топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Бобурнома" да тарихий шахслар

Блог им. indianstudies
АБУЛҚОСИМ БОБУР МИРЗО (1422, Ҳирот-1457, Машҳад)– темурий шаҳзода. Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух мирзонинг учинчи ўғли. 1449 йили ҳирот тахтини амакизодаси Абдуллатиф мирзодан тортиб олади. Бутун Хуросонни ўзига бўйсундириш учун бир акасини қатл этиб, яна бир акасининг кўзига мил торттирган. 1454 йили Самарқандни эгаллаш учун Бобурнинг бобоси Абусаъид мирзо билан уруш олиб боради. Аммо муваффақият қозонолмай сулҳ тузишга мажбур бўлган. Ўзининг қисқа муддатли ҳукмронлиги даврида А. Б. мирзо Ҳиротнинг илм-фан, маданият марказига айланишига улкан ҳисса қўшган. Буюк шоир Алишер Навоий ва бошқа фозил инсонлар Ҳирот саройида камолат топган. А. Б. мирзо мамалакат ободончилиги учун ҳам катта маблағ ажратган. Бобур Ҳиротга ташриф буюрганида А. Б. мирзо солдирган Таробхона деб номланган иморатни бориб кўрганини таъкидлаган. Улкан боғнинг ўртасидаги икки қаватли Таробхона ва боғнинг тўрт тарафидаги ҳужралар, А. Б. буйруғи билан деворларга солинган суратлар Бобурда катта таассурот қолдирган. А. Б. 1457 йили Машҳадда вафот этгач, Бобурнинг бобоси Абусаъид мирзо Ҳиротни эгаллаб олган.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

АМОЧИ МИНДИ – Бобурнинг ҳарбий навкарбошиларидан бири. Бобур А. М. фақат бир марта, Кобулни эгаллаб Қандаҳорни эгаллаш мақсадида Халишак деган жойда урушга тайёрланиш чоғида А. М. ғулда турганини қайд қилган. “Бобурнома” нинг 2002 йилги нашрида А. М. негадир Мединий деб берилган, натижада исмлар кўрсаткичида қатор хато ва янгишликлар пайдо бўлган. Жумладан, Бобурнинг ашаддий душманларидан бири, Рано Сангонинг энг яқин ва муътабар амирларидан бири Мединий Рав билан А. М. иккаласи бир шахс сифатида талқин қилинган. Ваҳоланки, Бобур А. М. нинг ҳатто беклик даражасига етмаганини ҳам таъкидлаб ўтган.
А. М. кейинги тақдири номаълум.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

АТИКА БАХШИ – Бобурнинг кичик тоғаси Султон Аҳмадхон (Олачахон) нинг хос жарроҳ табибларидан бири. Бобур мўғулларнинг жарроҳни “бахши” деб аташларини зикр қилиб ўтган. Тоғаларининг иттифоқида Фарғона улусига қилинган ҳарбий юришда Бобурнинг сонига ўқ тегиб жароҳат олади. Олачахон Бобурни даволаш учун А. Б. ни жиянининг ўрдусига жўнатган. А. Б. Бобурнинг жароҳатига куйган кигизни босиб, гиёҳлардан тайёрланган дориларни суртади. Бобур А. Б. жарроҳлик соҳасида моҳир экани ва унинг синган суякларни қайта тиклаши, ҳатто эзилган суякни қандай даолагани, ҳамда маҳаллий табиблар бу соҳада анча орқада эканини таъкидлаб ўтган.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

БИҲАРХОН ДАРЁХОН ЎҒЛИ (СУЛТОН МУҲАММАД) – Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий ҳудуди, Ганга дарёсининг чап қирғоғи томонида жойлашган ҳудудларга ҳукмронлик қилувчи маҳаллий афғон амирларидан бири. Иброҳим Лўдҳийга мухолиф амирлар Б. Д. ни ўзларига подшоҳ кўтариб, унга Султон Муҳаммад лақабини берганлар. Бобур Деҳли ва Аграни қўлга киритганида Б. Д. бошлиқ афғонлар Қанаужгача бўлган ерларни босиб олганлар. Бобур ўзининг доно сиёсати ва ақлли тадбиркорлигини ишга солиб, Б. Д. бошлиқ барча афғонларни ўзига бўйсундиради.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

ХОНҚУЛИ БАЁНҚУЛИ- Бобур хизматидаги ҳарбий навкар. Бобур 1498 йили Самарқанд тахтини амакиваччаси Бойсунғур мирзодан тортиб олганида шаҳар жуда хароб ва черик элининг ўлжаси тамом бўлган эди. Бундай танқислик ва навкарларнинг уйларини соғиниши орта бошлаб, навкар ва беклар бирин-кетин Бобурни ташлаб кета бошлайди. “аввал кишиким Х. Б. эди”, деб эслайди Бобур ўша оғир кунларда ўзига хиёнат қилган навкар ва бекларни санаб ўтар экан. Бобур иккинчи бор Самарқандни эгаллаганидан кейинги воқеалар баёнида ҳам Х. Б. тилга олинади. Самарқандни Шайбонийхонга олдирган Бобур Тошкентдан паноҳ излайди. Шунда Аҳмад Танбалнинг Ўратепага яқинлашгани хабарини эшитган Тошкент хони Бобурни қарши урушга отлантиради. Хўжанд дарёси бўйида олтин тўғасини ўғирлатиб қўяди, эртаси куни эса Х. Б. ва Султон Муҳаммад Вайс Аҳмад Танбал томон қочиб ўтади. Ҳамма Х. Б. ўғирлик қилганини гумон қилади. Бобур Х. Б. ни яна кечирганки, сал кейинроқ Ахси яқинидаги воқеларда Х. Б. Бобур навкарлари орасида пайдо бўлади. Ҳатто бир гал Бобур ва саккиз киши кўп сонли душмандан қочганлирда Х. Б. Бобурнинг оти заиф эканини кўриб ўзининг отини бергани “Бобурнома” саҳифаларида баён қилинган.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

ШАЙХ БОЯЗИД ФАРМУЛИЙ – Ҳиндистондаги маҳаллий афғон амирларидан бири. Пуроб тоғи ёнбағридаги қабилаларни буйсундирган Иброҳим Лўдҳийнинг ишончли ва яқин аёнларидан бири Мустафо Фармулийнинг укаси. Бобур Деҳли султонлигини фатҳ этишидан сал илганри вафот этган Мустафо ўрнига Ш. Б. Ф.тайин қилинган. Панипат жангидан сўнг Ш. Б. Ф. ўз ихтиёри билан Бобур саройига қуллуқликка келади. Бобур Ш. Б. Ф. ни яхши кутиб олиб унга Авадҳ вилоятидан бир карор қирқ саккиз лак эллик минг танга (14 850 000) танга ва Пуробдан паргана иноят қилади. Ш. Б. Ф. Маҳдий Хожага иноят қилинган Атова ҳарбий юришида иштирок этади. Аммо кўп ўтмай Рона Санграмнинг Бобурга қарши куч тўплаётганини эшитиб исён кўтариш пайига тушади. Бундай сиёсий танг вазиятнинг олдини олиш учун Бобур Султон Али туркни Ш. Б. Ф. томон жўнатади. Кейинроқ Сарвардаги афғонларни бостириш учун тайин қилинган Муҳаммад Али жанг-жангга Ш. Б. Ф. ни ҳам чақиришни, мабода эътиқод билан келиб қўшилмаса унинг ўзини ҳам дафъ қилиш тайиланади. Бу пайтда Ш. Б. Ф. Авадҳ вилоятидаги Сару дарёси бўйида Султон Али турк билан хат орқали музокаро олиб боради. Шахсан Бобурнинг ўзи бу томонга келаётганини эшитган Ш. Б. Ф. қалин ўрмонга кириб қочади. Ш. Б. Ф. юз минг афғондан иборат қўшин тўплаган Султон Маҳмуд ўз қаноти остига ўтади ва Лакҳнавга ҳужум қилади. Биҳар ва Бангола масаласини ҳал қилган Бобур бутун эътиборини “харомхўр Ш. Б. Ф.” ни маҳв этишга қаратади. Ш. Б. Ф. Чунор томонда қўшин йиғаётгани хабари келгач, Бобур беклар ўтрасида машварат ўтказиб иккига бўлиниб ҳаракат қилиш режасини тузади. Авадҳ яқинидаги бобурийлар қўшини Ш. Б. Ф. ни Маҳоба парганасида босади. “Бобурнома”нинг сўнгги саҳифаларида Ш. Б. Ф. қочиб кетгани хабари берилган.
Ботир ЙЎЛДОШЕВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.