасиб қолишади...

У ҳақ гапни айтганини Сaминжон ич-ичидан ҳис этди.

*****

Икки кун ўтиб, бир иш билан Қамаржонникини чақирди. Дунёнинг қизиқлигини қарангки, у қўлида белкурак кўтарганча, дарвозахонагача келди-да, уни ровотга суяб, сўнг ташқарига чиқди. Бу ҳаракатларни Сaминжон кўрганини хаёл қилиб, Қамаржоннинг юзлари қизарди.

— Ошна, тузукмисан, — дея, қуюқ ҳол сўрашаркан, дабдурустдан шундай деди: — Белкурагимни бериб турмаганимга хафасан-а? Тўғри, хафасан...

Қўшниси нега бирданига белкуракдан сўз очганини Сaминжон аввалига тушунолмади. Қия очиқ эшикдан белкуракнинг ўзини кўрмаганида, яна ҳайронлиги ортган бўларди. Шунинг учун Қамарнинг гапини узрга йўйиб қўя қолмоқчи бўлди.

— Йўғе, қўйсанг-чи, ўтган гапларни, хафа бўлганим йўқ. Бергинг келмабди, бермапсан, шунга шунчами?..

— Бергим келмаганини қайдан билдинг?

— Шунчаки айтдим-да...

— Бу, шунчаки гапмас, лекин, тўғри айтдинг, — деди ер чизганча Қамаржон. Кейин бирдан Сaминжон нинг юзига тик боққанча, сўради: — Отангдан тилла қолмовдими? Ё бирор жойга кўмиб кетган бўлса, топволдингми-а?

— Отамнинг ўлиб кетганига ўн йил бўлдию, нега буни энди сўраяпсан?

— Нега сўрамай, нега? Ахир, маҳаллада сенинг гапинг айланиб қолди. Кимдир «ўзи ойликчи бўлса, шунча пулни қайдан топдийкин,» деди. Яна бошқаси бошқача гапирди. Хуллас, сенинг бир ойдан буён уйингда сувоқ, бўяш ишларини қилаётганинг кўпчиликни ўйлантириб қўйди...

— Сениямми?.. – Сaминжон айни саволни қўшнисининг кўзига қараган кўйи берди.

— Ҳа, мениям, — тан олди у. – Худди сен белкурак сўратган кунинг шуни ўйлаб ётувдим. Ўғлингнинг гапини охиригача эшитмаёқ йўқ, деганим шундан эди. Ахир, оддий ўқитувчи бўлсанг, ҳақиқатан шунча пулни қайдан топдинг?..

Қамарнинг ичидаги сиртига чиққанини Сaминжон тушунди. Тушундию, шунча йилдан буён уни «ён қўшни – жон қўшни» билиб, анча-мунча сирларини айтиб юрганидан ўкинди. Демак, атрофдаги гапларни ҳам шу тарқатган бўлиб чиқмайдими?.. Бўлмаса, таътил пулини ишлатиб, етмаганига ишхонасидан қарз олганини Қамарга айтган эди. Қолаверса, уста ишлатмай, ўзи ўғиллари билан қилишяпти. Буни Қамар кўриб, кўрмасликка олиб, ҳар хил миш-миш тарқатгани нимаси?..

— Сен гап айланиб юрибди, деганинг — ўзингнинг гапинг, — деди Сaминжон аччиқ сўз айтишдан зўрға тийилиб. – Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса эшитганим йўқ. Қайтанга ҳорманг, дейишиб, кўча девор-тошларни оқлаб, чиройли қилиб қўйганимга суюнишяпти. Сен эса...

У қўл силтадию, ўз уйи томон юриб кетди. Нега Қамарникини чақиргани эса, кейин минг ўйласа-да, ёдига келмади.

****

Орадан уч ой ўтди. Кўп нарса эсдан чиқди. Лойидишни олиб чиқиб кетиб, ҳалигача уйини таъмирламаган қўшни ҳам, белкурагини бермагани ҳам унутилди.

Иттифоқо, Қамаржон қизини чиқарадиган ва неварасига суннат тўйи қиладиган бўлиб қолди. Тўйнинг дараги чиққандан бери у Сaминжон билан яқинлашишга ҳаракат қилади. Ҳатто, гап-гаштак, меҳмондорчилигига ён қўшнини айтмайдиган одам уни тез-тез чақирадиган, арзимаган нарсанинг ҳам маслаҳатини сўрайдиган одат чиқарди.

Бир куни ишдан келиб, кечки овқатни еб бўлишгач, аёли Ойниса Қамаржоннинг хотини чиққанидан гап очиб қолди.

— Хўш, нима, деб чиқибди?

— Тўй тезлашиб кетканмиш. Сабохон қозон-товоғу новвойлар сизларникида бўлса, деган илтимос билан чиққанакан, — деди хотини.

— Сен нима жавоб дединг?

— Сиздан бемаслаҳат бир нарса дермидим. Муллакангиз кесин, айтаман, ўша киши ҳал қилатта, дедим. Кейин Қамар акаям ўзи сизга учрармиш шу масалада...

— Йўқ, керакмас, менга учрашмай қўя қосин, — деди Сaминжон белкурак воқеаси ва тунов кунги суҳбат яна эсига тушиб.

— Нега ундай дейсиз, дадаси, ахир, қўшнимиз-а, ўртани бир девор ажратиб туради, холос...

— Тўй уникида бўладию, даҳмазаси биззикидами? Керакмас. У қўшничиликни биларканми? Тўй қилганда, қўшни керак бўбқопти-да...

Ойниса эрининг феълини йигирма беш йилдан бери билади. Тутиб қолса, авлиёсини ҳам танимайди. Аммо, тушунтириб айтилса, унинг асов феъли осон жиловланади.

— Бетон қуйган кунинглар ҳалиги шогирдингиз айтган гап эсингиздами?

— Қайси гап?

— Янги қўшни иккита белкурак олиб келиб берган пайтида қўшничилик одоблари ва унинг ажри ҳақида айтганини айтяпман...

Сaминжон уни яхши эслайди. Хотинига йўқ, деяптию, ўша фикр миясига тиғдек санчилди. Қўшнининг оғирини енгил қилиш, айниқса, мушкулот вақтида ёрдам бериш катта савобларга дохил бўлишини у ҳам билади. Бироқ, ичидаги шайтон тескарисини қилишга буюриб тургани, шунинг учун тархашлик қилаётганини хотинига қандай айтсин?

— У буларни билмайди. Қилган яхшилигингни ҳам бурнингдан булоқ қилиб чиқаради, — деди у, шундай бўлса-да, яна шайтоннинг сўзига кириб. – У деворни бузиб, тешик очадими, кечагина суваб, оқлаган деворга ямоқ тушадими?..

— Майли, дадаси, чиқарса, чиқарар, бунинг савоби бизга, гуноҳи ўзига бўлади, — давом этди Ойниса ва эрининг пасайганини сезиб, яна сўзга зўр берди: — Деворга ямоқ тушсаям, майли, яна суваб, оқлаб қўямиз. Сиз хўп, денг, эртага уялиб қолади. Қоловурса, нариги қўшни томонда уй бор, у ёққа тешик очишга илож йўқ. Биз...

Сaминжоннинг кўнмаслигига чора қолмади. Тўғри-да, битта белкуракни бермаган бўлса, шунга аразлайдими? «Қайдан шунча пул топяпти,» деб гап тарқатган бўлса, нима бўпти? Ўзининг хижолат бўлгани қолди. Хотини тўғри айтди: Қамар қўшничилик одобига амал қилмаса, қилмас. Бир оми одам-да. Ўзи зиёли бўла туриб, буни билмаса ёки амал қилмаса, ёмон-да. Ойниса буни эсига солгани яхши бўлди. Зап хотини бор-да, бўлмаса, шайтоннинг гапига кириб, нақ гуноҳга ботарди-я...»

— Ақлингга беш, маълимнинг хотини...

Сaминжон буни ичида айтдими, ё ташидами, билмай қолди. Аммо, хотинининг унга ширин жилмайиб қараб туриши юрагининг аллақаерини ёшлик пайтидагидек бир жиззиллатиб ўтди.
Нажмиддин Икромий (Эргашев)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.