топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Хаммасига ўзимиз сабабчимиз?

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
 
Кўз очиб юмгунингча умр ўтиб кетади,
Бир лахзалик умринг ҳам поёнига етади.
Бу дунёда сен фақат эзгу ишга қўл ургин,
Бахтли яшашинг учун сенга шу ҳам етади.
 
Замон ривожланиб бормоқда, техника ривожланиб бормоқда. Ишхонада ҳам, уйда ҳам техника. Кимдир компьютер билан банд, кимдир телефон билан. Ишхонада, уйда, кўчада ҳамма жойда телефон. Кимлардир телефон орқали муаммосига ечим топади, кимдир соатлаб телефонда гаплашади, кимдир СМС ёзиш билан овора, кимдир ўйин ўйнаган, яна кимлардир интернетга буткул боғланиб олган. Техникасиз ҳаёт йўқ гўё.
Кимлардир кунни кун, тунни тун демай ишлайди. Ҳаммада мақсад битта, пул топиш. Тирикчилик, оила, бола-чақа, уй олиш керак, мошина олиш керак, ва ҳоказо. Айтаман десак камчиликлар кўп, жуда ҳам кўп. Ташвишлар бир дунё.
Тўғриси мақолани қандай бошлашни билмадим. Гапни нимадан бошлашни билолмай кўп ўйладим. Ниҳоят компьютер олдига ўтириб ҳаёлимга келган сўзларни ёза бошладим. Қисқаси мақоламнинг асосий мақсадидан чалғимаслик учун ўзимни бироз ёзишга тайёрлаб олдим.
Хали унча кўп бўлгани йўқ, бир мавзу интернетда ҳам одамлар орасида ҳам жуда шов-шув бўлди. Жуда кўплаб фикрлар билдирилди. Нима эмиш “Нихон” энди бўлмас экан. Бу бизнинг менталитетимизга тўғри келмас экан. Бу телесериал қўйилаётганда ҳам шу мавзу эди. Уйда ҳам кўчада ҳам, автобусда, ишхонада ҳам. Энди нима бўларкан? Нихон ўзини ташлаб юборди, Камол ўша ерда эди...
Мен 33 ёшга кирган бўлсам, бирор марта бирор жойда кимдир, кимгадир мен фалон китобни ўқидим деб гаплашаётганини эшитмадим. Ҳамма жойда фақат сериал мавзуси. Хаттоки “Миллион” жамоасининг концертида ҳам шу мавзу. Олдиндан айтиб қўймоқчиман. Мен буларни ёзиб кимларнидир ғийбат қилиб, кимларнингдир нафсониятига тегмоқчи эмасман. Ўзимга берган саволимни бошқаларга ҳам улашмоқчиман.
Менталитет нима ўзи, а лаббай, миллийлик десам тўғри бўладими? Хўп майли қисқаси, менталитетимизга тўғри келмас эканда. Лекин, хозир ҳамма севиб томоша қилаётган сериалларда ҳам бундай сахналар жуда кўп-ку. “Истанбуллик келин”ни олайлик. Уларнинг либослари, бир-бирларини қучоқлаб юришлари бизнинг менталитетимизга тўғри келаверадими? Нега хеч ким менталитетга тўғри келмайди деб ёзмаяпти? Кимдир, қачондир “Одамларни чалғитиш учун телевизорда сериалларни қўйишяпти” деган гапни гапирган экан. Кечирасиз ким кимни нимадан чалғитмоқчи бўлган билмадиму, лекин, ҳамма ўзини-ўзи чалғитяпти. Кимдир ўзига бахона қилиб олган гаплари ҳам бор. Нима эмиш “Шу кинони кўрсам ташвишларимдан бироз чалғиб, асабларим тинчланади”. Бўлмаган гап. Шунча ташвиш билан юрган одам кино қахрамонининг ташвишларини ҳам ўзига ташвиш қилиб олади. Ёки нотўғрими, “Энди нима бўларкан, фалончи кўриб қолди, фалончи автохалокатга учради, фалончи фалончининг ўғли экан”. Мана сизга ташвиш.
Юқорида “Миллион” жамоасини тилга олдим. Ха концерт жуда зўр бўпти. Сахнага Нихоннинг укаси чиқиб “Ҳаёти”ни сўраб йиғлаганда айтган гапидан кейин камералар аёлларга қаратилди. Тушунганлар хандон отиб куляпти. “Нам латтаман… Зайнаб нега латтангни ташлаб кеттинг”… Кечирасизлар бундай гаплар билан одамларни кулдириш, одамлар эса маза қилиб кулишлари менталитетимизга тўғри келаверади. Шундайми? Миллион жамоасининг аввалги концерт дастурида концертнинг охирида бошловчи Даврон Кабулов жуда чиройли гапларни гапирганда. Ўшанда бутун залдаги томошабинлар қарсак чалиб юборишган. Адашмасам шундай гапирган эди. “20 йилда берилган тарбияни, 2 соатда бузиб бўлмайди”. Яна бир бор узр. Икки соат эмас, икки дақиқада, керак бўлса икки сонияда тарбияни бузиб қўйиш мумкин. Бир оғиз сўз билан беморни оёққа турғазиш, соғлом одамни эса касал қилиб қўйиш мумкин. Балки мен адашаётгандирман, балки мен ўзим шунақа ўйларман. Агар фақат мен ўзим шунақа ўйлаётган бўлсам унда бу ўзимнинг муаммоим. Сизларники эмас. Аммо ҳамма ўйлайдиган бир муаммо бор. Юқорида айтган, ўзимга берган саволимни бошқалар ҳам ўзига бериб кўрса ёмон бўлмасди. Бизни ким мажбур қиляпти? Телевизордаги сериалларни кўрасан, кўрмасанг жарима ёки жазога тортиласан деб бирор жойда айтилганми? Ёки бирортаси бизни мажбур қиляптими? Ёки бирорта қонун борми? Ким мажбурлаяпти? Хеч ким. Ҳаммаси ўзимизда, ўзимизни ўзимиз мажбурлаяпмиз. Сиз ҳам ўзингизга шу саволни бериб кўринг. Қимматли вақтингизни телевизорга, ундаги сериалларга, телефонга сарфлаб юборманг.
Ҳа айтганча, Даракчи, 7х7 газетаси мухбирлари умуман барча ОАВларга бир саволим бор. Сизларга газета сахифаларини тўлдириш учун мақола топилмаяптими? Интернетда мухокама бўлган мавзулар 1 ҳафатадан сўнг газеталарда чоп этиляпти. Ижтимоий тармоқларда ҳам, газета, телевизорда ҳам шу мавзу. Бу мавзулар албатта фақат жиноят билан боғлиқ. Ҳамма-ҳаммаси салбий мавзулар. Сизларга бир таклифим бор, менимча яхши мавзу бўлади. Одамларга фақат салбий мавзуларни эмас ижобий мавзуларни ёритсангизлар қандай бўлади. Албатта жуда яхши бўлади.
Психологларимиз айтишсин, одамзотнинг психологиясини улар жуда яхши билишади. Одамзод мияси фақат муаммоли, салбий маълумотларни қабул қилаверса шунга мослашиб қолмайдими? Танганинг икки тарафи бор бўлса, бир тарафи ижобий, иккинчи тарафи салбий. Бизда эса фақат иккинчи тараф яъни салбий тарафнигина ёритиляпти. Тўғри, ёритилмаяпти эмас, ёритиляпти, лекин, жуда ҳам кам. Ижобий тарафларимизни ёритиш, уларни оммага етказиш вақти келмадими? Фақат яхши фазилатлар, инсонийлик, ватанпарварлик, бағрикенглик, эзгулик сингари. Масалан кимнингдир қўлга киритган ютуқлари, асосан ёшларимиз. Қанчадан-қанча ёшларимиз спорт сохасида, мусиқа, фан олимпиадаларида, умуман жуда кўп сохаларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида ёзсак қандай бўларкан? Мен бундай мавзудаги ҳикояларни фақат ижтимоий тармоқларда ўқияпман холос. Мен ўйлайманки ижобий мавзудаги мақолалар инсон психологиясига албатта ижобий таъсир кўрсатади. Ана шунда ота-оналар ўз фарзандига “Фалон газетада ўқидим, фалон ерлик фалончи мана бундай иш қилиб, мана шунча ютуқларга эришибди”. Салбий воқеаларни гапириб, “Сен ҳам шундай бўлмагин, яхши юргин, мени юзимни ерга қаратмагин” деб эмас.
Хулоса чиқариш ўзимизда. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ...
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.