топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Миллий қадриятлар тушунчаси

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
Ҳеч бир халқ ўзлигини англамасдан, миллий маданияти, миллий қадриятларини асраб-авайлаб сақламасдан туриб, бошқа халқларнинг қадриятларига ҳурмат билан қарай олмайди. Мустақил Ўзбекистоннинг куч- қудрати халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлигидадир. Жамият тараққиётининг муайян босқичларида ижтимоий, ҳодисаларга муносабат хилма-хил тарзда намоён бўлади. Хусусан, мустақиллигимизнинг биринчи кунидан бошлаб ҳаётимизнинг барча жабҳаларида “Қадриятлар”, “Миллий тикланиш”, “Миллий онг”, “Миллий ғурур” каби атамалар тез-тез ишлатиладиган бўлиб қолди. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, мустақиллик, айни пайтда, миллий тикланиш ҳамдир. Уни эса мазкур тушунчаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, қатағончилик сиёсати ва тузуми даврида бу атамаларни ишлатиш у ёқда турсин, уларни ҳатто ўзбекча луғат бойлигидан суриб чиқаришга ҳаракат қилинган эди. Бунга далил сифатида 1959 йили Москвада “Хорижий ва миллий луғатлар давлат нашриёти” томонидан чоп этилган 40 мингдан ортиқ сўздан иборат “Ўзбекча-русча луғат”га ҳам, 1988 йилдаги ЎзСЭ Бош таҳририяти чоп этган 50 минг сўзлик  “Ўзбекча-русча луғат”га ҳамма жабҳаларда “Қадрият”, “Миллий тикланиш”, “Миллий онг”, “Миллий ғурур” тушунчаларини киритилмаганлигини айтиб ўтиш мумкин.
“Қадрият” ибораси ўз маъносида мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг кенг қўлланила бошланди. Собиқ Иттифоқ даврида бу термин муомалада деярли учрамас эди, уни ўзбекча луғат манбаларидан чиқаришга ҳаракат қилинган эди.
Шунингдек, ушбу терминлар 1981 йилда  Москвадаги “Русский язык” нашриёти томонидан чоп этилган ва 60 минг сўзни қамраб олган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам учрамайди. Бошқа русча-ўзбекча луғатларда ҳам  “қадрият” сўзи қўлланилмаган. Жумладан, 1976 йилда “Фан” нашриётида чоп этилган “Ижтимоий-сиёсий терминлар луғати”да “ценность” сўзининг тўртта маъноси луғат мақоласи тарзида берилгани ҳолда уларнинг бирортасида “қадрият” маъноси ўз ифодасини топмаган .
Истиқлол шарофати билан миллий қадриятларни ўрганишга, тадқиқ этишга, улар тўғрисида мушоҳада юритиш ва холис  фикр билдиришга шароит яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ўзбекона миллий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш хусусида фикр билдирар  экан, “қадрият” сўзининг маъносини очиб беради: “Биз тарих синовларидан ўтган, миллий манфаатларимиз, бугунги ва эртанги орзу-интилишларимизга, тараққиёт талабларига тўла жавоб берадиган, йиллар ўтгани сари қадри ортиб борадиган ғоя ва тушунчаларни қадрият деб биламиз” .
Мустақиллик туфайли 1998 йилда Мустақиллик илмий-оммабоп луғати чоп этилиб, бу тушунчаларнинг моҳиятини очиб беришга муваффақ бўлинди.
“Қадрият” атамаси бизга арабча “қадр” сўзидан кириб келган бўлиб, бугунги кунда бу тушунча “борлиқ ва жамиятдаги бирор-бир нарса ва ҳодисанинг кишилар ўртасидаги, ўзаро ижтимоий муносабатлардаги тутган муҳим аҳамиятини ифода этиши учун қўлланилмоқда”.
“Қадрият” ибораси инсонга, жамиятга нисбатан берилиб, таърифлангандагина  муайян маънога эга бўлиши, аниқ мазмун касб этиши мумкин. Зеро, “қадрият” эҳтиёж ва манфаатларини қондирувчи жамики моддий ҳамда маънавий неъматлар тушунилади. Албатта, ҳеч бир буюм ёки воқелик инсон ва унинг эҳтиёжларидан алоҳида олиб талқин этилганда бирон- бир қадр- қимматга эга бўлмайди.
Жамият ҳаётида мавжуд турли-туман қадриятларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, диний, миллий, маънавий мазмундаги қадриятларга ажратиш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, қадриятларнинг жамият, давлат ва шахс ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, фанда, хусусан фалсафа фани доирасида қадриятлар назарияси – аксиология шаклланган.
“Қадрият”атамаси бугунги кунда ўзининг ҳақиқий маъносига эга бўлиш билан бир қаторда ижтимоий ҳаётда моҳият жиҳатдан тўғри қўлланишга эришилмоқда.
“Ҳуқуқий қадриятлар”- бу инсонлар, жамият ва давлат ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда фуқаролар томонидан эъзозланадиган, қадрланадиган, уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ҳуқуқий нормалар, ғоялар, қарашлар, институтлар, принциплар ва ҳодисалар йиғиндисидир. Қадриятлар инсон учун қадрли моддий ва маънавий неъматлар мажмуи дея талқин этиладиган бўлса, ҳуқуқий қадриятларни биз маънавий неъматлар таркибида акс эттиришимиз мантиқан тўғри бўлади.
Шу билан бирга ҳуқуқий қадриятлар билан бир қаторда “миллий ҳуқуқий қадриятлар” ҳам мавжуддир.
Миллий ҳуқуқий қадриятлар – муайян мамлакат миқёсида амал қиладиган шу макондаги ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган, мамлакатдаги миллат ва элатлар учун қадрли бўлган ва фуқаролар томонидан эъзозланадиган, миллий хусусият ва фазилатларни ифодаловчи ҳуқуқий нормалар ва ҳодисалардир.    Кўпчилик кишилар қадрлайдиган нарсалар, ҳодисалар, масалан, қимматбаҳо буюмларни қадрият дейишади. Аслида эса шуларнинг ижтимоий аҳамияти қадриятларнинг ҳақиқий баҳосини аниқлайди. Бирор нарса, воқеа ёки ҳодисанинг қадри унинг моддий-иқтисодий баҳосидан катта фарқ қилиши мумкин. Масалан, минг йил олдинги буюмни ишлатиш мумкин эмас. Унинг иқтисодий қиймати кам, аммо, мерос сифатидаги қадри анча юқори бўлиши мумкин.
Демак, қадрият дейилганда, инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган, миллат, элат ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларига ва мақсадларига хизмат қиладиган, шу туфайли улар томонидан баҳоланиб қадрланадиган табиат ва жамият неъматлари, ҳодисалари мажмуини тушуниш лозим.
Мазкур таърифдан кўриниб турибдики, қадриятлар:
Биринчидан, воқеликда мавжуд бўлган табиат ва жамият неъматлари; 
Иккинчидан, уларни қадрият туркумига киритиш ёки киритмаслик кишиларнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсадлари, орзу-умидлари билан белгиланади;
Учинчидан, табиат ва жамият неъматлари, ҳодисаларнинг қадриятлар туркумига киритилишининг асосий сабаби кишилар уларни қадрлайди, авайлаб-асрайди, чунки, бу қадрият уларнинг шахсий ва ижтимоий турмушини бойитади.
Қадриятлар ўзининг моҳиятига кўра бир неча турга бўлинади. Жумладан, инсон ва унинг ҳаёти энг олий қадрият  ҳисобланади. Инсон йўқ жойда бирор нарсанинг қадр-қиммати ҳақида сўзлаш бемаъниликдир. Зеро, давлатимизнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалардаги фаолияти, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси кишиларнинг ҳаёти тўқ, бой, гўзал бўлиши, инсон ўзини чинакам эркин ҳис этиши, ўз меҳнатининг, ўз тақдирининг, ўз мамлакатининг эгаси бўлишини таъминлашга қаратилгандир.
Қадриятлар ўз моҳиятига кўра моддий ва миллий-маънавий қадриятларга бўлинади. Моддий қадриятлар-инсон меҳнати, ақл заковати билан яратиладиган турли-туман моддий бойликлар, завод ва фабрикалар, ишлаб чиқариш кучлари, ноз-неъмат ва шу кабилардир. Моддий қадриятлар асосини – жамиятнинг моддий техника базаси, негизини эса мулк ташкил қилади.
Миллий – маънавий  қадриятлар — муайян миллат вакиллари учун зарур ва аҳамиятли, азиз ва ардоқли бўлган, манфаати ва мақсадларига хизмат қиладиган, маънавий бойликлари, амаллар ва тамойиллар, ғоялардир. Ҳар бир халқнинг ўзи учун эъзозли, қийматли бўлган маънавий бойликлари бўлади. Булар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган, ҳозирги кунда ҳам у ўзининг аҳамияти ва қадрини йўқотмаган, шу халқнинг ифтихорига айланган дурдоналардир.
Миллат ва элатларнинг ўзига хос тарихий мероси, санъати, адабиёти, тили билан бир қаторда уларнинг урф-одат ва маросимлари, анъаналари маданий муносабат ва ахлоқий фазилатлари ҳам маънавий қадриятлар тизимига киради. Қадриятлар амал қилиш доирасига кўра миллий, минтақавий, умуминсоний турларга бўлинади. Миллий қадриятлар-миллат учун муҳим ва жиддий ахамиятга эга бўлган жиҳат ҳамда хусусиятлардир. Ўз миллий қадрияти бўлмаган миллат ёки элат йўқ. Миллий қадриятлар миллатнинг яшаш тарзи, келажаги, уни ташкил этган авлодлар, ижтимоий қатламлар, миллий онг, тил, маънавият ҳамда маданият билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Демак, улар муайян бир миллат, элат ва халқ ҳаёти, турмуш тарзи, уларнинг ўтмиши, келажаги ва яшаётган ижтимоий муҳити билан боғлиқдир .
Миллий қадриятларимизда жаҳоннинг бошқа халқларига ўхшамайдиган урф-одатлар, расм-русумлар, маросимлар ва анъаналардаги ўзига хослик ҳам бор. Маълумки, қадриятлар маълум шароитларда шаклланади. Шу сабабли улар маҳаллий, миллий, минтақавий шакллар ва умуминсоний мазмунда мавжуд бўлади. Маҳаллий қадриятларнинг энг етукли ва умуммиллий манфаатларга мослари аста-секин сараланиб умуммиллий даражага кўтарилди.


М.А. ҲАМИДОВА
(Манба: Республика Оила илмий-амалий марказидан олинган)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.