топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бобур ва боғдорчилик санъати

Блог им. indianart
Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган нақл бор. Кўҳна боғ-истироҳатчилик санъати бизга ота-боболаримиздан қолган буюк меросдир. Биз қуйида улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) нинг боғ-оройишчилик санъати хусусида қисқача тўхталиб ўтмочимиз. Боболаримиз Амир Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар ўз даврида бинокорлик ва меморчилик санъатини боғ-оройишчилик санъати билан уйғун ҳолда ривожланишга ўзларининг улкан хисаларини қўшдилар. Манбаларга кўра Бобур Кобул ва Ҳиндистонда бир қанча боғлар барпо эттиради. Абдулҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома“ асарида келтирилишича, Кобулда барпо этилган Чорбоғи Кобул, Боғи Шаҳроро, Боғи жиловхона, Ўртабоғ, Боғи Сурат, Боғи Моҳитоб, Боғи Оҳухоналар Бобурнинг ўзи томонидан барпо эттирилган.
Бобур яратган боғлар режаси таркибий қисмлари жиҳатидан Темур давридаги Самарқанд, Шоҳруҳ, Ҳусайн Бойқаро ва Навоий давридаги Ҳирот боғларига яқин туриши манбаларда қайд этилади. “Бобурнома” дан шу нарса маълумки, Бобур боғларининг аксарияти Темур боғлари каби табиатнинг хушманзара жойларида ташкил этилган бўлиб, мавжуд экинзорларга “сиёқлик ва тарҳлик” режалари билан сунъий тузатишлар киритилган ҳолда яратилган. Бобур боғ учун жой танлаш ва уни режалашда дарахтзорлар ва оқар сувнинг мавжудлигини турли-туман сув ҳавзаларига бой бўлган манзарали жойларни ҳамда қурилиш ашёларининг мавжудлигини муҳим талаблар қаторига қўяди. Бундан ташқари, суғориш учун ариқлар ўтказиш, зарур қияликлар ташкил этиш ҳам Бобур назаридан четда қолмайди. “Бобурнома” ни варақлар эканмиз, Бобур боғларининг режавий тузилиши икки хил: ҳандасавий шакллар асосида режаланган тартибли ҳамда эркин табиат тарзида, манзарали кўринишларда бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу эса бобокалонимиз Амир Темурнинг Самарқанд боғларига хос услубларидир.
“Бобурнома” да ишланган расмлардаги боғлар тасвирига қараб, Бобур боғларининг аксарияти “чорбоғ” тартибидаги чорчаман ва хиёбон қоидаларига бўйсунган ҳолда режалаштирилганлигини кўрамиз. Бу ҳақида Бобурнинг ўзи ҳам боғларнинг тартиб билан “сиёқ ва режа” асосида қурилиши зарурлигини бир неча бор қайд қилиб ўтади.
Тартибли ҳандасавий кўринишдаги боғлар кўпроқ нисбатан текис ерларда жойлашган шаҳар ичидаги мўъжаз боғ-саройлар ва боғ-мақбараларга мос келса, манзарали боғлар шаҳардан ташқаридаги тоғ ва қияликларда жойлашган кенг майдонли сайргоҳ боғларга мос келган. Боғлардаги айвон иморатларга туташтирилган, дам олиш супалари ҳовуз ва фавворалар қошида, ҳовузлар эса ўқариқларга боғланган. Серсоя дарахтлар қуёш ҳаракатини эътиборга олган ҳолда хиёбон ва йўлаклар бўйлаб экилган. Манзарали ва мевали дарахтлар бир-бири билан тўлдирилган, гулзорлар эса очиқ майдонларда шийпонлар атрофида барпо этилган. Гулзорлар учун гуллар танлашда, уларнинг очилиш мавсумига алоҳида эътибор қаратилган.
Манзарали дарахтлар орасида қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб ўсувчи арчасимон сарвқомат дарахтлар ҳам бўлган. Бундай дарахтлар ўзларининг тиғиз барги, хушманзаралиги билан бошқа дарахтлардан фарқ қилган, қолаверса улар ўзларидан хушбўй ҳидлар чиқариб ҳавони хушбўй ва соғлом қилган.
Боғ-оройишчилик санъатини ўрганар эканмиз, боғлар ичида икки хил муҳит: серсоя ёпиқ ва соясиз очиқ муҳитлар мавжудлигини кузатиш мумкин. Ёпиқ муҳитга серсоя хиёбонлар, йўлаклар кирса, очиқ муҳитга майсазорлар, гулзорлар кирган. Ҳар иккала муҳитнинг майдони нисбат жиҳатидан тахминмн бир-бирига тенг бўлган.
Ҳар иккала муҳит микроиқлими орасидаги фарқ туфайли боғда ёзнинг жазирама иссиқ кунлари ҳам енгил шабада тўлқини сезилиб турган. Бундай ҳолат, албатта, темурийлар ва бобурийларга хос бўлган. Бундай боғларни яратишда боғбон ва меъморлар анъанавий қоидалардан чиқмаган ҳолда боҳларнинг гўзал ва хушманзара бўлишига эътибор берган. Боғлар режасининг бир-биридан фарқи улар учун танланган жойларнинг табиий манзарасига, баланд-пастлигига, сув масалаларига ва бошқа белгиларига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган.
Шуниси қизиқарлики, боғларда турли хил экзотик ғаройиб дарахтлар ҳам экилган. Бобур ўзининг Одинапурдаги Боғи Вафосини янада хушманзара қилиш мақсадида Ҳиндистондан палма ва шакарқамиш, Ҳиндистондаги Ҳишт Биҳишт боғига эса, аксинча, ток ва олхўри ниҳоллари олиб келтириб эктиради. Бадахшон ва Бухоро боғларига ҳам шакарқамиш юбортиради.
Малумки, Бобур Аграда Боғи Ҳишт Биҳишт, Хилватхона, Зарафшон Боғи, Оромгоҳ сингари хушманзара ва обод боғ-роғлар яратган. Бобур ҳаётини ўрганиш учун Ҳиндистонга борган ўзбек олими Ҳ.Ҳасанов Бобурнинг Оромгоҳ боғи Агра марказидан 2,5км нарида, Жамна дарёсининг чап қирғоғида жойлашганлиги, ҳозирда эса бу боғнинг номи Ромбоғ деб аталишини ёзади. Булардан ташқари, Бобур Ҳиндистоннинг бошқа жойларида ҳам хушманзара боғлар ташкил этганки, Секридаги боғи Фотих, Дилпурдаги Нилуфар, Гвалиор боғлари, Боғи назаргоҳ шулар жумласидандир.
Бобур боғлар учун жой танлашда ўта дидли ва нозик табиатли бўлган. Дилпурдаги Нилуфар боғини у тоғ қиялари этагидаги хушҳаво ва хушманзара дарахтзор асосида яратади У ердаги мавжуд қизил тошлардан фойдаланиб боғ учун ҳовузлар, супалар ясаттиради.Бобур ўзининг Кобулдаги боғларига норунж (апельсин), анор, чинор ва тол ниҳолари эктирса, Ҳиндистондаги боғларига анба (манго) ва жаман дарахтлари ва қизил канири гулларидан эктиради.
“Ҳумоюннома” да Гулбаданбегим ёздириб қолдирган маълумотларга қараганда, Бобур умрининг охирги йилларида ҳам нафақат Аграда, балки Депалпур, Фотиҳпур Секри ва бошқа шаҳарларда меъморчилик ва боғ-оройишчилик ишларини амалга оширган.
Бобур бунёдкорлик ва боғдорчиликка қизиқар экан, энг аввало, у ўз дидига мослаб боғ ва иморатлар барпо этгани албатта табиий. Бироқ Бобурнинг бунёдкорлик соҳасидаги юксак диди ва тафаккури асосан Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудида, хусусан, темурийлар даврида яратилган меъморчилик ва шаҳарсозлик таассуротларидан шаклланган ва сайқал топганлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу боисдан ҳам Бобурнинг истак ва талабларини амалга оширган меъмор ва муҳандислар орасида Мовароуннаҳр ва Хуросон ижодкорлари етакчи ўринни эгаллаган бўлиши мумкин. Айни пайтда, Бобурнинг Ҳиндистон шаҳарларида, айниқса, Аградаги катта қурилишларида кўплаб ҳинд бинокорлари ҳамда турк меъморлари ишлагани бизга маълум. Ҳатто Аградаги айрим қурилишлар истанбуллик машҳур меъмор Хожа Синонинг иқтидорли шогирди Юсуфнинг чизмалари бўйича тикланганлиги ҳам тарихдан маълум. Лекин бу ишларнинг бошида бобокалонимиз Мирзо Бобур турганлиги учун ҳам шимолий Ҳиндистоннинг ўша даврдаги архитектурасига Мовароуннаҳр меъморчилиги услуби ва анъаналари татбиқ этилган дейишга тўла ҳаққимиз бор.
Махлиё Собирова,
санъатшунос

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.