топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бобурийлар давлати пойтахти

Блог им. indianart
ФОТИҲПУР СЕКРИ — МУЗЕЙ ШАҲАР Барчамизга маълумки, ер юзидаги ҳар бир мамлакат ва унда барпо этилган (шаҳар-қалъалар, саройлар, масжидлар) бунёдкорлик обидаларининг ўзига хос тарихи мавжуд. Биз қуйида сиз билан танишадиган турли ажойиб ва кўркам обидаларни ўзида жамлаган шаҳар қалъалардан бири бу Ҳиндистонда бобурийлар сулоласининг учинчи вакили Жалолиддин Муҳаммад Акбар (1556-1605) томонидан бунёд этилган Фотиҳпур Секри шаҳар қалъасидир. Шаҳар жуда қисқа давр мобайнида (1569-1576) тушнинг рўёга, саробнинг борлиққа айлангани мисол бунёд этилади. Манбаларда ушбу шаҳарнинг пайдо бўлиш тарихи қуйидагича баён этилади. Акбар подшоҳ кўп йиллар фарзандсизлик азобини тортган. Бир куни сарой аёнларидан бири Секри тоғи ён бағрида авлиё Салим Чиштий истиқомат қилиши ва агар олампаноҳ ул зотнинг дуоларини олса фарзанд кўришдек орзуси амалга ошажагини айтади. Бунга жавобан подшоҳ “Агар менинг истагим амалга ошадиган бўлса, Аградан Секригача бўлган масофани пиёда ихлос билан босиб ўтгум” дейди. Ҳиндларнинг “Буюк Акбар” номли киносининг бошланишида ҳам айнан подшоҳнинг жазирама иссиқда пиёда қадам боиб келиши ифода этилган. Авлиё подшоҳ билан учрашув чоғида келажакда унинг учта ўғил фарзанд кўражагини башорат қилади. Чинданда кўп ўтмай Акбар подшоҳнинг хотинларидан бири ҳомиладор бўлади. Подшоҳнинг буйруғи билан маликани авлиёнинг қароргоҳига олиб келадилар. Шу тариқа бобурийлар давлатининг тўртинчи ҳукмдори Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир дунёга келади. Авлиё Салим Чиштий шарафига шаҳзода Салим деб исм қўядилар. Оталик бахтига эришган Акбар подшоҳ бу жойларни муқаддас деб билиб пойтахтни кўчиришга буйруқ беради ва ўша пайтлари ўзининг ҳарбий соҳада эришаётган мувафаққиятлари шарафига уни Фотихпур (“Ғалаба шаҳри”) деб атайди. Шаҳар атрофи 11 километр узунликда қиррали девор билан ўралади, еттита дарвоза қурилади. Шаҳар ичида хилма-хил саройлар, ажойиб масжидлар, қабулхоналар, гўзал манзараларга тўла гулзору боғлар, ҳовузлар, ҳаммомлар қад кўтаради. Фотиҳпур Секрида бўлган инглиз сайёҳи Ралф Финч Акбаршоҳ саройида кўрганлариниҳаяжон билан шундай тасвирлайди. “Акбаршоҳнинг Агра ва Фотиҳпур Секрида 100 та фили, 30 000 оти, 1 400 та хонаки буғулари, шунингдек жуда кўп қоплон, йўлбарс, буйвол, товус ва лочинлаи бор. Унинг саройи ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали. Агра ҳам, Фотиҳпур Секри ҳам жуда катта шаҳар: уларнинг ҳар бири Лондондан катталик қилади”. Манбаларга кўра бу ерда Акбар подшоҳ ўн етти йил яшаган. Фотиҳпур-Секри 1570-1586 йилларда бобурийлар подшоҳлигининг пойтахти бўлган. Айнан шу ерда Акбар подшоҳ турли динга эътиқод қилувчи руҳонийлар билан учрашув ва баҳслар ўтказдирган. Бир неча динларни бирлаштириб янги дини илоҳи деб номланган динни тарғиб қилган. Кейинчалик пойтахт яна Акбарободга кўчган. Сабаби, ягона сув манбаи бўлган кўл ўз-ўзидан қуриб қолган. Ҳозирги кунга келиб, Фотиҳпур Секри – масжидлар, саройлар ва уйлардан иборат ташландиқ, кимсасиз “шаҳар музей” ҳолига келиб қолган. Маълумотларда келтирилишича, “ўлик шаҳар” деб ном олган ва сайёҳларни ҳамиша ўзига жалб этиб келаётган бу шаҳар бир қатор муҳташам сарой ва бинолардан иборат. Акбарнинг қабулхонаси бўлмиш “Девони хос”, Жўдҳа Бай саройи, Жоме масжид, Салим Чиштий мақбараси, Гужоратга қилинган юришда эришган зафар шарафига қурилган Баланд дарвоза ва бошқалар шулар жумласидандир. Баланд дарвоза 1576 йили Акбарнинг Гужорат ҳокимлиги устидан қозонилган ғалаба шарафига қурилган. Шу сабабли уни “Ғалаба дарвозаси ҳам дейишади”.Дарвоза гўзал ўймакор нақшлар билан безатилган бўлиб, унинг баландлиги 40,9 метрни ташкил этади. Бу дарвоза ташқаридан 12,8 метрли зинапоя билан чиқилади. Дарвозанинг эни 39,7 метр бўлиб, баландликда жойлашганлиги сабабли анча пастда жойлашган шаҳардан жуда улкан салобатли кўринади. Дарвозага кирилгач, тўғрида Акбар подшоҳнинг пири бўлган шайҳ Салим Чиштийнинг нақшли мақбараси жойлашган. Бу мақбара 1574 йилда Салим Чиштий вафотидан сўнг тезда пирга ҳурмат юзасидан Акбар томонидан қурдирилган. Ушбу муҳташам қурилиш Акбарнинг Фотиҳпур Секридаги архитектура қудратини яққол кўрсатади. Мақбаранинг ҳар бир томони 14,61 метр бўлиб, қабр ва деворлар қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Бу даврда оқ мармар ишлатиш жуда кам бўлган. Шунга қарамай Акбар даврида қурилган диний ва ижтимоий сиёсий мақсадларда бунёд этилган иморатлар бадиий жиҳатдан жуда чиройли ишланган. Девони Хос – Вазирлар, мансабдор шахслар, элчилар қабул этиладиган махсус сарой. Ўттиз иккита ўймакорлик услубида ишланган ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Ўз даврида бу безакларни яратиш учун уч миллион рупий маблағ сарфланган. Айнан шу ерда дунёдаги энг қимматбаҳо тахт жилва қилиб турган. Манбаларда келтирилишича, Девони хос пештоқига Амир Ҳусравнинг “Агар ер юзида жаннат бор бўлса, у шу ердадир, шу ердадир, шу ердадир!” сатрлари битилган. Сарой ўртасидан “Жаннат ариғи” (“Наҳри биҳишт”) ўтган бўлиб, бир замонлар ундан муаттар ҳидлар таратиб гулоб (гул суви) оқиб турган. Сарой айвонларини нилуфар қиёфасидаги устунлар безаб туради. Сарой ҳовлисида дунёда энг катта бўлган шахмат тахтаси тасвири туширилган мармарли майдон жойлашган. Маълумотларда келтирилишича, Акбаршоҳ бу ерда шахмат-шашка ўйнаган. Гўзал қизлар ҳамда сарой раққосалари хиром билан шахмат ва шашка доналари вазифасини бажарган. Акбаршоҳ маҳсус қабул кунлари ушбу мўъжаз саройдан фойдаланар экан. У ўртадаги маҳобатли устунга ўтириб, бош маслаҳатчиларини устун этагига ўтқазар экан. Ўабулига келганлар саройга киргач, биринчи қаватдан ўз арзларини ёки таклифларини изҳор этар эканлар. Шоҳ зарурат туғилганда маслаҳатчиларидан бирини чақиртирар эканки, токи қолганлари ишга аралашмасин. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ҳиндистонда турли динга мансуб халқлар истиқомат қилганлиги сабабли, бу ердаги бунёдкорлик ишларида турли хил услуб ва анъаналарини кўришингиз мумкин. Хусусан, бу даврда Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр меъморий услуб ва анъаналари уйғунлашуви юз беради. Бобурийлар даврида бунёд этилган диний ва дунёвий обидаларда хинд-ражпут, хинд-ислом, эрон услублари қўлланилган бўлса-да, уларда асосан темурийлар даврида қурилган бинолар услуби етакчилик қилади. Юқоридаги фикрларимизга якун ясайдиган бўлсак, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бундай музей шаҳарларни учратишимиз мумкин. Жумладан, Хива, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларимиз бунга яққол мисол бўла олади. “Дунёнинг ҳусни” дея эътироф этиб килинаётган Самарқанд шахри жаҳон халқларини ўзига мафтун этиб келмоқда.Бу шаҳарларимиздаги тарихий обидаларни зиёрат қилиш мақсадида хар йили мамлакатимизга минг-минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқдалар. Бундай тарихий шаҳарларни асраб-авайлаб келажак авлодга етказиш ҳар бир халқ олдида турган юксак вазифалардан биридир. Маҳлиё СOБИРОВА, Санъатшунос.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.