топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

БЕБАХО ДЕРЛАР УНИ

Блог им. indianart
Улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан барпо этилган буюк бобурийлар давлати Ҳиндистон халқлари ҳаётининг барча жабҳаларида ўчмас из қолдирган. Темурийларга хос яратувчанлик ва ободончилик ишларининг натижаси бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Ҳозирги Ҳиндистоннинг турли бурчакларидаги гўзал самарқандча чорбоғлар, Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шалимар боғи ва Жаҳонгир мақбараси, Бангладешдаги Лаъл боғ ва шубҳасиз Аградаги Тож Маҳал мақбараси неча асрлардан буён маҳаллий халқларнинг маданий ёдгорлиги сифатида алоҳида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Ўз вақтида уларнинг бунёд этилишида жуда улкан маблағ ва ишчи кучи ажратилган.
<img class=«mcePageBreak mceItemNoResize» src=«fikr.uz/classes/lib/external/tiny_mce/plugins/pagebreak/img/trans.gif» mce_src=«fikr.uz/classes/lib/external/tiny_mce/plugins/pagebreak/img/trans.gif»>
Айниқса, Аградаги афсонавий Тож Маҳал мақбарасига сарфланган харажатлар тўғрисида жаҳон адабиётларида турли хил маълумотлар келтирилади. Бобурийзода Шоҳ Жаҳон (Султон Ҳуррам) томонидан севикли ёри Аржумандбону (Мумтоз Маҳал) шарафига атаб 1631-1653 йилларда қуриб битказилган бу иншоат учун ўша даврда давлат хазинасидан берилган пуллардан ташқари қимматбаҳо тошлар ҳам ишлатилган. Ушбу муҳташам обиданинг умумий қийматини ўша давр пул қиймати ҳисоби бўйича 30 миллиондан 60 миллион рупиягача баҳолашади. Шунинг учун ҳам обиданинг асл баҳосини фақатгина тахминлар орқали билишимиз мумкин.
Араб ва форс тилидаги қўлёзма манбаларида ёзилишича, Шоҳ Жаҳон мақбара қурилиши учун давлат хазинасидан 9 755 926 рупий, Агра вилояти хазинасидан эса 5 316 116 рупия жами бўлиб 15 072 042 рупий маблағ ажратилган. Бундан ташқари, Аграга яқинидаги ўттизта қишлоқнинг йиллик даромадини ҳам бунга қўшиш лозим.
Абдулла Ҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома” асарида ёзилишича, ушбу миқдор бир лак (100 000 рупий) ни ташкил қилиб, яна икки лак (200 000 рупий) савдо ташкилотлари даромадидан ажратилган. Агар буни ўртача ҳисобда олиб қаралса бутун мажмуанинг яратилишига йигирма йил ичида давлат ва Агра хазинасидан ҳам кўпроқ пулни яъни, 21 миллион рупийни ташкил қилган. Қурилишда ишлатилган материалларнинг ҳаммаси ҳам пулга сотиб олинмаган. Қурилиш материаллари сотиб олиш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, олтин ва кумушлар, давлат хазинасидан ҳамда маҳаллий ҳокимлардан олинган.
Ҳиндистонлик тарихчи Кали Хоннинг ёзишича, мақбара қурилишида иштирок этган йигирма минг ишчи орасида ўттиз олтита етакчи уста бўлиб, улар ойига 200 рупийдан 1000 рупийгача улуфа олишган. Шуниси қувонарлики бу усталар орасида Самарқандлик Муҳаммад Шариф минг рупий маош оладиган беш устанинг бири саналса, Бухоролик Ато Муҳаммад юқори маош оладиган усталар сафида 21 ўринни банд қилган ва унинг хизмати ойига 500 рупийга тенг бўлган.
Умуман олганда ўттиз олти устанинг бир йиллик маоши 268 476 рупий, йигирма йилда эса 5 369 520 рупийни ташкил этган. Биз ҳаттоки, тахминан ҳам оддий ишчининг ойлик маоши миқдорини билмаймиз. Aгар биз жами оддий ишчиларни йилига 1миллион рупий миқдорида маош олган деб тахмин қилсак, йигирма йилда эса 20 миллион рупийни ташкил этади. Натижада меҳнат ҳаққининг ўзи 25 миллион рупийни ташкил этмоқда. Ушбу миқдорга қурилишда сарфланган қимматбаҳо қурилиш материаллари миқдорини ва қурилишга жалб этилган 1000 фил ва икки минг туяга берилган озиқа ва емишни ҳам киритиш зарур.
Тож Маҳалга кириш дарвозалари кумушдан ишланган бўлиб, уларга 127 000 рупий сарфланган. Қабр атрофини эса 420 кг соф олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безакли панжара 600 000 рупий пулга баҳоланган. Кейинчалик бу панжара ўрнига мармар тўсинлар жойлаштирилган. Бу мармар панжаралар ясаш учун ўн йил вақт кетган ва унинг баҳоси 50 000 рупийга тенг бўлган. Ана шу ҳисобларнинг ўзи Тож Маҳалга кетган харажатлар 30 млн рупийдан кам эмаслигини кўрсатмоқда.
Мақбара қуриб битказилганидан сўнг уни сақлаш учун неча минг рупий сарфланган. Марҳума маликанинг руҳига бағишлаб 500 ҳофиз Қурон ўқиб турган.
Дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналган Тож Маҳалга қилинган сарф харажатларнинг тахминий баҳоси 60 млн. рупий деб эътироф этилсада, унинг аниқ қиймати барибир исботини топгани йўқ. Аёл, рафиқа ва ўн тўрт фарзанднинг онаси, бобурий маликага бўлган ишқ ва муҳаббат туфайли пайдо бўлган мақбара чинданда бебаҳо ва унинг ҳақиқий баҳосини пул билан ўлчаб бўлмайди.
Маҳлиё СОБИРОВА,
санъатшунос

2 изоҳ

avatar
Tojmahal haqiqatda go'zal va qoyilmaqom san'at asari,AMMO AMMO 7 mo'jizani biri emas ( chalg'imaslik uchun)
avatar
Қадимий 7 мўъжиза сафига киритилмаган, негаки уларни санаган муаррих Ҳеродот яшаган пайтда Тож Маҳал қурилмаган эди. Охирги сўров (2007 йил, New Open World Corporation)натижаси бўйича киритилган. 1. Буюк Хитой девори (Хитой), 2. Колизей (Италия),3.Мачу-Пикчу (Перу),4. Петра (Иордания), 5. ТОЖ МАҲАЛ (Ҳиндистон),6.Исо ҳайкали (Бразилия),7.Чечен Ица (Мексика).
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.