топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Маънавий ахлоқий қадриятларни шакллантириш омиллари

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
  Мустақиллик йилларида халқимиз барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Ўзбек халқи ўз тарихига янгича тафаккур асосида ёндашиш улуғ аждодлар қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш шарафига муяссар бўлди.

Маълумки, республикамизда илм-фан янги тараққиёт босқичига кўтарилмоқда. Аждодларимиз, ўтмиш меросимиз шуҳратини тиклаш, улардаги инсонпарварлик ғояларини халқ ҳаётига татбиқ этишдек муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказишда, уларнинг тарбияланиш даражасини юқори бўлишини таъминлашда она тили ва адабиёт фанларининг ўрни беқиёсдир.

Умумтаълим мактабларида адабиёт дарсларида ижодкорлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, асосан бадиий асарлар таҳлилига кўпроқ соатлар ажратилади. Ўқитувчи асар таҳлили орқали ўқувчиларни қаҳрамон ҳис-туйғулари, ички кечинмаларини тушуниш, мустақил фикр юрита олиш ва баён этиш, тўғри хулоса чиқариш, воқеликларни тўғри баҳолай олишга ўргатиши лозим. Шундагина ўқувчида гўзал ахлоқий фазилатларни шакллантириш орқали уларнинг маънавий олами бойитилади. Адабёт дарсларида интарфаол методлардан фойдаланиб дарслар самарадорлигига эришиш мумкин. Бунда «Ақлий ҳужум», «Дебатлар», "Қарорлар шажараси", «Нуқтаи назаринг бўлсин», «Менимча...» каби интерфаол методлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Ўқув машғулотларини ўқитишнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда ўтишга алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳимдир. Масалан, 5-синф адабиёт дарслигида «Эртак ва саргузаштлар оламида» рукнида берилган мавзуларни ўтишда илғор педагогик ва янги ахбоорот технологияларини татбиқ этиш ижобий натижа беради.  Режада  «Уч оға-ини ботирлар» эртаги учун 3 соат вақт ажратилган бўлиб, 1-соат учун суҳбат дарси ташкил этишда «Ассалому алайкум» сўзининг маъноси қандай?, «Саломлашиш» одоби ҳақида қандай мақоллар биласиз?, «Саломлашиш» ҳақидаги эртак қаҳрамонларининг сўзларини эсланг, «Куч — бирликда деганда нимани тушунасиз?», «Аҳиллик ва иноқлик ҳақида қандай мақолларни биласиз?» каби саволлардан фойдаланиш мумкин. Суҳбат якунида ўқувчиларда дўстона муносабатни шакллантириш мақсадида «Сиз дўстингизга қандай ёрдам берардингиз?», 2-соатда эртак ўқувчилар томонидан уйда ўқиб келингандан сўнг, уларни 4 ёки 5 гуруҳга ажратиб, эртак қаҳрамонларининг ижобий фазилатларини «Тармоқлар» методи асосида ўрганиш ҳам яхши самара беради. Бунда ўқувчилар ака-укаларнинг ижобий хислатларини меҳрибон, садоқатли, жасур, мард, зийрак, ақлли каби сўзлар орқали ифодалаб берадилар. Ака-укаларнинг ижобий фазилатлари орқали ўқувчилар онгига халқимизга хос бўлган миллий қадриятлар сингдирилади. Ўқувчиларга ахлоқ-одобга оид мақоллардан айттириш топшириғи уларнинг нутқини равон қилиши, сўз бойлигини ошириши билан бир қаторда комил инсон бўлиб вояга етишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Ақлли қария — оқиб турган дарё; Ақлли узоқни кўзлар, ақлсиз яқинни; Тўғри ошини ейди, эгри — бошини; Бахил топса, босиб ер, сахий топса, ҳамма ер каби.

3-соатда эса эртак таҳлили ўтказилади. Бунда савол-жавоблар асосида ўқувчилар мустақил фикрлашга ўргатилади, фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, хулоса чиқарилади. Бунда «Менимча....» интерфаол методидан фойдаланиш ижобий натижа беради. Масалан,  «Менимча, қария ўғилларига тўғри тарбия берган. Уларнинг ўзаро аҳил ва иноқлиги яхши тарбия натижасидир»; «Менимча, ота-она, ака-укага меҳрибонлик ва оиланинг мустаҳкамлигида онанинг ўрни беқиёс, чунки у фарзандларини аҳилликка чорлаган» ва ҳ.

Шунингдек, ўқув режада синфдан ташқари ўқилган асарлар бўйича қўшимча топшириқлар асосида машғулот режалаштирилган бўлиб, уни ўтишда ҳам интерфаол методларни татбиқ этиш мақсадга мувофиқ. Ўқувчилар томонидан синфдан ташқари ўқилган асарлар асосида конференция, баҳс-мунозара ўтказиш ҳам самарали усуллар ҳисобланади. Айниқса, мазкур бобга доир адабиётлар, яъни эртаклар ёки халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқиш олдиндан вазифа қилиб берилган бўлса, конференция ва баҳс-мунозаралар ўтказиш кўзланган мақсадга эришиш имконини беради. Ўқувчиларга ўзлари ўқиган асарлардаги миллий қадриятларни аниқлаш, мавзуга доир мақоллар, ҳикматли сўзлардан айтиш, муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини топиш каби топшириқларни бажартириш орқали ҳам ахлоқий тарбия бериш мумкин.

  Азиза Абдуллаева, Мингбулоқ

туманидаги 5-мактаб ўқитувчиси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.