топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Чанқовузнинг тилидайин тили чиқди дунёнинг...

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
Ўзбек -қўнғирот элида ўсган Алпомиш ва Ойбарчинларнинг танглайи чанқовуз билан кўтарилган чоғи уни қўлига олганнинг бари чанқовузнинг  тилини ўзининг тилидай сайратиб, дилларни сел қилиб юборади. Чанқовузда бир нағма қиладики, чалаётган ижрочидан бир сўз тинглагандай бўласан. Бир қарашда оддий туюлган темирнинг тилида гўёки инсоннинг қалб кечинмалари сирли равишда фош бўлгандай бўлади. Чанқовузни «бю-бю»лаб ён атрофга шунчаки оҳанг таратмаётганини қачонки бутун вужудинг қулоққа айланганида, қалбингнинг туб-тубида яшнаб ётган меҳринг кўзларингга балққанидагина янада кучлироқ ҳис этишинг мумкин. Юрагингнинг тўрида яшириб юрган, жавобсизликдан азоб чекаётган саволлар чанқовуз жўрлигида ерга қадалган киприкларинг остида ўз ечимини топаверади. Чанқовузнинг мунгли куйи кишининг бутун руҳиятига сингиб, ундаги бор ёмон иллатларни тор-мор қилиб юборади.

Ҳу, қадимги достонларда бор. Афсонавий, йўқ ундоқмас ҳақиқий достон қаҳрамонларини ҳам ночор аҳволдан балким шу чанқовуз қутқарган бўлса ажабмас. Аслида ҳам шундайдир. Алпомишни афсона дегувчиларга «бироз адашмадингизми?» дегим келади. Алпомиш ётган чохга элтувчи Тойчахоннинг қизи Тафкиойим қаздирган лаҳм ҳақиқатда борлигини устозларимдан эшитганман. Эшитганман-у айтаётган фикримга гўёки тарихий манбадан далил ясаб, афсона дегувчилар қаршисига кўндаланг қўйганман. Неча асрлар оша оғиздан-оғизга, юраклардан юракларга кўчиб келаётган «Алпомиш» достонида чанқовузнинг гўёки мисли битилмаган тарихи ётади.

Алпомиш Қалмоқ элида зиндонда етти йил ётиб, ҳеч вақт бекор бўлмади. У нафақат алп, қўли гул ҳунарманд, фариштадай табиб эди. Ўнг қанотидан ўқ еган ғозни даволади. Яна Ҳакимбек; «Менам бекор ўтирмайин, менам бирор ҳунар қилайин зерикиб кетдим», -деб сарканинг қовурғасидан ҳунарини ишга солиб, бир тўда чанқовуз қилди. Агар билсангиз, бир Кайқувват деган чўпон бор эди, кўп дўмбиракаш эди. Дўмбира чалиб-чалиб, чоҳнинг устидан қараса бир чанқовуз овози келяпти. Шунда дўмбирасини тўхтатиб, чохга калласини тиқиб:

-"Ҳу инсмисан-жинсмисан, одаммисан, одам ўғлимисан, жернинг остидан келаётган сознинг эгаси?"

Овоз келгандан сўнг  — Ҳу, менам одам боласиман, ақли чаласиман, ҳаққа жетган ноласиман, агар сенам одам бўлсанг, менга бир хизмат қилсанг. Бир тўда чанқовуз қилдим, шу чанқовузларимни қўлингга олсанг, подшонинг бозорига обориб сотсанг, ярми сеники бўлади, ярми меники бўлади, пулига турли таомларни олиб келиб берсанг, -деди.
— Бўлмаса айтганингни қиламан бекор журибман, менам бир ишли бўлиб қоламан, -дегандан кейин, Алпомиш катта бир рўмолга ўраб, зингиллатиб осмонга отди, оламжаҳон жерга чанқовуз тўдаси билан чиқиб кетди. Шунда Кайқувват жердан тилла топган қулдай бўлиб, чанқовузларнинг бирини қўйиб, бирини чалаверди. Подшонинг бозорига қўйиб рўмолини ёйиб, чанқовузларни олдига қўйиб турли нағмада чанқовуз чалаверди. Шунда қирқ канизи билан айланиб юрган Тафкиойим Кайқувват калдан бир чангал тиллага чанқовузларнинг барини сотиб олди. Ундан чанқовузларни ким ясаганини сўради. Ўша чохга олиб боришгада кўндирди… Хуллас, достоннинг қолганини боболардан, момолардан, бахшилардан сўранглар. Шунда қирқ хил достонни, достоннинг чанқовуз тилга кирган қирқ хил жойини эшитасиз. Чанқовузнинг сеҳри ҳақида тинглайсиз.  Ҳа, ҳа Қалмоқ элида Алпомиш билан қирқ алп- баҳодирни йиқитган чанқовузчи аёлларнинг  қирқ макри ҳақида эшитасиз.  

Азалдан чанқовузни кўп аёллар нағма қилиб келишган. Суҳбат -гурунгларда ҳам жўрликда жонлантиришган. Гўёки чанқовуз қадим момоларимиз, чўпон чўлиқларимиз, бобо деҳқонларимиз билан бирга меҳнатда бўлган. Чанқовуз бамисоли кишилар дардини ўз дарди билган, қувончини бирга куйлаган, кишиларнинг дилини хушлаган.  
Мана қаранг, кигиздан қилинган шинам ўтов ичидан бир сас эшитилди. Юракка оғир ботадиган жиҳати ўйноқи нағмасидан кўп. Ҳар сафар чуқур «Уҳҳ» дан кейин чанқовузни тилга киритаётган дардкаш ким, унинг ҳасратининг боиси нима? Беқасам куртасининг попуклари у ён бу ёнга силкиниб, урчуқда ип йигираётган момо. Кимнингдир онаси. Гўёки ҳар сафар урчуғини тиззасига маҳорат билан айлантирганида юқорида ўрам топаётган ипга қадалган кўзларидаги шашқатор ёшлар изига қайтиб кетаётгандек бўлади. Йўқ аслида бу ёшлар қарилик нишоналари бўлган ажинлар орасида сингиб кетмоқда. Атрофда унинг ҳасратини эшитадиган ҳеч зот йўқдек. Ҳар сафар кўзга оқиб келган ёшларни узун енги билан артаркан, ўз муродига етмаган кўзёшларини чанқовуз билан овутган бўлади.

Яна бир баҳодир урушда шаҳид кетибди. Она Ватан, ўз юрти учун жон таслим қилибди. Она замин учун азиз жонини ёвга қўшқўллаб топширибди. Чанқовузнинг овозидан ваҳимага тушган сингил қўйларини ҳам ташлаб, уйга югурди. Энаси доимгидек урчуқ йигирар бир парча оқ қоғоз устида акасининг чанқовузи турарди. Ҳар сафар ошиқ-маъшуқни куйлайдиган оғасининг чанқовузининг бугун ҳасрати ортгандан ортган. Балким, энасининг тиззасидаги оқ, мазмуни қора бўлган шумхабар уни йиғлатгандир. Сингил чанқовузга қўшилиб, уввоз солиб йиғлади. Энасининг эгнига бош қўйиб йиғламоққа интилди. Энаси урчуғи билан қизини итариб юборди. Йиғлама деди. Акангнинг жони урушда шаҳид кетди. Мана шу тупроқ учун, сендай жигарлари учун, юртдошлари учун. Шундай деб туриб, чанқовузнинг овозига бир сўз қўшиб қўйди:

Урушларда мард ул бўлган, зўр бўлган,
Кўкраклари қалқон бўлган улимов.
Ёвга тикка боқа туриб, «Оҳ, энам» деб,
Журти учун чин жон берган улимов.

Онанинг дарди ичида- жигаргўшасидан айрилган. Унинг ғам-андуҳини фақат ва фақат чанқовуз биладигандек. Ўғлимнинг чанқовузи дея чанқовузни кўксига босди. Мотамсаро қиёфа касб эта бошлаган нигоҳи эса кашта босилган зардеволга осиғлиқ тишланган нонга термулганча қолаверди...
Чанқовуз ана шундай қонли кунларнингда гувоҳи. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, бугун ўша чанқовуз юртимизда баралла тинчлик куйини чалмоқда. Қадди баланд ўзбекнинг тўй-ҳашамларида, байрам-у сайлларида дўмбира-ю доираларга жўр бўлмоқда. Унинг жарангдор оҳангги сулув қизларнинг яллоланиб ўйнашга тортқиламоқда. Дунёнинг қай бурчига уни олиб борманг, хорижликлар мазкур чолғу асбобини шунчалик кўтаринки руҳда кутиб олишяптики, асти қўяверасиз киши. Баъзан жимиттаккина, бир мисқол темирдан ишланган буюм, митти тилчаси билан дунёни ром айлаганига қойил қолсанг арзийди. Унда ҳақиқатда сеҳр бор.     

Бешикда дунёни ларзага солиб, чирқираб ётган гўдакни ором олишга ундаган, севишган қалбларнинг дил изҳорларини бекамукўст етказган мана шундай мўжизакор куй таратгувчи яна қайда бор. Унинг куйи ҳеч бир нотага солинмайди. Имконияти чексиз. У куйлаган куйни ҳеч бир мусиқий чолғу асбоби  чанқовузнинг дардичалик чалолмайди.   

Олтин тилинг нур таратган баҳордай,
Унда тилсим, бир ажойиб сир бордай.
Чаппор уриб гуллаётган дунёнинг
Гўзаллиги сенга бўлган нисордай,
Бир чиройли нағманг учун, Чанқовуз.

Чанқовузнинг тили дунёга чиқди. Унинг тили бошқа халқлар тилидай сайраб, уларнинг ҳам ўй-ҳаёлларига, дард-аламларига, қувонч-у шодликларига қоришиб, дилларни дилларга боғламоқда. Бугун у ҳақида бутун дунё қизиқмоқда. Жаҳонда ўтказиладиган халқаро байрамларда, фестивалларда чанқовуз ўз тилидан янграмоқда. Сурхон воҳасининг ажойиб шоири Шодмонқул Салом «Чанқовуздек тили чиқди дунёнинг» деб бежизга айтмаган. Ота-боболаримиз ясаб, момоларимиз сандиғида сақланиб келган чанқовуз бугун санъат асари доирасида эл ардоғида. Чанқовуз бугун ўзбек мусиқа санъатини жаҳон саҳналари узра тараннум айламоқда. Кундан кунга жарангдор овози сайқалланиб, хорижий давлат вакилларини ҳайрат ёқасига чорламоқда. Бугун улар чанқовуз туфайли яна бир бор Мустақил Ўзбекистонимизнинг санъатида минг шукуҳлар ила тасаннолар айтмоқда.

Чанқовузим куйиниб, наволаринг чалавер,
Тинчлик куйин басталаб, ўзбек шаънин куйлайвер!..


Адолат Худойбердиева

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.