топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Миллий истиқлол ғоялари ва қадриятларни сингдириш

Milliy urf-odatlar va an'analar
Жамият
ОНА ТИЛИ дарслари бўйича:

  Ўқувчиларни миллий истиқлол, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда барча фанлар қатори она тили ҳам катта имкониятга эга. «Она тили — миллий маънавият ва мафкура, миллий руҳ, маданият ва қадриятларнинг улкан хазинаси», «Она тили -миллат тафаккурини шакллантирувчи, ривожлантирувчи ва ифодаловчи энг асосий восита» жумлалари янги дастур ва дарсликлар концептуал асосларининг дастлабки бандлари ҳисобланади.[1]

Таълим бўғинларида давлат тили саналган она тилининг алоҳида ўрни бор. Она тили ҳаётни билиш, ёшларда ахлоқий тушунчаларни шакллантириш, ёш авлоднинг шахсий сифатларини тарбиялаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Она тили мазкур тилнинг эгаси бўлган халқнинг тарихи, маданияти, урф-одати, адабиёти ҳамда санъатини билиш, ўрганиш воситаси ҳамдир. Она тили ўқув фанларининг асосидир. Она тилини ўрганиш жуда катта таълимий, тарбиявий ва ривожлантирувчи аҳамиятга эга. Шахснинг тарбияланганлик даражаси ҳам тилни билиш билан белгиланади. Жамият ривожланган сари она тили ўқитишнинг мақсад ва вавзифалари ҳам такомиллашиб боради. Она тили таълими ўз олдига ёшларда мустақил ва ижодий фикрлаш, оғзаки ҳамда ёзма нутқ кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, уларда тил сезгирлигини тарбиялаш мақсадини қўяди.

Умумий ўрта таълим тизимидаги фанлар орасида миллий мафкура ғояларини ўқувчиларга сингдиришда ўзбек халқи миллий руҳини ўзида мужассам этган «Она тили» фанининг алоҳида ўрни бор. Мустақиллик даврида яратилган 5-9-синфлар она тили дарсликларида миллий мафкурамизнинг асосий ғоялари: Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро самимий муносабат ва бошқалар, шунингдек, миллий истиқлол мафкурасининг тарихий, фалсафий ва иқтисодий асослари ҳамда унинг миллий ва умуминсоний тамойиллари масалалари ҳисобга олинган ва бу олижаноб ғояларни ўқувчилар онгига сингдиришга қаратилган бир қанча матнлар, суратлар ва мисоллар билан таъминланган. Масалан: 6-синфона тили дарслигидаги истиқлол шарофати билан давлат тили мақомига эга бўлган она тилимиз ва унинг тарихий такомили  ҳақидаги «Давлат тили» (4-5-бетлар), "Ўзбек тили илдизлари" (5-6-бетлар), «Алишер Навоий ўзбек тили хусусида» (43-бет), халқимизнинг исм танлаш удумини ифодаловчи «Исм ҳам ҳусн» (80-бет), жой номларида ижтимоий-тарихий ўзгаришларни ёритишга бағишланган «Жой номлари — тарих  муҳри» (84-бет) матнлари тил ва жамият, тилда миллий руҳ ва қадриятларга доирлиги, ҳам маънавий, ҳам маърифий аҳамиятга эгалиги билан характерланади.

Булардан ташқари, машқлар учун танланган жумлалар (мисоллар) тарихий ва бадиий асарлардан олинган бўлиб, истиқлол мафкурасига мос келади, ўқувчилар таълим-тарбиясига хизмат қилади.

7-,8-синфлар дарсликларида ҳам миллий истиқлол ғояларини сингдиришга катта эътибор қаратилган. Дарслик «1-сентябрь — Мустақиллик куни» матнидаги байрам тасвири ва ўқувчиларни байрам билан қутлаш билан бошланади. Кейинги саҳифада Шукруллонинг"Истиқлол" шеъри, сўнг «Истиқлол машъали» матни берилган. Уларда мустақиллик, истиқлол тушунчаларининг моҳияти, бу улуғ неъмат халқимизнинг асрий орзуси эканлиги ёритилган. Дарсликдаги «Чин дугона» (5-бет) матнида — ўзбекона одоб, ўзаро беғараз ёрдам руҳи тасвирланади, «Билимлар хазинаси калити» (6-бет) матнида кўп тил билишнинг аҳамияти, «Махмуд Замаҳшарий» (8-бет) матнида  машҳур олимнинг араб оламидаги шуҳрати, «Абдурауф Фитрат» (55-бет) матнида шоир ва олимнинг халқимизга қилган улкан хизматлари, «Имом Исмоил Бухорий» (67-бет) матнида муҳаддиснинг ислом оламидаги шон-шавкати, «Соҳибқирон» (118-бет) матнида марказлашган давлат ва тараққий этган жамият тарафдори Амир Темурнинг тавсифи акс этган. Дарсликдаги «Инсоний ҳаёт» (30-бет), "Ўгдулмиш ва Ўзғурмиш" (39-бет), «Тил одоби» (67- бет), «Тўғрилик» (71-бет), «Ривоят» (109-бет) матнларида халқимизнинг одоб-ахлоқ, тўғрилик-ҳалоллик, эзгулик ва меҳнатсеварлик каби қадриятлар ҳақидаги қарашлар ўз ифодасини топган.

Дарсликларда берилган матнларнинг маънавий-маърифий аҳамияти эътиборга молик. Буни 8-синф дарслиги мисолида ҳам кузатиш мумкин, Дарсликда келтирилган бадиий матнларни қадриятларни ифодалаш нуқтаи назаридан қуйидаги мавзуларга умумлаштириш мумкин: Ватанга, халққа, миллатга меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотишга қаратилган матнлар инсоний фазилатларни улуғлаш ғояси «Мукофот ва жазо», "Ҳунармандлар мактаби", «Нима эксанг, шуни ўрасан!». «Ночорлик нимадан?», «Ялқов» каби матнларда акс эттирилган.

Миллий қадриятларни улуғлаш, тарихий анъаналарни эъзозлаш, «Наврўз ҳақида афсона» матнида ҳамда «Алишер Навоий номидаги Миллий боғда»  мавзуидаги иншо топшириғида ҳам  мужассамланган.

Ватанга, миллатга меҳр-муҳаббат туйғулари бутун дарслик бўлимлари давомида сезилиб туради. "Қўшма гап" мавзусини мустаҳкамлашга қаратилган 17-машқда берилган «Чўл баҳори» матнида юрт гўзалликларидан бир лавҳа намоён қилинган. Бу ўлкада бир қарашда кўримсиздай туюлган чўлларнинг ҳам ўзгача тароватга эга эканлиги, ўзида бетакрор гўзалликни жо қилганлиги тасвирланган.

Она юртга бўлган самимий муҳаббат, қувонч, фахр туйғулари «Сўроқ гаплар» мавзусини мустаҳкамлаш учун келтирилган «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?» шеърида кульминацион даражада ўз ифодасини топган. «Ватанга меҳр-муҳаббат гимни»га айланган бу шеър ҳар бир ўзбекнинг,  ўзини шу миллат вакили санаган ҳар бир фарзанднинт қалб изҳоридир. Она юртга бўлган тенгсиз меҳр, самимий муҳаббат Абдулла Орипов маҳорати орқали мисралар матнга сингдирилган.

Юрт меҳри аждодларга бўлган муҳаббат орқали уйғунлашиб кетади. Негаки, юртни камол топтиришда, миллатнинг маънавият даражасини юксалтиришда донишманд, аллома аждодларнинг ўрни беқиёс. Ёш авлодга аждодларимизнинг ибратли жиҳатларини кўрсатиш, фазилатларини тасвирлаш, ҳаётий тажрибаларини ёритиш таьлим тизимида ижобий аҳамият касб этади.

Эркин Воҳидовнинг «Она тилим ўлмайди», Миртемирнинг «Она тилим» шеърларида тилга бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари ифодаланганки, бу ўқувчи шуурида она тили билан фахрланиш ҳиссини уйғотади.

Ўқувчилар маънавиятини такомиллаштиришда, улар онгини ўстириш, дунёқарашини шакллантиршини бадиий асарларнинг ўрни беқиёс. Шу маънода «Оқила қиз», «Илоннинг иши — заҳар солмоқ» эртаклари, ҳар галгидек, эзгуликнинг ғалабаси ҳақида бўлиб, ўқувчиларни яхшиликка етаклайди.

Ўқитувчи дарсликларда берилган мавжуд манбалар билан чекланиб қолмасдан, кундалик ҳаётимиздаги ўзгаришлар, янгиликлар асосида она тили машғулотларига янгидан-янги материалларни, матнларни олиб кириши мумкин. Баён ва иншо машқларини танлашда, уларни ёзишга тайёргарлик кўриш жараёнида миялий истиқлол ғояларининг акс эттирилишига ўқувчилар диққатини тортиш ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Миллий қадриятларни онгига сингдиришда шу руҳдаги диктант матнларини танлаш ҳам катта аҳамият касб этади.

Матнларда ўз ифодасини топган умуминсоний қадрият — тинчлик, ватанпарварлик каби ғоялар ёшлар учун нотаниш тушунчалар эмас. Лекин бугунги кунда уни асрашнинг нечоғлик мушкуллашиб бораётганлиги, ер юзида халқларни ташвишга солаётган халқаро  терроризмнинг ёвузликларидан хабардордир. Матнни ўқиган ўқувчи қалбини ана шу ўйлар туғёнга келтиради. Бу ўринда парча ўқилгандан кейиноқ дарҳол мазмуни юзасидан суҳбат ўтказиш ҳамда матнни кенгайтириш топшириғини бериш мумкин:

— миллий истиқлол ва миллатнинг ўзлигини англашга ёрдам берувчи, улардаги миллий руҳиятни шакллантирувчи байрамлар — мустақиллик куни, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни, Хотира ва қадрлаш кунлари муносабати билан ўқувчиларга оғзаки ва ёзма матн туздириш, унда қадриятлар ва мустақиллик учун курашган фидоий ўзбек фарзандлари ҳақида фикр билдириш каби топшириқлар бериш;

— мустақиллик йилларида Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ахмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди каби миллий қаҳрамонларимизнинг ибратли ҳаёти, уларнинг озодлик тўғрисидаги ғоялари миллий ғоя ва истиқлол мафкурасининг теран томирлари эканлигини ҳисобга олган ҳолда кичик ахборотлар тайёрлаш, ижодий матнлар  туздириш;

— халқимизга хос бўлган иймон — эътиқод, инсоф — диёнат, саховат, ҳалоллик, меҳр — оқибат, шарму ҳаё каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мақолаларни ёд олдириш, уларга шарҳлар бериш, сўнгра матн тузиш ҳам ёшларнинг мустақил дунёқараши, эркин тафаккурини шакллантиради.

Демак, миллий қадриятларга доир асосий тушунча ва тамойилларини ёш авлод қалбига ва онгига сингдиришда бой ва гўзал она тилимизнинг имкониятлари каттадир.

 




[1] Қаранг.Таълим тараққиёти, 1999. — № 1. Б. 64.

Маҳбуба Собирова, НамДУ доценти

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.